Бойликни эмас, илмни танлаган олима

Биология фанлари доктори, профессор Холисхон Олимжонова билан беш – олти йил бурун Алишер Навоий номидаги Ўзбекис­тон Миллий кутубхонаси нашриётида хизмат қилаётган йилларим танишгандим. Ўшанда опа “Экологик шеърлар тўплами”, “Обод диёр — Самарқанд шаҳри”, “Интиқ бўлиб сени кутдик, Наврўзи олам” тўпламларини тилга олди. Шу билан бирга янги шеърларини ҳам тўплам қилиш истагида эканлигини айтди. Олиманинг ёзган шеърларини ўқиб кўришга,   чоп этишга қизиқдим. Кутганимдек, улар муаллиф қалбидан кечган туйғулардан иборат бўлиб, содда тил билан, ортиқча безак­ларсиз, таъсирли ёзилган экан. Айниқса, ота-оналари ҳақидаги шеър­лари эсда қоларли эди. Уларни “Отажоним, онажоним — барҳаёт” номи билан нашр этганмиз (Унга муҳаррирлик қиларканман, “Тўплам номидаги “онажоним” сўзи “отажоним”дан аввал ёзилса, мақсадга мувофиқ бўларди”, деб билдирган эътирозим қабул қилинмаган эди). Опа бир тадбирда ўша китобдан ўрин олган шеърлардан ўқиб, кўпчиликни йиғлатгани ҳам эсимда…

Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти Микология ва Альгология лабораториясининг етакчи мутахассиси Холисхон Олимжонова 1948 йили Ўш вилоятига қарашли Аравон туманида туғилган. 1965 йили Мирзо Улуғбек номидаги Фарғона давлат педагогика институтининг география ва биология факультетига ўқишга кириб, уни 1970 йили имтиёзли тугаллаган. Институт йўлланмаси билан Х.Олимжонова Тошкент шаҳрига келади. Академик Қодир Зокиров йўлланмани кўриб: “Қизим, бу даргоҳ илм даргоҳи, “Илмни бойитаман” десангиз, қолиб, илмий ишни давом эттиришингизга имкон бор. Агар бу даргоҳда моддий жиҳатдан бой бўлиш мақсадида келган бўлсангиз, адашасиз. Бу даргоҳ инсон онгини илм билан бойитади, бу ерга келган ҳар бир инсон фанга илмий ҳиссаларини қўшади ва илмни ривожлантиради. Олим ҳаёти камтар ва ўрта ҳолдир. Шунинг учун қай бирини танлаш — сизнинг ихтиёрингизда”, деб масалани кўндаланг қўяди.

Бу суҳбатдан тўғри хулоса чиқарган ва камтарона ҳаётни танлаган қаҳрамонимиз Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти “Ўсимликлар захираси” бўлимининг “Эфир мойли, ошловчи ва бўёқ моддали ўсимлик­лар” лабораториясида катта лаборантлик лавозимида иш бошлайди. Олима сифатида Биология фанлари номзодлари Қаҳҳор Ҳожиматов ва Лутфулла Пирмуҳамедовлар билан бирга ишлайди. Улар Тошкент Ботаника экспериментал таж­риба майдонлари (ТЭУ)да “Лаб гуллилар” оиласи туркуми эфир мойли ва доривор ўсимликлар турларининг уруғларини лабораторияда ва дала шароитида униб чиқиш жараёнини кузатишади.   Опа “Геранлар” туркумига оид турларнинг Тошкент шароитида ривожини таҳлил қилади. Қолаверса, Андижон вилояти Хонобод туманидаги “Геран заводи” ҳудудида бу турларнинг уруғидан униб чиқиши, ўсиб-ривожланиши, гуллаш биологияси, уруғланиши бўйича фенологик кузатишлар олиб боради ва истиқболли турларни ошловчи моддалар ишлаб чиқариш саноатига тавсия этишда иштирок этади. Бу турларнинг гербарийларини ҳам йиғади.

Бошқа соҳаларда ходимнинг иш жойини ўзгартириши жуда кўп муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Чунончи, синашта ҳамкасблар, раҳбарлар, амалга ошираётган, ўрганиб қолган юмушларидан маҳрум бўлиш одамни хафа қилади. Илмий иш билан шуғулланаётганлар эса қайси ташкилотда ишламасин, ўзи танлаган илмий ишини давом эттираверади. Устозлар тавсиясига кўра, Х.Олимжонова Ўзбекистон Фанлар академияси Микробиология институти “Альгология” лабораториясида катта лаборантлик лавозимида ишни ўтади. 1978-1981 йиллари Тошкент давлат университети биология факультети сиртқи бўлим аспиранти, 1982 йили кичик илмий ходим, 1994 йилдан катта илмий ходим, 2005 йилдан то шу кунга қадар етакчи илмий ходим, сўнгра етакчи мутахассис лавозимларида фаолият юритади.

