Таҳлил лаззатини туйган олим

Шайх Саъдий ўзининг хазон билмас “Гулистон”ида ёзишича, уч нарса уч нимарсасиз боқий қолмас: Мамлакат – сиёсатсиз, илм – баҳс ва мунозарасиз, мол – тижоратсиз. Ўзбек адабиётшунослигида андиша ва юзхотир баҳонасида лоқайдлик кучайгани, ёлғонлар ва ғалатлар шуҳрат топиб, ҳақиқат тусига кириш ҳолатлари кўпаяётган бир давр­­да саноқли олимларимиз ҳақ сўзни айтишга чоғланиб, бунинг оқибатида кўп дакки ейишини билган ҳолда мунозара ва илмий баҳс даврасини қизитиб келмоқдалар. Кўпчилик уларни хушламайроқ, эҳтиёт бўлиб муносабат қилади, ўртага ташлаган фикрини муҳокама қилиш ўрнига шахсини ғийбат қилишга киришади. Аммо бирор жойда ғалат ва ғалати “илмий янгилик” янграганда, яна ўша “муросасиз олим”лардан муносабат кутиш ҳам ёзилмаган қоидага айланиб қолган.

Оқни-оқ, қорани-қора деб баралла айтиш уддалаб бўлмас вазифадай кўринса-да, ғайрат камарини белига боғлаб, шу ишга жидду жаҳд қилган киши аслида бахтлидир. Ана шундай бахтиёр кишилардан бири заҳматкаш олим, филология фанлари доктори, профессор Нус­ратулло Жумахўжа етмиш ёшга етибди. Етмиш йиллик умри беҳуда ўтмади. Нусратулло ака мана ярим асрдирки, мумтоз адабиётшунослигимиз ривожига ўзининг беминнат ҳиссасини қўшиб келаётир.

Домланинг ўзбек тилига жонкуярлиги, тил бўйича амалга оширган ишлари ҳам эътироф этишга арзийди. Хусусан, “Истиқлол ва она тилимиз”, “Қонун тили мезонлари” китоблари домланинг тилга бўлган муҳаббатининг маҳсули экани шубҳасиз.

Нусратулло Жумахўжа илмий-ижодий фаолияти мумтоз адабиётимизнинг асл сарчашмаларидан сув ичган. Илмий фаолиятини Шермуҳаммад Мунис ижодини тадқиқ этишдан бош­лаб, кейинчалик “Мунис ғазалиёти” китобини нашр эттирган. Олимнинг докторлик диссертацияси “Миллий мустақиллик мафкураси ва адабий мерос (XVII-XIX асрлар ўзбек шеърияти асосида)” мавзусида бўлиб, Хоразм адабий муҳити тадқиқига бағиш­ланган йирик ва жиддий ишлардан биридир.

Нусратулло аканинг ҳазрат Навоий ижодига муҳаббати улкан уммоннинг ҳар бир томчисига-да меҳр билан, завқу шавқ билан қараши, уни авайлаб-асрашга ҳаракат қилишида кўринади. “Навоийнинг асарларини аслиятда ўқиб, ҳар бир сўзнинг мағзини чақиш лаззатига нима етсин”, дея олимнинг ўзи буни эътироф этади. Ҳозирги вақтда адабиёт дарсликлари ва маж­муаларида Навоий ижоди аввалгидан анча кенг­роқ ёритилгани, асарларига кўпроқ изоҳ ҳамда шарҳлар берилган бўлишига қарамай, олимнинг кўнгли булар етарли бўлмаслигини ҳар лаҳзада ўзига эслатиб туради. Ютуқлар билан мақтаниш эмас, ютуқларни янада кўпайтириш, камчиликларни кўра билиш ва уларни бартараф этишга уриниш олимнинг илмдаги асосий мезонларидан биридир.

Илмий асарлари билан бирга Нусратулло ака жуда кўплаб яхши китобларнинг чоп этилишига бош-қош бўлган. Хусусан, устоз навоийшунос Абдуқодир Ҳайитметовнинг “Навоий лирикаси” китобини нашрга тайёрлаган. Китобга ёзилган сўзбоши “Мактаб яратган олим” деб номланади. Сўзбошида Нусратулло ака устоз навоийшуносни шундай эслайди: “Устоз қандай масала ёки муаммога қўл урмасинлар, уни теран ўрганар ва узил-кесил ҳал этишга уринарди. Шу боисдан ҳам энг чигал муаммоларнинг А. Ҳайитметовга ишониб топширилганига кўп гувоҳ бўлганмиз”. Бу таърифлар қайсидир маънода Нус­ратулло Жумахўжанинг ўзига ҳам мос тушади. Чунки олим қайси бир муаммони ўрганмасин, ўз ечимини тақдим этиш билан бирга фикрини асос­лаб, етарлича далиллашга ҳаракат қилади. Бу илмда энг зарур бўлган фазилатдир. Қолаверса, у ўзига нисбатан қанчалик талабчан бўлса, бошқа олимлардан ҳам шуни талаб қилади. Танқидий қарашлари, кес­кин илмий муносабати замирида мукаммаллик истаги ётибди.

Нусратулло ака ҳар бир ғазалга катта иштиёқ ва муҳаббат билан ёндашади. Масалан, Алишер Навоийнинг олимлар, шоирлар томонидан энг кўп ва хўб ўрганилган ғазалларидан бири бўлмиш “Қаро кўзим” ғазали мисолида биргина ғазалнинг ўзи юзлаб талқинларга асос бўлиши мумкинлигини кўрсатиб берди. Ушбу ғазал таҳлилига оид Эркин Воҳидов, Матёқуб Қўшжонов, Алибек Рус­тамов, Исматулла Абдуллаев, Нажмиддин Комилов, Абдулла Аъзамов, Бойбўта Дўстқораев, Исмоил Бекжонов мақолалари билан бирга Нус­ратулло аканинг талқини ҳам Ҳазратнинг маънолар оламига йўл топишда муҳим калит бўлади дейиш мумкин. Олим дунёқараши, нуқтаи назари, сифат ва савияси қандай бўлишидан қатъи назар, ғазал тадқиқи йўлида юзага келган ҳар бир таҳлил илм учун қадрли эканини эътироф этади. Ўндан ортиқ таҳлил муаллифлари ғазал мазмуни ва бадииятини юзага чиқаришда фикрий жиҳатдан ҳамжиҳат эканини таъкидлайди. Ўз талқини эса мавжуд имконият доирасида ғазал таҳлиллари синтезининг айрим қирралари ҳақидаги хулосалар эканини баён этади. Бу тарзда ғазалларнинг барча талқинларини синчиклаб ўрганиш, аслиятда ўқиб, бошқа манбалар билан солиштириш олимдан анча вақт ва қунт талаб қилади.

“Навоий ғазалиёти талқинлари” китоби ана шу меҳнатлар самараси ўлароқ юзага келган. “Улуғ мутафаккиримиз Алишер Навоий тарихан биздан узоқлашиб боргани сари биз унга маънан яқинлашиб боряпмиз”, деб ёзади Нус­ратулло Жумахўжа. Китобда “Хазойин ул-мао­ний” куллиётига кирган ғазалларга ёзилган шарҳлар жамланиб, улар девонга мувофиқ тўрт фаслга ажратилган. Бу билан турли нашрларда сочилиб ётган шарҳлар бир жойга жамланди. У ҳар бир шарҳни қадрлаши, уларнинг камчилигию ютуғи билан навоийшунослик соҳасига қўшилган улуш эканини англаши яққол кўринади. Олимнинг илмдаги асосий принципи ҳам турли қарашлар ва талқинлар бир маслакка эгалиги, ниятлар ҳамжиҳатлиги, барчасидан мақсад Ҳазрат асарларини кенг­роқ тарғиб этиш эканини уқтиришдан иборат. “Навоий ғазалиёти талқинлари” китоби халқимизнинг Навоийни тушуниши, англаши сари хизмат қиладиган муҳим манба бўлади, деган умидда чоп этилган. Унда нашрга тайёрловчи сифатида Нусратулло Жумахўжа таниқли олимларимиз ва шоирларимиз томонидан Навоий асарларига ёзилган сара шарҳларни тўп­лаган. У Алишер Навоийнинг барча, хусусан, тўрт мустақил девондан ташкил топган “Хазойин ул-маоний” куллиётидаги лирик асарларнинг тўлиқ шарҳини яратиш ор­зуси эканини ёзади. Китоб шу ишнинг дастлабки тажрибаси бўлиб, уни изчил давом эттириб, тўлдириб, такомиллаштириб бориш шарҳларнинг келажакда тўлиқ ва тугал ҳолатга келишини назарда тутиб, асарлар ва уларнинг шарҳлари “Хазойин ул-маоний”даги девонлар изчиллиги тартибида ҳамда девонда тутган ўрнига асосан жойлаштирилган.

Шу ўринда “Истиқлол даври навоийшунослиги” тўпламидан ўрин олган “Сатрлар силсиласидаги сеҳр” рисоласига тўхталиб ўтиш жоиз. Мазкур илмий тадқиқот Навоий ғазалларини шарҳлашда нуктадон олимнинг етук билим ва салоҳиятини, Ҳазрат асарларидаги тилсимни оча билишда Худо юқтирган истеъдодини намоён этади. Китобдаги “Тадқиқни жонлантирган таҳлил”, “Қиё­сий таҳлил ҳикмати”, “Сир сақлаш сабоғи”, “Ишқ ўти – азал қисмати”, “Сурати шоҳ, сийрати дарвеш”, “Сегоҳ сеҳри”, “Тўрт ранг рамзи”, “Нодонликни англамоқ – донолик”, “Маънавий-руҳий ором иштиёқи” каби етмишдан ортиқ мақолаларнинг ҳар бири чинакам таҳлил лаззатини туйган навоийшуноснинг битиклари экани шубҳасиз.

Олимлик – бу ўзи заҳматли йўл. Атрофинг ахборот технологиялари асрининг урф-удумларига мослашиб бўлган, одамзот учун ҳаётий мезонлар ўзгариб, бозор таомиллари бўйича яшаётган бир пайтда чанг қоплаб ётган манбаларни ўрганасан, уларни аслиятда ўқийсан, араб ва форс тилини ўрганасан, кимгадир нафи тегар деган умид билан уни таҳлил қиласан, китоб қилиб чиқарасан… Шу паллада теварагингга назар соласан. Одамларнинг ўй-хаёли сен орзу қилган мақсадлардан узоқда эканини билиб кўнглинг бироз ғашланади. Лекин бу хизмат илм учун экани, урҳо-ур замонда сенинг илмий янгилигинга қизиққан, уни билишга иштиёқи бор кимдир борлигини ўйлаб, енгил тортасан. Зеро, зиммада Навоийни авлодларга яқинлаштириш вазифаси турибди. Адабиёт аҳли умид билан яшайди, кўнгли некбинлик билан суғорилган бўлади. Айниқса, Ҳазрат Навоийнинг ижодий оламига қадам қўйган киши борки, бир ҳикматни англаб етади. Бу ўткинчи дунёнинг мол-дунёси кишига ҳузур-ҳаловат, бахту саодат бера олмайди. Мен Нусратулло аканинг ҳаёт йўлида ҳам, илм йўлида ҳам шу иқрорни кўраман.

Шубҳасизки, етмиш ёш дегани азму шижоатни жиловлаш дегани эмас. Нусратулло Жумахўжа шу ёшда ҳам ёшлардан кўра ғайратли. Ҳар бир сўзи тош босадиган бу олимимиз спортда, айниқса, тош кўтаришда ҳам пешқадамлардан. Янги таҳлиллар, янги тадқиқотлар, энг муҳими, янги фикр айтиш истаги унинг ижодий аъмолидир. Умр йўлдошининг адабиётшунос экани ҳам домланинг бахти. Нусратулло ака таниқли олима, филология фанлари доктори Иқболой Адизова билан ҳам ҳаёт йўлида, ҳам илм йўлида елкадош бўлиб келаётир. Шу бахтга кўз тегмасин, деймиз.

Олимжон ДАВЛАТОВ,

филология фанлари доктори (PhD),

Алишер Навоий номидаги   халқаро

жамоат фондининг ижрочи директори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + four =