Океан ортига сайр

ёки АҚШдаги шамол тегирмонлари неча ёшда?

 

Ўтган йилнинг охирларида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Вашингтондаги   Меридиан Халқаро маркази   томонидан ўзбекистонлик журналистлар учун   Калифорния штатига саёҳат— ижодий медиадастур ташкил   этилди. Ушбу ўн бир кунлик   “Media Co-op – 2022”   дастурида қатнашган журналистлар   Американинг   экология, қишлоқ хўжалиги, шамол энергетикасидан самарали фойдаланиш жабҳаларидаги илғор тажрибалари   билан   танишдилар. Унда Ўзбекистон   Журналистлар уюшмаси аъзоси   Улуғбек Жумаев ҳам иштирок этди. Қуйида АҚШ сафаридан олинган таассуротлар, асосан, у ердаги муқобил энергия ишлаб чиқаришга оид тажрибалар хусусида сўз юритилади.

Америка Қўшма   Штатларини ҳали кўрмаган   одам дабдурустдан сеҳрли   диёрга бориб қолганида   кўнгилни орзиқтирадиган орзу-умидларга берилиши турган гап.   Кўп қаватли осмонўпар   бинолар, ёввойилик   ҳидларини уфураётган хиёбонлар, қўл узатса етгудек маҳобатли   тоғлар киноларда кўрганимиз – эртакмонанд манзараларни эсга тушираверади. Океан орти   диёрида ўтказган ўн бир кунимиз завқу шукуҳи ўнлаб   йилларга татийди, десак муболаға бўлмаса керак. Чунки, биз жаҳон   халқлари орзу қилаётган   воқеликларни ўз кўзларимиз   билан кўриб, ҳаяжонландик. Жумладан, Калифорния штати манзаралари   бизда ёрқин таассуротлар уйғотди.

Шамол уввилар, қирчилаган совуқ эди. Узун кулранг соялар Калифорния штатидаги Дунго Гоония довони пастидан шамол тегирмони қаққайиб ётган ерга кўчиб ўтди. Улар баҳайбат қалъага ўхшаса ҳам гўзал, ҳаммаси жуда бўйчан, девкор, баҳайбат динозаврлардай бўлиб кўринар эди. Ташқари бироз совуқ ва рутубатли бўлгани учун кийимнинг иссиқлиги танага роҳат ва ҳузур бахш этар ва илиқлик бағишларди. Қорли тоғлардан, гул водийлардан кўз узмай узоқ қолиб кетдик. Шу жойдан шамол деб аталмиш узундан-узоқ, кўзга кўринмас турфа ҳаво оқимини диққат билан кузатдик. Бу ер шамол эсиши учун қулай. Сабаби чор-атрофи улкан қалъани эслатувчи, қорайиб ётган довонга туташиб кетган. Шундай қилиб, довонга яқин келишим биланоқ шамол тегирмонлари варраги айланишида тўла кузатиш насиб этди. Аслида бу тарафларга бошқа юмуш бўлмасаям биргина шу электр қуввати ишлаб чиқараётган улкан ва маҳобатли генераторларни кўриш учун, завқланиш учун келиш мумкин эди. Кузатувчи хонимнинг уқтиришича, уларни учратган жой, уларни кузатиш учун унчалик эмас эмиш. У бизга махсус машиначага ўтириб, шамол тегирмонлари музейини очиқ осмон остида кўришимизни маслаҳат берди. Айтишларича, бу ерда истаганча шамол тегирмонларини кузатиш, улар ҳақида керагидан ортиқ билиб олиш мумкин экан.

