Соҳил маликаси

ёки “Ўзсаноатқурилишбанк” кўмаги билан Сурхон воҳасида қамишдан мебель ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ҳамда бошқа истиқболли лойиҳалар ҳақида

 

Мамлакатимизнинг энг чекка ва узоқ туманларидан бири Музработ   ҳисобланади. Бу манзил Амударё соҳили бўйлаб   Афғонистон ва Туркманистон билан   чегарадош. Туманнинг жануби ғарбий томонидан сал кам 150 йиллик   мозийга гувоҳ бўлган темир йўл   ўтади. Темир йўлнинг чап   томонида эса икки- уч минг йиллик тарихга эга катта–кичик   қишлоқлар “Пайғамбар ороли” тўғрисигача, аниқроқ айтсак, Термиз туманиниг “Каптархона” қўрғонигача чўзилиб борган.

Баҳор келиши билан Амударё соҳилида   жинғил, патта, саксовул каби чўл ўсимликлари барг ёзиб улгурмасидан, минг-минг гектарлаб   майдонда қаҳратон қишга исён   қилгандек қамишлар ердан “найзаси”ни кўтариб чиқиб,   ҳафта- ўн кунда ям- яшил уммонга айланади. Сокин ва сулув Амударё   уларнинг бўйчанлигидан кўринмай   қолади. Бир сўз билан айт­ганда, қамиш   соҳилнинг маликаси — рамзи   ҳисобланади.

Бежиз шоир:

Қамишзор шовуллар, юрак энтикар,

Мен учун қадрдон   соҳил, қамишзор… —

дея ёзмаган-да! Энг муҳими, соҳил Аллоҳ инояти билан яралган битмас–туганмас хазина. Ана шу дилларни ром этиб, юракларни энтиктирувчи соҳил қамишзорлари бугунги кунда одамларимизга ризқ, иқтисодиётимизга   таянч, саноатимиз ривожига омил бўлмоқда. Қандай қилиб дейсизми? Биринчидан, Президентимиз томонидан мамлакатимизда тадбиркорлар ва инвесторларга кенг имкониятлар ҳамда имтиёзлар берилганлиги бугунги кунда ҳар соҳада ўз самарасини кўрсатаяпти. Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш баробарида ялпи ички маҳсулотда саноат улушини икки бараварга кўпайтириш   вазифаси қатъий қилиб белгиланган.

Тараққиёт стратегиясида белгиланган саноат соҳасини янада ривожлантириш борасида республика “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан давр талабидан келиб чиқиб, биргина ўтган йили 570 дан ортиқ лойиҳа   ишга туширилди. Бунинг учун 1,8   миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция   маблағлари жалб қилиниб, 15   мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Ана шу харажатлар эвазига ишлаб чиқарилган 611 миллион долларлик маҳсулотлар хорижий   давлатларга экспорт   қилинганлиги қувонарли ҳолдир. Бу айтишга осон, амалда унинг   замирида каттагина захмат, машаққатли   меҳнат ва замонавий тадбиркорлик фаолияти   ётади.

Юртнинг истиқболи, элнинг маъмурлиги учун хизмат   қиладиган лойиҳалардан бири маҳаллий тадбиркорлар саъй-ҳаракати ва банкнинг молиявий кўмагида 2020   йилда Сурхон воҳасининг Музработ туманига   насиб қилди. Бу Термиз   шаҳридаги “Сурхон КСП гранд”   МЧЖ тизимидаги оддий   қамишдан саноатбоп плиталар, мебель ва қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи воҳада ягона йирик замонавий   корхона ҳамдир.

— Энг муҳими,   заводни тўла қувват билан ишлатиш учун хомашёдан зориқмаймиз. Туманимизда қамиш керагидан ҳам ортиқча. Фақат уни ўз вақтида   ўриб, ташиб келтириш лозим. Бу эса бошқа турдош корхоналарга нисбатан бизнинг   заводимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари сифатининг яхшилигига, таннархининг арзонлигига гаров   бўлмоқда, – деди “Асия КСП   сифат” МЧЖ директори Аббос Набиев. – Шуни ҳам айтиш керакки, ёғоч қипиқларидан тайёрланган плиталар мўрт ва намга чидамсиз бўлади. Ёғоч қипиғидан   тайёрланган уй жиҳозлари ва мебелнинг ушлаб турувчи мехчалари қўпарилганда яна ўз жойига қоқиб ёки бекитиб бўлмайди. Сабаби, кўчган жойи ўйилиб қолади. Қамишдан тайёрланган плиталардан эса мехчани атайлаб ҳам суғуриб бўлмайди. Чунки қипиққа қараганда,   қамиш пишиқ, зич ва   сифатли бўлади. Сувга солиб қўйсангиз   ҳам бўкиб, шишиб кетмайди.

— Бу йилги   қаҳратон совуқ завод жамоаси   фаолиятига қандай таъсир қилди?! – деган саволимиздан сўнг директорнинг қошлари чимирилиб кетди.

— Тўғриси, кўп   қатори заводимизни ҳам табиий газ   ва электрдан   узиб қўйишди. Кунлар исиши билан ишлаб чиқариш ҳажмини қоплаб юборишга имконимиз етарли. Корхонамизнинг умумий майдони   10 гектар, лойиҳа қиймати 205 миллиард 864 миллион сўм бўлиб, замонавий ускуналар Хитой давлатидан банк кредит маблағи ҳисобидан келтириб   ўрнатилган. Биз учун муҳими,   400 нафар ёшлар   доимий, 200 нафари мавсумий иш билан банд бўлиб, қора қозони қайнайдиган   бўлгани. Корхонамиз ишчилари ўртача уч яримдан ўн миллион сўмгача   маош олишади.

— Кўриб турганингиздек, ўриб боғлаб келинган   қамиш беш жараёндан сўнг тайёр саноат   маҳсулотига айланади. Майдаланган   қамиш махсус елим билан қорилиб, 2700 тонна босим билан зичлантирилади, 180   даража иссиқликда қуритилади. Тайёр плиталарни мебелга айлантириш учун эса замонавий андозадаги бежирим,   рангли ламинантлар   ёпиштирилади. Термизда энг сўнгги русумдаги мебель ишлаб чиқарувчи   фабрикамиз бор, уни ҳам биз маҳсулот билан таъминлаймиз, — дейди мамнуният билан завод директори.

Маълум бўлишича, қамишдан “Асия КСП сифат”   МЧЖ томонидан заводда йилига 150 минг куб саноатбоп сифатли   плита ишлаб чиқарилади. Мамлакатимизда бу борадаги саноат   маҳсулотларига импорт эҳтиёжи катта. Биз йилига 100   миллион долларга яқин импорт ўрнини босувчи маҳсулот   тайёрлаб, юртимиздаги ички бозор талабларини қондиришга ҳаракат   қилаяпмиз.

Ўзбекистонга Аллоҳнинг назари тушган, деб бежиз   айтишмайди. Чиндан юртимизнинг хас- хазони ҳам, ўт-ўлани ҳам, тош-тупроғи ҳам, чанг-тўзони ҳам олтинга   тенг. Ватанимиз, миллатимиз,   келажагимиз учун соҳил маликаси—парвариш, меҳр, меҳнат талаб қилмайдиган оддийгина қамишнинг зарур қурилиш ва саноат маҳсулотига айланиб юрт ободлиги, иқтисодимиз барқарорлиги, элимиз фаравонлигига хизмат қилиши ҳам Яратганнинг инояти эмасми?!

* * *

Бугун жаҳондаги глобал тараққиёт жараёни талабларидан ортда қолиш нафақат инқирозга, балки имконсиз   муаммолар гирдобига олиб боришини кўпчилик рад этолмайди. Шу маънода ҳам Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган Тараққиёт стратегиясида бирор тизим ёки соҳа йўқки, унинг бугунги ва келгуси истиқболи, ҳар томонлама барқарор   ривож­ланишини ўз ичига олмаган   бўлсин. Муҳими шундаки, бу борадаги қилиниши лозим бўлган ишлар, вазифалар аниқ-тиниқ кўрсатиб берилган. Шу баробарида мамлакатимиздаги вилоятлар, туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлар, инвесторлар салоҳияти, эҳтиёж, талаб ҳамда имкониятларидан келиб чиқиб ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилаётганлиги айни муддао бўлмоқда. Буни яқиндагина иш бошлаган Қумқўрғон туманидаги “Business Capital” МЧЖ корхонаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

— Биз “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси орқали хорижий кредит йўналиши бўйича 1 миллион 64 минг еврога Туркия   давлатидан замонавий ун заводи илғор технологик ускуналар маж­муини сотиб олдик, – деди корхона таъсисчиси Ҳусан Муродов. — Кўриб   турганингиздек, беш қаватдан иборат   заводимиз туфайли халқаро   стандарт талабларига жавоб   берадиган маҳсулотни ишлаб   чиқаришни   йўлга қўйдик. Буғдойни келишилган шартнома асосида Қозоғис­тон Республикасидан олаяпмиз. Айни пайтда ўзимизнинг ички ва   хорижий бозорларга йилига   54 минг тонна аъло навли   маҳсулот етказиб бераяпмиз.

— Ушбу лойиҳа туфайли 32 нафар   маҳаллий   ёшлар доимий иш билан банд бўлишган. Шу йил   апрель ойи охирида завод тўлиқ ишга тушиши билан   режага кўра ишчилар сони 60 тадан ошади, —   дейди корхонанинг муҳандис-устаси Соатмурод Амирқулов. — Туманимизнинг “Азларсой” маҳалласида 0,85 сотих ерда жойлашган бу тегирмон бир кеча-кундузда 150 тонна буғдойни   қайта ишлаш имкониятига   эга. Аҳолининг эҳтиёжидан келиб   чиқиб, нон ва нон маҳсулотлари   ишлаб чиқарадиган   цехни ҳам ишга туширганмиз. Бундан ташқари, буғдой   кепагини чорва озуқаси   сифатида фермерларимизга етказиб бераяпмиз. Бундай хизматларимиздан маҳаллий   аҳоли ва мижозларимиз мамнун.

Илғор технологиялар асосида   жиҳозланган ишлаб чиқариш   корхоналарининг иш жараёнлари билан танишар эканмиз, ҳамкасбим, “Uzreport TV” мухбири Шерали Бўрибоев   ҳая­жонларини яширолмади.

— Ҳисор, Боботоғ манзаралари, Сурхон табиати, муҳити, одамлари ўзгача экан. Ям-яшил қир-адирларини кўриб бу ердан кетгинг келмайди. Одамларнинг томорқасида етиштирилаётган пиёз, сабзи, карам, помидор, бодиринг, булғор қалампири, саримсоқ, картошка ва турли кўкатларни кўриб,   кўзинг   қувонади. Яна иссиқхонада   эмас, очиқ майдонда. Ҳали кўпгина вилоятларда баҳор юмушлари бошланмаган. Яна ўн-ўн беш кундан сўнг томорқада етиштирилган маҳсулотлар бозор пештахтасига чиқса ажабмас. Мен Сурхон воҳасига илк келишим, очиғи, бунақа жаннатий гўша деб ўйламагандим.

Халқимизда кулчали бола суюшга яхши, деган мақол бежизга айтилмаган. Ватанимизнинг ҳар бир туманида, маҳалласида юқоридагидек   тадбиркорлар   қанчалик кўп бўлса, соҳаларда эркин   рақобат кучайиб, халқимизнинг турмуш даражаси шунчалик   яхшиланиб боради, бозор нархлари   арзонлашади.

* * *

…Республика “Ўзсаноатқурилишбанк”и томонидан шу йил 21-22 февраль кунлари Сурхондарё   вилоятида ўтказилган пресс-тур жараёнида оммавий ахборот воситалари ходимлари юқоридаги корхоналар   фаолияти билан батафсил таништирилди. Ижодий саёҳатимиз сўнггида ОАВ вакиллари учун банкнинг вилоят ҳудудий бошкармасида брифинг ташкил этилди. Унда мижозларга хизмат кўрсатиш борасида   белгиланган вазифалар ва тегиш­ли режаларни бажариш хусусида   атрофлича маълумотлар берилди.

— Бизнинг биринчи вазифамиз ишочли ва сифатли хизмат кўрсатиш. Бу иш мижозларни очиқ юз ва хушмуомалалик билан кутиб олишдан бошланади, — деди банкнинг   вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баҳодир Арзиқулов. – Олиб келинган техник қурилмаларнинг узлуксиз ишлашини, қабул қилинган дастурларнинг мунтазам бажарилишини   таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз. Мамлакат   иқтисодиётини юксалтиришда асосий   омил бўлаётган табиркорларимизнинг биринчи талабини   қаноатлантириш йўлида доимо изланишдамиз.

Тадбирда таъкидланишича, банкнинг фаол мижозлари 1,5 кредит ажратиш ҳажми эса бир йил давомида 2,2   бараварга ошган. Мижозларнинг банкдан масофавий фойдаланиши 115   фоизга кўпайган. Жорий йилда   вилоят аҳолисига 75,5 миллиард, тадбиркорлар ва йирик корхоналарга 175,76 миллиард сўм   кредит маблағлари ажратиш   режалаштирилгани айтиб ўтилди.

ОАВ ходимлари   ўзларини қизитирган саволларга   атрофлича жавоб олдилар.

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири.

Реклама ҳуқуқи асосида.

Хизматлар лицензияланган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 20 =