Энди хато қилиб бўлмайди

Профессор Аҳмад ШимширгилнингАмир Темурасарининг китоб ҳолида нашр этилиши юртимиз маданий ҳаётида қувончли воқеа сифатида қабул қилинди. Нашрнинг тақдимоти ўтказилди, муносиб совға сифатида меҳмонларга ҳадя этилди. Бевосита қизиқишим туфайли китоб билан тезда танишиб чиқдим ва бундай эътироф­лар ўринли бўлганини англадим. Ҳақиқатан, тарихимиз юзасидан ёзилган каттакичик асар, агар у ҳақиқатни ифодалашга хизмат қилса, ҳар қандай эъзозга лойиқ. Бу сафарги эътирофнинг яна бир боиси эса китобнинг муаллифи қардош ва қондош турк халқининг вакили, яқинларгача бу мавзуга бир ёқлама ёндашиб келган илмий жамоатчиликка мансуб тадқиқотчи эди. Демак, тарих ҳақиқати аста-секин бўлса ҳам тантана қилаяпти.

Яна бу китобга ошиғич қизиқишимнинг иккинчи сабаби – мазкур мавзу ҳам севимли машғулотларимдан бўлиб, шу йўналишда “Ҳазрат Соҳибқирон” ва “Соҳибқирон аба­дияти” китобларим қайта-қайта нашр этилган, уларнинг “тақдири” юзасидан ҳам гумоним бор эди. Аҳмад Шимширли китобини ўқиб чиққач эса бу мавзуда ҳали кўп тадқиқотлар олиб борилиши, янги-янги китоблар ёзилиши жоиз эканига, бизнинг саъй-ҳаракатларимиз бу йўлдаги илк қадамлар бўлаётганига яна бир бор ишондим. “Ўнта бўлса, ўрни бошқа” деганларидек, у тарихнинг шавкати шунчалик улуғворки, қанча кўп муносабат билдирилса, ҳақиқатга шунчалик яқинлашилаверилади, узоқдаги улкан тоғнинг синоатлари шунчалик ойдинлашаверади. Ажабланарлиси, бу жараён туфайли қизиқиш асло сусаймайди, балки ортиб бораверади. Чунки бу йўлга тушган одам бутун инсониятга мансуб тилсимга дуч келган бўлади. Ҳа, Соҳибқирон бобомизнинг қадди-басти шунчалик пурвиқор экан!

Мармара университетининг профессори, тарих фанлари доктори Аҳмад Шимширгил Усмонийлар даврига доир салмоқли тадқиқотлари билан машҳур. Бевосита туркий оламнинг буюк фотиҳи Соҳибқирон Амир Темур фаолиятига қизиқишини эса ана шу йўналишдаги тадқиқотлари тақозо қилган бўлса, ажаб эмас. Асар руҳи тасдиқлайдики Аҳмад оға кенг миқёсларда фикрлайдиган, тарихий жараёнларни тор маҳаллий ёки миллий биқиқликда эмас, балки умуминсоний, умумжаҳоний уфқларда кўра оладиган ҳур фикрли янги авлод олимлари силсиласига мансуб экан. “Амир Темур” китобида олим аниқ далилларга таяниб, уларнинг шарҳида ҳалол, ростгўй позицияда бўлишга интилади ва шу туфайли унинг битикларида тарих ҳақиқати ҳаёт ҳақиқати билан уйғунлашиб кетган. Тўғри, асарнинг “Соҳибқирон Амир Темур”, “Туркистоннинг бирлашиши” деб номланган дастлабки бобларида келтирилган тафсилотлар бугунги маълумотли ўқувчи учун янгилик бермаслиги мумкин, аммо муаллифнинг равон услуби, тарихий далилларни бадиий изоҳлар билан яна ҳам ёрқинлаштириши, Низомиддин Шомий “Зафарнома”си ва бошқа манбалардан шарҳларни айнан келтириши ўқувчига мароқли мутолаа туҳфа этади. Бунда таржимонлар Иқбол Усмон ва Абдулла Муборакнинг вазифани муваффақиятли уддалагани қўл келади (масъул муҳаррир тарих фанлари доктори, профессор Азамат Зиё). Умуман, китобнинг жамоатчиликка етказилиши ижобий ҳодиса сифатида баҳоланади, негаки, гарчи бу мавзуда хорижда кўплаб тадқиқотлар яратилган бўлса-да, уларнинг ҳаммасидан жамоатчилигимиз хабардор бўлавермайди.

Албатта, бир асарнинг маданий муомалага киритилиши қилинган ишларга кўзгу тутилгандек бўлади, ютуқлар қаторида муаммолар ҳам кўзга ташланиб қолади. Маълумки, темуршунослик соҳасида юртимизда анча ишлар қилинди, кўплаб масалаларга ойдинлик киритилди. Бироқ ҳали бажарилиши лозим бўлган юмушлар ҳам   етарли. Бу ҳолни турк қардошимизнинг нашр этилган китоби мутолааси давомида яна бир марта ҳис этдик. Негаки, муҳташам тарихда ҳеч бир унсурни фаромуш қилиш мумкин эмас, чунки ҳамма нўқталар жойида бўлса, асар мукаммал бўлади, билъакс, иштибоҳлар, мунозаралар кўпаяверади. Бу ҳол эса тарихий далилни яхлитлигича ва бутун бўй-басти билан тасаввур қилишда муҳим омилдир. Шундагина, бутун инсоният тарихи ҳаёт ҳақиқатига хизмат қилади. Айни маънода тадқиқот ва асарлардаги баъзи ҳолларни ҳақ йўлидаги уринишлар тарзида қабул қилса бўлади.

Шубҳасиз, Тошкентда нашрга тайёрланган ва Туркияда чоп этилган “Амир Темур” китоби чинакам эътирофга арзийди, асар янгича ноширлик маҳсулоти сифатида ҳам қадрли. Бу ўринда ҳозирги ютуқлардан келиб чиқиб, мавжуд ахборотларга мурожаат этиш маъносида баъзи масалаларга эътибор берилганда, яна ҳам яхши бўлишини таъкидлаш ўринли. Тўғри, нашрда жиддий мантиқий хатолар ёки тарихий таҳлилни атайлаб бузиб талқин қилиш сингари номақбул ўринлар учрамайди, назарга илинган хатоларни эса бир ҳарф ёки сўзни алмаштириш билан тўғрилаб қўйиш мумкин бўларди. Негаки, бугунги илмий салоҳият ҳар соҳада ўта аниқликни талаб қилмоқда. Жумладан, китобда насл-насаб (генеология) борасида баъзи чалкашликлар рўй берган. Масалан: Соҳибқирон ва Турмиш оғо никоҳидан “Умаршайх исмли ўғлон дунёга келди”. “Шу йили ёзда иккинчи хотини Ўлжой Туркон оғо ҳам ўғил туғиб, унга Жаҳонгир деб исм қўйдилар ” (37-38 бетлар) деб қайд қилинган. Бу далиллар 291-бетда такрорланган. Ҳолбуки, Умаршайх мирзонинг онаси Тўлин оқа эканлиги, Турмиш оқанинг фарзанди Муҳаммад Жаҳонгир аталгани, Ўлжой Туркон эса   Султонбахтбегимни дунёга келтиргани Ўзбекистонда нашр этилган китобларда қайта-қайта таъкидланган ва бу далилларга ҳеч қандай эътироз йўқ.

Очиғи, нашрда турли даражадаги хатолар ўтган. Уларни шунчаки имловий ёки таҳририй чашликлар деса ҳам бўлади. Уларни тўғрилаш катта машаққат туғдирмайди, ният эса мўътабар мавзудаги ҳар бир битикнинг нуқсонсиз бўлишига эришиш. Шу маънода қуйида келтирилаётган мулоҳазалар ҳеч кимни хафа қилмайди, деб ўйлаймиз. Зеро, “Илм аҳлининг одоби ҳалимликдир”. (Ҳадисдан) Албатта, улар кейинги нашрларда, албатта, бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлардир.