Шамол эса бошлади. Улкан тегирмон варраклари бир маромда, оҳиста шоввулай бошлади. Ҳатто бу ҳолат табиат симфонияси янграётгандаги воқеани эсга солади. Синчиклаб қарасак, гуввилаб, чархпалак бўлиб айланаётган, чайқалаётган кема елканини эслатишига гувоҳ бўласиз. Хаёлдан ҳайрат оғушидаги ўйноқи ва жилвагар рақснинг айнан ўзгинаси-ку деган ўй ўтди. Шундай қилиб, беқарор шамолнинг, довулнинг бу ҳаракатини олқишларга кўмади. Шамолнинг ажиб, тароватли куйи тинмайди. Шамол тегирмонини ўйиндан бир даққиқа бўлсада, тўхташ хаёлига келтирмайди. Узун варраклар узун киприкларни эслатадилар. Довон пастидаги улкан шамол тегирмонлари биз болалигимизда ўқиган, эшитган эртакларимиздаги махлуқлардай салобатли ва мафтункор эди.

Ҳа, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишга уринишлар бугунги кунда кенг қулоч ёймоқда. Дунго Гооня шамоллар водийсида “Wind power” кoмпанияси ҳудудидаги шамол генераторлари қўним топган манзилда айтилганидек, шамол энергитекаси бўйича дунёда кенг кўламли тадқиқот ишлари олиб борилаётган бўлиб, юздан ортиқ давлатда шамолдан энергия олиш йўлга қўйилган. Электр токи ишлаб чиқаришга мўлжалланган шамол электр стан­циялари биринчи марта бир минг саккиз юз тўқсонинчи йил Данияда барпо этилган. Гарчанд бу давлат кичик бўлсада, ўз аҳолиси учун ўттиз тўққиз фоиз энергияни шамол генераторларидан олмоқда. Ривожланган давлатларда бу улуш ҳақида сўз юритилганда, йил давомида ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг Португалия давлатида ўн саккиз, йигирма фоиз, Ирлан­дияда ўн олти, ўн етти фоиз, Испанияда ўн беш фоиз, Германияда йигирма фоизи шамол энергияси ҳисобига тўғри келар экан. Шунга қарамай бу борада Хитой ва АҚШ етакчилик қилаяпти. Умуман олганда, Халқаро энергетика агентлиги тахминига кўра, 2030 йилга бориб сайёрамизда шамол энергиясига бўлган эҳтиёж қарийб 5000 ГВни ташкил этади. Қолаверса, мазкур муқобил энергия тури мавжуд табиий ресурс­ларни тежашдан ташқари, экология мусаффолиги билан ҳам аҳамиятлидир. Масалан, 1 МВТ қувватли шамол электр станцияси ўн йил давомида ўн беш минг тонна кўмир, қирқ беш минг баррел нефтни тежаши мумкин. Бундан ташқари атмосферага корбонат ангидрид, сульфат оксиди, озот оксидларини умуман чиқармайди. Шамол энергиясининг потенциал қуввати дунёда ишлаб чиқарилаётган электр энергия миқдоридан ўттиз баравар ортиқлиги аниқланган. Шамол генераторлари шамол тезлиги 5-10 м/сек.дан бошлаб электр токини бера бошлайди. Шамол тезлиги 5 м/сек. дан 10 м/сек. оралиғида электр ишлаб чиқариш қуввати саккиз мартагача ошади. АҚШнинг Калифорния штатидаги Палм Спрингс шаҳри яқинидаги Дунго Гооня водийси тоғлар орасида жойлашган бўлиб, кўплаб шамол генераторлари ўрнатилган. Водий текисликлари компаниялар томонидан бўлиб олинган бўлиб, жами 1130 та шамол генераторлари ўрнатилган экан. Бундан ташқари, ўнлаб компаниялар Қуёш панеллари ўрнатиб, олинган энергияни турли аҳоли манзилларига йўналтирмоқда. Келажакда водий атрофидаги барча аҳоли пунктлари билан бирга ишлаб чиқариш корхоналарини ҳам тўлиқ қайта тикланувчи энергияга ўтказиш кўзда тутилган.

Хуллас, пичадан сўнг, машинага ўтириб, саксовул ва йўлғинзорлар билан қопланган бийдек далани оралаб, шамол тегирмони водийсига қараб йўл олдик, келиб, бутазорларга туташ манзилда ўнлаб эски русумдаги шамол тегирмонларини “биқиниб” олганига гувоҳ бўлдик. Хайрият, узоқ кутишга тўғри келмади. Кузатувчи хоним Лесли Нор шошилмасдан бизга шамол тегирмонинг вазифаси ҳақида гапира бошлади, бир даққиқаям ундан кўзини узмаган журналистларнинг ўткир, зийрак нигоҳи остида унинг ҳикояси давом этар, воқеалар миридан-сиригача, икир-чикиригача баён қилингани сари у бошидан кечирган тафсилотларни тасвирлаш керакли, зарур сўзларни излаб топарди. Назаримда шамол тегирмони билан боғлиқ хотиралар унинг хотирасида қайта жонланди. Шамол генераторлари музейини айланар эканмиз, илк генератор бу ерда 1906 йилда ўрнатилгани, йиллар давомида генераторларнинг ҳажми, кўриниши ҳамда самарадорлиги турлича бўлганига гувоҳ бўлдик. Икки парракли, уч парракли, вертикал ва горизонтал айланишли ускуналарга эга генераторлар бугун улкан кўринишга эга. Жумладан, Палм Спригс водийсидаги энг улкан генераторлар баландлиги 40 қаватли бинодан юқори бўлиб, қарийб 140 метрни ташкил этади. Биттасининг нархи 6 миллион АҚШ долларидан ошиқ бўлиб, 6 йилда ўз харажатини тўла қопларкан. Бу генераторларнинг фойдаланиш муддатини камида йигирма беш йил дейишди. Лекин ҳозирда 30 йилга яқин вақт давомида ишлаётган генераторлар ҳам бор экан. Мен бир қараганда баҳайбат ва важоҳатли улкан ҳайвонларни эслатувчи шамол тегирмонларидан кўз узмай кузатдим, уларнинг тузилишига, ҳолатига разм солдим. Мен тезда кузатув нуқтаси сифатида танланган жой жудаям яхши эканига амин бўлдим, чунки, бу ерда довондан пастдаги водийда, кенгликлар бағрида   бор-бў­йича ястаниб ётарди. Яқин ат­роф­да паналай десанг, бекинай десанг ҳеч бошпана йўқ. Фақатгина йўл четидаги вагон уйни ҳисобга олмаганда.

Аҳоли сони кўпайиб, боз устига электр қувватига бўлган талаб, эҳтиёж ғалваси жуда ҳам авжига чиққан маҳалда тиниб-тинчимас америкаликлар шамол тегирмонини ишлаб чиқаришга аҳд қилди. Негаки, улар АҚШнинг Калифорния штатида бўлиб, қорли тоғларни кезганида одамларнинг шамол кучидан фойдаланиб электр қуввати олиб, турмушларини бинойидек юргизиб турганлигини, яъни ҳаёт тафсилотларидан бир талайини миридан-сиригача, ипидан-игнасигача билиб олганди. Қолаверса, бу янгилик, кашфиёт минтақанинг олис-олисларида истиқомат қилаётган аҳолининг қулоғига шамол тегирмонининг бутун тарихи, овозаси ёнига қўшиб-чатилган ҳолда етган, Чикаго ва Ойова штатидаги қатор газеталардаги ҳикоялардан ҳам, бу юмушга ҳатто хорижликлар қизиқаётгани ҳақидаги аниқ маълумотлардан хабари бор эди. Бу ажойиб қурилма эҳтимол шу сабабдан ҳам одамларни қизиқишини баттар оловлантирар эди. Балки худди ана шу нарса мутахассисларни шамол кўмагида ҳаракатга келадиган шамол тегирмонини ясашга туртки бергандир? Тўғри, дастлабки кезлари қўл урилган иш муваффақият қозонмаган экан. Аммо одамлар, яратувчилар бу янги зарбадан бутунлай умудсизликка тушмабди. Қўлга тегадиган арзимас даромадни ҳисобга олмаганда, катта миқдордаги   маблағнинг устига тупроқ тортилганди. Бундан буёғига солиқ тўлаш, таъмир қилиш ва бошқа зарур харажатларга тайёр туриш лозим эди. Шунда ҳам ихтирочилар умид узмабдилар. Негаки, у бунга қадар улар икки уч бора шунақа чатоқ аҳволга тушиб, шумшайиб қолган эканлар-да.

… Дарвоқе, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил охирида Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида иқтисо­диётимиз барқарор ривожланиши учун энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция кераклиги, бунга фақатгина хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкинлиги алоҳида уқтириб ўтилди. Шу боис, сўнгги уч йилда соҳага 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилингани айтилмоқда. Жумладан, Мурожаатномада таъкид­ланганидек, Бухоро, Наманган ва Хоразмда қуввати 500 мегаватли яна 3 та қуёш станциясини қуриш бў­йича танлов якунланди. Депутат ва сенаторлар томонидан қабул қилинган   янги қонунлар бунинг учун қонуний асос бўлди. Жумладан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида барпо этиладиган қуёш ва шамол электр стан­циялари ҳисобидан 14 миллиард киловатт электр ишлаб чиқарилади. Бу орқали хонадонларга бериладиган электр қуввати 50 фоизга кўпаяди. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари эътироф қилганидек, шамол электр станцияларини барпо этиш ҳар жиҳатдан қулай ва фойдалидир. Қолаверса, Тошкент, Сурхондарё, Сирдарё, Навоий ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида шамол доимий эсиб турадиган манзиллар сероб, бисёр. Шу маънода, Ўзбекистонда очиқ текис ҳудудларда, тоғлар орасидаги водийларда, сув ҳавзаларига яқин жойларда шамолнинг ўртача йиллик тезлиги 3,5-6,5 м/сек.ни ташкил қилишини эътиборга олсак, мамлакатимизда ҳам бу соҳага эътибор қаратиш кераклиги намоён бўлади. Ўтган асрнинг 80-йилларида Навоий ва Бухоро вилоятларида бир қанча шамол энергияси билан ишловчи генераторлар ишлатилиб, бу борада етарлича тажриба тўпланган. Ҳозирда шу йўналишда Тошкент, Навоий вилоятларида, Қорақалпоғистон Рес­публикасида бир неча янги лойиҳалар амалга оширил­япти. Масалан, Кореянинг “Доожин Со” компанияси билан ҳамкорликда Чорвоқ сув омбори ҳудудида қу­рилган 40 метрга тенг анемометрик мачта йилига қўшимча 2,3 миллион киловатт-соат ҳажмда электр энергияси ишлаб чиқариш имконини бермоқда. Бу йилига 700 минг куб метр табиий газ тежаб қолинаяпти деганидир.

Сирасини айтганда, шамол электр станциялари (тегирмонлари) мўътадил шамол эсувчи жойларга қурилиб, асосан шамол кучи ёрдамида механик энергия электр энергиясига айлантирилади. Бу ўз навбатида, электр энергияси ишлаб чиқариш   қувватлари ҳажмининг ортишига муҳим замин яратади. Бас шундай бўлгач, юртимизда шамол генераторларини (станцияларини) қурилишини жадаллаштириш зарурлигини кўрсатяпти.

Хуллас, АҚШга қилган ижодий сафаримиз давомида шу нарсага амин бўлдикки, бу юрт муқобил энергия ишлаб чиқаришга бундан қарийб 100 йилдан кўпроқ вақт сарфлашган экан. Бизда эса энди-энди қўл урилмоқда. Англаганимиз, бошқа соҳаларни билмадигу, шамол тегирмонларини йўлга қўйиш масаласида юртимиз ҳали камида юз йил, яъни бир аср орқада экан.

Аммо яхши ният — ярим давлат. Энди яна бир аср кутиб ўтириш шарт эмас. Етиб олишдан ўзга чора йўқ. Шунда аҳоли бу йилги қишдагидек электр энергия таъминотисиз қолиб кетмасмиди?

Улуғбек ЖУМАЕВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 5 =