Опанинг сув ўтлари устида   йиллар давомида олиб борган илмий ишлари хусусида ўйларканман, Корея кино ижодкорлари томонидан суратга олинган “Сарой жавоҳири” сериали ёдимга тушади. Эсингиздадир, фильм қаҳрамони бир булоқ сувини “текшириб кўриб”, бутун мамлакат табиблари қилолмаган ишни қилади – подшоҳ хасталигига ташхис қўяди. Холисхон опа Олимжонова ҳам бутун ўзбек халқи, қолаверса, қўшни мамлакатлар аҳолиси, илм-маърифати тараққиёти учун ҳам қайғурадилар. Айтиш мумкинки, бу олима опа “Ўзбекистон Тангеми”дир.

Х.Олимжонова ўз илмий иши давомида Ўрта Осиё сув ҳавзалари сув ўтлари флорасининг географик тарқалиши, систематикаси, экологияси ва халқ хўжалигидаги аҳа­мияти ва айнан сув ўтларининг сув экология-санитария ҳолатини баҳолашдаги аҳамиятини ўрганди. Шу билан бир қаторда Ўзбекистон ва унга туташ ҳудудлар сув ўтлари флораси   коллекциясини ташкил қилиш, тўлдириш, сақлаш ва турлар таркибини ўрганиш мавзуларида қарийб 53 йил давомида илмий тадқиқотлар олиб борди.

Абу Али ибн Сино бобомиз шундай деган эканлар: “Менинг давримда меникидек ишларни қилган, инсон саломатлигини тиклаш йўлида тажрибалар ўтказган, кўплаб доривор гиёҳлардан фойдаланган табиблар кўп бўлган. Лекин улар қилган ишлари натижаларини мен сингари ёзиб қолдирмай хато қилдилар”. Илм аҳлининг қалам билан ошнолиги улар қилган ишларнинг авлодларга етишида кўмакчи бўлади. Буни тарихда ўтган буюк боболаримиз қўлёзмаларини варақлаб, чуқур ҳис қиламиз. Холисхон опа ҳам шу йўлдан бориб, ҳаёти ва илмий тадқиқот ва педагогик фао­лиятлари давомида 10 дан зиёд монография, илмий-услубий қўлланмалар, 20 дан зиёд ўқув-услубий қўлланмалар, 500 дан зиёд илмий мақолалар чоп эттирди.

Опа яхши устоз сифатида ҳам шогирдлари ардоғида. Унинг раҳбарлигида камол топган фан номзодлари ва фалсафа докторлари ҳозирги кунларда биология фанлари докторлиги (SiD) илмий даражасини олиш борасида кенг кўламли илмий тадқиқотлар олиб бормоқдалар.

Олима опамиз икки фарзанднинг онаси ва ширин-шакар набираларнинг бувижони. Илмий иш билан шуғулланиб, ютуқларга эришишида оиладаги тинч ва тотув ҳаётнинг аҳамияти катта бўлган. Турмуш ўртоғи ва фар­зандлари опанинг машаққатли илмий тадқиқот ишларида кўмак беришган экан. Жумладан, оилавий хўжалик ва болалар тарбияси, таълими масалаларини ҳал қилишда ҳам катта юкни турмуш ўртоғи ўз зиммасига олган. Шу боис ҳам айтиш мумкинки, олима аёлнинг турмуш ўртоғи бўлиш ҳар кимга насиб этавермайди. Бунинг учун заифасини тушуниш, қўллаб-қувватлаш керак.

Мақоламиз қаҳрамонининг ҳаёт йўли ва илмий-ижодий фаолиятини кузатар эканмиз, аввало, нозик хилқат — аёл зотининг игна билан қудуқ қазишга менгзаладиган илм соҳасида фаолият юритиши катта гап эканига амин бўламиз. Қолаверса, аёлнинг оила ва фарзандлар камолоти йўлидаги вазифалариниям уддалаши, илм ва оилани бир маромда тута олиши таҳсинга сазовор. Зотан, илмга чанқоқ, қобилиятли бир қанча қизларимиз турмушга чиққач, бундай машаққатли меҳнатлардан воз кечиб қўя қолишганига жуда кўп гувоҳ бўлганмиз. Қутлуғ етмиш беш ёшни қаршилаган Холисхон Олимжонованинг ҳаёт мактаби эса бугунги ёшлар учун ибрат бўла олади.

Шукур ҚУРБОН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =