Инсон манзаралари

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Инобат Нодиршоҳ (Иброҳимова)нинг ҳикоя ва лавҳалар жамланган икки китобининг тақдимоти бўлди. Китобхонлар, адиблар, журналистлар, адабиётшунос олимлар ва ҳарбийлар иштирок этган тадбирда қизиқ-қизиқ савол-жавоблар, фикрлар айтилди.

Гапни кутубхонадан бошламоқчиман. Мен бу маърифат кошонасига тез-тез бориб, газета-журналлару, китобларни варақлаб тураман. Сўнгги йилларда ундаги бир муҳим ўзгаришдан қувониб юрганимни айтгим келади. Хоҳ бегим куни, хоҳ дам олиш кунлари бўлсин, кутубхонадаги қироат залларининг бирортасидан ўтиргани жой тополмайсиз. Эрталабданоқ банд! Лиқ тўла! Деярли ҳаммаси ёшлар! Ўқувчи, талаба-ёшлар! Шундоқ паркет полга ўтириб олиб, берилиб китоб ўқиётганлари, нималарнидир ёзаётганлари қанча.

Кутубхоначиларнинг эса қўли-қўлига тегмайди. Ўзим гувоҳман – улар илгари бўм-бўш залларда зерикканидан эснаб ўтиришар эди. Эй, Худойим, деб суюнаман, ёшларимиз китоб ўқимай қўйган деб ташвиш чекаётганлар келиб кўрса эди, шу гўзал манзарани!

Ёш авлоднинг маърифатга бу буюк интилишини ҳисобга олган Миллий кутубхонамиз раҳбарияти иш тартибини тубдан ўзгартирди: қироатхоналар куну тун ишлашга ўтди!

Бундай ҳозиржавоблик учун, Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари билан ҳамкорликда ўтказилаётган кўплаб тадбиру тақдимотлар учун, Бош кутубхонамиз жамоасига ташаккурлар айтгинг келади! Мамлакатимиздаги барча қироат масканлари аҳлига бағри китобхонлар билан доим ана шундай тўлиб туришини тилагинг келади!

Дарвоқе, тақдим этилган китоблар ҳақида.

Инобатнинг “Чинни”сини мен нашрга тайёрланиш жараёнида ҳам кўрган эдим. Муаллифни шахсан танимасам-да, сўзбошига ўхшаган бирор нарса ёзиб бериш сўралганида, очиғи, ажабландим: “Нега айнан мен?” Тўғри, ҳамкасб синглимизнинг газета-журналларда материалларини унда-бунда ўқиб тураман. Шундай бўлса-да, бу илтимосини рад этиш учун уёқ-буёққа шох ташлаб кўрдим, лекин уддасидан чиқолмадим.   Сабаби: сўзбоши-ю, тақризлар ёзиш бобида тажрибамнинг камлигидан. Ҳай, дедим ўзимга-ўзим, бир уриниб кўрсам-кўрай. Балки бўлажак китоб ҳақида мендан ҳам бирор жўяли фикр чиқиб қолар. Хуллас, қўлёзмани ўқишга тушдим ва бир зумда сувдай симириб ташладим, десам ишонаверинг. Шингил-шингил ҳикоялар ажабтовур, ўқишли экан. Муаллифга сим қоқдим: “Ҳикояларингиздан яна борми? Бўлса, жўнатинг”.

Инсон – жумбоқ. Яратганнинг яралмишини – бу жумбоқни ҳали ҳеч ким тўла кашф этмаган, эта олмайди ҳам. Ижод — адабиёт ва санъат бу хилқатни ўрганиш йўлидаги уриниш, изланиш демак.

“Чинни”га жамланган мўъжаз лавҳаларда инсон ҳаётининг турфа манзаралари турли давр, турли ёш ва турли касб эгаларининг ҳаёти гўё қуроқ — мозаика шаклида намоён бўлади. Манзараларки, гоҳ фараҳбаҳш, гоҳ маъюс, гоҳ ўйчан. Кўпинча сокин, фурсати билан жўшқин, яна бир қарасанг, фожиали. Инсон умри бир текис эмас.

Эътибор берилса, бу манзараларни бирлаштириб, уларга тўкислик бағишлаб турадиган умумийлик бор – барчамизга таниш ўзбекона турмуш, орамиздаги, таниш одамлар. Бири ўзимизга ўхшаса, бошқаси — қўшнимизга, ака-ука, опа-синглимиз, ота-­онамиз, фарзандимиз, ҳамкасбларимизни эслатади. Бирлари қишлоқда яшаса, бошқалари катта кентларда умргузаронлик қилади. Гўё муаллиф фотоаппарат чақмоғининг оний ёғдусида замондош­ларимиз ҳаётининг, тақдирининг ибратли бир лаҳзасини муҳрлаган, дейсиз. Ёш жонини катта хавфга қўйганча, жангарилар ўқ ёғдириб турган дарага тушиб, инсоний бурчини бажарган аскар, жигари кўмак сўраб келганида, имкони бўла туриб, унга ёрдам қўлини чўзолмаган ака, марҳум неварасининг жажжи шиппакчасини бағрига босганча жон берган жоҳил қайнона, эрини қамоқдан қутқаришни умрининг мазмунига айлантирган жасур аёл, онасининг номусига соя солган ғийбатдан умрбод орланиб, азобда яшаган ўғил…

Асл касби журналист бўлган муаллифнинг ўзига хос кузатишлари, кутилмаган хулосалари, миллий оҳор, меҳр билан йўғрилган тасвирлари ҳикояларга файз бағишлаган. Мураккаб тилсим — инсон манзаралари, ҳаёти ва қисмати тат­биқ қилинган лавҳалар бир зумда ўқилади. Ортиқча жим-жима, бўёғ-у баёндан ҳоли. Назаримда, муҳими ҳам шу.

“Чинни”даги ҳикоялардан бири “Тоғларда тонг эрта отади” деб аталганки, четлаб ўтиш қийин — Ватан учун жонини тикканлар ҳақида. Нотинч дунё янада безовта қалқиб, узоқ-яқиндаги қирғинбарот урушлар оловининг ўтли нафаслари сезилиб турган замонда Ватанимиз ва халқимизнинг ҳимояси учун доим шайликка ундаш, ҳарбий-ватанпарварлик мавзусига бот-бот мурожаат қилиш ҳар қачонгидан долзарброқ эканини қалам аҳли яхши билади.

Инобат синглимиз, назаримда, ушбу мавзуда ўзининг сўзини ҳаммамиздан кўпроқ айтаётган заҳматкаш ижодкор. У — йигирма йилдан бери ҳарбийлар орасида, “Ватанпарвар” газетасида ишлайди. Ўзининг мақолалари, очерклари, суҳбатлари ва ҳикоялари билан елкасида погонлари ярқираб турган нав­қирон йигитларимиз ўртасида тилга тушган, уларга яхши таниш. 2009 йили ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги очерклари учун “Олтин қалам” Миллий мукофотига сазовор бўлган эди.

“Тоғларда тонг эрта отади” ҳикояси 2000 йили жанубий сарҳадларимизга суқилиб кирган жангари тўдаларга қарши жанговар ҳаракатлар иштирокчилари — ҳарбий хизматчиларга бағишланган. Ватан ва инсоний бурч, жасорат ва садоқат ҳақида.

Мен ўша кезларда ЎзАда ишлар эдим. Жангарилар билан бўлган тўқнашувларнинг тафсилотларидан озми-кўпми хабарим бор. Эл ўртасига ваҳима оралаб, одамлар таҳликага туша бошлаган эди. Ғанимни тўхтатиб қолиш учун бир қанча навқирон йигитлар ўзларини қурбон қилди. Китоб муаллифи ёзганидай, “не бир ота-оналарнинг жигари кабоб бўлди”.

Ҳеч ким ёш ўлмасин! Жувонмарг кетмасин! Лекин аянчли ҳақиқат шулки, лашкар бехатар бўлмайди. Машъум дарада юз берган фожианинг мазмун-моҳиятини ҳикоядаги бир жумладан англаб олиш мумкин: “Сафдошларининг ҳалок бўлганидан қайғуда эдилар, жонсиз таналарини йиғиб олганларидан севиндилар”.

Нега севинадилар? Чунки, жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлган сафдошларининг жасадларини ёмғирдек ёғиб турган ўқлар орасидан олиб чиқишга ҳамманинг ҳам ҳадди сиғмайди. Сиққанида ҳам маънисиз ишдек туюлади. Аммо садоқатли ўзбек ўғлонлари бу ишни ҳам уддалайдилар. Ана шу уддалаш – бурч, жасоратга айланади.

Китобдаги ҳикояларда сунъийлик, ақл ўргатиш, ортиқча оҳангжамо, катта иддао – хуллас кишининг энсасини қотирадиган унсурларни учратмайсиз. Унсур бўлгандаям нафақат китобдан, умуман адабиётдан бездирадиган чиранишлар йўқ. Бор – борича, йўқ – ҳолича.

Таъбир жоиз бўлса, ҳикоялар ва лавҳаларнинг кўпи гўё “элакка чиққан” аёлнинг дугонаси билан остона олдидаги гурунглари. Қисқа, лўнда, самимий. Чечан дугона ғийбатга берилиб кетиб, кимгадир қора бўёқ чаплаб, кимларнидир оқлаб ташлаётгани йўқ. Аввало, ўзига, дугонасига, эгачисига, атрофидагиларга – китобхоннинг юзига ойна тутиб, машҳур шоирнинг машҳур сатрларини эслатаётгандай: “Меҳр қолур, муҳаб­бат қолур!”

Оддийгина, жўнгина, қаламга олинавериб, сийқаси чиқиб кетган воқеа-ҳодисаларда ҳам умуминсоний муаммоларни кўра билиш, бадиий умумлашма даражасига кўтариш осон иш эмас. Бунинг учун адибнинг қалами ўткир, нигоҳи теран, маҳорати юксак бўлиши кераклигини устозларимиз кўп ва хўб уқтиришганки, улардан ўтиб, янги гап айтиш қийин.

Гарчи талай очерк ва ҳикоялари матбуотда, турли тўпламларда чоп этилган, қардош тилларга таржима қилинган, ҳатто Туркияда “Гунеш шарқиси” (“Қуёш қўшиғи”) номи билан турк тилида нашрдан чиққан бўлса-да, “Чинни” — муаллифнинг биринчи китоби. Биринчи китоб – ижодий тажрибанинг ўзига хос ибтидоси. Ҳар ишки бошида камчиликлардан буткул ҳоли бўлиши қийин. Дейлик, муаллиф газетачиликнинг қаттиқ нонини еб умргузаронлик қилиб келаётган бўлса, ёзганларида матбуотнинг, яъни расмий тилнинг таъсири сезилиши табиий. “Чинни”да бадиий асар тилига оҳор ва шира бағишлайдиган тасвирлар, ўхшатишлар ва хотирада муҳрланиб қоладиган жайдари жумлалар бисёр: “Шу аснода қалби нафратга тўлиб, вужудини ёввойи бир куч қамраб олаётганини сезарди”. “Салқин куз ҳавоси хотиралар оловида қоврилаётган эркак ва аёлни совутишга беҳуда уринарди”. “Бола икки кундан кейин узилди. Аммо унинг ноласи Зокирнинг қулоқларида қолиб кетди”. Китобда, айрим асарларда бўлгани каби, ўзбек тилининг табиатига унчалик мос келмайдиган, ҳар бири қулоч-қулоч жумлаларни учратмайсиз.

Фарзандлар тарбияси, уй-рўзғор юмушлари, таҳририятдаги тугамайдиган заҳматларидан ортиб, шундай ибратли китобни ёза олгани учун Инобат синглимизни чин дилдан, самимий табрикласак арзийди. Айни пайтда, ундан “Чинни”дан ҳам чиройли, гўзал, янада пишиқ-пухта ҳикоялар кутиб қолишга ҳақли эканимизни қайд этишга ҳам бурчлимиз.

Қулман ОЧИЛ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 3 =