Ёзувчининг иши шунчалик нозикки, “бир нўқта бирла “кўз”ни “кўр” қилурлар” деганларидек, бир ҳарф билан кутилмаган маъно чиқиб қолиши мумкин. 98-бетда “…аёли Қутлуғ Туркон оғо” дейилган. Бу қўпол хато. Ҳолбуки, 103-бетда тўғри нусхаси келтирилган. Соҳибқирон лақаб эмас, рутба, мақом (22-бет), буни изоҳласак, анча вақт кетади, лекин кўпчилик буни тушунади.   “Маҳмудий чуқури” (52-бет) – қудуғи, бу кўплаб манбаларда қайд этилган. “Марв ўрнида бўлган Махан” (шу бетда), аслида Марв вилоятидаги Мохон қишлоғи! Шер Баҳодирми, Шер Баҳром (60-бет)? “Тармаширин” ( 44-бет), эмас Тармашир (“Тўрт улус тарихи”да шундай ёзилган). Балки “Тарма шер”дир (“олма ширин” эмас?!). Баёнқули – Боёнқули (46-бет)– қай бири тўғри? “Занжир сарой” (45-бет) – қўшиб ёзиладими, ажратиб? “Шоҳ Валий, илхонийлар, Бегижекбек-Беккичик (50-51-бет)” қандай ёзилгани тўғри?

Албатта, бу нуқсонлар фақат ушбу китоб­­га хос эмас, жой ва киши номларини бирхиллаштириш борасида тўхтамга келингани йўқ. Аммо мана бу камчиликларни мазкур асар нашри жараёнида тўғриласа, бўларди. Масалан, Темурбекнинг оилада тўртинчи ўғил эканлиги таъкидланган (20-бет), бошқа жойда укаси деб Идуку Барлос (89-бет) қайд қилинаяпти. Ҳолбуки, Соҳибқирон “Темур тузуклари”да   аввалги сафдошларидан бири сифатида Ийгу Темурни тилга олади. Булар бир кишими ёки… Малика Хонзода   Сароймулкхоним, Тўкалхоним сингари Хонзодахоним тарзида юритилади, чунки уларнинг насл-насаби бир (“Хонзодабегим”   82-бет). Шужонинг қизи эмас, набираси келинликка сўралади (111- бет). “Бағдодни Султон Аҳмаднинг Фараж деган қўмондони ҳимоя қилаётган эди” (212-бет), ҳолбуки, Султон Аҳмад жалойирийлар етакчиси, Фараж эса Миср султони Барқуқнинг ўғли. “ …Женева билан дипломатик алоқалар ўрнатди”(192-бет) — агар бу рост бўлса, алоҳида изоҳ бериш лозим эди. Умаршайхга эмас, Умар мирзога мактуб юборилади ( 286-бет). Ўша пайтда икки дарё оралиғи Ўрта Осиё деб аталганми? (122-бет). “Ченкшининг замонида (1336-38 йиллар) диёрларга насронийлар келиб, миссионерлик қилгани ва ҳатто черковлар қургани ҳақида битиклар сақланиб қолган” деган далил жиддий изоҳни талаб қилар экан. “Шарқнинг машҳур сулолалари” китобида (Ш. Воҳидов, А. Қодиров. Тошкент. “Академнашр”) келтирилишича, Чангши Эбуғон ўғлон ўғли 1334 йил қисқа давр ҳукмронлик қилган. Кўрсатилган вақтда эса Бузан Торе Темур ўғлон ўғли (1334-38 йиллар) тахтда ўтирган (197-бет). Кўриниб қоладики, кичкина далилни истифода этиш учун ҳам бир неча манбаларга мурожаат этишга тўғри келади.

Таъбир жоиз бўлса, қайд этиб ўтилган хатоларни таҳрирталаб ёки имловий англашилмовчиликлар деб қабул қилса ҳам бўлади. Шунингдек, асарда келтирилган баъзи ўринлар жиддий изоҳларни талаб қилади. Жумладан, Амир Темурнинг ҳукмдор сифатида тан олиниши маросимида “…оқ кигиз гиламнинг устига ўтқазишди. Сўнгра гиламнинг тўрт томонидан ушлаб, уч марта бошлари қадар кўтариб туширишди” (74-бет) дейилади. Кўпгина мутахассислар эса бу маросим кўчманчиларга хос бўлиб, Соҳибқирон уни қўлламаган, дейишади. “Зафарнома”ларда ҳам бу ҳақда маълумот йўқ. “Чиғатой хони Туғлуқ Темур катта қўшин билан Туркистонга келган пайтда уни Амир Темур кутиб олди (49-бет) дейилган маълумот эса жиддий эътирозга сабаб бўлиши мумкин. Ҳатто “юртидан кетмай, Туғлуқ Темурга содиқ қолишга қарор қилди (шу жойда) дея таъкидланади. Бу воқеа 1360 йилда, мўғул ҳукмдор кўзи қонга тўлиб, юртни босиш учун келаётган пайт­­да рўй бераяпти. Кўнглида қасос ўти алангаланган Темурбекнинг тутган йўли (агар муаллифга ишонадиган бўлсак) тарихий вазиятга ва ўша даврдаги аҳволга қанчалик мутаносиб? Ҳолбуки, ота вафотидан изтиробга тушган, амакиси Ҳожи Барлосни Амударёдан нари томонга кузатиб қайтган Темурбек вазиятдан келиб чиқиб, мўғуллар билан муроса қилмаса бўлмаслигини, уларга қарши турадиган куч унинг ихтиёрида мавжуд эмаслигини тушуниб, муроса йўлига ўтади. Уларнинг бойликка ўчлигидан фойдаланиб, қимматбаҳо совғалар билан (унинг ота бисотида бор эди) бочқинчиларнинг қабулига муяссар бўлади ва аждодлари удумига кўра сипоҳсолор этиб тайинланади. Бу ўта нозик дипломатия, узоқни кўзлаб қилинган тактика эди. Аҳволни шундай изоҳлаш батафсилроқ ва тўғрироқ бўлади.

Соҳибқироннинг машҳур шоир Ҳофиз Шерозийга муносабати жаҳон тарихида шундай даражадаги икки буюк зотнинг такрорланмас мулоқоти сифатида кўп эътироф этилган, турли ракурслардан талқин қилинган. Ҳар қандай шароитда ҳам Амир Темур сўзни жуда қадрлайдиган, тушунадиган нозик таъб инсон сифатида намоён бўлаверган. Аҳмад Шимширгилнинг ёндашуви эса ўзгачароқ: аҳолига оғир солиқ солинади ва шоир ҳукмдорга ночорлигидан, яъни бунча катта солиқни тўлай олмаслигидан шикоят қилишга мажбур бўлади. Майли, шундай бўлсин ҳам, аммо талқинда барибир Соҳибқироннинг ёрқин шахсияти бутун бўй-басти билан намоён бўлади. Аммо ўқигач, саволлар юзага чиқади, қаердадир мантиқ бузилгандек туюлади. Тўғри, муаллифнинг ижод эркинлиги дахлсиз, қалам унинг қўлида. Ахир “илм-фан, маданият ҳомийси” дея таърифланган қудратли зот бечора шоирнинг маблағига (яъни солиқ тўлашига) кўз тикмагандир.

Шу маънода жуда кўп талқин ва таъриф қилинган Султон Боязид билан муносабатларда ҳам адиб ўз юртининг фарзанди сифатида намоён бўлишга ҳақли. Шундай ҳам бўлган. Икки ҳукмдорнинг ёзишмаларида бўйсунмас ички майлларнинг юзага чиққани, ҳали бирон марта мағлубиятга учрамаган Боязиднинг ўз юртида тўла ҳуқуқ билан сўз айта олиши мумкинлиги ботиндан таъкидланади, гўё ҳар қанча нияти холис бўлмасин, четдан келган куч мамнуният билан қабул қилинмайди. Бу ўринда масаланинг моҳияти ҳам кейинги ўринга ўтади, ҳолбуки, маълум ҳудуд эмас, бутун салтанатларнинг манфаати ўртага тушаётган эди. Боязид йўлтўсар ва босқинчи Қора Юсуф ва шаккок Султон Аҳмадни паноҳига олиб, уларни жазодан сақлаб қолаётган, шу қилиғи билан ўз ниятини ошкор этаётган эди. У муроса йўлини инкор этиб, кўпроқ майдонда савашишни хоҳлаётганди, билъакс, Амир Темур ҳам ҳали бирон марта енгилмаган саркарда эди.   Ниҳоят, Турон қўшинининг жангга чорлаган мактубни Аҳмад Шимширгил шундай изоҳлайди: “Боязид бу мактубга муътадил кайфиятда жавоб ёзиб, сулҳга рози бўлгандек таассурот қолдирган…” (220-бет).

Эътиборли тарихий манба сифатида эътироф этилган Ибн Арабшоҳнинг асарида эса бу вазият “Темур мактубидан воқиф бўлиб, унинг хитоби мазмунини фахмлагач, Боязид ўрнидан туриб кетди, унинг ғазаби қайнаб-ёнди” (“Амир Темур тарихи”, 256-бет) тарзида қайд қилинади ва ўзининг ҳар қандай муҳорабага тайёрлигини таъкидлаб, хотинларни ўртага қўйган мактубини ёзади (Ибн Арабшоҳ бу ҳолнинг маънавий томонларини батафсил изоҳлайди). Албатта, Боязидни жунбушга келтирган омиллар ҳақида китобда гап кетмайди, бу мақсад ҳам бўлмагандир. Бугунги тадқиқотлар кўрсатаяптики, Рим папаси бошида турган тарғибот машинасининг мақсади “Европани зир титратган Йилдиримни бошқа бир туркий фотиҳ қўли билан тўхтатиш”   мумкин бўлган ва бутун саъй-ҳаракат шунга қаратилган, бу тарғибот ўз ишини қилган…

Муаллиф Аҳмад Шимширгил нима бўлганда ҳам Соҳбқирон шахсига чуқур ҳурмат билан қарайди. Китобининг Соҳибқироннинг шахсиятини таърифлашга бағишланган бобда холис фикрларни баён этади. Хусусан, олдинги бўлимларнинг бирида йирик олим, бугунги кунда социология фанининг асосчиси деб тан олинган Ўрта аср тамаддунининг таниқли вакили Ибн Халдун билан мулоқотларини самимий тасвирлаб, Амир Темурнинг юксак салоҳиятини аниқ гавдалантиради.

“Севги жафосиз, китоб хатосиз бўлмайди” деганларидек, муҳаррир ва ноширлар ке­йинги чоп этишларда, шунингдек, “Саййидим, енгилаяпмиз!” деган сарлавҳа (134-бет) матнга қанчалик мослиги (ҳолбуки, бундай хитоб бўлмаган), ариққа “отасининг қадрдон дўсти Барлоснинг номини бериб, унинг хотирасини абадийлаштиришни ният қилди” (213-бет) деган гап – аксарият барлос уруғ номи ёки етакчи жангчи маъносини англатади, деб билади,     “Қора Юсуф”ми (289-бет), Хожа Юсуф (бири – азалий душман, иккинчиси ишончли бек) эканлигига изоҳ бериш лозим бўлади. Негаки, аллақачон китобхонлар аниқ далил сифатида қабул қилган маълумотлар янги маъносида қўлланилса ёки фойдаланилса, уларга тушунтириш бериш жоиз. Худди шундай жиддий изоҳталаб далил: “Улуғбек Самарқандда волий эди. Шоҳрух мирзонинг вафотидан кейин тахтга ўтирган Улуғбек пойтахтни яна Самарқандга кўчириб, у ерда гўзал асарлар қолдиради” (295-бет) деган гап мактаб ўқувчисини ҳам чалғитадики, бу ўринда ортиқча тафсилот ўринсиз бўлса керак. “Рум диёрларига боришга журъат қилмади”(253-бет)деган гап ҳам баҳсли. “Ожизлик ақлни йўқотади, нафсни ўлдиради” ( 285-бет) – мантиқ нимада? …

Нима бўлганда ҳам “Амир Темур” (“Насим-Кутуб”, 2023) китобининг фазилатлари кўп. Унга илова қилинган юзга яқин (!) фойдаланилган адабиётлар рўйхати муаллиф мавзуни ёритишга қанчалик жиддий қараганини кўрсатиб турибди.

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =