“Ўзсаноатқурилишбанк” тизимида тадбиркорларга хизмат кўрсатиш тубдан ўзгарди

“Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан жорий йилги илк пресс-тур яқинда Самарқанд вилоятига ташкил этилди. У ерда журналистлар Банкнинг молиявий кўмагида ишга туширилган корхоналар фаолияти ҳамда мазкур ҳудудда муассаса мижозларига яратилган қулайликлар билан таништирилди.

Президентимиз томонидан 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва халқимизга йўлланган Мурожаатномада жорий йилга мўлжалланган устувор йўналишлар қаторида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш алоҳида ўрин олганди.

Бунда давлатимиз раҳбари бутун дунёдаги мураккаб геосиёсий вазиятда қанчалик оғир бўлмасин, иқтисодий ислоҳотларни қатъий давом эттириб, энг аввало, тадбиркорлик муҳитини тобора яхшилаш бўйича ислоҳотларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлаган эдилар.

“Ўзсаноатқурилишбанк” тизимида тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш трансформация жараёнида тубдан ўзгарди. Уларни алоҳида гуруҳларга (микро, кичик ва ўрта) ажратган ҳолда, универсал менежерлар орқали мижозбай хизмат кўрсатиш, бунда ҳужжатларнинг ихчамлаштирилгани ҳамда банк маҳсулот ва хизматлари қайта девирсификация қилингани катта самара бермоқда.

Бу самарқандлик тадбиркорлар томонидан ҳам алоҳида қайд этилмоқда.

— Корхонамиз ташкил этилганига 15 йил тўлди, – деди “Bogʻi baland beverage” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳодир Боқиев. – Ўтган давр мобайнида банк кўмагида бизнесда салмоқли натижаларга эришдик. Бироқ бугун банкдаги муҳит мутлоқо ўзгача. Офислардаги шароитлар, ҳар бир мижозга алоҳида ёндашув, хизматлар борасида имтиёзли пакетларнинг таклиф этилиши биз, тадбиркорларни бошқача руҳлантирмоқда.

“Bogʻi baland beverage” — кўптармоқли корхона. У ердаги цехларнинг бирида яхна ичимликлар, бирида плас­тик идишлар, яна бирида эса, кир ювиш машиналари ишлаб чиқарилади.

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари уларнинг ҳар бирида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнларини кузатишди. Ярим автомат кир ювиш машиналари ишлаб чиқарувчи цехда Банк кредити ҳисобига четдан келтирилган технологик ускуна имкониятлари билан танишди.

Ҳозирда мазкур цехда 30дан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда. Улар томонидан халқимизга йилига 28 мингта маҳсулот етказиб бериляпти.

Журналистлар “Ургут” эркин иқтисодий зонасида жойлашган альюмин радиаторлар ишлаб чиқарувчи “TESPACK INVESTMENT” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлишди.

Таъкидланишича, банк билан ҳамкорликда татбиқ этилган умумий қиймати 841 272,0 долларга тенг мазкур лойиҳа корхонанинг саноат маҳсулотларини маҳаллийлаштириш дастурига оид иккинчи иши ҳисобланади.

Корхонада 20 нафар йигит-қиз иш билан банд этилган. Йилига 350 минг донага яқин ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг бир қисми (2022 йилда бу кўрсаткич 80 минг доллардан ортган) қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари банк кредит маблағлри ҳисобига кетма-кет иккита лойиҳани ишга туширган “BRADJUS” корхонасига ҳам ташриф буюрди.

У ерда дастлаб “Mac Caldo” бренди остидаги тез тайёр бўлувчи макарон маҳсулотларининг ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишилди.

Сўнгра жорий ёзги мавсумда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга шай қилинган яна бир цехдаги шароитлар кўздан кечирилди. Лойиҳа ишга тушса, корхона ишчилари сони 80дан ортади. Халқ истеъмол бозорига йилига 25 минг тоннадан зиёд “Ever” бренди остида ичимлик суви етказиб берилади.

Шунингдек, пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари учун   “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Самарқанд минтақавий банк хизматлари офисида матбуот анжумани ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда муассасанинг 2022 йилги фаолияти якунлари хусусида ахборот берилди.

— Кредитлар ҳар доим энг талабгир маҳсулот, шу боис ҳар йили банк ресурс базасини шакллантириш ишлари фаол олиб борилади, – деди Банк хизматлари офиси бошқарувчиси Фарҳод Ҳамидов. – Хусусан, 2022 йилда аҳоли ва банк мижозлари бўлмиш хўжалик субъектлари (шу жумладан, уларнинг ишчи-хизматчилари) ўртасида депозитларни кенг тарғиб этиш натижасида улардан жалб қилинган омонатлар қолдиғи 300 млрд. 200 млн. сўмга етди. Бундан ташқари, мижозларга халқаро кредит линиялар ҳисобидан ҳам кредит маблағлари ажратилди. Бунинг ҳисобига кредит қўйилмалар қолдиғи 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, 1,8 трлн. сўмни ташкил этди.

Ҳисобот даврида юридик шахс мақомидаги мижозлар томонидан айланма маблағларни тўлдириш мақсадида ажратилаётган, аҳолидан эса, ипотека кредитларига қизиқиш ортган.

Ҳа, бугун ишонч билан айтиш мумкинки, молия муассасалари, шу жумладан, “Ўзсаноатқурилишбанк” тизимлари   халқимизга, шу жумладан, тадбиркорларга қанот бўлиб, уларга намунали хизмат кўрсатишда энг илғор хорижий юрт банкларидан қолишмайдиган даражада замонавий, тезкор ва энг муҳими сифатли хизмат кўрсатмоқда. Бунга куни кеча ОАВ вакиллари учун Самарқандда ташкил этилган ижодий мулоқот давомида ҳам амин бўлинди.

Банк Ахборот хизмати.

Реклама ҳуқуқи асосида.

Хизматлар лицензияланган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + 12 =