Тоғдай таянч, отадай ғамхўр…

Азизиддин Насафий ўзинингКомил инсон китобида ёруғ оламни   уммон тўлқинининг гоҳ мавжланиб, жунбушга келиши, чоратрофга ғулғула солиши, гоҳ сокинлашиб, ором оғушига қайтишига ўхшатиб, бу жараён тоабад давом этишини урғулайди. Чиндан ҳам шундай. Дунё дунё бўлганидан бери тинимсиз ўзгаради, янгиланади, турли ҳолатлар сабаб гоҳ эврилиш, гоҳ таназ­зул томонга бурилади. Бундай пайтда ақл-идрок, эзгу ният, солиҳ амаллар, бирлик, аҳиллик, ғайрат-шижоат нажоткор кучга айланади.

Истиқлол йилларида кечган ҳаётимизга кўз ташласак, улуғ алломанинг шу сўзлари беихтиёр ёдимизга тушади. Биз ҳам дунё каби гоҳ мавжландик – дастлабки ютуқларимиздан эртароқ ғурурландик, танлаган йўлимиз тўғри, бошқа йўллар бизга мос эмас дедик, шу йўсинда яшадик, кейин… ҳаётимизга бозор муносабатлари кириб келиб, унинг аёвсиз қонунлари ўз таъсирини ўтказа бошлаганида, яхши қўшничилик, манфаатли ҳамкорлик алоқалари сусайиб, йўлларга бетон тўсиқлар қўйилиб, тақиқ кучайиб, қондош-жондош эллар, дўст-қадрдону, қариндош-уруғ бир-биридан узоқлашганида, нега шундай бўлаётгани, қаерда хатога йўл қўйганимиз, аҳволни ўнглаш учун нималар қилишимиз зарурлиги ҳақида   ўйламадик, мушоҳада юритмадик. Ўзимиздан бошқа ҳеч кимни тингламай қўйдик. Дунё эса ўзгаришда давом этди,   бу ўзгариш зукко тарихнинг ҳар қандай давр, яхши маънода ҳам, салбий маънода ҳам ўз умрини яшаб бўлади, унинг ўрнини, албатта, бош­қаси эгаллайди, деган буюк ҳақиқатини яна бир бор исботлади.

Шўролар даврини кўрдик, турғунлик даврида яшадик, қайта қуриш шиорини баланд кўтардик, “пахта иши”, “ўзбеклар иши”дан ўтдик,   саксонинчи йилларнинг уруш замонини эслатувчи ҳафталик озиқ-овқат “карточка”ларига дош бердик, бошбошдоқлик талотўпларидан, “кўча қоидалари”дан, қонунсиз “торт-торт”лардан омон чиқдик. Мустақилликка эришдик, уни сақлаб қолишни муҳим вазифа деб билдик. Кейин… моддий, маънавий узилиш, яккаланиш, карахтлик бошланди. Халқимизга хос сабр-қаноат, босиқлик, яхши кунларга умид дардимизга даво бўлди.

Ҳар қандай давлатнинг ўтмиш тарихи, босиб ўтган йўли бир-бирига ўхшамайдиган, бир-бирини айнан такрорламайдиган босқичлардан иборат. Дунёга келган фарзанд қандай оилада ва шароитда туғилганидан қатъи назар, чақалоқлик, болалик, ўсмирлик, ёшлик, бўйдоқлик, мажнунлик ёки лайлилик даврини сунъий тезлаштиришларсиз яшаб ўтиши табиий бўлганидек, истиқлол ҳам, у қаерда ва қандай ҳолатда содир бўлмасин, шу босқичлардан, алғов-далғов, тош ва чайир йўллардан, албатта, ўтади. Бу жараённи жадаллаштириш мумкин эмас. Бинобарин, биз ҳам худди шу йўлни матонат билан босиб ўтдик. Осон бўлгани йўқ. Миллат, Ватан омон қолди. Бўлиниб кетмадик. Бу йўл фақат ютуқлардангина иборат бўлмаса-да, биз учун, тарих учун жуда қадрли, ифтихорли, сабоқли бўлди.

Бугун, бош Қомусимизга ўзгаришлар киритилиши, янги муҳим қоидалар билан тўлдирилиши муносабати билан ўтказиладиган умумхалқ референдумига тайёргарлик кўраётган эканмиз, фикримча, асосий эътибор, тарғибот-ташвиқот ишларининг мағзи, йўналиши ташкилотчи воизларнинг ҳаяжонли ҳикояларидан кўра кўпроқ − бугун миллий давлатчилигимизнинг қайси босқичида турганимизни,   эл-юртимизни янада қандай улуғ босқичлар кутиб турганини, бунга янада жипс­лашган ҳолда етиб бориш учун нималар қилиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, шу билан бирга, нималар қилмаслик, нималардан тийилиш, иллатларга қарши қандай курашиш зарурлиги, бу жараёнда миллат мунавварлари — ижодкор зиёлилар, ёшлар, фидойи йигит-қизлар зиммасига ғоят масъулиятли, шарафли вазифа юкланаётгани ҳақида гапиришимиз зарур. Бугунги замон шиддати, одамлар ҳаё­­ти, турмуш тарзи, шу билан бирга онг-тафаккур тўхтовсиз ўзгараётгани, одам ва олам муносабатларида янгича қарашлар юзага келаётгани ҳар қандай мукаммал қонун, низом, йўл-йўриқ ва бош­­қа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга ҳам таъсир ўтказмоқда, уларни янгилаш, пишитиш, пухталаш, бугунги реалликка мослаш эҳтиёжи юзага келмоқда. Янгиланаётган Қомусимиз ҳаётимизнинг бугунги ва узоқ келажакдаги ҳуқуқий, маънавий асосларини, жамиятда инсон шаъни, қадр-қиммати қандай улуғланишини, ҳақ-ҳуқуқлари қандай ҳимояланишини ўзида яққол, аниқ-равшан акс эттириши билан ҳам муҳим.

Янгиланаётган Конституция лойиҳасини тайёрлашда фаол иштирок этдик. Бу жараёндан деярли ҳеч ким четда қолмади. Бугун муҳокамага қўйилган вариантда турли касб эгаларининг кўпдан кўп таклифлари, тузатиш, услубий, стилис­тик ифодага оид таҳрирлар инобатга олингани таклиф муаллифлари қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотиши аниқ. Шу билан бирга, бу ҳужжат соғлом фикрли жамиятда ҳақиқат ва ижтимоий адолат тамойиллари қарор топишига, эртанги кунимиз бугунгидан ҳам фаровон ва мазмунли бўлишига қатъий ишонган ватандошларимизни илҳомлантириши, уларга куч-ғайрат бағиш­лаши шубҳасиз.

Конституция тирик жон янглиғ ҳаракатда бўладиган ҳужжат. Дунё тарихида ҳам бу сўз муқаддаслик маъносига эга. У одамлар онг-шуурига улуғ ишонч, бемисл таянч, нажот машъаласи сифатида сингган.

Жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли аъзоси сифатида мамлакатимиз ҳам, сизу бизнинг ҳаё­тимиз, ўй-фикрларимиз ҳам ўзгаришлар палласида. Ҳаракатдамиз, изланиш, яратиш билан бандмиз, бу жараённинг фаол иштирокчиларимиз. Юртимизда ногаҳоний силкинишларга дош бера оладиган улуғвор иморатлар, янги шаҳарлар, замонавий иншоотлар қад ростламоқда. Бу иморатлар бизга тоғдай таянч, отадай ғамхўр, онадай меҳрибон бўладиган, бошимизни силаб, асраб-авайлайдиган, тўғри, ҳидоятли йўлларга бошлайдиган янги Конституцияда, унга ҳурмат-эҳтиромимизда, демакки, қалбимизда, имон-эътиқодимизда, юксак инсоний фазилатларимизда ҳам бўй кўрсатмоғи зарур. Ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек,

“Ишқ аро поку қаландарлиқ керак,

Шуъла баҳрида самандарлиқ керак”.

Референдумда иштирок этиб, бу улуғ ниятга мустаҳкам пойдевор яратайлик.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 6 =