АВВАЛО, ФИКРЛАШНИ ЎРГАНАЙЛИК
Менимча, таълим сифатини ошириш йўлида ўзгариш сезилмаётганга ўхшаяпти. Ё сиз сезаяпсизми? Хусусан, чет тилларни ўқитиш тизимимизда ўша эски тўртта малака – гапириш, ёзиш, ўқиш ва тинглаб-тушунишни ўргатишда давом этаяпмиз. Икки-уч йилдан бери бошланган чет тилини билиш даражаларини тасдиқловчи А, В ва С сертификатларни олаяпмизу, шу сертификати борларнинг аксариятида оғзаки ва ёзма нутқларига диққат билан эътибор қилсангиз, турли фонетик, грамматик ва лексик хатолар бор.
Бугунги ҳолат бир кунда пайдо бўлмади, албатта. Баъзан мактабда умуман ишламаган одамни соҳага раҳбар қилиб қўйдик. Қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик ва коррупция шаклида намоён бўлаётган иллатлардан қутулмас эканмиз, таълимни тўлиқ ислоҳ қилиб бўлмайди. Уларнинг илдизлари чуқур. Бироқ уларни юлиб ташлаш вақти аллақачонлар келган. Бунга умумхалқ “ҳашари” керак. Келинг, янги Ўзбекистоннинг ҳамма соҳасида ва ҳамма жойида янгиланиш ҳашари қилайлик! Бу ишни, аввало, биз зиёлилар оммавий тарзда бошлашимиз лозим. Ривожланган миллат ва давлатлардан тажриба ва ўрнак олайлик. Шундай ибратли давлатлар бор: Шарқда Сингапур, Ғарбда Олмония. Аммо бу катта ишни бошлаш учун фикрлайдиган, ўйлаб иш қиладиган тажрибали, имони бутун зиёли раҳбарлар, замонавий жадидлар керак.
Чет тили таълими соҳасига қайтсак, биз ўқувчи ва талабаларни гапириш ва ёзишга ўргатишдан олдин уларни фикрлашга, тафаккурга ўргатишимиз керак. Ахир, бирор-бир фикрни бошқа тил эгасига айтиш учун гапирувчи “Нимани гапираман?” деб ўйлаши керак-ку. Аммо ўйлашни, фикрлашни биламизми? Кай даражада? Ким бизга ўйлашни ўргатади? Ота-онамизми? Улар ҳамиша “Ўйлаб гапир!” деб талаб қилишади, аммо “ўйлашни қандай ўрганай?” деган саволга на уйда, на мактабда тизимли ва жўяли жавоб топдик. Шу ўйлаб-ўйламай, онг остида тахминан маълум бир касбни манфаат юзасидан танлаган ёшларга биз у ўйламаган фикрни таржима қилдиришимиз ва уни чет тилда гапиртиришимиз талаб килинаяпти. Гапириш, ёзиш, ўқиш ва тинглаб тушуниш синови тизими эскириб бормоқда ва кутилган натижа бермай қўйдики, шу синов турлари бўйича С1 даражадаги сертификат олганларнинг кўпчилигининг нутқи(гапириши ва ёзиши)да талаб қилинган стандарт билим, кўникма, малака ҳамда лаёқатлар кўринмаяпти. Сабаб шуки, бу талаблар иерархияси (пиллапояси) аввалида фикрлаш (ўйлаш) ва шу ўй-фикрни таржима қилиш зарурий малакаси унутилмоқда. Аммо шу иерархиянинг дастлабки поғонаси ўйлаш, иккинчиси — ўйлаган фикрини таржима қилиши (чет элликка айтиш учун), шундан сўнггина учинчи поғонага чиқилиб, гапириш (ёки ёзиш) бажарилиши лозим. Дастлабки икки поғонага тайёр бўлмаган тил ўрганувчини бир сакратиб учинчи поғонага чиқариш мумкинми? Шу сабабдан кўпчилик С1 сертификати бор “чет тили мутахассислари” талаб даражасида гапира ва ёза олишмаяпти. Гапирса ва айниқса, ёзса, оддий лисоний ва интерференция хатолари билан гапирмоқда ва ёзмоқда. Буни ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтяпманки, ўзим фаолиятим давомида шундай “сертификатлилар”ни кўп учратдим. Ўзи ўрганолмаган ўқитувчи қандай қилиб ўргата олсин? Ўзи ўйламайдиган муаллим қандай қилиб фикрлашни бошқаларга ўргата олади? Хуллас, чет тили таълимида талаб қилинаётган синов турларини қайта кўриб чиқиш вақти келди. Улар 4 та эмас, 6 та бўлиши керак, назаримда: фикрлаш, таржима қилиш, гапириш, тинглаб тушуниш, ўқиш ва ёзиш. Ана шу малакавий кўникма ва компетенцияларни она тили дарсларидан бошлаб шакллантириш ва ривожлантириш вақти келди. Чунки фикрлаш жараёни дастлаб она тилида содир бўлади.
Бу янги методик-дидактик ёндашиш ғоясини халқаро миқёсда камина илк бор таклиф қилаяпман ва бунинг халқаро методика назарияси ва амалиётига жорий қилиниши устида хорижлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда назарий тадқиқотлар олиб бораяпмиз, машқлар шаклида амалий ишланмалар тайёрламоқдамиз. Айнан шу масалада республикамиз она тили ва чет тиллар мутахассислари билан дидактик ва методик ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Хуррам РАХИМОВ,
Профессор
«Ҳуррият» газетаси, 2023 йил 16 август, 32-сонидан олинди.