Сўз эркинлиги ва маънавий жасорат
Сўз эркинлиги деган тушунчани ҳар ким ҳар хил тушунаркан. Кимдир ёритилмаган мавзуга мурожаат қилишни тушунса, бошқа биров “оқимга қарши” фикр билдиришни тасаввур қилади. Бизнингча сўз эркинлигининг асл меҳвари ҳаётий ҳақиқат ва чин сўзга итоат қилишдир.
Эсимда, анча йиллар аввал “Народное слово” газетасида мухбиримиз қаҳратон совуқда йўллардаги хавфсизлик муаммолари мавзуида чиқиш қилди. Муаллиф сўз аввалида яхмалакни бартараф этиш ҳақида гапириб, бир саволни кўндаланг қўяди: “Нега фақат биринчи рақамли трасса йўлига туз сепиладию бошқа йўллардан ўтган машиналар қор ва муздан қийналиб қолаверади?” “Биринчи рақамли трасса” нима эканлигини тушунган бўлсангиз керак, албатта. Мақола эълон қилинди-ю “юқори”дан гап эшитсак керак, деб юрак ҳовучлаб қолдик. Кейин билсак, бу мақолага олий раҳбариятнинг кўзи тушмабди. Ўшанда ҳам ўртадаги масъул раҳбарларимиз бизга тушунтира кетди: қор ва яхмалакни эритиш учун қандайдир кимёвий модда сепилади, ўша химикат йўлдан ўтувчи автомашиналар шинасини тезда ишдан чиқарар экан. Шунинг учун ҳалиги процедурани бошқа йўлларга тадбиқ этишмас экан.
Таҳририят ходимлари учун “бош оғриғи” бўлган яна бир мақола ҳам “Народное слово”да чиққан эди. Навбатдаги сонлардан бирида “Бойсун баҳори” фестивали ҳамраисининг мақоласида “гармдори” қўйилган эди. Муаллиф тилга олинган мавзу ҳақида гапириб, “юртимизда тарихий обидалар хароб ва вайрона ҳолда” деган гапни ёзган, буни ҳеч ким силлиқламаган.
Шуниси чатоқки, бу сафар эътироз энг юқоридан бўлди. “Ахир тарихий обидаларни кўз қорачиғидек асраш борасидаги сиёсатимизни чиппакка чиқарибсизлар-ку” деган фикрга қўлимизни кўтаришдан бошқа чора топа олмадик. Оқибатда ушбу мақолага имзо чеккан масъул муҳаррир “ўз хоҳишига” кўра ариза ёзиб ишдан кетди. Устига устак таҳририятни огоҳлантиришди: “Бойсун баҳори” ҳақида бошқа ҳеч нарса чиқазманглар. Умуман бу фестиваль ўтказилмасин. Чунки “Бойсун баҳори” тилга олинса, яна ўша мақола эсга тушади”.
Битта ноўрин айтилган гап оқибати шундай натижа берган эди.
Албатта, у пайтлар матбуотда чиқадиган ҳар бир танқидий мақолалар ана шундай қабул қилинар эди. Лекин бугун давр ўзгарди. Сўз ва матбуот эркинлиги таъминланди. Асосли танқидий чиқишларга “юқори”нинг зуғуми йўқ. Ана энди бемалол эркин ижод қилиш даври келди. Бундай имкониятдан ҳамкасбларимиз самарали фойдаланишни ҳам билиши керак.
