“HAVAS”даги маҳсулотларга ҳавас қилса бўлади…ми?

Нон — азиз, ноёб неъмат. Шунинг учун ҳам халқимиз ҳамиша нонни эъзоз­лаб, улуғлаб, ушоғини ҳам кўзига суртади.

Модомики шундай экан, нон тайёрлаш сифати ҳам юксак даражада бўлиши керак. Умуман олганда, корхоналарда нон ва нон маҳсулотларини тайёрлаш ва дўконларга етказиб бериш ишлари дуруст йўлга қўйилган деб айтиш мумкин.

Бироқ биз, бахтга қарши, нон ва нон маҳсулотлари санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда тайёрланаяптими деган саволга ҳамиша ҳам “ҳа”, дея жавоб бера олмаймиз. Сабаби нон комбинатлари, нон ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган хусусий корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнлари санитария идоралари ва бошқа шу ишларга масъул бўлган ходимларнинг доимий назорати остида деб ишонганимиз учун дўконлардан сотиб олинган нон маҳсулотларини   ҳеч иккиланмай истеъмол қилаверамиз.

Афсус. Шундай деб ўйлаб чучварани хом санаймиз-да баъзида. Негаки, маҳсулот ишлаб чиқаришда санитария–гигиена қоидаларига ҳамма жойда ҳам   етарли эътибор берилмаяпти! Масалан, 2023 йил 4 февраль куни ижтимоий тармоқларда Бухородаги “Мега маркет” супермаркетидан сотиб олинган 3 та (буханка) нон ичидан … тилга олиш мумкин бўлмаган даражадаги ҳолатни кўриб, ёқа ушлайди киши.

Юз берган ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бош­қармаси томонидан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6- ва 12-моддалари талаблари бузилганлиги бўйича иш қўзғатилди. Шунинг­дек, истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш юзасидан, иш якунига кўра ишлаб чиқарувчи корхонага тегишли кўрсатма берилди. Бундан ташқари, Санитария-эпидемиология ва осойишталик хизмати ходимларини жалб этган ҳолда савдо шохобчаси ва ишлаб чиқарувчи корхонада санитария меъёрларига риоя этилиш бўйича ўрга­нишлар ўтказилганлиги маълум қилинди.

Эътибор бердингизми, маълумотномадаги “кўрсатма берилди”, “ўрганишлар ўтказилди” деган сўзлардан бир пайтлар бўлганидек қуруқ, мавҳум ва расмиятчиликнинг ўткир ҳиди анқиб турибди. Бундай юзаки ва расмий гаплар ўрнига ўша, Санитария-эпидемиология ва осойишталик хизмати ходимлари нон ишлаб чиқариш корхонасига бориб буханка нонлар ичига кемирувчиларнинг чиқиндилари қандай кириб қолганлиги, ҳамда бу кимларнинг эътиборсизлиги, ўз вазифасига панжа орасидан қараганлиги сабабли юз берганлиги очиқ айтилиши лозим эди.

Лекин…

Бухорода юз берган ачинарли ҳолат бош­­қа шаҳар ва вилоятлардаги нон ва нон ишлаб чиқариш корхоналари ходимлари учун ҳам сабоқ бўлиши лозим.

“HAVAS” дўконида ҳамиша юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари бўлишини яхши билган фуқаро Қ. яна шу дўкондан   пишлоқ сотиб олди ва уйига бориб тановул қилмоқчи бўлганида эса пишлоқнинг   бузилганлигини кўриб кайфияти   ҳам иштаҳаси ҳам бўғилди.   Маҳсулот ўралган қоғоздаги   яроқлилик муддатига қаради, муддатнинг ўтишига ҳали анча бор экан.

Лекин пишлоқ муддати ўтмасдан туриб истеъмол қилишга яроқсиз бўлиб қолганлиги харидорни ажаблантирди ва   дўконга қайтиб бориб бу ҳақда шикоят   ёзиб қолдирди.   Тўғри қилди, агар пишлоқнинг айниганлигига эътибор бермай истеъмол қилганида заҳарланиши, ҳатто ҳаёти хавф остида қолиши мумкин эди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан мазкур шикоят “HAVAS FOOD” ва “PUREMILKY WORKS” масъулияти чекланган жамияти раҳбарларини жалб қилган ҳолда ўрганиб чиқилганда, ишлаб чиқарувчи “PUREMILKY WORKS” корхонаси шартнома асосида “HAVAS FOOD” МЧЖ дўконларига сут ва сут маҳсулотларини етказиб беришни зиммасига олганлиги маълум бўлди.

Вужудга келган нохуш воқеа “PUREMILKY WORKS” корхонаси пишлоқ маҳсулотини ишлаб чиқариш меъёрларини талаб даражада тўлиқ амалга оширмаганлиги сабабли юз берганлиги ойдинлашди. Пишлоқ 90 кун давомида бузилмаслиги керак эди. Лекин маҳсулот 90 кунда эмас, уч кун ичидагина истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Ишлаб чиқарувчи корхонадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиб, “HAVAS FOOD” масъулияти чекланган жамияти дўконларидаги сифатсиз пишлоқ маҳсулотларини олиб ташлашга мажбур бўлди.

“Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади”, деб шуни айтсалар керак-да.

Албатта, фойда, даромадни кўзлаб иш юритиш — тадбиркорликнинг бош қоидаси. Аммо даромад деб виждон, имон деган туйғуларни ҳам еб қўймаслик керак. Зеро, халқ истеъмоли учун ишлаб чиқарилаётган ҳар қандай маҳсулот поклик, саришталик мезони асосида тайёрланиши шарт. Йўқса, бунинг нафақат қонуний чорасидан, балки элнинг қарғишидан қўрқиш лозим. Қачонки, эртага кеч бўлмасин, ноҳалол топилган даромад тешиб чиқмасин.

Умида МАНСУРОВА,

Истеъмолчилар ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш агентлиги ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 3 =