Яхши дам яхши, аммо…

Кунлар исиши билан одамлар салқин жойларга, сўлим гўшаларга бориб дам олиб, табиат манзараларидан ҳузурланиб, чарчоқларини чиқаришга эътибор қаратади. Бунинг учун юртимизда боҳаво жойлар етарли.

Шаҳар аҳолиси қишлоқ аҳолисига қараганда табиат қўйнида дам олишга кўпроқ эҳтиёж сезади. Табиат гўзаллигидан баҳра олай, тоза ҳаводан нафас олай деб ҳар куни ёки кунора Чим­ёнга, Зоминга боришга имконият ҳам шароит ҳам етарли бўлмайди ахир. Шу сабабдан пойтахтимиз ва бошқа вилоятимиз марказларида ёзнинг иссиқ кунларида табиат гўзаллигидан баҳра олиб, сўлим дарахтлар оралаб сайр қилиш, ишдан кейин кўнгилларга ва танага оромбахш этиш кимга ёқмайди дейсиз...

Юртимизда шаҳар одамларининг уйига яқин масканларда маданий ҳордиқ чиқаришлари учун Маданият ва туризм вазирлиги каби бир қанча вазирлик, ташкилотлар томонидан шаҳар марказларида кўнгил­очар хиёбонлар, боғлар ташкил этилиб, фуқаролар учун турли тадбирлар, “Пикник”лар уюштирилмоқда. Фуқароларимизнинг иссиқ кунларда узоққа бормасдан ўз шаҳри, уйи яқинида кам харажат қилиб, мароқли ҳордиқ олишлари учун шароитлар яратиб беришга ҳаракат қилинмоқда.

Бироқ танганинг иккинчи томони — кўпчилигимиз бу каби дам олишларни бир ёки икки кун деб тушуниб қолаётганлигимизда. Бундай жойларда бугун биз дам олсак эртага бош­қалар ҳордиқ чиқаришларини инобатга олмаймиз. Дам олиб бўлгач, ўзимиздан қолган турли чиқиндиларни  тозалаб кетмаймиз. Табиат олдида ҳам, одамлар олдида ҳам, виждонимиз олдида ҳам уялмаймиз. Бу билан бошқаларнинг ҳам биз каби кўнгилдагидек ҳордиқ олишига тўсқинлик қилаётганимизни анг­ламаймиз. Шундай ҳолатларга гувоҳ бўлсак “менга нима” демасдан ўша инсонларни тартибга чақиришни бурчимиз деб қабул қилишга одатланишимиз шарт.

Яна бир жиҳат Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил январь ойида дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий эълон қилганига қарамай айрим фуқаролар, айрим тадбиркорлар бунга панжа ортидан қараб, ҳамон дарахтларга қирон келтирмоқда. Бу ҳам одамларимиз дам оладиган салқин табиат жойларининг камайишига, торайишига, тоза ҳавонинг тозалигига путур етказмоқда.

Дарахт ва бута кўчатларини экиш масаласида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси юртимизда кенг кўламда амалга оширилади. Бироқ экилган дарахтларнинг инсонларга хизмат қилиши учун уларнинг гуллаб-яшнаши учун биз ҳозир уларга хизмат қилишимиз кераклигини янада чуқур англашимиз керак.

Ҳаммамизга таниш ўша гап­ларни яна такрорлаймиз. Ислоҳни ўзимиздан бошлайлик. Бизнинг табиатга ҳам, жамиятга ҳам, инсониятга ҳам  умуман ҳар қандай муносабатимиз бевосита ёшлар онгида акс этади. Муносабатимиз ахлоқий бўлса хўб-хўб, агар салбий бўлса келажак авлод соя-салқин жой излаб, биздан кўра кўпроқ сарсон бўладилар.

Ўтган қиш кунлари аномал совуқда иссиқ жой излаб андармон бўлганимизга бошқа ташкилотлар айбдор бўлса, аномал бўлмаган иссиқда ҳам салқин жой излаб андармон бўлиб юрмаслигимиз эса том маънода ўзимизга боғлиқ.

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 8 =