Хўроз бир хил қичқиради
Шаҳар кўчаларини рангли банерлар билан безаш марказида ишлар қизғин. Ҳамма эшикларни ёпиб олиб, маҳсулот ишлаб чиқармоқда, яъни шод ва бахтиёр яшашга ҳукм қилинган (боболардан улги олиб, дегандай) халқни ана шу саодатга кўндириш учун (халқ эса “Йўқ, билганимдай яшайман, сарпойчан, тупроқ йўлда чопиб юраман, асфальт керак эмас” деб хархаша қилади) юмшоқ блин (ҳолвайтар)лар, яъни уйқудан уйғотмай, ўйлатадиган маънили сўзлар топиш ва тайёрлаш билан банд. Айниқса, услубий таъминлаш бўлимида иш қизғин. Яқинда олимликдан тарғиботчиликка ўтган Бўри Избосар ходимларни оёққа қўйиб, улоқни бировга бермаслик учун “чубири”ни қамчилайди. У “ўттиз йиллик раҳбарлик фаолиятида асло иккинчи бўлмаган”. Ҳамма иш билан банд, фақат бошлиқ раҳбарлиги остида одамлар камлигиданми, ходимларнинг қайсарлигиданми, хижолатини тарқата олмаяпти, бу кейинги пайтларда кучайиб бораяпти.
Шу пайт эшик шахт билан очилиб, рухсатсиз, саломсиз бир қиз кириб келди. Шусиз ҳам қисилиб ўтирган Бўри баттар тажанг бўлади: “Қаерга келиб қолдим? Бунча қўрс бўлмаса булар”. Кирувчи янги келганлардан, шекилли, ҳам шошиб, ҳам ишини тез битириш илинжида бидирлаб, “Бу ерда Бўри ким?” деди. Ҳамманинг кулгиси қистаган бўлса-да, ҳамма нафасини ичга ютди. Фақат кеча ишга келган ходим (у ўзини “шайир” деб таништирганди) азбаройи ҳаяжон тўлқинига дош бера олмадими, аста ҳиринглаб, “Бу ерда ўтирганлар ҳаммаси қўзичоқлар, бўрини кўрмадик” дея олди. Аския авж олиб кетишидан чўчиди чамаси, низомдаги бурчи ёдига тушдими, бошлиқ чирпаниб, сўз қотди: “Нимайди?”, деди бутун ғазабини сўзнинг охирги бўғинига михлаб. Бу оҳангдан “Бўри менман, истасам, ҳозир калла-поча қиламан”, дегандек таҳдидни сезиш қийинмасди.
— Манави рангли суратни (қоғозга) чиқариб беришингиз керак экан.
— Э, ким айтди? – бошлиқнинг хаёлини пармалаётган сўз айланиб ўтди: “Қаерга келиб қолдим? Ҳаммаси отарчи бўлса ҳам санъатчилар минг марта маданиятли эди”. – Катта-кичик иш буюраверар экан-да? Сизга ўргатишмаганми, бўлим бошлиғи билан бўлим бошлиғи гаплашади. Субординация…
Янги ходим айнан бўлим бошлиғидан дакки эшитганми, ари чаққандек сесканиб:
— Вақти йўқ экан, ҳозир тез қилиш керий экан, — деди зарда аралаш.
Зарда зардага тегди ва парда тешилди.
— Ҳой, ким билан гаплашаётганингни биласанми? Мен фалсафа доктори, доцентман…
Ҳамма мулзам бўлиб қолди. Янги ходим яхшигина “мастер-клас” олди, шекилли; нима бўлганда ҳам бошлиқнинг мураббийлик ҳислари ҳали ўлмаган эди, қаршисида дилдираб турган ходимнинг арзини тинглади ва ҳожатини битириб, чиқариб юборди. Барибир ҳали ўзини койиб, хумордан чиқиб улгурмаган Бўри Избосарнинг дилини аччиқ хотиралар эзарди: “Кўйлакни калта кийса ҳам, дарсни ташласа ҳам улар бошқача эди. Бир гапдан олдин шоколод ёки қаҳво узатиб, мулойим гап бошларди. Булар қаердан келиб қолган?”
Бошлиқнинг авзойи бузилганини сезган ходимлар ишга баттар шўнғиган, салмоқли, кўндирадиган фикрлар топиш, балки ижод қилиш билан ўта банд эдилар, қоғозга ияк тираб энкайган, қаламни ҳам босиб-босиб ёзишарди.
Б.Избосар институтдаги йилларини эслаб, хаёлга берилди. “Эҳ,..”. Энди тотли лаҳзалар жонлана бошланганди, яна эшик шахт билан очилди ва янги ходимлардан бири (олдингиси эмас, бошқаси) дадил кириб, яна салом-аликсиз мурожаат қилди:
— Бетта фалсафа доктори ким?
Хўжа ҚУДРАТ