Кулмай кулдирадиган ҳажвчи

(Адиб Ҳабиб Сиддиқ ижодий портретига чизгилар)

 

Ҳажвий асар ёзишнинг ўзгача масъулияти бор. Ҳаётдаги кулгили воқеаларни топиб, уни бировнинг шахсиятига тегмайдиган қилиб бадиий тасвирлаш закийлик талаб қилади. Ёзганида ижтимоий юк бўлиши ҳам керак. Бунинг учун ёзувчининг табиатида юморга мойилликдан ташқари, ҳаётнинг яхшиланиши истаги, иллатлардан қутилиш мақсади жўшиб туриши лозим. Бугунги кунда мана шундай ижод қилаётган ҳажвчиларимиздан бири Ҳабиб Сиддиқдир.

Бир вақтлар “Муштум” журнали Ҳабиб Сиддиқнинг асарларидан   бирини мухлисларга тақдим қилар экан “Ҳажвиёт оламида яна бир йигит эшик қоқиб турибди. …Тўғри у оз ёзади, бироқ соз ёзади” дея эътироф этганди. Ўша “эшик қоққан йигит” бугун таниқли ҳажвчи ёзувчи бўлиб етишди. Ҳозиргача унинг турли нашриётларда “Кар қулоққа танбур”, “Ким ошди савдоси”, “Тўқайга ўт тушса”, “Бедаво дарднинг давоси”, “Инглизча туш”, “Чироғи ёниқ хонадон”(сайланма), “Ўрага сичқон тушди…”, “Нимкоса” каби ки­тоблари, “Ҳаёт йўлга ўхшайди” публицис­тик мақолалар тўплами чоп этилди. Асарлари рус, инглиз, турк, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ тилларига таржима қилинди.

Аслини олгандаку, ҳажвчилик Ҳабибжон акага “йўргакда теккан дард”. Илк машқлари мактабда ўқиб юрган йиллари газеталарда, мактабни битирган йили эса “Муштум” журналида босилган. У ижодининг ривожида мамлакатимизнинг отахон ҳажвий журнали “Муштум” ва муштумчиларнинг ҳиссаси катта бўлганлигини бот-бот такрорлайди. Пойтахтда аспирантурада таҳсил олган йилларида журнал қошидаги “Ёш ҳажвчилар мактаби”га қатнади, шу ерда устозлари Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов, таниқли адиб Саъдулла Сиёевлар билан танишди, асарларини уларнинг назаридан ўтказди, ҳажв ихлосмандларига манзур қилди.

“Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмон ижод уйида бўлиб ўтган ёш ёзувчилар анжуманида илк китобимнинг устоз Саид Аҳмад раислигида муҳокама қилиниши ва нашрга тавсия этилиши менга ижодий руҳ бағишлади”, — деб эслайди ёзувчи. Орадан икки йил ўтиб эса ўша тўплам “Муштум кутубхонаси” туркумида 55 минг нусхада чоп этилди ва тез орада мухлисларининг эътиборини тортди.

Ҳабиб Сиддиқ қирқ йилдан ортиқ олий таълим муассасасида талабаларга билим ва таълим бериб келаётган моҳир педагог, ўз соҳасининг етук мутахассиси, олими – қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, доцент. Бадиий ижод, ҳажвчилик эса унинг учун кўнгил иши, атрофимизда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслик ва муносабат билдириш учун бир восита. Шу боис ҳам унинг ёзмишлари зўрма-зўракиликдан холи, содда ва самимий, қаҳрамонлари эса сизу биз кундалик ҳаётимизда дуч келадиган оддий одамлар, таниш чеҳралар. Ҳар бир асар ўз муаллифини ҳам намойиш этади деганларидек, Ҳабиб Сиддиқнинг ўзи ҳам камсуқум, камтар, содда ва самимий инсон.

Бир қарашда Саид Аҳмад, Неъмат Аминов, Анвар Обиджонлардан кейин ўзбек ҳажвчилигида бир қадар сокинлик ҳукм сураётгандай тую­лади. Бироқ оққан дарё оқади, деганларидай бот-бот яхши ҳажвий асарлар ҳам пайдо бўлиб турибди. Улар орасида истеъдодли ҳажвчи ёзувчи Ҳабиб Сиддиқнинг ҳажвия, ҳангома ва миниатюралари самимияти, кутилмаган ечимлари, ширали тили, қаҳрамонларининг ўзбекона қиёфасию андижонча лутфи билан ажралиб туради.

Ҳабиб Сиддиқ қатор жиддий ҳикоялар, қиссалар, публицистик мақолалар муаллифи бўлса-да мухлислар ва адабий жамоатчилик орасида, асосан, ҳажвчи ёзувчи сифатида танилган. Адиб ўз асарларида ўқувчиларни турмушимизда учраб турадиган порахўрлик, кўзбўямачилик, лаганбардорлик, ичкиликбоз­лик, ваъдабозлик каби иллатлар устидан гоҳ қаҳрли, гоҳ кинояли кулдиришга, мухлисларда ана шундай қусурларга нисбатан муросасиз муносабат уйғотишга интилади.

Унинг ҳажвларида шунчаки “осмонга отилган ўқ” йўқ. Икки оғиз савол-жавобдан иборат митти ҳажвлари ва ҳаётий ҳангомалари ҳам муайян қусурни нишонга олишга йўналтирилган. Ўқувчида фикр уйғотади, бефарқ бўлмасликка ундайди. Ёзувчининг муваффақияти ҳам шунда.

“ — Қайнонангиз оламдан ўтибдилар. Сиз учун катта йўқотиш бўптида-а?..

— Вой, нимасини айтасиз, дугонажон, — деб чуқур хўрсинди келин. — Худди узоқ вақтдан бери оғриётган тишингни олдириб ташлагандай бўп қоларкансан”.

Тўғри, бу мавзуда латифалар кўп. Бироқ Ҳабиб Сиддиқ енгил юморга йўғрилган тагдор ибора ишлатганки, ўқувчининг юзида беихтиёр табассум пайдо қилади.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида чоп этилган ҳи­коялар, ҳажвиялар, ҳангомалар, таржималардан иборат “Чироғи ёниқ хонадон” номли сайланма китобининг тақдимоти ҳамон ёдимда. Унда иштирок этган адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар адибнинг миллий адабиё­тимиз, ҳажвиётимиз ривожига қўшган ҳиссаси, ижодининг ўзига хос ва бетакрор жиҳатлари, инсоний фазилатлари ҳақида фикр юритган, китоб мухлисларга муносиб туҳфа бўлиб халқимиз маънавиятини ривожлантиришга хизмат қилади, деб эътироф этгандилар.

Эндиликда унинг асарларини, айниқса, ҳажвиялари ва миниатюраларини мамлакатимиз сарҳадларидан ташқарида ҳам ўз ўқувчилари ва томошабинлари бор. Яқиндагина унинг “И смех, и грех” деб номланган ҳажвиялар тўп­лами рус тилида, “Нымкесе” қирғиз тилида чоп этилгани, яна бир ҳажвиялар тўплами қорақалпоқ тилида чоп этишга тайёрланаётгани адибнинг   ўқувчилари доираси кенгайиб бораётганидан далолатдир.

Ижодкор йўргакда теккан касали “оз ёзиш”дан қутулолмаган бўлса-да, “соз ёзиш” фазилатини янада камол топтирди, кўп сонли мухлислар ва адабий жамоатчилик эътиборига тушди.

Ёзувчи маълум ёшга етиб, муайян тажриба тўплагач, ҳикматнамо фикрлар қоғозга тушириш истаги пайдо бўлади. Уларни жамлаб ўқувчиларга тақдим этиш ҳам урфга айланиб бормоқда. Ҳабиб Сиддиқ ҳам шу йўналишдаги ижодий “маҳсулотлари”ни жамлаб нашр эттирди. “Нимкоса” деб номланган мўъжазгина китобчага кўнгилдаги гаплар, икир-фикрлар, кўндаланг саволлар, ён дафтардаги қайдлар жамланган. Тўпламга мухтасар сўзбоши ёзган филология фанлари доктори, профессор Сиддиқ Мўмин “ижодкорнинг жамиятдаги эври­лишларни, “хом сут эмган банда”нинг турли қиё­фада товланишларини уйғоқ қалб ва теран нигоҳ билан кузатиши ва тадқиқ қилиши натижасида шаклланган, сайқалланган ва сараланган муайян фалсафий хулосаларини мухлисларга тақдим этаётганлигини” таъкидлаб, “Ўйлаймизки, истеъдодли адибнинг кўп йиллик ҳаётий ва ижодий тажрибаси маҳсули бўлган бу ҳикматномалар замондошларимизга доимий ҳамроҳ, умр йўлларида маёқ бўлади” деб ёзади. “Нимкоса”даги “Бугун сирингни қудуққа айтиб бўлмайди. Интернетга уланган бўлиши мумкин”, “Саломатлигингиз – ўз қўлингизда”, деди шифокор, беморнинг қўлига қараб” деган иборалар ўқувчини кинояли жилмайтиради, ўйлатади ҳам. Ана шу “қўлига қараш” деган ўзбекона ибора кейинчалик адибнинг “Қўлингизни беринг, акамулло” ҳажвияси ва шу асосда тасвирга олинган телевизион миниатюрада турли соҳаларда урчиб кетган таъмагирлик балосини кулги воситаси билан нишонга олиб фош этиш имконини берди.

Ҳабиб Сиддиқнинг бадиий публицистикада ҳам изланиб маънавий-маърифий йўналишдаги ҳамда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга доир мақолалари билан Республика ва вилоят матбуотида фаол қатнашиб келмоқда. “Халқ сўзи” газетасининг 2007 йил 9 январь сонидаги “Виждон имтиҳонига тайёрмизми?” номли публицистик чиқиши ўқувчилар диққатига сазовор бўлди. “Ватандан айро бахт йўқ”, “Азалий қадриятлар намойиши”, “Алданиб қолган ёмон”, “Сохталик ортидаги ғараз”, “Ҳар жойни қилма орзу…”, “Кўрар кўзларнинг нури илмдандир” каби публицистик мақолалари жамоатчилик эътиборини тортди.

Жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек тилига ўгираётган таржимонлар кўп. Бироқ тан олиб айтиш керак, ҳажвий асарларни ўзбек тилига таржима қилишнинг ўзига хос мураккабликлари бор. Бу ишни муваффақиятли амалга ошириш учун таржимон ҳажвчи бўлиши айни муддаодир. Шу маънода Ҳабиб Сиддиқнинг жаҳон ҳажвиёти хазинасидан саралаб ўгирган ҳажвий асарлар ҳам эътирофга муносибдир. Азиз Несин, Аркадий Аварченко, Бернард Шоу, Эдуард Успенский, Герберт Кемоклидзе, Реан Бикчентоев, Лион Измайлов, Сергей Кондратьев каби ўнлаб ҳажв усталарининг асарларини маҳорат билан ўгириб ўзбек китобхонларига тақдим этиш билан ўз истеъдодининг яна бир қиррасини намойиш қилди. Ҳабиб Сиддиқ таржималарини китобхон аслиятдек ўқийди, турли миллатга мансуб қаҳрамонлари ўзбекча сўзлаётгандек ҳис қилади.

Икки йил илгари Ўзбекистон давлат сатира театрида Ҳабиб Сиддиқ таржимасида саҳналаштирилган серб драматурги Бранислав Нушичнинг “Фалсафа доктори” комедияси томошабинлар ва мутахассисларнинг яхши баҳосини олди. Бу йил инглиз драматурги Рей Кунининг Ҳабиб Сиддиқ таржима қилган “13-хона”, “Пул ўлсин” комедиялари Ўзбекистон давлат сатира театри ва Бобур номли Андижон вилоят театрида саҳналаштирилаётгани ҳажвчи адибнинг мухлислари сафи ўқувчиларгина эмас, томошабинлар орасида ҳам кенгайиб бораётганидан далолат.

Ҳабиб Сиддиқ асарлари асосида “Чўғ”, “Кичик корхонанинг катта ҳангомаси” видеофильмлари ва қатор телеминиатюралар тас­вирга олинган ва телеэкранларда бот-бот намойиш этиб турилибди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ва ижтимоий ислоҳотлардаги фаол иштироки, самарали меҳнати, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умум­инсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш ишига қўшган ҳиссаси учун ёзувчи “Шуҳрат” медали билан мукофотланган.

Русларнинг бир латифасида қизиқчиларни уч тоифага бўлишади. Учинчи тоифадагиси кулдирмоқчи бўлиб ўзи кулади, бошқалар кулмайди. Иккинчи тоифадагиси эса ўзи ҳам кулади, бошқаларни ҳам кулдиради. Биринчиси, энг зўри эса ўзи кулмайди, лекин ҳаммани кулдиради. Ҳабиб Сиддиқ, таъбир жоиз бўлса, ўзи кулмай кулдирадиган ҳажвчилардан. Сафарларда, дўстлар гурунгида ҳам жиддий гапириб туриб кулдиради, оддий воқеа-ҳодиса ҳақида ҳикоя қила туриб кутилмаган ечим топадики, топқирлигига тан бериб беихтиёр кулиб юборасиз.   Мухбирлардан бирининг “Ҳабиб Сиддиқ ҳажвчига ўхшамайди, жиддий одам, дейишармиш…” деган саволига “Ҳа, албатта, ахир ҳажвчилик ўзи жиддий ишда!” деб жавоб берган экан.

Унинг ҳажвлари шунчаки кулги учун ёзилмаган. Ҳар бир асарининг, ҳатто ўша бир-икки сатрдан иборат икир-фикрларининг ҳам ижтимоий юки бор. Ўқувчи кулади, кейин ўйланиб қолади, унинг кўнглида қаламга олинган иллат ё қусурга нисбатан нафрат пайдо бўлади. Бир сўз билан айтганда, бу асарлар ўқувчини руҳан покланишга, жамиятнинг тозаришига ижобий таъсир кўрсатади.

Табаррук етмиш ёшини нишонлаётган адибимизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб, кўп­лаб дилтортар ҳажвий асарлар ёзиб, мухлисларини хурсанд қилиб юришига тилакдошмиз.

Адҳамбек АЛИМБЕКОВ,

Тошкент давлат шарқшунослик

институти профессори,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − fourteen =