Тезкор асрда ҳаёт тарзимиз янгича кўриниш касб этаётгани ҳам бор гап. Илгари ҳарбий қисмда хизмат қилаётган аскар уйдагилар билан хат орқали хабарлашиб турса, ҳозир аудио ва видео алоқа орқали ўзлигини билдириб туради. Почтальон сумкасида хатлар камайгани каби обуначиларга етказиладиган газета-журналларнинг ҳам таги кўриниб қолмоқда. Ғарб ҳаётидан олиб ёзилган “Ғариблар” пьесасини эслайсизми? Унда ёши улуғ отахон “Мен дунёдаги воқеалардан хабардор бўлишим учун журналларни олишим керак” деганда унинг қизи: “Отажон, сиз ўқисангиз ҳам, ўқимасангиз ҳам, ўша воқеа рўй бераверади, ўқиб овора бўлманг” дейди. Бу гап инсон ҳиссиётини менсимайдиган, ота ҳурматини жойига қўймайдиган тантиқ қизнинг оғзидан чиқади. У ақидага ишонилса, газета-журнал у ёқда турсин, китоб ўқишга не ҳожат?! Китоб билан ошно кўнгил умрида китоб ўқимайдиган одам маънавиятидан қандай фарқ қилишини тушуниб тургандирсиз. Тўғри, газета-журнал турфа сайтлардан келган хабарлардан секин етиб келади. Бу мезонда китобнинг ўқувчига етказилиши анча орқада қолиши мумкин.
Қалам билан ишлайдиган инсон сифатида айтай. Ҳозиржавоб ахборот ёзиш газетага мулоҳазали мақола ёзишдан осонроқ. Осон нарсанинг эса баҳоси енгилроқ бўлади. Бир вақтлар ҳаётимизга телевидение кириб келганда баъзилар театр ва кинонинг умри тугаганидан башорат қилганди. Йўқ, жонли мулоқот ўрнини ҳеч нарса босолмаслигини ҳаёт кўрсатди.
Таниқли журналист Аҳмаджон ака Мелибоев бир талабадан сўрабди:
— Сиз уйланганмисиз?
— Йўқ.
— Яхши. Бирга ҳаёт қуришга аҳд қилган суйганингиз билан юзма-юз дийдорлашганингиз маъқулми ёки экран орқали?
— Албатта, жонли мулоқот маъқул.
— Шундай бўлса, ҳамма нарсани интернетга юклайверманг-да…
Биласизми, эндигина босмахонадан чиққан газетани ўқишнинг ўзига хос гашти бўлади. Уни ўқиш учун электр қуввати бўлиши шарт эмас. Газета “Wi-fi” етиб бормаган жойларга ҳам тўсиқларсиз етиб боради. Эҳтимол шу боисдан дунёнинг энг ривожланган давлатларида ахборот технологиялари мисли кўрилмаган даражада тараққий этган бўлса-да, кундалик босма нашрлар камайгани йўқ.
— Газета ўқилиши учун танқидий материални кўп бериш керак, — деган фикрни кўп эшитиб қоламиз. Мен бу фикрни маъқулламайман. Ахир ҳаётимиз нуқул салбий ҳолатлардан иборат эмас-ку. Баъзи соҳа раҳбарлари шундай дейди: “Ишдаги камчиликларимизни ўзимиз ҳам яхши биламиз. Уни тилга олган билан аҳвол ўз-ўзидан ўнгланиб қолмайди. Тушунган журналистлар ишдаги тангликдан чиқиш учун қайси тажрибалардан фойдаланишни ҳам кўрсатишди. Уни биз таҳлилий танқид деб ҳисоблаймиз”.
Дарҳақиқат, ҳаётимизга тадбиқ этилаётган кенг қамровли хулосалар афзаллигини жонли мисоллар воситасида тарғиб қилиш матбуотнинг муҳим вазифалари сирасига киради. Битта жойда йўлга қўйилган тажриба юзлаб, минглаб жойларда жорий этилса, халқ фаровонлигини оширишда қанча фойда келтиради. Бунинг учун тегишли корхона раҳбари ўша газетани ўқиши, энг сўнгги янгиликларни кузатиб бориши талаб этилади. Нуронийлар ҳаёт тажрибасини ёшларга сингдиришда ҳам матбуот муҳим роль ўйнаши мумкин.
Танқиддан тўғри хулоса чиқазишда гап кўп. Расулмат Ҳусанов ўз вақтида Дўстлик ва Жиззах туманларида раҳбар бўлганида маҳаллий матбуотда бирор хўжалик танқид қилинса, ўша жамоа раҳбарини минбарга таклиф қиларди ва ҳалиги танқидий мақолани овоз чиқариб ўқишни талаб қиларди. Шунда бояги раҳбар ноилож ҳолатга тушар ва ўша ноқулайликдан қутулиш учун ҳамма нарсага тайёр эди.
Ҳозир айрим раҳбарлар газета ўқишмайди ва бу билан ҳатто мақтанишдан ҳам тоймайди. Яна бир гуруҳ масъуллар борки, улар газета ўқишади, лекин ўқимагандай юришади. Чунки газета ўқиш раҳбарнинг муқаррар вазифаси деган шарт йўқ-да.
Жорий йил мобайнида муттасил 30 минг нусхадан зиёд чоп этилаётган “Ишонч” газетасида берилаётган мақола юзасидан аниқ чора кўришни талаб қилиши ҳар жиҳатдан ибратлидир. Масалан, газетанинг шу йил 13 июнь сонида “Субсидия чиқди, аммо уй тополмаяпмиз” сарлавҳали мақолага рукн ўрнида “Иқтисодиёт ва молия вазирлигига!” деб берилган. Вазирлик таҳририятга белгиланган муддат ичида жавоб йўлласа хўп-хўп, акс ҳолда таҳририят муайян вақт ичида танқидга муносабат билдирмаган мутасаддиларни рўйхат қилиб беради. Шу боис ушбу таҳририят тажрибасини ўрганиш учун Андижонда чоп этиладиган “Hamkor press” газетаси ижодкорлари ташриф буюришди. “Ишонч”дан бошқалар ҳам ўрганса арзийди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти сайловчилари билан учрашувда оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ўрнига юқори баҳо берди. “Ижро органи раҳбари бирор қарор қабул қилишдан олдин илгари ҳеч нарса ўқимасди, — деди Ш. Мирзиёев, — ҳозир камида ўн марта ўқийди. Журналистлар менга қандай баҳо беради, блогерлар нима дейди, деган саволларни ўзига беряпти. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ислоҳотларимизга жуда катта ижобий таъсирини кўрсатяпти”.
Иш кунини кундалик даврий нашрлар билан танишишдан бошлайдиган раҳбар “Хўш, бугуннинг талаблари нимадан иборат?” деган кайфиятда иш кўради. Ҳамма нарса таққосланганда холис баҳосини олади. Бунинг учун ён-атрофда рўй бераётган воқеаларни ҳушёр кўз билан таҳлил қилиш керак.
Афсуски, айрим раҳбар ва раҳбарчаларга “мажбурий обуна”га қарши курашиш ғояси жуда ёқиб тушди. Улар қаерда кимдир обуна ташкил қилса, ўша ҳолни “фавқулодда ҳолат” сифатида муҳокама қилишади. Натижада ихтиёрий обуна ҳам йўқликка юз тутди. Ахир газета ўз моҳият-эътиборига кўра ташвиқот туфайли яшайди. Шундай ишлар бўладики, улар ўз оқимига ташлаб қўйилса, ҳеч бир натижага эришиб бўлмайди. Обуна эса унга қарши курашни эмас, онгли муносабатни тақозо этади.
Инсонлар қалбига эзгу туйғулар, маърифатли нур олиб кирадиган оммавий ахборот воситалари ходимлари қанчалар керакли иш қилишга даъват этилганликларини доимо ёдда тутишлари зарур. Бугунги газетхон йигирма йил олдинги газетхон эмаслигини унутмайлик. Эзгу сўз, эзгу мақсад Янги Ўзбекистонни вужудга келтиришимизда мададкор бўлсин!
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист