“Европанинг юраги”
Брюссель Тошкент билан ҳамкорлик истиқболини қандай баҳолайди?
Европа Иттифоқи – кўҳна қитъанинг 27 давлатини ягона байроқ остида бирлаштирган ноёб тузилма. Атлантика соҳилидан Шимолий муз океанигача, Польшадан Португалиягача ястанган улкан ҳудудда ярим миллиард аҳоли истиқомат қилаётир. Иқтисодий-сиёсий интеграция минтақани юксалтирди, умумий бозор ва божхонасиз савдо тартибидан фойдаланган мамлакатлар орзудаги фаровонликка эришди.
Бельгия пойтахти Брюссель шаҳри “Европанинг юраги” деб таърифланиши бежиз эмас. Европа кенгаши, Европа комиссияси, Европа парламенти ва яна бошқа ўнлаб марказий бошқарув идоралари шу шаҳарда жойлашган.
ЕИ кўп векторли ташқи сиёсат олиб бораётган Ўзбекистон билан робиталарни янада мустаҳкамлашга интилмоқда. Брюсселда Марказий Осиё журналистлари билан учрашган ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича етакчи матбуот котиби Петер Стано ҳам айни шу фикрни таъкидлади.
2022 йил 6 июль куни Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲТБ) дастлабки босқичда имзоланган эди. Томонлар битимни яқин фурсатда якуний вариантда имзолаш учун қўшма чора-тадбирлар кўрмоқда.
“Биз кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик борасида келишувга эришиб, ўзаро робиталарнинг асосий йўналишларини белгилаб олдик. Ушбу ҳужжат муносабатларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради”, – дейди Петер Стано.
КШҲТБ Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида 1996 йилда имзоланган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнига ишлаб чиқилган. Амалдаги битим сиёсий мулоқот, демократия, инсон ҳуқуқлари, маданий-гуманитар алоқалар, молиявий ва техник ҳамкорлик, инвестициялар, товар ва хизматлар савдоси борасидаги қоидаларни ўз ичига олади. КШҲТБ эса савдо ва божхона қоидалари, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш каби янада кенгроқ йўналишларни қамрайди. Шунингдек, у ташқи сиёсат, хавфсизлик, можароларнинг олдини олиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, чегаралар бошқаруви, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик, коррупция ва терроризмга қарши кураш каби соҳаларни тартибга солади.
Жаҳоншумул илмий кашфиётлар, фан-техника мўъжизалари ватани бўлган ЕИнинг йиллик ЯИМ қарийб 15 триллион еврони ташкил этади. Ушбу йирик тузилма билан иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ва ЕИ давлатлари ўртасида қулай савдо тартиби ўрнатилган. Хусусан, Европа томонидан тақдим этилган “GSP+” шартлари туфайли савдо кўлами ва инвестиция лойиҳалари сони жадал ўсмоқда. 2022 йилда ЕИ мамлакатлари билан умумий савдо ҳажми 4,5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, жорий йил бошидан буён мазкур кўрсаткич 70 фоизга ошди. Кўҳна қитъа етакчи компанияларининг мамлакатимиз иқтисодиётининг юқори технологик тармоқларидаги инвестиция лойиҳалари 20 миллиард еврога етди.
ЕИ вакили Петер Станонинг таъкидлашича, Брюссель хорижий ҳамкорлар билан муносабатларда икки томонлама манфаат тамойилига содиқ қолади.
ЕИ томонидан 2021 йил декабрь ойида эълон қилинган “Глобал дарвоза” (“Global Gateway”) ташаббусига мувофиқ инфратузилмани ривожлантириш, илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда қитъалар бўйлаб товарлар, одамлар ва хизматлар ҳаракатини фаоллаштириш мақсад қилинган. 2027 йилга қадар дунё давлатларига 300 миллиард евро сармоя киритилади. Ушбу дастур доирасида Марказий Осиёда ҳам йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Бу борада транспорт йўналишлари ва транзит йўлакларини ривожлантириш, яшил энергетика, инновация ва юқори технологиялар, рақамлаштириш устувор йўналишлар ўлароқ белгиланган.
ЕИнинг Марказий Осиёга доир стратегиясида кўплаб соҳалар қатори таълим ва инклюзив барқарорлик йўналишидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. ЕИнинг сиёсий маслаҳатлашувлар ва дастурлар бўлими бошлиғи Георгиос Зицимос минтақа журналистлари билан учрашувда мазкур йўналишдаги лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Ўтган чорак аср мобайнида Ўзбекистоннинг 55 та олий таълим муассасаси ва ЕИга аъзо давлатларнинг 71 та университети иштирокида “Tempus” дастури амалга татбиқ этилди. 2014 йилдан буён “Erasmus+” дастури доирасида олий таълим салоҳиятини оширишга қаратилган бюджети қарийб 40 миллион евро бўлган 40 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди.
“Darya” – ЕИнинг Марказий Осиёда касб-ҳунар таълимига доир биринчи минтақавий ташаббусидир. 2022–2027 йилларга мўлжалланган лойиҳа доирасида ёшларнинг меҳнат бозорига интеграцияси ва малака оширишига кўмак берилади”, – дейди Георгиос Зицимос.
Дунёда геосиёсий ихтилоф кучайган, суверенитетга таҳдид ошган ҳозирги паллада курраи арзнинг мутараққий ҳудуди – “Европа уйи” билан тенг ҳуқуқли ҳамкорликни янада кучайтириш кўп векторли сиёсат талабидир. Европа комиссияси тизимидаги бошқа идораларда ўтган учрашувларда ҳам Ўзбекистон билан хавфсизлик, фаровонлик ва барқарорлик йўлидаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.
Француз адиби Виктор Гюго 1849 йили Парижда ташкил этилган Жаҳон тинчлик конгрессида сўзлаган нутқида Европа давлатларини миллий ўзликни сақлаб қолган ҳолда ягона иттифоққа бирлашишга ундаган эди. Орадан бир асрдан зиёд вақт ўтиб тараққийпарвар зиёлиларнинг орзуси рўёбга чиқди. ЕИнинг олис ва машаққатли интеграция йўли Марказий Осиё минтақасига ҳам асқотса ажаб эмас.
Собир САЛИМ.
Муаллиф олган суратлар