Иллат излаган ҳикмат топмас
Ҳаёт бир-бирига уланиб, бири иккинчисини давом эттирадиган, катта кенгликларга олиб чиқадиган йўллар билан бирга, мутлақо ўхшамайдиган, ҳеч бир чорраҳада ўзаро туташмайдиган йўлакчалардан ҳам иборат. Шундай экан, ҳар ким ўз йўли, касб-кори, турмуш тарзи, бу ёруғ оламда яшашдан мақсад-муддаосини ўзи танлайди ва бу танловига ўзи масъул бўлади. Кимдир ҳалол меҳнат қилишни, фарзандларини тўғри сўз, адолатли, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялашни, жамоада, маҳаллада яхши ном қолдиришни ўйлайди. Бошқа бир киши бу ёруғ оламда яшашдан мақсад нима экани тўғрисида ўйламайди, аксинча, ўткинчи ҳою ҳавас, кундалик ҳузур-ҳаловатга берилади. Бундай кишилар эл-юрт, жамият, келажак олдидаги ота-оналик бурчларини унутишади. Умрнинг кўп онлари беҳуда соврилади.
Бир қарашда бир-бирига тамомила зид бу икки хил турмуш тарзида жиддий муаммо йўқдай. Ҳар киши ўз тақдири ва охиратини ўзи яратади, ўзи эккан, ўзи парваришлаган ҳосилни ўради. Шоир ёзганидек, бу дунёда ким нимани изласа, шуни топади. Ҳикмат излаган – ҳикматни, иллат излаган – иллатни. Доно халқ ғараз ва ҳасад билан яшайдиган, умрида бир бор бўлсин савоб иш қилмаган, фақат ўзини, шахсий манфаатини ўйлайдиган кишиларни хушламайди, бундайлардан узоқроқда бўлишни эп кўради ва, аксинча, имон-эътиқодли, ҳалол-пок, меҳнатсевар, оилапарвар кишилар ҳамиша улуғланади, иззат-икроми жойига қўйилади.
Бу икки ҳолатга янада чуқурроқ назар ташласак, шахсий турмуш тарзини белгилашнинг Шарқ ва Ғарбга хос икки хил жиҳатига дуч келамиз. Шарқда жамоа бўлиб яшаш, оилани муқаддас билиш, болалар тарбияси билан муттасил шуғулланиш, турмушда учраб турадиган муаммоларни биргаликда, баҳамжиҳат ҳал қилиш муҳим бўлса, Ғарб мамлакатларида алоҳидалик, ихтиёрийлик, ўзи учун мақбул имкон, шароит яратиш ҳисси устунлик қилади. Бир жойда узоқ вақт яшашади, бир жамоада меҳнат қилишади, аммо ҳеч ким иккинчи бир кишининг шахсий ҳаётига, муаммоларига аралашмайди Чунки, уларнинг наздида, шахсий ҳаёт – дахлсиз.
“Бирор бир ёрдамим керакдир”, дейиш, ён қўшни ёки қариндошни иккита иссиқ нон, бирор тансиқ таом билан йўқлаб қўйиш одат эмас. Бу таомилни наинки оддий одамлар, ғарблик олиму фузалолар ҳам оқлашади, уларнинг фикрича, жамият яхлитлик, умумийлик, ўзаро мос ва хослик сари интилмаслиги керак. “Бундай қилинса, − дейишади улар, − ҳаётнинг ранг-баранглиги, мазмундорлиги, кўрк-латофати йўқолади”.
Тасаввур қилиш мумкин − бунда улар ўтмишда қолиб кетган шўролар даври мафкурасидаги “ягона халқ” деб аталган сохта мақсадга ишора қилаётган бўлишлари мумкин. Аммо бундай фикрловчилар кечаги кунга эмас, айни бугунги кунга, бугунги талотўпли дунёга бевосита тааллуқли аччиқ бир ҳақиқатни сезмаётганлари кишини ажаблантиради.
