“Интеллигент”
Ишга кирганимга икки йил бўлса ҳам вақтида келишга одатлана олмадим. Бир кун йўл тирбанд бўлса, бир кун қишлоғимдаги қайсидир қўшнимни вокзалдан кутиб олишим керак. Мана бугун ҳам бир танишимни вoкзалдан олиб, тўғри уйга олиб бориб қўйдим-да, “тушликкача кутиб ўтиришини” уқтирганча, оёғимни қўлимга олиб, ишга югурдим.
Котиба қўлида табелини олиб, бирма-бир ходимларнинг ишга келган вақтини аниқ-тиниқ ёзиб, раҳбар келгандан кейин “имзо” учун хонасига киргизади. Яна кечикканимни раҳбар билса, ҳар доимги гапини — “Нима, сен Деҳқонободнинг Тошкентдаги вакилимисан, доим қишлоқдошларингнинг келди-кетдисига қараб юрасан? Ё Деҳқонободдан фақат сенми Тошкентда?” – деб уришади. Раҳбаримизнинг ўзи пойтахтдан. Вилоятдан келиб яшаш юкини билмайди-да.
Соатга қарасам, бир ярим соат кеч қолибман. Аксига олиб, бугун йиғилиш бор эди. Секингина зинадан чиқиб хонага кирсам, билганимдай котиба кутиб ўтирибди.
— Мана, раҳбар Халилов келдилар, — деб дарров чақиб олди. — Халилов, соат ўнда йиғилиш. Икки хона нарига кечикмасдан борарсиз, — деб чиқиб кетди.
Хонадаги шеригим билан саломлашиб ишга киришдим. Вақт ўтиб ҳисобчи Саъдулла: “Сизлар бормайсизларми? Қани кетдик”, дея кириб келди. Йўл-йўлакай йиғилишда ҳар доимгидек нима гап бўлса ҳам ерга қараб йўл чизишимни ўйлаб, йиғилиш бўладиган хонага кирдим. Бўлим мудиридан тортиб, ҳайдовчигача ҳозиру нозир эди. Хуллас, машварат бошланди.
— Қадамларига ҳасанот, Халилов, — деди пичинг билан раҳбар биринчи менга қараб. — Бугун яна вилоятдан ким келди? Нима, ўзини-ўзи эплолмайдими ё ишини битиришга ёрдамлашганингиз учун пул оласизми? Раҳбарият сизга ҳайфсан эълон қилади. Сал ишга масъулият билан ёндашинг-да. Бу охирги огоҳлантириш! – бўлим мудири Тоҳир акага қараб давом этди. – Уялинг озроқ бўлса ҳам. Мана, Тоҳир Азизов соат саккизда ишга келади. Биргина масала учун бир кунда етти марталаб, ҳаттоки ўн мартагача хонамга киради, — деб Тоҳир акадан миннатдорлигини билдирди. Бунга жавобан Тоҳир ака ўрнидан туриб:
— Раҳмат, раҳмат, хўжайин, — деди мамнун оҳангда. — Биз иш учун яратилганмиз. Қирқ йил давомида бирор марта кеч қолганимиз йўқ, – дейди қўлини кўксига қўйиб. Раҳбар яна менга қараб:
– Тоҳир Азизов ҳақиқий интеллигент. Содиқ одам. Шу одамни уcтоз деб билинг, — деб йиғилишнинг асосий мақсадига ўтди.
Тоҳир ака ҳақиқатан ҳам идеал киши. Шу билан биргаликда жуда инжиқ одам. Ишлари жой-жойида. Эрталаб ишга вақтида келади. Оддийгина ручкани бир соатга деб олиб, унутиб қўйсангиз, сиз билан қайтиб олди-берди қилмайди. Аксинча, ҳар кўрганда қайтиб менга бирор нарса бермаслигини айтиб хуноб қилади. Соат кечки олти бўлди дегунча нарсаларини йиғиб уйига отланади. Ортиқча бир дақиқа ҳам хонада ўтирмайди.
Эртасига ишхонага вақтли келиб, котибамиз Кумушни ҳайрон қолдирдим. Мени кўриб:
– Халилов, тинчликми? Нима, бугун Лабзакнинг хўрозлари эрта қичқиришдими? — деб кулиб қўйди.
— Шунақа шекилли, — дедим гапдан қолмаслик учун.
Чекиш учун балконга чиқаётганимда бирданига Тоҳир аканинг овози эшитилди. Котибага қараб:
– Кумушхон, ҳозиргина уйдан қўнғироқ бўлди, “родной” акам ўтиб қоптилар, бирровга ўтиб келсам майлими? – деб рухсат сўраяпти. Ҳайрон бўлдим. Нега акаси ўтиб қолган бўлса, котибадан рухсат сўрайди? Шундай бўпти, мен кетдим деса бўлади-ку. Яна “бирровга” дейдими? Ё, товба!
Котиба ҳайрат билан:
– Ия, нега турибсиз, тезда бормайсизми? Акангиз экан, югуринг. Раҳбарга ўзим айтиб қўяман, – деб Тоҳир акани тезлатди.
Тушликдан кейин хона телефонига қўнғироқ бўлди. Гўшакни кўтарсам:
– Халилов, ишхонадамисиз? – раҳбарнинг овози эшитилди. – Ярим соатда тайёр бўлинг, жанозага ўтиб келамиз, тушундингизми? – деб гўшакни қўйди.
Тоҳир аканинг уйига боргунча анча вақт кетди. Тополмаганимиздан охири раҳбарнинг ўзи телефон қилди. Тоҳир ака телефон бўлишини кутиб ўтиргандай дарров жавоб берди.
– Алло, ўртоқ Шерназаров, тинчликми? Хонангизга кирайми? – деб ҳайратга солди.
Кейин билсак, жаноза пешин вақтида бўлиб ўтган экан. Тоҳир ака акасини ерга қўйибоқ, тезда ишхонага қайтибди. Биз эса амаллаб уйини топиб, дуо-фотиҳа қилиб қайтдик.
Қайтишда раҳбар менга қараб:
– Кўрдингми, Тоҳир Азизов интеллигент одам демаганмидим? Ўз акаси бўлса ҳам жанозани ўтказибоқ ишга борибди. Мана, одам қандай бўлади! Ишга садоқатига қойил қолиш керак, – деди.
Бўйнимдаги бўйинбоғни бир бўшатиб, бир сиқиб қўяман. Машина торлик қилиб, юрагимни сиқиб бошлади.
Хаёлимда эса Тоҳир ака қандай қилиб шундай “интеллигент” одам бўлган экан?” деган ўй ғужғон ўйнай бошлаган эди.
Ўткир ҲОШИМОВ.