Қўшимча қувватлар

маъданни қайта ишлаш имконини оширмоқда

Куни кеча Навоий кон-металлургия комбинатининг 3-гидрометаллургия заводида янги тегирмон блоки фойдаланишга топширилди. Натижада корхонада йилига қўшимча 1 миллион тонна олтин таркибли маъданни қайта ишлаш имкони яратилди.

Янги блокни фойдаланишга топшириш маросимида комбинат раҳбарияти, соҳа мутахассислари, қурувчилар, технологлар, энергетиклар, механиклар, завод ишчи-ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. “НКМК” АЖ бош муҳандиси Отабек Равшанов барчани муҳим объект фойдаланишга топширилиши билан табриклаб, бу ерда янги қувватларнинг ишга туширилиши ҳисобига қўшимча иш ўринлари яратилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

— Жорий йил комбинатда Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари бўлган 11 та лойиҳа амалга оширилмоқда, – деди О.Равшанов. — Шулардан бири “Кокпатас ва Довгистов олтин конларида маъдан қазиб олиш (III навбати)” инвестицион лойиҳаси ишлаб чиқариш ҳаж­мини оширишда катта аҳамиятга эга. Умумий қиймати 281 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳанинг ҳаётга жорий этилиши 3-гидрометаллургия заводининг маъданни қайта ишлаш қувватини сезиларли даражада оширади. Энг муҳими, қўшимча иш ўринлари яратилиб, заводда тегирмон блоклари сони еттитага етказилди. Шуни мамнуният билан айтиш керакки, — дея сўзини давом эттирди Отабек Файзуллаевич, — ушбу лойиҳа Зарафшон қурилиш бошқармасининг моҳир қурувчилари томонидан қисқа даврда қуриб битказилган бўлса, Навоий машинасозлик заводи ҳамда Шимолий кон бошқармаси ходимлари томонидан маҳаллийлаштириш лойиҳаси доирасида тегирмон блоки ясалди. Эътиборли жиҳати, тегирмонни лойиҳалаштириш, конструкторлик, уни ясаш ва йиғиш ишларида ўзимизнинг “қоракўзлар” иштирок этди. Бу эса комбинатимиз ходимлари бунёдкорлик ишларини амалга оширишда катта салоҳият ҳамда тажрибага эга эканлигидан далолат беради. Фурсатдан фойдаланиб, барчани бугунги ютуқлар билан муборакбод этаман. Ўйлайманки, инвестиция дастури доирасида фойдаланишга топширилган қўшимча имкониятлар халқимиз фаровонлиги, юрт равнақига хизмат қилади.

Янги блок тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, иш унумдорлиги анча самарадор. У ерда кечагина касб-ҳунар коллежи ва олий таълим даргоҳларини битириб келган ёшлар меҳнат фаолиятини бошладилар.

— Заводимизда сменали иш ташкил этилган бўлиб, суткасига уч минг тонна олтинга бой маъдан қайта ишланмоқда, – дейди 3-ГМЗ майдалаш цехи 7-тегирмон блоки электромонтёри Асрор Маматов.

Комбинатда ёш мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича касбий маҳорат танловлари ўтказиб келинади. Танловларда фаол қатнашиб, Асрор каби ишга жойлашган 100 нафардан зиёд ёш мутахассислар Учқудуқ фарзанди ҳисобланишади. Асроржон ҳам кончилик касб-ҳунар коллежини тамомлаб, ҳозирда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг сиртқи бўлимида таҳсил оляпти.

— Мен 1993 йилдан буён комбинатда ишлаб келаяпман. Завод ташкил топгандан бугунги кунгача амалга оширилган ўзгаришлар, улкан бунёдкорликларнинг иштирокчисиман, – дейди завод майдалаш цехи таъмирловчи-чилангари, “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони соҳиби Науризжан Жўрабеков. — Бундан ўттиз уч йил олдин ўта мураккаб тарихий вазиятда қўлга киритилган мустақиллик кўп миллатли халқимизни Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсад сари руҳлантирмоқда. Ҳар жабҳада қўлга киритилаётган ютуқлар, амалга оширилаётган улуғвор ишлар, ҳаётбахш ислоҳотлар учқудуқлик саноат ходимларининг эртанги кунга бўлган ишончини мус­таҳкамлаяпти.

Дарвоқе, 1995 йилнинг 14 июнида ишга туширилган 3-гидрометаллургия заводи 2008 йилгача оксид­ланган маъдан захиралари билан ишлаган бўлса, ундан сўнг бу ерда сульфидли маъданларни қайта ишлашга ўтилди. Яъни заводда маъданни бактериал танлаб эритмага ўтказиш технологияси жорий этилгани туфайли комбинатда мураккаб таркибга эга сульфидли маъданлар қайта ишланмоқда. Комбинат олимлари ва мутахассисларининг кейинги ўн йилликдаги изланишлари ўзининг ижобий самарасини берди. Заводда “Таркибида олтин мавжуд қайта ишланиши қийин бўлган сульфидли маъданлардан олтин ажратиб олиш усули” технологияси амалиётга самарали татбиқ этилди. Бунга қадар мазкур технология 2009-2019 йиллар давомида уч мингдан ортиқ турли хил тажриба ва лаборатория синовларидан ўтказилди. Оддий қилиб айтганда, илгари биологик оксидланган маъдан таркибидан 85 фоизгача олтин ажратиб олинган бўлса, қолган 15 фоизи чиқиндига чиқиб кетарди. Янги технология жорий этилгач, ана шу чиқинди таркибидаги 15 фоиз олтиннинг аксарият қисмини ажратиб олиш имконияти яратилди. Дастлабки лойиҳада ихтиро асосида қурилган мажмуада олтинни чиқиндидан ажратиб олиш даражаси 62 фоиз деб белгиланган эди. Ҳозирда бу кўрсаткич 76 фоизга етди. Мазкур ишланманинг технологик жараёнга тўлиқ татбиқ этилиши корхонада маъдандан олтин ажратиб олиш даражасини 17,4 фоизга, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 11,6 фоизга ошириш, технологик кўрсаткичларни сезиларли даражада яхшилаш имконини берди. Ҳозирда мазкур завод биооксидлаш технологияси асосида олтин ажратиб олинаётган корхоналар орасида ишлаб чиқариш қуввати бўйича дунёдаги 18 та заводнинг энг йириги ҳисобланади.

— Мазкур тегирмон блокининг ишга туширилиши натижасида келгусида флотация, биооксид­лаш, фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехлари ҳам кенгайтирилади, – дейди 3-гидрометаллургия заводи директори Бекзод Ҳусанов. — Шунингдек, йил якунига қадар саккизинчи шарли тегирмон ўрнатилса, 2025 йилдан бошлаб йиллик маъдан қайта ишлаш ҳажми 10 миллион тоннага оширилади.

Мухтасар қилиб айтганда, вақт билан бақамти ҳаракатланаётган гидрометаллургия заводида амалга оширилаётган бу каби истиқболли лойиҳалар, ишлаб чиқаришга татбиқ этилаётган сўнгги технологиялар нафақат сон, балки сифат даражасини оширди. Муҳими, соҳага илмий-инновацион ёндашилиб, иқтисодий имкониятлар янада яхшиланишига эришилмоқда.

Азамат ЗАРИПОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × four =