Келажагимиз учун овоз бердим!
Конституция ҳар бир давлат тараққиётининг пойдевори бўлган ҳуқуқий, сиёсий ва мафкуравий ҳужжат – мамлакатнинг асосий қонуни ҳисобланади. 30 апрель эрта тонгдан аъло кайфиятда оила аъзоларимиз билан Сирдарё тумани Адолат маҳалласидаги 212-сайлов участкаси томон йўл олдик. Менинг эса илк бор сайловга қатнашишим. Сайлаш ҳуқуқига эга эканлигим, жамиятимизнинг келажагига қолаверса, ўзимнинг тақдиримга бефарқ эмаслигимдан фахрланиб Янгиланаётган Конституциямизга мен “ҳа” деб овоз бердим. Сайлов олди тадқиқот ташвиқот ишларининг ташкил этилганлиги, менинг Янгиланаётган Конституциямнинг ҳар бир янги қўшилаётган бандидан хабардорлигим менга аст қотди.
Мамлакатимизда ёшлар доимо эътибор марказида буни Янгиланган Конституция тимсолида ҳам кўришимиз мумкин. Имконият ва шароит яратиб берилган жойда албатта ўсиш бўлади. Бугун бизнинг кенг имкониятларимиз айнан Бош Қомусимиз бўлган конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилди. Демакки, бизнинг кенг шиддатлар билан янада олға юриб ўсиш фурсатимиз етди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида “Бош мақсадимиз – ҳар бир юртдошимиз ушбу ҳужжатни менинг Конституциям деб фахрланадиган мукаммал даражага олиб чиқишдир”, деб таъкидлаган эди. Ҳа, бугун биз ёшлар ҳар бир йўналишда ҳуқуқларимизни ҳимоя қиладиган, меҳнатларимизни рағбатлантирадиган давлат қуришда давом этишини истаймиз. Чунки биз эртанги кунимиз, келажагимиз учун бефарқ эмасмиз. Зероки бизнинг овозимиз бўлажак тарихий ғалабаларга замин бўлсин! Келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг орзу- интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши ҳисобланади.
Прогнозларга кўра мамлакатимиз аҳолиси 2040 йилга бориб, 50 млн.га етар экан. Уларнинг ярмидан кўпи ёшлар эканини ҳам ҳисобга олиш керак. Уларга муносиб шароит қилиб бериш учун, ҳар йили 250 минг янги ўқувчи ўрни, ўнлаб замонавий шифохоналар, камида 200 мингта янги уй-жой, юз минглаб доимий иш ўринлари, 25-30 млрд. доллар инвестиция керак. Қонунчилигимизга мувофиқ ёшларга – 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар киради. Ўзбекистонда ёшларнинг сони бугунги кунда 9,6 млн.дан ошмоқда, яъни мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизга яқинини ташкил этмоқда. 2016 йилда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, 2020 йилда Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди ҳамда 30 июнь – “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Янги Конституциямизнинг 78 ва 79-моддалари ёшларга оид алоҳида нормалар билан тўлдирилди.
Ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун уларга тегишли имкониятлар, яъни соғлом ва уй-жойли бўлиш, таълим олиш, ишга жойлашиш, банд бўлиш ва дам олиш имкониятларини яратиш зарурдир. Давлат бу борада тегишли шарт-шароитларни яратиш бўйича мажбурият олмоқда, чунки мазкур нормалар, нафақат ёшларимиз манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг фаровон келажаги учун муҳимдир.
Олий таълим даргоҳларига қабул сўнгги олти йилда 5 бараварга ортиб, талабалар сони 1 миллионга етди. Қамров эса, 9 фоиздан 38 фоизга ошибди. Мисол учун, 2016 йилда юртимизда 77 та олийгоҳ бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 210 тани ташкил қилмоқда. Шу билан бирга 2017 йилгача олийгоҳларга кириш учун давлат грантлари сони фақат қисқариб келган. Охирги олти йилда бу борадаги аҳвол бутунлай ўзгарди. Грантлар сони 2 баравар кўпайиб, 40 мингтага етди. Шундан, магистратура учун – 5 баравар кўпайди. Энди, ёшларнинг олийгоҳларга давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгиланган. Яъни, бундан буён давлат грантлари кўпайса-кўпаяди, лекин қисқармайди. Шу ўринда айтишим ўринлики, ўзим айни дамда Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетида давлат гранти асосида таълим олмоқдаман.
Менинг ҳуқуқим қонун билан қатъий мустаҳкамлаб қўйилганидан хурсандман. Аҳолининг кенг қатламларини олий таълим билан қамраб олиш масаласи Президентимиз томонидан БМТ минбарида ҳам кўтарилган ва 2030 йилгача Ўзбекистонда 50 фоиз ёш аҳоли олий маълумотга эга бўлиши режалаштирилган. Шу сабабли олий таълим олиш ҳуқуқи Конституция даражасигача кўтарилди. Чунки ҳамма ҳам контрактда пул тўлаб ўқий олмаслиги мумкин. Шу сабабли Конституциямизда танлов асосида давлат бюджети ҳисобидан ўқиш имконияти қатъий мустаҳкамланиб қўйилди. Шу сабабли ҳам биз ёшлар ушбу сиёсий жараёнларга бефарқ бўлмаган ҳолда, ўз келажаги учун референдум жараёнларида нафақат фаол бўлдик, балки ёш тарғиботчисига айландик ҳам.
Мен бўлажак журналист сифатида янгиланган Конституциямизга киритилган яна бир тамойилга тўхталиб ўтмоқчиман.
Конституцияда оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлигини таъминлашга йўналтирилаётган кафолатлар бугунги кунда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда очиқлик ва ошкоралик, қонунийлик муҳитини мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари (ОАВ) муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев “Оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўз фаолиятини қонун доирасида эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиш – бу демократик ислоҳотларимизга қарши ҳаракат, мамлакатимизнинг обрўсига путур етказиш сифатида баҳоланиши керак”, деб таъкидлаган эди. Шу боис янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 81 ва 82-моддаларида ОАВ билан боғлиқ қуйидаги нормалар мустаҳкамланиб қўйилди. Биринчидан, давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди, деб белгиланди. Мазкур норма жамиятнинг ишончли ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондиришга, аҳолининг ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади; иккинчидан, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади, деган муҳим норма киритилди. Ушбу норма ОАВнинг ва журналистларнинг эмин-эркин, турли маъмурий босимлардан қўрқмасдан фаолият юритишини таъминлайди ҳамда жамиятда очиқлик ва ошкоралик муҳитининг ривожланишига шароит яратади. Ушбу нормалар мамлакатимизда ахборот эркинлигини янада кучайтиришни, пировардида оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг эмин-эркин ҳаракатланишини таъминлашга асос бўла олади.
Келажагимиз пойдевори — Бош Қомусимиз бор экан биз ҳар доим ҳар жабҳада ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қила оламиз. Конституция меники, конституция барчамизники ва мен конституциямиздан фахрланаман.
Занжилой АБДУСАЛОМОВА,
Ўзбекистон давлат
Жаҳон тиллари университети
талабаси