Бокудан Бокугача

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ
Ўшанда ҳам июнь эди. Ўшанда ҳам ҳаво иссиқ, осмон тип-тиниқ эди.
Тақвимда 1979 йил эди.
Мен ёш, ғайратли, чексиз орзу-хаёллар оғушида сармаст эдим. Адабиётини, санъатини севадиганим Озарбайжонга бораётганимдан мамнун эдим. Озарбайжонлик дўстларим кўп эди, улар билан Тошкентда, Пицунда ва бошқа жойларда танишган эдим.
Самолёт Каспий денгизи устидан пастлаб ўта бошлади. Ёнимда ўтирган киши ҳаяжон, бироз хавотир ила деди:
— Ие, денгизга қўнадими, нима бало, ука?!
Кулгим қистади.
— Йўғ-э, – дедим. – Аэропорт денгизга яқин бўлса керак-да.
“ТУ-154” шувиллаб пастлаб бораётир. Сезиб турибман, самолёт пастлагани сари қўшнимнинг хавотири ошиб, бесаранжом бўла бошлади.
— Сувга икки қадам қолди-ку, ука…
Очиғи, ўзимни ҳам бироз ҳаяжон чулғади.
— Хавотир олманг, амаки, — дедим иложи борича вазминлик билан. — Денгизга қўнмайди.
Негадир ҳар гал Бокуга борганимда шу воқеа эсимга тушади.
Бугун ҳам июнь. Бугун ҳам ҳаво иссиқ, осмон тип-тиниқ.
Тақвимда 2023 йил.
Бугун ширин орзу-хаёллар билан эмас, ўтмиш, хотиралар, шукурки, эсласа эслагудек, ҳаяжонли, юракларни энтиктирадиган, ҳар бири не-не воқеалару дўсти-қадрдонларни ёдга соладиган ширин хотиралар оғушида бормоқдаман.
“А-320 аэробус” баҳри Ҳазар устидан учиб бормоқда. Беихтиёр икки самолётни, уларнинг ўтирғичлари, ичидаги шароитлар, ҳатто безакларигача таққослай бошладим. Деталлаштириб ўтирмайман: ер билан осмонча фарқ қилади.
…Бокуга бир неча марта борганман. Охирги марта қачон борганимни эсладим. 1988 йил май ойи экан. Ўттиз беш йил бўлибди.
Бу орада собиқ совет республикалари мустақилликка эришди. Мустақил давлат тузумининг ўзига яраша афзалликлари билан бир қаторда мураккабликлари ҳам бор… Барибир, ҳар қандай давлатнинг, халқнинг, миллатнинг мустақил бўлгани яхши: бировнинг измида юришдан, бойликларини ўзи тасарруф эта олмасликдан кўра ёмонроқ, аянчлироқ нарса йўқ бу оламда. Яхшими-ёмонми ўз кунини ўзи кўрганига нима етсин! Қолаверса, бирон-бир давлат қайсидир давлатнинг зулмидан озод бўлганидан кейин зулм пайтидагига нисбатан ёмон яшамаган. Буни собиқ совет республикалари, жумладан, жонажон Ўзбекистонимиз мисолида ҳам кўриб турибмиз. Нафақат пойтахтимиз Тошкентни, бошқа катта-кичик шаҳарларимиз, ҳаттоки, қишлоқларимизнинг бугунги жамолини шўро давридагиси билан таққослаган киши истиқлол шарофатини яққол сезади, кўради.
Самолёт Бокуга яқинлашгани сайин ўй-хаёлларим чуқурлашиб бормоқда: Озарбайжон, хусусан, Бокуда истиқлол йилларида қандай ўзгаришлар бўлди экан? Кавказнинг бу қадимий шаҳарига сўнгги йилларда борган дўстларимиз, ҳамкасбларимиз Бокунинг ниҳоятда ўзгариб кетганини оғзидан бол томиб мақтагани, Европа шаҳарларига ўхшаб кетибди, деганлари эсимда. Ростдан ҳам шундаймикан? Бизда ғалати бир одат бор: ўзгаларнинг кичкина бир ютуғи ҳам кўзимизга оловдай кўринади, ўзимизникини эса назарга илмаймиз кўпинча. Бу феълимизни оқлаш учун мақол ҳам тўқиб қўйганмиз: олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ! Нега шундай? Бундай қараш қачонгача давом этади?
Самолёт белгиланган жойда тўхтади. Эшик очилиб, аэропорт биносига борадиган йўлакка кирдик. (Тошкентга қайтаётганда ҳам аэропорт биносидан тўғри самолётга чиқдик). Аслида бугунги кунда бу жуда катта янгилик эмас, ривожланган давлатлар аэропортларида бундай усул ишга тушганига анча бўлди. (Баъзи аэропортларда ҳамон самолётга ва самолётдан тушиб, махсус автобусларда аэропорт биносига борилади). Аэропортга кириб ҳайратланганимни яширолмайман. Замонавий аэропортда эскалаторлар, лифтлар ишлаб турибди. Хизмат кўрсатиш олий даражада. Паспорт назорат пунктидаги йигирмага яқин кабиналарда ходимлар йўловчиларни хушмуомала билан кутиб, хизмат кўрсатмоқда. Ҳайдар Алиев номидаги бу халқаро аэропорт мустақиллик йилларида бунёд этилган экан.
Аэропорт ҳудудига кирган автомобиль пул тўлайди. (Бизда ҳам шундай). Бунинг учун бир нечта мосламалар қўйилган. Ҳайдовчи ўша аппаратга пул киритиб, чек олади-да, кейинги ҳудудга ўтади, у ердаги аппаратга чекини теккизади (машинадан тушмайди), йўлни тўсиб турган ғов кўтарилади. Инсон омили йўқ, ҳаммаси рақамлаштирилган. Шаҳарга элтадиган йўл тўрт қаторли (шаҳардан келадигани ҳам), ҳар бир қаторнинг тепасида неча километр тезликда юриш мумкинлиги ёзилган: ўнг томондаги биринчи қаторга 70, кейингисига 80, қолган иккитасига 90 ёзилган. Ҳайдовчилар шунга қараб йўл танлайди.
Аэропорт ҳудудидан чиқиб, шаҳар сари йўлга тушганимизда соат тонгги 3:30 (Тошкент вақти билан 4:30) эди. Шаҳаргача ярим соатдан сал кўпроқ юрилади.
САЛОМ, БОКУ!
Шаҳарга яқинлашганимиз сари юрагим гупиллаб уради. Яқин кишисини узоқ йиллар кўрмаган одам унинг ҳузурига бораётганда қандай ҳаяжонланса, қувонса менда ҳозир ана шундай туйғу жўш урарди. Зотан, менга бу шаҳар энг қадрдон дўстимдай ардоқлидир. Дунёнинг қирқдан зиёд шаҳарини кўрганман. Улар орасида Париж, Вашингтон, Нью-Йорк, Лондон, Берлин, Истанбул, Брюссел, Женева, Қоҳира, Пекин, Куала-Лумпур, Москва, Теҳрон сингари мегаполислар бор. Уларнинг ҳар бири ўзига хос гўзал, ўзига яраша тарихий аҳамиятга эга. Бу шаҳарлар ичида меҳримни қозонган, юрагимга яқинлари бор, шулардан бири — Боку. Бунинг сабаби, аввало, шаҳар денгиз бўйида, баланд-пастликларда жойлашганидир. Боку азалдан йирик маданият маркази бўлиб келган. Бу кентда кўплаб дунёга машҳур кишилар туғилган М.Рострапович, Е.Примаков, М.Магомаев, Г.Каспаров ва бошқалар. ХХ асрнинг 20-йилларида бир нечта ўзбек ёш санъаткорлари, олимлари, жумладан, машҳур актриса ва хонанда Ҳалима Носирова, академик Воҳид Зоҳидов Бокуда таҳсил олганлар.
Озарбайжонлик дўсту қадрдонларим аввалида машҳур ёзувчи Анар муаллим туради. Бугун бу буюк ёзувчи наинки Озарбайжон, балки бутун турк дунёси адибларининг оқсоқоли. Бинобарин, у ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигининг фахрий раиси, Озарбайжон Ёзувчилар бирлигининг раиси, Озарбайжон халқ ёзувчиси. Бу шаҳарда Мирза Иброҳимов, Сулаймон Рустам, Имрон Қосимов, Наби Ҳазрий, Юсуф Самад ўғли, Наримон Ҳасанзода, Аббос Абдулла, Мамед Исмоил, Халил Ризо, Жалол Баргушад сингари шоир ва ёзувчилар, машҳур хонанда Зайнаб Хонларова, атоқли рассом Микоил Абдуллаев суҳбатидан баҳраманд бўлганман. Журналист-ёзувчилар Ашраф Иброҳимов, Фозил Раҳмонзода билан жуда қадрдон эдик. Улар Тошкентда, жумладан, бизнинг хонадонимизда бир неча марта меҳмон бўлган. Ашраф билан оилавий борди-келдимиз бор эди. Ашраф бу дунёни тарк этганига анча бўлди. Миллат учун жонини беришга тайёр бўлган фидойи шоир ва олим Халил Ризо қани? Тўғрисўз, адабиёт жонкуяри, бир неча йил “Улдуз” журналига раҳбарлик қилган Аббос Абдулланинг оташин сўзларини энди эшитолмаймиз. Машҳур шоир Самад Вурғуннинг икки ўғли – Юсуф ва Вагиф бугун орамизда йўқ. Дарвоқе, Озарбайжонда икки оила бор, уларнинг ҳар биридан учтадан халқ ёзувчиси чиққан. Бири Самад Вурғун оиласи – унинг ўзи ва кичик ўғли Вагиф Озарбайжон халқ шоири, катта ўғли Юсуф халқ ёзувчиси унвонига сазовор бўлган. Иккинчиси Расул Ризо оиласи – унинг ўзи ва умр йўлдоши Нигор Рафибейли халқ шоири, ўғли Анар халқ ёзувчиси унвони билан тақдирланган…
Ана шу хаёллар билан шаҳарга кириб бордик. Тонг ёришмаган, аммо шаҳар кундуздай чароғон. Ўнгда, сўлда бир-биридан гўзал, салобатли, осмонўпар, пурвиқор бинолар. Меҳмонхонага боргунча атрофга ҳавасла қарайман, бири иккинчисига ўхшамаган биноларни суратга олишга ҳаракат қиламан. Айни чоғда машинани эпчиллик билан бошқариб бораётган Радикдан уяламан: “Шунча ёшга кирган бу одам умрида бунақа биноларни кўрмаганмикин?” деб ўйламайдими. Шукурлар бўлсин, булар каби, булардан-да баланд, чиройли биноларни кўп кўрганмиз. Лекин бундай ҳайратомуз биноларни Бокуда кўриш ҳам қувонарли, ҳам ҳайратланарли. Чунки совет давридаги Бокуни ҳам кўрганман. У кўз ўнгимда. Бугун ўша Бокуга эмас, мутлақо бошқа шаҳарга келиб қолгандай бўлдим. Илгари аксарият кўчалар тор, баланд-паст, баъзиларига тош ётқизилган эди. Коммуникация тизими яхши эмасди. Бугунги Боку дунёнинг манаман деган шаҳарларидан қолишмайди. Бир қарасанг Дубайни, бошқа томондан Женевами, ишқилиб қайсидир Европа шаҳарини эслатади. Бир неча йўл ўтказувчи тунеллар, кўприклар қурилган.
Бокуда эътиборимни тортган нарса – бир-бирига ўхшаш, яъни “эгизак” бинолар айтарли йўқ, ҳар бир бинонинг, у турар-жойми, маъмурий биноми, архитектураси ўзига хос, такрорланмас. Бундай услубни Анқарада кўрган эдим. Тошкент ситида кузатиш мумкин. Эски иморатлар билан янги бунёд этилган биноларнинг ўзаро уйғунлиги таъминланган, уларнинг ташқи кўриниши умумий ансамблга мослаштирилган. Архитекторларнинг дидига, маҳоратига тасанно.
Шаҳарнинг ландшафт дизайни алоҳида диққатга молик. Йўл четлари, оралари, айланма йўллар орасидаги тепаликлар, кўйингки, ҳар қарич ер юксак дид билан безатилган. Ноёб гуллар, дарахтлар, манзарали буталар кўзингизни қувнатади. Ҳаммаёқ кўм-кўк.
Алишер Навоий ҳайкалини зиёрат қилдик. Ниҳоятда кўркам, шинам хиёбон. Ҳайкал атрофи, бутун хиёбон чиннидай топ-тоза, харраклар қўйилган. Одамлар дам олиб ўтиришибди. Улуғ бобомиз ҳайкали гўзал шаҳарга кўрк бағишлаб турганидан фахрландик, суюндик.
Бокунинг энг гавжум жойларидан бири Каспий соҳили. Бу ерда илгари бир чойхона бўларди. Ижодкорлар – шоир ва ёзувчилар, рассомлар, бастакорлар тез-тез йиғилиб турар, ижодий суҳбатлар қурар эдилар. Бугун бу ерда тўрт қаватли ниҳоятда ҳашаматли, ўта замонавий савдо-кўнгилочар мажмуа қурилипти. Бу ерга кирсангиз, Европанинг энг замонавий шаҳарларида юргандай ҳис этасиз ўзингизни.
Буларни нега батафсил ёзяпман? Агар Озарбайжон мустақил давлат бўлмаганида бу даражада ривожланармиди? Асло! Ахир собиқ иттифоқ таркибида озмунча вақт бўлмади-ку! Неча ўн йиллар мобайнида қандай ютуқларга эришди-ю, ўттиз йил ичида қанақа бетимсол марраларни эгаллади! Бугун нафақат Боку, бутун Озарбайжон тамоман ўзгариб кетган.
Биз жонажон Ўзбекистонимиз билан, юртимизда амалга оширилган ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари билан фахрланамиз ва тўғри қиламиз. Аммо қайси собиқ совет республикаси истиқлол йилларида қанақа ютуқларга эришди-ю, биз қандай марраларни забт этдик? Уларни ўрганиш, таҳлил қилиш, таққослаш, бошқача айтганда, бошқалар биздан нималарни ўрганиши мумкину биз улардан нималарни ўрганишимиз зарурлиги жуда муҳим. Бинобарин, ҳамма нарса таққосда яққол намоён бўлади. Пойтахтимизда кўплаб осмонўпар бинолар қад ростлагани ва бу хайрли иш давом этаётгани сабабини янада теранроқ англагандай бўламан ва бундан мамнунлик ҳис этаман. Тўғри-да, биз кимдан каммиз?! Жонажон Ватанимизда сўнгги беш-олти йилда бунёдкорлик, қишлоқ хўжалиги, саноат соҳаларида амалга оширилган ишлар кўплаб хорижий давлатлар эътиборини тортаётгани бор гап. Адабиёт, санъат, умуман, маданият соҳасига кўрсатилаётган эътибор самарасига ҳаваси келаётганлар оз эмас. Жумладан, Озарбайжон адиблари буни алоҳида таъкидладилар. Анардай дунёга машҳур ёзувчи бир неча марта қайд этди, мақола ёзди. Бу галги суҳбатимизда ҳам кейинги йилларда Тошкент таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганини ҳавас билан айтди. Мамлакатимизда китобат санъати, газета-журналлар нашр этиш жаҳон андазаларига мос равишда, юксак полиграфия усулларида бажарилмоқда.
АДАБИЁТ ВА КИТОБ ФЕСТИВАЛИ
Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ туркий тилли давлатлар маданиятини тарғиб қилиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ибратли ишлар қилмоқда. Жумладан, 2023 йил март ойида Навоий шаҳрида “Мумтоз шеърият” фестивали, туркий тилли давлатлар Ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилишини ўтказди.
2023 йил 5-11 июнь кунлари Боку шаҳрида Турк дунёси II адабиёт ва китоб фестивали бўлди. Бу етти куннинг ҳар куни бир давлат адабиётига бағишланди. 10 июнь Ўзбекистон куни бўлди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси билан бошланди.
Озарбайжон Миллий илмлар академияси бўлим мудири, профессор Олмос Улви Биннатова тадбирни кириш сўз билан очди. Боку давлат университети профессори, Ўзбекистоннинг “Дўстлик” ордени соҳиби, ўзбек адабиёти ва тарихи тарғиботчиси Рамиз Аскеров, филология фанлари доктори Яшар Қосимов маъруза қилди.
Шундан кейин камина сўзга чиқди.
— Жаҳон адабиётида турк дунёси адабиётининг салмоқли ўрни бор. Низомий Ганжавий дунё адабиётида биринчи бўлиб “Хамса” яратган. Аммо у “Хамса”ни форс тилида битган. Биринчи туркий “Хамса”ни Алишер Навоий яратган. Бундан бутун турк дунёси фахрланиши лозим, – дедим. – Халқларимизнинг дўстлиги ўша замонлардан бошланган. Бу дўстлик қанақа тузум, қанақа сиёсат бўлмасин, гоҳо муайян узилишлар билан бўлса-да, мунтазам давом этган. Ҳатто халқларимизни бир-биридан ажратиб ташлашга ҳаракат қилган ва бунга маълум даражада эришган совет тузуми даврида ҳам қардошлигимиз, ҳамкорлигимиз иплари узилмаган. Бунда ўзбек ва озарбайжон халқларининг буюк фарзандлари Шароф Рашидов ва Ҳайдар Алиевнинг хизмати бениҳоя катта. Озарбайжонда Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунлиги, Ўзбекистонда Озарбайжон адабиёти ва санъати ўн кунлиги каби тадбирлар кўтаринки руҳда ўтгани эсимизда.
Ўзбекистон ва Озарбайжон мустақилликка эришганидан кейин бу дўстлик ва ҳамкорлик янгича руҳда давом этди. Сўнгги йилларда давлатларимиз раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев бу ҳамкорликни мутлақо янги йўлда, янги оҳангда давом эттирмоқдалар. Олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этди. Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлди. Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан туркий тилли мамлакатлар адиблари асарларидан иборат юз жилдлик китоб ўзбек тилида нашр этилди. Унинг ўн олти жилди озарбайжон адабиётига бағишланди.
Фестивалнинг Ўзбекистон адабиётига бағишланган кунига Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги асосий мавзу қилиб олинганида ҳам теран рамзий маъно мужассам. Ушбу қутлуғ санани кенг нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Президентининг махсус қарори эълон қилинди. Зеро, Бобур нафақат ўзбек адабиёти, ўзбек халқи тарихида, балки бутун турк дунёсида ноёб шахсдир, у бутун турк халқларининг фахри ҳисобланади. Бобурнинг ғазаллари, илмий асарларидан ташқари биргина “Бобурнома”сини қанча-қанча миллатларнинг қомуси дейиш мумкин. Шундай экан, Бобур ижодий меросини тўла ўрганиш учун ҳали жуда кўп иш қилиниши керак.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори Маъруфжон Йўлдошев, ёш ёзувчи Шавкат Дўстмуҳаммад сўзга чиқди. Озарбайжон шоири Акиф Азалп (Бағиров) ўзбек миллати ҳақидаги шеърини ўқиди.
Озарбайжон ва Ўзбекистон халқ артисти Гуляноқ Маммадова озарбайжон ва ўзбек ашулаларини куйлаб, фестиваль иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади.
Фестивалнинг ёпилиш маросимида иштирокчилардан бир гуруҳи ТУРКСОЙ ва турли ташкилотларнинг мукофотлари билан тақдирланди. Камина ходимингиз ва Маъруфжон Йўлдошев ТУРКСОЙнинг “Низомий Ганжавий” медалига лойиқ кўрилдик.
Бундан қирқ тўрт йил аввал Ганжа шаҳри яқинида Низомий мақбарасини зиёрат қилган эдим. Ўшанда буюк бобомиз Алишер Навоий қабрини ҳам зиёрат қилиш насиб этса эди, деб орзу қилгандим. Афсуски, бу орзуим ҳамон амалга ошмади. Аммо бир куни келиб Низомий Ганжавий номи билан аталувчи медаль билан тақдирланишим хаёлимга ҳам келгани йўқ. Бинобарин, у пайтда бундай медалнинг бўлиши ҳам тасаввурга сиғмайдиган гап эди-да… Шу кунларга етказган Оллоҳимга беадад шукурлар бўлсин…
Шу ўринда Яшар Қосимов ва Акиф Бағиров ҳақида икки оғиз сўз. Улар ўтган асрнинг 70-йилларида Тошкент давлат университетида (ҳозирги ЎзМУ) ўқиган. Университетни битиргач, ЎзФАнинг Тил ва адабиёт институтида, турли газеталар таҳририятларида ишлади. Ўзбек адабиётидан илмий иш ёзишди, таржималар қилишди. Я.Қосимов бугун филология фанлари доктори, Акиф Бағиров яхши шоир, унинг кўплаб шеърлари озарбайжон хонандалари томонидан ашула қилинган.
Ўша йиллар Тошкент давлат университети билан Боку давлат университети ўртасида талаба алмашиш тажрибаси бор эди. Бундай тажриба Грузия билан ҳам йўлга қўйилган эди. Мен бу ўринда журналистика факультетларини назарда тутяпман. Ушбу хайрли тажриба бугун ҳам давом эттирилса кўп улуғ иш бўлар эди.
АНАР МУАЛЛИМНИНГ КУЛГУСИ
Ҳа, шундай, азиз ўқувчи! Анар муаллимнинг кулиши ҳам бир воқеа! Нега дейсизми? Бу ҳақда сал кейинроқ…
Озарбайжонда 2023 йил Ҳайдар Алиев йили, деб эълон қилинган. Сабаби бу йил Озарбайжон халқининг буюк фарзанди Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги нишонланмоқда. Боку кўчаларида унинг улкан портретини тез-тез учратасиз. Ҳар қандай тадбир аввалида шу инсоннинг номи тилга олинади.
Анар муаллим 12 июнь куни каминани Сумгаит шаҳрига таклиф қилди.
Сумгаитни эшитиб, ўтган асрнинг 80-йилларида бўлган бир воқеа эсимга тушди. Менинг синфдош дўстим, ёзувчи Асад Дилмурод ўша пайтлар “Совет Ўзбекистони” газетаси (ҳозирги “Ўзбекистон овози”)нинг Самарқанд вилояти бўйича мухбири бўлиб ишларди. У вақтда ушбу газета Ўзкомпартия Марказий қўмитасининг органи бўлиб, республиканинг бош нашри ҳисобланарди. Самарқандда музлатгич ишлаб чиқарадиган завод бўларди. Музлатгичларнинг қайси бир детали Сумгаитдан олиб борилар экан. Совет тузумининг устакорлигини қаранг – иттифоқдош республикаларни бир-бири билан кўринмас занжир ила боғлаб ташлаган. Бўлмаса, бутун бошли заводда шу кичик детални ишлаб чиқариш мумкин эмасмиди?!
Хуллас, Асад (Оллоҳ раҳмат қилсин) шу завод ҳақида танқидий-таҳлилий мақола ёзади. Завод ишлаб чиқараётган музлатгичларнинг сифатсизлиги ҳақида ёзиб, мисоллар орасида Сумгаитдан келтириладиган детални ҳам тилга олган экан. Мақола шов-шув бўлади. Газетанинг ўша пайтдаги бош муҳаррири Асадни чақириб, роса “тузлайди”, сиёсий саводсизликда айблайди. Шу даражага борадики, мени Ҳайдар Алиев олдида мулзам қилиб қўйдинг, дейди. (Ўша замонда Ҳ.Алиев Москвада жуда юқори лавозимда ишлар, КПСС МК Сиёсий бюросининг аъзоси эди). Асад кўзларини пириллатиб, раҳбарининг танбеҳларини индамай эшитади. Лекин бу мақолага, Самарқанд музлатгич, яъни холодильник заводига Ҳайдар Алиевнинг нима алоқаси борлигини тушуниб етмайди. Бош муҳаррир Асадга сиёсий сабоқ беради: “Сумгаит қаерда? Озарбайжонда, Алиев қаердан? Озарбайжондан! Энди тушундингми, галварс?!”. Асад бечора на кулишни билади, на йиғлашни…
Анар муаллим, Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги котиби Элчин Ҳусаинбейли учаламиз Сумгаитга отландик. Йўл-йўлакай Озарбайжон қишлоқларидаги ўзгаришларни кузатдим. Ўттиз беш йил олдинги қишлоқлар билан бугунги қишлоқларни солиштириб бўлмайди, албатта.
“Янги Озарбайжон” партиясининг Сумгаит шаҳар ташкилоти биноси олдида тўхтадик. Уч қаватли оқ бино. Ичкарига кирдик. Кенг холл. Бир томонда Ҳайдар Алиев, бошқа томонда Илҳом Алиев портрети. Учинчи қаватга кўтарилдик. Партия ташкилоти раҳбарининг кабинетига кирдик. Кенг қабулхона, салобатли кабинет. Бу ерда ҳамма нарса – бино деворлари, мебеллар, барча жиҳозлар оппоқ рангда.
Мажлислар залига ўтдик. Ғоят шинам, озода зал. Ҳайдар Алиевнинг юз йиллигига бағишлаб “Абадий умрнинг юз йили” деган китоб чиқаришибди. У Туркияда нашр этилган. Шу китобнинг тақдимоти бўлди. Маҳаллий раҳбарлар, Анар муаллим, Элчин Ҳусанбейли сўзга чиқди. Анар муаллим каминани таништирди. Менга ҳам сўз беришди. Ҳайдар Алиев билан Шароф Рашидовнинг дўстлиги, ўзбек-озарбайжон халқларининг ҳамкорлиги, бугун икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев бу дўстлик ва ҳамкорликни янги руҳда давом эттираётгани, унинг самаралари ҳақида мухтасар сўзладим.
Тадбирдан сўнг мезбонларнинг қистовига қарамай йўлга тушдик. Машина қўзғалгач, Анар муаллим Элчинга деди:
— Ҳозир бу ерда қолсак, одам йиғилиб кетади, суҳбатлашиб бўлмайди. Шаҳардан чиққандан кейин денгиз бўйида холироқ жойда тўхта. Ўзимиз бироз истироҳат қилайлик.
Сумгаитдан Бокуга қараб юрганда денгиз соҳилида қатор тамаддихоналар қурилган. Шулардан бирига кирдик. Жуда озода, файзли жой экан. Беш қадам нарида баҳри Ҳазар чайқалиб ётипти. Ғоят сокин, оромбахш.
— Маматқул, – деди Анар муаллим ўтирганимиздан кейин. – Ман сизни Ўзбекистонда йўқ нарса билан меҳмон қилмоқчиман. Бу осетрин балиғи. Биласиз, бу балиқдан қизил икра олинади. Бунинг икраси дона-донадор, йирик-йирик бўлади.
— Ташаккур, муаллим, – дедим. – Раҳматли отам ёшлигимда насиҳат қилган: қулоғингда турсин, меҳмонга борганингда уйингда йўқ нарсани егин. Шунинг учун Сизнинг таклифингиз жуда ўринли. Чўх ташаккур Сизга, муаллим.
Анар муаллим кулди. Ҳа, ростакам, овоз чиқариб кулди.
— Отангиз кўп ақлли одам бўлган экан, – деди.
Қадрли ўқувчи, эътибор бераяпсизми, мен Анар муаллимнинг кулгисини таъкидлаётирман. Бу буюк ёзувчи билан танишганимга қирқ тўрт йил бўлди. Шу йиллар давомида Бокуда, Тошкентда, Самарқанд ва Навоийда бир неча бор суҳбатлашганмиз, аммо бирон марта кулганини кўрмаганман. Доимо ўйчан, хаёл билан юради. Деярли гапирмайди. Бирон нарса сўраса ҳам, саволга жавоб берганда ҳам ниҳоятда қисқа, лўнда гапиради. Бу феъли асарларида ҳам акс этган. Эътибор беринг-а, Анарнинг аксар асарлари ҳажман жуда ихчам. Энг катта асари – “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати” романи ҳам ҳажм жиҳатдан ўртача қиссадай келади (250 саҳифа). Қаҳрамонлари ҳам камгап, узундан-узоқ монологлар йўқ.
Шунча йиллар ичида ўзаро суҳбатда бўлсин, тадбирларда бўлсин – ўша вазминлик, ўша камгаплик. Бир неча марта машинада, поездда, теплоходда бирга юрдик, ҳамиша ўша ҳолат. Бир-икки овоз чиқармай жилмайгани эсимда.
Бу гал анча очилиб ўтирди, ёйилиб кулди. “Бу одам ҳам кулишни биларкан-ку”, деб ўйладим. Анар муаллимни шундай хуш кайфиятда кўрганимдан ўзим ҳам роса завқландим. Ҳатто, латифалар айтишдик.
Тўрт соатлар ўтирдик чамамда, аммо вақт қандай ўтганини сезмай қолдик…
“MADE IN UZBEKISTAN”
Бу дунёда ғалати-ғалати ишлар бўлади-да. Кейин эслаб кулиб юрасиз…
Ўтган асрнинг 80-йилларида турмуш ўртоғим билан Сочи шаҳрига дам олишга борган эдик. Бир куни автобус кутиб турганимизда шерикларимиздан бирининг қўлида чиройли сопли эговга ўхшаган нарсани кўриб қолдик. Бу нима, деб сўрасак, пичоқ чархлайдиган, деди. Бу хотинимни қизиқтириб қўйди. Шундан биз ҳам олайлик, деди. Тошкентда ҳам бордир шу матоҳ, десам, сиз ошхонага кирмайсиз-да, қийналганда мен қийналаман, деб ранжиди. Шеригимиздан қайси дўкондан олганини сўрадим. Таксига ўтириб, ўша дўконга бордик ва уч сўмга ўшандан олдик. Хотинимнинг оғзи қулоғида, гўё катта бир муаммони ҳал қилгандай.
У вақтда Сергели-2 мавзесида яшардик. Кўчанинг нариги бетида ярмарка бўларди, ҳозир ҳам бор. Бир куни турмуш ўртоғим билан бозор-ўчар қилиб, ярмаркадаги хўжалик моллари магазинига кирдик. Бундай қарасам пештахтада биз Сочидан уч сўмга олган матоҳ турибди, чанг босиб ётибди. Сотувчидан нархини сўрасам, икки ярим сўм, деди. Хотинимга кўрсатдим…
Бокуда юрганимда етти яшар неварам Умар видео қўнғироқ қилди. Ҳол-аҳвол сўраб, менга Озарбайжондан шоколадлар олиб келинг, деди. Хўп, албатта олиб бораман, дедим. Вақт топиб Яшар ҳамроҳлигида икки-уч хил шоколаду ширинлик олдик. Неваранинг “закази”ни бажардик, деб хурсанд бўлдим.
Уйга келгач, Умарга ширинликларни бердим.
— Фақат сизнинг “заказ”ингизни бажардик, тақсир, — дедим ҳазиллашиб.
— Раҳмат, бобожон, – деб у юзларимдан ўпиб қўйди. Конфетларни бирин-кетин кўра бошлади. Бирдан авзойи бузилди. Ҳайрон бўлдик. – Мени алдабсиз-ку, – деса бўладими.
— Нега алдайман, эркатойим. Мана ҳар хил шоколадлар, ширинликлар олиб келдим-ку.
— Мен сизга Озарбайжон ширинлигидан олиб келинг дегандим, сиз Ўзбекистонникидан олиб келибсиз, – деди-да, чиройли қоғозга чиройли қилиб ўралган бир ширинликни кўрсатди.
— Йўқ, алдаганим йўқ. Бокунинг қоқ марказидаги супермаркетдан олдим.
Умар бўш келмади.
— Мана “Made in Uzbekistan” деб ёзиб қўйибди-ку.
Олиб ўқиб кўрсам, Умарнинг гапи тўғри, Тошкентимизнинг Янги ҳаёт туманида ишлаб чиқарилган экан.
Нима дейишимни билмай қолдим. Ўзимни оқлаш йўлини қидирдим.
— Ҳечқиси йўқ, мана булари Озарбайжонники-ю, – дедим.
Ҳаммамиз кулдик… Агар аянг ҳаёт бўлганида Сочи воқеасини эслатиб, росса устимдан куларди-да, деб ўйладим, аммо Умарга айтмадим.
Озиқ-овқат маҳсулотларимиз ҳам экспорт қилинаётганидан хурсанд бўлдим.
Яшарга қўнғироқ қилиб айтдим. У ҳам мириқиб кулди. Кўрдингизми, неварангиз сизу биздан кўра синчковроқ экан, деди.
Учбурчак шаклда чиройли қилиб ўралган ширинликка қараб ўйга толдим. “Бундан ўзимизнинг дўконларда ҳам бормикан?”
Болалик йилларимиздаги воқеа эсимга тушди.
Каттагина боғимиз бўлар, унда бир неча хил олма, ўрик, шафтоли ва бошқа мевали дарахтлар бор эди. Уларнинг мевасини қоққанимизда олмани ҳам, ўрикни ҳам хил-хилига ажратар эдик: яхшилари, катта-катталари бозорга, майда-чуйдалари, қурт еган, эзилганлари рўзғорга бўларди.
Шу анъана ҳозир ҳам бормикин, дейман-да… Янаям билмадим…
ХАЙР, БОКУ!
Юрган дарё, ўтирган бўйра, деб бежиз айтмаган халқимиз. Қардош Озарбайжонда, қадрдон Бокуда беш кун давомида қанчадан-қанча янги жойларни кўрдим, Туркия, Можаристон, Қирғизистон, табиийки, озарбайжонлик ҳамкасблар билан мулоқот қилдик, фикр алмашдик, кўзимиз қувнади, дилимиз яйради. Ранг-баранглик қандай яхши, турфа фикрларни эшитиш нақадар мароқли, ёқимли. Бирхиллик одамни зериктиради, фикрини қашшоқлаштиради. Бир жойда турса темир ҳам занглайди, сўнг чирийди, сув айнийди. Одам ҳам шундай.
Бугунги Бокуни кезиш, у ердаги ўзгаришларни кўриш, англаш учун беш кун оз, жуда оз. Чунки унинг ҳар бир гўшасида ўзгариш, янгилик барқ уриб турибди. Нақадар ҳайратланарли, ҳавас қилгулик.
Шу қисқа сафарим давомида ўзлигини йўқотмаган янги Бокуни кашф этдим. Шу боис, ўттиз беш йил олдинги Бокудан бугунги Бокуга келгандай сездим ўзимни.
Бокуга эрта тонгда кириб борган эдим, ярим тунда тарк этмоқдаман. Худди эрталаб бориб, оқшом қайтаётгандай эдим. Қадрдон кишилар узоқ йиллардан сўнг кўришса ажралиши қийин кечади, бир бирининг дийдорига тўймайди, хайрлашгиси келмайди. Ҳозир менда ҳам шу туйғу ҳукмрон эди. Тун бўлишига қарамай чор тарафи кундуздай чароғон Бокудан чиқиб кетяпману атрофга суқ билан боқаман. Гўё уни ташлаб кетгим келмаётгандай. Ҳайдовчига секинроқ юринг, дегим келади. Аммо самолётга етиб боришни, жонажон Ватанимга учишни ўйлаб бу фикримдан қайтаман. Ўзга юрт ҳар қанча гўзал бўлмасин, ота юртингга, она Ватанингга тенг келмайди, унинг ўрнини боса олмайди…
Ва беихтиёр машҳур озарбайжон шоири Самад Вурғуннинг машҳур ғазалидаги ушбу сатрлар ёдимга келади:
Қўй, эй булбул, тин, эй довул,
ки хоҳиш истироҳатдир,
Бу ерларда илинжим йўқ, юпанчим –
бир саёҳатдир…
…Самолёт Тошкентимизга яқинлашганда иллюминатордан пастга қарайман: осмондаги сонсиз юлдузлар каби ярқираб турган шаҳри азим – Шарқ дарвозаси Тошкентимга ҳавас ва ҳайрат ила термуламан. Самолёт пастлаб борган сари юрагим ҳаприқади. Ҳаво кемасининг оёқлари юртимиз, пойтахтимиз заминига текканда бир енгил тортдим, бир енгил тортдим… Оллоҳга шукрлар бўлсин…
Ватан соғинчи, Ватан меҳри ҳамма нарсадан тотли, ҳамма нарсадан устун! Борингга шукур, жонажон Ватаним – жаннатмонанд Ўзбекистоним!
17.06.2023 йил.