“Яшил энергетика” равнақи йўлида
Ўзбекистон миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўйди. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз беряпти.
Мамлакатимиз аҳолисининг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш йўлида тинимсиз изланиш ишлари олиб борилмоқда.
Ана шундай хайрли ишлардан бири электр энергияси таъминотини яхшилаш йўлида эришилаётган натижалардир.
Ўтган йили 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида энергетика, жумладан, яшил энергия манбаларига катта эътибор берилди ва шу йўналишда тўплаган тажрибалар асосида жиддий иш юритиш зарурлиги таъкидланди.
— Ушбу жараёнларда депутат ва сенаторлар, маҳалла вакиллари, зиёлилар, ёшлар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчилигимиздан фаол бўлишларини, янги-янги таклиф ва ташаббуслар билдиришларини сўрайман, — деди Шавкат Мирзиёев.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси доирасида “яшил” ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда иқтисодиётнинг барча тармоқларида ресурсларни тежашни янада кенгайтириш мақсадида стратегик мақсадларга эришишга мўлжалланган 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва “яшил” ўсишни таъминлаш дастурига мувофиқ иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга қисқартириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВт.га ошириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30 фоизидан кўпроғига етказиш, саноат соҳасида энергия самарадорлигини камида 20 фоизга ошириш; ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган энергия сарфи ҳажмини, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳисобига 30 фоизга камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, 1 миллион гектаргача майдонда сув тежовчи суғориш технологиясини жорий этиш, йилига 200 миллион кўчат экиш ва кўчатларнинг умумий сонини 1 миллиарддан ошириш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни 30 фоиздан ортиқроққа кенгайтириш, республика ўрмон фонди захиралари кўрсаткичини 90 миллион куб метрдан ортиқроққа етказиш, ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 65 фоиздан ошириш, 25 та корхона ва ташкилотда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг энергия сиғими кўрсаткичини 2026 йилга келиб 2022 йилга нисбатан 20 фоизга камайтиришга қаратилган 2022-2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашнинг мақсадли параметрлари мувофиқ тасдиқланиши таъкидлаб ўтилди.
Маълумки, Ўзбекистонда табиат томонидан инъом этилган 320 кун қуёшли бўлади. Бундан биз оқилона фойдаланишимиз зарур. Қуёш энергиядан фойдаланишнинг бири қуёш электр станцияларини ташкилот ва хонадонларга ўрнатиш ҳамда ортиқча энергияни марказий тармоққа улаб, фойда олиш мумкин. Президентимиз томонидан марказий тармоққа берилган энергияни ҳар бир киловати учун ҳозирдаги таърифга кўра 3 баробар ортиқ 1000 сўмдан тўлаб беришни айтиб ўтди.
Айтиш жоизки, 2022 йилда Фарғона давлат университетига 120 кВатт қувватли қуёш электр станцияси ўрнатилиб ишга туширилди. Ушбу қуёш электр станцияси бугунги кунда ортиқча электр энергиясини марказий тармоққа узатмоқда.
Бу ерда иккита ҳисоблагич бўлади. Булардан бири электр энергияси истеъмол қилишини ҳисобга олиш, иккинчиси марказий тармоққа берилаётган электр энергияни ҳисобга олиш ҳисобланади. Натижада орадаги олинган ва сотилган электр энергиясининг фарқига кўра ҳисоб-китоб қилинади.
Яшил энергиянинг имкониятлари жуда катта. Шу боисдан Ўзбекистонда ҳам муқобил энергия ускуналарини кенг жорий этишда ёндашувлар ўзгарди. Янги тажрибалар ва ўзига хос механизмлар жорий этилди. Бу масала умуммиллий аҳамиятга эга. Ҳар бир ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида онлайн платформа energymarket.uz ишга туширилди.
Мазкур платформа ёрдамида “яшил технологиялар”ни 3 йил ичида бўлиб тўлаш шарти билан харид қилиш мумкин.
— Масалан, хонадонга 5 киловатт қуёш электр станцияси олсангиз, нақд пулга 55 миллион бўлади. Буни уч йилда бўлиб тўламоқчи бўлсангиз, ойига 1 миллион 400 сўмдан зиёд тўлашингиз мумкин. Натижада хонадондаги электр энергиясига сарфланадиган харажат 70 фоизга қисқаради.
Қуёш электр станциясини бир марта ўрнатиб, 25 ва ундан ортиқ йил давомида бемалол ишлатасиз.
Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари харид қилганларга компенсация тўланиши ҳақида қарор қабул қилингач, аҳоли орасида ҳам ўз хонадонларига ана шундай қуёш панелларини ўрнатишга бўлган қизиқиш ортди. Келгусида олий ўқув юртлари, мактаблар қуёш электр станциялари ўрнатиш натижасида қисман электр энергия билан таъминлаш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди. Бугунги кунда юртимизда жисмоний шахсларга қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти яратилган. Уларни сотиб олган ва ўрнатган фуқароларга харид харажатларининг бир қисми белгиланган тартибда компенсация қилиниши ҳам назарда тутилган. Шунингдек, “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилаларга қуёш панеллари бюджет маблағлари ҳисобидан ўрнатилиши бошлаб юборилди.
Шунингдек, мамлакатимиздаги бир қатор банкларда энергия тежаш ва қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида ускуналар харид қилиш учун паст фоизли, 5 йилга “яшил кредит”лар берилишини олқишламоқ керак! Зеро, мутахассислар қайта тикланувчи энергия манбалари натижасида маблағ иқтисод қилинишини таъкидламоқда. Мисол учун, бугунги кунда бозорда 1 та кичик 5 кВт қувватдаги қуёш электр станциясини ўрнатиш юқорида айтилганидек, 55 миллион сўмга тушади. Мазкур кичик станция бир кунда ўртача 40 кВт, бир йилда эса ўртача 15 минг кВт “яшил энергия” билан таъминлай олади. Агар буни пулга ҳисобласак йилига ўртача 5 миллион сўм маблағ иқтисод қилинади. Ҳар бир ўрнатилган яшил станциялар учун 15 миллион сўмгача компенсациялар тўланади.
Демак, қуёш панеллари учун сарфланадиган маблағ 5-6 йилда ўзини қоплайди. Энг муҳими хонадонлар камида яна келгуси 15 йил давомида электр энергияси учун харажат қилмайди.
Салим ОТАЖОНОВ,
физика-математика фанлари
доктори, профессор