Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир

Шундай инсонлар бўладики, ўзининг яхши фазилатлари билан қалбингдан чуқур жой олади. Бундай кишилар билан тақдир чизиқларинг туташгани, яқин муносабатда бўлиб, дўсту-биродар бўлишингдан ўзингча ҳикмат қидирасан. Гапнинг сирасини айт­ганда, ҳар кимнинг ўз қарашлари, ҳаётий тутими, эътиқод ва қалб амри бу борада ўз сўзини айтади. У аксарият ҳолда ўзгармас ҳақиқат бўлиб қолади. Шунга биноан Ўрал Сафаров ҳақида ўйларканман, ўзим яқиндан билган яхши инсонлардан бири эканлигига тўла амин бўламан. Аслида бу оламда яхшилар жуда кўп. Уларнинг бошқалардан фарқли жиҳатларини ҳис қилиш, керак бўлса кашф этиш учун қалбингга қулоқ тутасан. Кўксинг остида шивирлаб турган юрак эса сени алдамас.

Ўрал Сафаров билан илк бора қачон, қаерда кўришганим ёдимда қолмаган бўлса-да, аммо бошқалардан ажралиб турувчи бу кишини ўзим учун “Яхши одам” ўлароқ кашф этганман.   Беғубор қалби, очиқ ва самимий муносабатга кира олиш фазилати, энг муҳими, доимо кулиб турувчи юзи самимийлиги боис ҳурматим ошган.

Ўрал акани Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ижтимоий масалалар мажмуасида етакчи ходим, мен эса “Ёшлар” телеканали “Давр” дас­турининг вилоят бўйича ўз мухбири бўлиб иш бошлаган чоғим аниқроғи 1998 йилда иш юзасидан тез-тез кўришиб турар эдик. Ўшанда муҳим аҳамиятдаги тадбирларни ёритиш учун Урал ака мен каби мухбирларини хабардор қилар, бу борадаги фаолиятни мувофиқлаштириб борарди. Баъзан бевосита, кўп ҳолларда телефон орқали мулоқот қиларканмиз ҳар гал сермулоҳазалик, вазминлик, одоб ва тартибни ўзига байроқ қилиб олганлиги яққол намоён бўларди. Ҳолбуки, ҳокимият вакилиман, дея ҳаволаниб, “осмондан келгич”ларни кўп кўрганмиз. Ўрал ака эса сира уларга ўхшамасди…

Шу ўринда Ўрал ака ҳақида   айрим маълумотларни келтириб ўтишни жоиз билдим. У 1963 йили Денов туманида туғилган. 1970-1980 йилларда шу тумандаги 38-умумий ўрта мактаб ўқувчиси, 1980-1985 йилларда Самарқанд давлат университети талабаси бўлган. Педагогик фаолиятини 1985-1987 йилларида Музработ туманидаги 28-ҳунар техника билим юртида география фани ўқитувчиси сифатида бошлаган.

Чуқур билим ва юқори интеллектуал салоҳиятга эга инсон 1995 йили Низомий номидаги ТДПИ (ҳозирги Тошкент давлат педагогика университети)да илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб, педагогика фанлари номзоди илмий даражасини олди.

Юқорида қайд этилгани каби Ўрал ака 1998-2001 йилларда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ижтимоий масалалар мажмуасида етакчи, бош мутахассис, мажмуа котибияти мудири вазифаларида иш юритди. Ушбу соҳаларда олиб борилаётган янгиликларни ОАВда кенг ёритилиши бўйича ҳам масъуллик қилди.

У 2001-2002 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва Жамият қурилиш академиясида ўқиди. Шундан сўнг, Сурхондарё вилоят телерадиокомпа­нияси раиси лавозимига тайинланди.

Янги раҳбарни жамоага таништириш муносабати билан бўлиб ўтган йиғинда Урал ака йиғилганларга бир қур назар ташларкан, беихтиёр мени ҳам кўриб бироз таажубланди, назаримда. Бу киши нега бу ерда ўтирибди, деган савол туғилгандир эҳтимол. Гап шундаки, 1998 йилда иш бошлаган “Ёшлар” телеканали 2002 йилга келиб ўзининг вилоят мухбирлар пункти фаолиятини тўхтатиб, ҳудудий мухбирлар штат бирлиги вилоятлар телерадиокомпаниялари тасарруфига ўтказилган, мен ҳам Сурхондарё вилояти телерадиокомпанияси катта муҳаррири бўлиб эндигина иш бошлаб турган чоғим эди. Табиийки, жамоага аввалдан таниганим, яхши раҳбар келганидан қувондим. Шу куни кечга яқин телевидение йўлагида у кишига дуч келарканман, қучоқлашиб кўришдик. “Сизни биринчилардан бўлиб мени кириб таб­риклайсизми дегандим, аммо…” деди Ўрал ака ўзига ярашиқли нимтабассум қилиб. Қулай фурсатдан фойдаланиб, Ўрал акани янги лавозим билан табриклаб, эзгу тилаклар тиладим. У киши эса алоҳида урғулаб мени биргаликда ишлашга ундади.

Шу бўйи “Ёшлар” телеканалининг вилоят мухбирлик бўлимида 2006 йилга қадар Ўрал ака раҳбар, мен эса оддий ходим бўлиб бирга ишладик. Шунга қарамай, биз, яъни вилоят ҳаё­­ти ҳақида “Давр” информацион дастури учун материаллар тайёрловчи ижодий гуруҳнинг самарали фаолият олиб боришимиз учун етарли шарт-шароитлар яратиб берилди.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни қайд этиш жоизки, ходимларнинг яхши-ёмон кунида доимо шерик, айниқса, маърака тадбирларида бош-қош бўлишни канда қилмайдиган, доимо камтарлик ва оддийликни касб қилиб олганлиги менинг Ўрал акага меҳрим тушиб, ҳурматим ошишига сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас. Негаки, ўзингдан кўп эмас, кам эмас ўн ёш катта инсон, яна раҳбаринг бўлиб, доимо ҳурмат-иззатингни жойига қўйиб, камига сен учун ўзига хос “яшил чироқларни ёқиб” хайрихоҳинг, кўмакчингга айланса, миннатдор бўласанда киши.

Дарҳақиқат, Ўрал Сафаров вилоят телерадиокомпанияси раиси сифатида 2002 йилдан бошлаб, 2008 йилгача   самарали фаолият олиб борди. Раҳбарлик фаолиятини бошлаганда теле ва радио эфир узатишлар вақти вилоят аҳолисининг эҳтиёжларини қондирмас, бунинг устига телерадиокомпаниянинг моддий техник жиҳозлари анча яроқсиз бўлиб қолганди. Ўша кезлари алоҳида радио узатиш имконияти йўқлиги туфайли вилоят радиоси “Ўзбекистон” радиоканалини узиб, бор-йўғи бир соатлик дастур билан эфирга чиқарди. Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида вилоят радиоси “Янги аср” номи билан мамлакатнинг бошқа ҳудудлари орасидан биринчи бўлиб 2003 йилнинг 1 ноябридан алоҳида FM 101,0 ва 102,1 радио тўлқинларда ҳар куни 16 соатлик эшиттиришларни бера бошлади.

Шунингдек, вилоят телевидениесининг ҳам эфир вақти чекланган, ҳар куни (душанбадан ташқари) 1 соату 10 дақиқа ЎзМТРК “Ёшлар” телеканали эфирларини узиб, соат 16.40 дан эфирга чиқар эди. Бу эса ўз-ўзидан “Ёшлар” телеканалида намойиш этилаётган қайсидир кўрсатувни узиб, унинг ўрнига чиқишни тақозо этарди.

Қаловини топсанг, қор ҳам ёнар, деганларидек, ташаббускор раҳбар муаммога ечим топа олди. 2003 йил январдан “Ёшлар” телеканалининг бўш турган   вақтларида “Жануб тонги” эрталабки 3 соатлик информацион дастур эфирга узатилган бўлса, 2006 йилдан бошлаб алоҳида телеканал орқали Республика вилоят (ҳудуд) лари орасида яна биринчи бўлиб ҳар куни 7 соатдан (душанбадан ташқари) ранг-баранг кўрсатув, хабар ва янгиликлар, дам олиш дастурлари намойиш этила бошланди

Раҳбарликнинг алоҳида мактаби йўқ. Аммо билимдонлик ва катта тажриба ҳамда ўзи ва бошқаларга талабчанлик, ҳамиша изланиш, янгилик қилишга иштиёқмандлик, жамоада аҳиллик, ҳамжиҳатлик муҳитини яратиш қобилияти раҳбарликнинг энг муҳим шартларидани бири. Ў.Сафаровда буларнинг бари мужассам эканлиги боис, ҳар доим эл-юрт эъзозу-эҳтиромида бўлиб келмоқда.

Дарвоқе, Ў.Сафаров 2008 йил сентябрдан Низомий номидаги ТДПУ (ҳозирги Тошкент педагогика университети)да “География ва уни ўқитиш методикаси” кафедрасида доцент лавозимида фаолият олиб бориб, ўз педагогик фаолияти давомида 2 та дарслик, 2 та услубий қўлланма, 5 та услубий тавсияномалари ҳамда 100 га яқин илмий мақола ва тезислари хорижий, республика миқёсидаги журналлар ва конференциялар тўпламларида чоп этди.

Ўрал ака бугунги кунда Тошкент педагогика университетида талабаларига таълим ва тарбия бериш билан бирга турмуш ўртоғи Зарифа Раҳимова билан уч нафар фарзанд — Шохрух, Шохруз ва Шохрудларни баркамол инсон қилиб тарбиялаб, жамиятнинг фаол шахслари бўлишида ўз билим, ҳаётий бой тажрибаларидан кенг фойдаланиб келмоқда.

Устоз шу кунларда олтмишинчи баҳорни қарши олмоқда. Унинг ҳаёт йўлини безаб турган ранго-ранг чизгилар, чунончи, яхши раҳбар, моҳир педагог, меҳрибон ва оилапарвар ота, энг муҳими фазилатли инсон эканлигини таърифлашга каминанинг қалами ожиз.

Илҳом РАҲМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 1 =