Бу ҳақиқат шундан иборатки, эндиликда наинки якка шахслар, жамоалар, бирлашмалар, дунёнинг катта-кичик, бой ёки ўртаҳол, ижтимоий-сиёсий тузуми, яшаш тарзи, урф-одатлари турлича бўлган давлатлари ҳам бир-бирларисиз, ҳамкорлик алоқалари, борди-келдиларсиз яшай олмайдилар. Ҳаётнинг, табиатнинг ногаҳоний зарбаларини бир ўзлари бартараф этишда жиддий муаммоларга дуч келадилар. Шу боисдан ҳам кейинги пайтларда қитъалардан қитъаларга, бир давлатдан иккинчи давлатга, бир шаҳардан иккинчи шаҳарга йўл олаётган замонавий савдо-сотиқ юклари билан бирга, беғараз моддий, маънавий ёрдам “карвон”лари ҳам кўзга ташланмоқда. Миллати, диний эътиқодидан қатъи назар, табиий офатлар оқибатида зарар кўрганларга ёрдам кўрсатиш, уй-жойи, мол-мулки ва яқинларини йўқотган жабрдийдаларни қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан ҳам кучаймоқда. Буни яқинда Туркияда содир бўлган кучли ер силкиниши мисолида яққол кўриш мумкин. Қардош халқ бошига тушган кулфатни кўпчилик ўзининг кулфатидай қабул қилиб, ёрдам қўлини чўзди. Дардига дармон бўлди. Бу ишга катталар билан бирга, ёш болалар ҳам ҳисса қўшишди. Вайроналар остида қолиб кетган кўплаб одамларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Бу ёрдам зилзила келтирган оғир йўқотишларни тўла қопламаса-да, чорасиз қолганлар кўнглида нажот чироғини ёқди, умидсизликка тушганларни умидлантирди.
Бу билан Ғарб дунёси саховат ишларидан бутунлай узоқда демоқчи эмасман. Бир вақтлар Ироқ Қувайтга бостириб кирганида, портлатилган қудуқлардан оқиб чиққан нефть денгиз қирғоқларини ифлослантириб, неча минг-минг ноёб қушларнинг қаноти булғаниб, парвоз қила олмай қолганларида, Ғарб мамлакатларидан келган кўнгиллилар уларнинг қанотларини тозалаб, учириб юборишганини ҳам биламиз. Гарчи, бу акция одамларни эмас, қушларни қутқаришга бағишланган бўлса-да, эътиборга молик. Чунки, қутқарувчилар бу ерга ўз ҳисобларидан меҳнат таътили олиб келишган. Буни ҳар жиҳатдан ибратли иш сифатида эътироф этамиз. Аммо Ғарб дунёсининг ўз номидай бошқа ғаройиб ишлари ҳам борки, уларни тушуниш қушларнинг қанотини тозалашдай осон иш эмас.
Ғарб бугун жамиятнинг қон ва жон томири бўлган Оилани, Ота ва Онани ҳам инкор этмоқда. Айрим давлатларда қабул қилинаётган қонун мақомига эга ҳужжатларда Ота сўзи ўрнига “Биринчи тарбиячи”, Она ўрнига “Иккинчи тарбиячи” сўзларини ёзиш таклиф этилмоқда. Бу – инсониятнинг умумий таназзулига йўл очишдан бошқа ҳеч нарса эмас. Бир жинсли оилаларга берилаётган бола боқиб олиш ҳуқуқи ҳам шундай. Чунки, Она бағрини, меҳрини, аллаларини тингламай катта бўлган болаларнинг характери сунъий яратилган роботларнинг феъл-атворидан қолишмайди.
Халқимизда “Эшак семирса эгасини тишлайди”, деган мақол бор. Яқинда бугун қатор мамлакатларда ишлаб чиқарилаётган жанговар дронлардан бири билан шундай кутилмаган воқеа юз берди: учувчисиз дрон ҳавога кўтарилди ва душман томонга эмас… ўзининг “ота-она”сига ҳужум қилди.
Шарқда ҳаётнинг ранг-баранглиги тушунчаси бутунлай бошқача таърифланади. Ота-онага, катта ёшлиларга, устоз-мураббийларга ҳурмат-эҳтиром, ўзаро меҳр-оқибат, мурувват ва саховат каби фазилатлар бола қалбида оила бағрида, маҳалла шароитида, меҳнат жамоасида, кўпни кўрган, ҳаёт тажрибасига эга нуроний отахон ва онахонлар таъсирида шаклланади. Оиланинг соғлом ва мустаҳкамлигидан жамиятнинг мустаҳкамлиги ва равнақи келиб чиқади. Маънавий етуклик сари интилиш эса кўп жиҳатдан маҳалланинг фаоллиги, бу муҳим бирлашмада умргузаронлик қилаётган кишиларнинг аҳил-иноқлигига боғлиқ. Шу боисдан ҳам бу ноёб бошқариш бўғинини янада мустаҳкамлаш, уни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Маҳаллада турли миллат вакиллари, турли касб эгалари, турли динларга эътиқод қилувчилар ёнма-ён, ҳар куни бир-бирларига кўзлари тушиб, ҳол-аҳвол сўраб яшашади. Улар жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида ўзаро аҳил-иноқ бўлиб кун кечираётганлари, бир-бирларига меҳр-оқибат кўрсатиб, беморлар, муҳтожлардан хабар олаётганлари, яхши-ёмон кунларда бир-бирларига елкадош бўлаётганлари жамиятимизнинг энг катта ютуғи. Маҳалла бўлиб яшаш бизга ота-боболардан қолган буюк мерос. “Маҳалла” тушунчаси биринчи марта Конституциямизга киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми аниқ белгилаб қўйилгани эса янада қувонарли.
Оила ва маҳалла ёш авлод тарбияси учун биргаликда масъул десак, муболаға бўлмайди. Оилаларда вояга етаётган фарзандлар маҳалла аҳли кўз ўнгида ўсиб-улғаяди. Ота-ота фарзандлари тарбияси билан шуғулланмай, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйса, бундай болаларни кўча ўз “тарбия”сига олади, натижада маҳалла ва жамият учун янги муаммолар юзага келади.
Бола тарбияси − мураккаб жараён. Болани тарбиялаётиб, ўзимиз ҳам тарбия оламиз, ота-оналик бурчимизни чуқур ҳис этамиз. Бизнинг жамики хатти-ҳаракатларимиз фарзандларимиз кўз ўнгида кечади. Ота-онанинг маҳалладаги нуфузи, эл-юртдаги обрў-эътибори фарзандга қанот бағишлайди, ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Баъзи ҳолларда бунинг акси бўлиши ҳам мумкин. Чунки боланинг маънавий олами оиладаги муҳитга боғлиқ ҳолда шаклланади.
1998 йил мамлакатимизда Оила йили деб эълон қилинганида хорижлик бир меҳмон ажабланиб: “Оила − икки мустақил кишининг ихтиёрий иттифоқи, унинг ички ишларига аралашиш тўғри эмас”, дегани ҳамон ёдимда. Ўшанда биз унинг бу фикридан ажабланмаганмиз. Чунки Ғарбда оила биздагидек мартаба ва мақомга эга эмас. Дунё мамлакатларида оила ва никоҳ масалалари турлича талқин қилинади, шахс, оила ва жамият муносабатлари айрича мезонларга асосланади. Аниқроғи, Ғарбда оилага инсоннинг мутлақо шахсий ҳаёти сифатида қаралади. Шунга кўра никоҳ шартномаси бир неча мазмунда, аниқ бир мақсадга қаратилиб тузилади. Бунда уларнинг ўзаро вафо ва садоқати эмас, шахсий эркинлиги, ҳуқуқ ва мулк муносабатлари шартномада қандай ифодалангани бирламчи аҳамият касб этади. Мезон шундайки, оила иттифоқи томонларнинг хоҳиши билан ҳеч бир муаммосиз тарқаб кетиши ёки ҳар икки киши никоҳдан кейин ҳам эр, хотин сифатида шахсий ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Бундан ҳам ғаройиби − бизда никоҳ бир умрлик бўлиши учун дуо-ният қилинса, улардаги шартномаларда, борди-ю эр ва хотин ажрашиб кетсалар, умумий мулк қандай тақсим қилиниши аниқ-равшан айтилади. Биргина мисол, бир вақтлар Уэльс шаҳзодаси Чарльз билан Диана Спенсер оила қуришганида, никоҳ матнида: “Борди-ю келин бирор сабаб билан оламдан ўтса, унга қайнонаси совға қилган 50 минг фунт стерлинг турадиган узук Букингем саройига қайтарилади”, деган жумла ёзиб қўйилган экан. Ҳамма нарса ниятга яраша деганларидек, шундай бўлди ҳам – Диана Париж ерости йўлида фожиали жон таслим қилганида, бармоғидаги узук ечиб олиниб, сарой хазинасига топширилади.
Ғарбона никоҳ шартномасида деярли ҳамма нарса кўзда тутилади, аммо ажрашишдан сўнг болаларнинг тарбияси ва тақдири қандай бўлади – бу ҳақда ҳеч нима дейилмайди.
Ғарбда фарзанд вояга етдими, у ота-онаси қай ҳолатда эканидан қатъи назар, алоҳида яшаши керак. Шундай қилган фарзандга раҳмат дейилади. Алоҳида яшашга, ўз қозонини ўзи қайнатиш тараддудига тушиб қолган бола− бўладиган бола, ота-онаси атрофида ўралашавергани эса — ношуд…
Шу ўринда яна мисол келтирамиз. Олимжон исмли йигит тақдир тақозоси билан Америкада яшаб қолган кекса ватандошимизнинг уйида меҳмон бўлганида қуйидаги воқеага гувоҳ бўлган экан: “Ота билан ёнма-ён яшайдиган ёш йигитнинг уйига Германияда истиқомат қиладиган онаси меҳмон бўлиб келибди. Ўғли меҳмонни яхши кутиб олибди, иззат-икром кўрсатибди, аммо уйида бир ой яшагани учун онасидан ижара ҳақи олибди. Олимжон бундан қаттиқ ранжиган экан, қўшни йигит унга “ётиғи билан” тушунтирибди: “Онам бошқа бир жойда яшаганларида, анчагина ижара ҳақи тўлар эдилар. Бошқаларга тўлаганларидан кўра менга тўлаганлари маъқул эмасми…”.
Иккинчи мисол.
90-йилларнинг бошларида америкалик ёш тадқиқотчи олим Ўзбекистонга келиб, Чорсуга туташ маҳаллалардан бирида икки-уч ой яшайди. Ватанига қайтгач, мамлакатимиз тўғрисидаги таассуротларини қуйидагича баён қилади: “Қизиқ халқ экан бу ўзбек деганлари. Мен учта қиз, иккита ўғилнинг ота-онаси билан бирга чоққина ҳовлида яшадим. Болаларнинг ҳаммаси оилали, шаҳарнинг турли мавзеларида яшашади. Аммо ҳар куни, бири қўйиб иккинчиси чол-кампирдан хабар олгани келади. Ўғиллардан бири эрта тонгда иссиқ нон, қаймоқ кўтариб келса, катта қиз келиб, уйни йиғиштиради, бошқаси овқатга уннайди. Ҳар куни шу аҳвол. Кир ювишади, кийимларга дазмол босишади, ҳовлини супуриб-сидиришади. Кечқурун қариялар билан бирга овқатланиб, набиралардан бирини ёнларида қолдириб, шундан кейингина уйларига кетишади. Ё тавба, бунақада фарзандлар ишларидан қолиб кетишади-ку. Чол билан кампир бу ҳақда ўйлашмайди. Менга ёқмади бу одамлар”.
Бу − Ғарб дунёсининг талаби. Оилага эътибор жамиятнинг эртаси билан боғлиқ. Оила муҳитининг соғломлиги пировард натижада жамиятнинг соғломлигига олиб келади.
Дунёнинг юксак даражада ривожланган мамлакатлари ҳам ташқи сиёсатда энг аввало шахсий манфаатни кўзлайди. Бу манфаатлар муҳим стратегик чорраҳаларда ўзаро тўқнаш келиб қолар экан, янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга тўғри келади. Негаки мафкуравий тазйиқ кўринмас бир офат янглиғ халқ, миллат ҳаётига аста-секин кириб келади, ёшлар онг-шуурида чуқур илдиз отади.
Бузилган кўприкни, йўлни тузатиш, ўнглаш мумкин. Тадбиркорлик билан иш тутилса, ҳар қандай тақчиллик, албатта, барҳам топади. Аммо оиладаги носоғлом муҳит оқибатларини тугатиш ҳеч қачон ва ҳеч ерда осон кечмаган ва кечмайди ҳам. Бола эсини таниганидан бошлаб унга ноннинг азизлиги, тариқдек ушоғини ҳам исроф қилиш мумкин эмаслигини уқтирамиз. Бу нарса унинг шуурига, қон-қонига сингади ва кейинчалик ҳеч бир ҳолат бу тасаввурни ўзгартира олмайди.
Мустаҳкам оила, аҳил маҳалла, янги авлод тарбияси − бу уч муҳим мақсад бугун жамиятимиз учун ҳам, ҳар биримиз учун ҳам ғоят долзарб вазифа ҳисобланади.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