Жамиятнинг қадрини янада кўтаради

Давлатнинг келажагини салоҳиятли, рақобатбардош, замонавий билим ва кўникмаларга эга интеллектуал кадрлар ҳал қилади. Етук кадр­ларни шакллантиришда эса жамиятда ўзининг обрў-эътиборига эга, тажрибали ва билим чўққиларини эгаллаган ўқитувчиларнинг ўрни беқиёсдир.

Дунёда устоз кўрмаган инсон бўлмаса керак. Ҳар бир инсон ҳаётда қандай ютуқларга эришган бўлса, уларда қадрдон ўқитувчи ва мураббийларининг улкан ҳиссаси борлигини умрбод миннатдорлик билан эслайди. Ҳар биримизнинг ўқитувчи деганда кўз олдимизга замон билан ҳамқадам бўлган жонкуяр, ўта камтар, зиёли инсон келади, мактаб деганда эса билим ва маърифат ўчоғи бўлган табаррук масканни кўз ўнгимизга келтирамиз. Шу ўринда ҳар бир ота-она ўз фарзандига энг яхши хулқ-атвор, билим, илм ва кўникмаларни беришни орзу қилади. Шунинг учун ҳам фарзандини устозлар қўлига ишониб ва умид қилиб топширади. Шу маънода, ­Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг сао­дати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, деган сўзларида теран ҳаётий ҳикмат борлигига ишонч ҳосил қилмоқдамиз.

Амалдага Конституциянинг 41-моддасида “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир” дейилган. Лекин билимни ким ва қандай беради? деган саволга аниқ жавоб ёритилмаган.

Давр талабига ҳамоҳанг ҳамда миллий қадриятларимизга суянган ҳолда бу каби долзарб саволларга янги таҳрирдаги Конституциянинг 52-моддаси тўлиқ жавоб бера олади. Унга кўра, илк маротаба ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

Хориж тажрибасига бир назар ташласак, масалан, Японияда энг катта таъзим бир умр устозига берилади, Ҳиндистонда эса устозининг соясини босишга ҳеч ким ботинмайди.

Хитойнинг Конституциясида бир боб Ўқитувчи ва мураббийларга бағишланган бўлиб, унинг 32-моддасида давлат ўқитувчи ва педагогларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини, ижтимоий мавқеини кўтариб боради, дея белгиланган. Демак, ҳар бир давлат ривожланиш йўлида айнан ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини белгилашга алоҳида аҳамият беради.

52-модданинг муҳим аҳамияти шундаки, у биринчидан, жамият ривожланишида долзарб бўлган тўрт узвий халқа, яъни боғча-мактаб-олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълимнинг тизимли ишлашида механизм вазифасини бажаради.

Иккинчидан, инсоннинг ўқитувчи касбига лойиқ бўлиши, сифатли ва замонавий таълим бера олиши, ўз устида тинмай ишлаши, ўз соҳасининг устаси бўлиши учун давлат энг яхши шарт-шароитлар яратиб беришни ўз зиммасига олмоқда. Шу билан бирга, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини нафақат ҳимоя қилади, балки уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ҳам ғамхўрлик қилади. Энди давлат ўқитувчиларнинг ҳам касбий, ҳам моддий таъминланишини назоратга олади.

Учинчидан, бу модда ўқитувчи ва ота-оналарни ҳамкорликка чорлайди. Шу оддий ҳақиқат бўлмиш ҳамкорлик амалга ошсагина фарзандларимиз етук мутахассис ва комил инсон бўлиб вояга етади. Қачонки ҳар бир оила аъзоси фарзанди келажаги учун хотиржам бўлсагина, ҳам оилада ҳам жамиятда тинч­лик ҳукм суради. Тинчлик ҳукм сурган жамият эса албатта ривожланади.

Тўртинчидан, бу модда замонавий билим ва кўникмаларга эга рақобатбардош кадрлар тайёрлашга замин бўлади. Зиёли ва билимли ўқитувчи қўлида тарбия, илм, билим ва кўникмаларга эга бўлган ёшлар нафақат юртимиз ривожланишига, балки жаҳон ҳамжамияти олдида Ўзбекистон номини ва имиджини янада кўтаришга хизмат қилади.

Бешинчидан, бу модда жамиятда ўқитувчиларга нисбатан йиллар давомида шаклланган муносабатни ижобий томонга ўзгартириш йўлида ташланган дадил қадам бўлмоқда. Чунки таълим сифатининг орқага кетиши ўқитувчининг меҳнати қадрсиз бўлгани билан бевосита боғлиқ. Энди ҳеч ким ўқитувчини қўшимча юмушларга, мажбурий меҳнатга, қоғозбозликка, ободонлаштириш ишларига, пахта теримига жалб қилишга ҳаққи бўлмайди.

Узоққа бормайлик, яқинда педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун имзоланди. Бу қонун касб байрамларини пахта даласида “нишонлашга” мажбур бўлган устозларгагина эмас, балки барчамизга дахлдор муҳим қонун қабул қилинди, десак муболаға бўлмайди. Чунки ҳар бир касбнинг бошида устоз туради, боланинг қобилияти ва қизиқишларини ҳам биринчи бўлиб устоз илғаб олади. Бу эса фарзандимизнинг келажакда ўз ўрнини топа олиши ва севган касби, ҳунари билан шуғулланишини белгилаб беради.

52-модданинг яна бир муҳим аҳамияти шундаки, охирги пайтларда бу соҳадаги туб ислоҳотларнинг бардавом бўлишига хизмат қилади. Бугунга қадар бу борада салмоқли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Масалан, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари муттасил ошириб борилмоқда. Умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ой қўшимча 20 фоиздан 50 фоизгача устама тўланади. Ўқитувчиларга имтиёзли истеъмол кредитларини бериш, олис ҳудудларга бориб ишлаётган юқори малакали педагоглар учун 100 фоизгача устамалар белгилаш жорий этилди. Юксак салоҳиятли ўқувчиларни тайёрлаш маънавий бой ва интеллектуал ривожланган авлодни шакллантириш мақсадида Президент, ижодий ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиб, таълим сифатининг илғор андозалари қўлланилмоқда. Бундай мактабларда дарс берган ўқитувчилар албатта етук мутахассис ва рақобатбардош кадрларни етиштира олади.

Ўзбекистон тарихида илк маротаба бошланғич синфларда фанларни ўзлаштириш даражасини аниқлайдиган нуфузли халқаро баҳолаш дастурлари йўлга қўйилди. Жорий йилда давлат бюджети ҳисобидан барча замонавий шароитларга эга 51 та янги мактаб бунёд этилди. Шунингдек, 1660 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 119 мингдан ортиқ ўқувчи ўрни яратилди.

Бу каби туб ислоҳотлар ўз ижобий натижасини кўрсатмоқда. Масалан, 2021/2022 ўқув йилида ёшларимиз халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида 45 та олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритгани таълим соҳасидаги ислоҳотларимиз самарасига яна бир далилдир. Ўқувчилари юқори марраларга эришиши ўз навбатида ўқитувчи меҳнатининг амалий натижасини кўрсатади.

Шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган 685 мингдан ортиқ ўқитувчиларни давлат томонидан профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланишини кучайтирилиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми ва обрўсини янада оширишга олиб келади. Бу эса ўз навбатида болаларимизнинг сифатли ва замонавий таълим олишига, келажакда ҳаётда ўз ўрнини топа олишида ва бахтли яшашига хизмат қилади.

Хулоса қилар эканмиз, бу модда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг педагогларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг меҳнатга мажбурланишига, таълим-тарбия жараёнига тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай шаклларига, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўришга хизмат қилади.

Янги таҳрирдаги Конституцияда ўқитувчининг ижтимоий мавқеининг мустаҳкамланиши нафақат ушбу касб эгаларининг нуфузини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлади, балки бутун таълим тизимининг салоҳиятини кўтарилишига ҳамда ҳокимлик­ларнинг ўзбошимчалигидан ҳимоя қилади, деб ҳисоблайман.

Феруза Ўсарова,

ЎзР. ФА ҳузуридаги

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи

маркази директори,

сиёсий фанлар номзоди,

доцент

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − 16 =