Фан маликаси

Бугун Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳонда ўз ўрнини эгаллаш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев: “Биз рақобат эмас, балки ҳамкорлик йўлидан борамиз”, деб айтган даъватлари амалга ошиб бораётганлигининг гувоҳимиз. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти билан очиқ ва ўзаро ҳамжиҳатликда мулоқот қилишга интилмоқда. Янги Ренессанс–уйғониш даври илм-фан чироғининг чароғон порлашини тақозо этади. Ал-Хоразмий, Беруний ва ибн Сино алгебра, физика ва тиббиёт илмлари билан жаҳон илмини бойитган бўлса, Улуғбек ва Бобур Мирзо само ва инсон қалби тартибини билишга ҳаракат қилган эдилар. Бугун Ўзбекистон фани дарғалари академиклар дейилади. Уларнинг илмий фаолиятига доир маълумотлар бугунги ёшларимиз учун йўлчи юлдуз бўлса, ажаб эмас. Ушбу мақоламни академик Сайёра Шарафовна Рашидовага бағишладим. Бу бежиз эмас. Биринчидан, академикларимиз орасида аёллар жуда оз. Балки, илм инсондан ўта заҳмат чекишини тақозо этиши бунга сабабдир. Нима бўлса-да, шундай улуғ инсон билан ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш мен учун муҳим эканлигини таъкидлайман. Устоз бу йил табаррук ёшга кирдилар, шу сабабдан уларни муборакбод этиш мен учун ҳам қарз, ҳам фарз деб биламан. 

Устоз ҳамиша “Буюк келажак сари илм-фанни юксалтириш йўли билан боришимиз керак. Биргаликда ҳаракат қилиш илмини эгалламай туриб бу йўлдан юра олмаймиз”, деб уқтириб келадилар. Ҳар бир илм-фан соҳиби ҳақиқат гўзал бўлишини ва ҳар қандай нарсада тартиб бўлгандагина у гўзал бўла олишини билмоғи лозим. Буларни муҳтарам устоз билан кўп йиллар давомида ҳамкорликда ўтказган илмий тадқиқотларимиз давомида тушундик. Устоз Ўзбекистон Фанлар Академияси Полимерлар ким­ёси ва физикаси институти семинарларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратганлар. Илм-фан ҳақиқатларига муҳокама ва музокара туфайли эришилади. Бироқ, уни ҳеч қачон “тўполонга” айлантириш мумкин эмас, деб таъкидлар эдилар. Ёшлар чет тилларни ҳам билиши керак, бироқ дастлаб устозларидан ўрганаётган илмларнинг асосий тушунчаларининг маъносини яхши ўрганиб, сўнгра мавжуд илмий атамаларни бошқа тиллардаги ифодаларини ўзлаштиргани маъқул. Бу фикрлар амалда институт илмий семинарларини ташкил этишнинг ўзига хос услубиятига айланиб улгурган.  Сайёра Рашидова илм-фан сифати ва самарадорлигини оширишда назарий ва амалий ишлар ўртасидаги алоқани кучайтириш муҳим эканлигини уқтириб келади. Назарий билимларсиз мисоли ожизмиз, бироқ тасаввурларимиз қай даражада реалликка мос келишини фақат тажриба асосидагина биламиз. Полисахаридлар оиласига мансуб, хитин ва пахта каби табиий хом-ашёларни кимёвий такомиллаштиришнииг янги нанотехнологиялари ёрдамида фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги учун муҳим аҳамиятга  эга бўлган хитозан ва унинг аскорбат хитозан каби турли ҳосилалари синтез қилиниб, уларнинг биологик фаоллиги  ва реакцияга мойиллигини бошқаришга доир кимёвий, физикавий ва техникавий масалалари ечилди. Бугунги кунда ушбу янги илмий йўналиш “Нанокимё, нанофизика ва нанотехнологиялар” деб номланмоқда ва ушбу ихтисослик бўйича кўплаб фан докторлари етишиб чиқмоқда. Пахта чигитининг униб чиқишида салбий ташқи омиллардан ҳимоя қилиш ва чигитнинг ички ресурсларини уларга ўзаро мувофиқ тарзда фаоллаштиришнинг синергетикавий наза­рияси ишлаб чиқилди ва унинг асосида янги “капсуллаштириш” технологияси мукаммаллаштирилмоқда.   Ушбу технология нафақат қишлоқ хўжалигида, балки тиббиётда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳужайра  миқёсидаги жараёнларга селектив таъсир ўтказиш имкониятларининг мавжудлиги билан эътиборга лойиқдир. Хусусан, саратон касаллигини барвақт аниқлаш ва уни даволашда “наноконтейнер”лардан фойдаланиш бўйича жаҳон миқёсида ҳам ушбу йўналишда тадқиқотлар олиб борилмоқда.

С.Ш.Рашидова нафақат олима, балки жамоатчи арбоб сифатида ҳам кенг оммага танилган жонкуяр инсондир. Ўзбекистон кимё журнали муҳаррири, Ўзбекистон Олий Аттестация комиссияси қошидаги Махсус кенгаш раиси, Таълим, индустрия ва санъат халқаро академиясининг ҳақиқий аъзоси (АҚШ), Ўзбекистон-Польша халқаро жамиятининг раиси (1995-2015), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида 1995 йил декабрида Ўзбекистоннинг  БМТдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман вакили этиб тайинланган ва 2015 йилгача фаолият кўрсатган. Кўплаб халқаро форумларда иштирок этган ва инсон ҳуқуқларига оид юздан ортиқ рисолаларни чоп этган. “Жаҳон Омбудсмани”, “Ўзбекистонда Омбудсман”, “Инсон ҳуқуқлари мониторинги ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳи­мояси” номли қатор илмий-сиёсий тўпламларнинг муаллифи ва масъул муҳаррири бўлган. Шунингдек, “Демократизация и права человека”, “Общественное мнение, Права человека” ва шу каби қатор журналларнинг таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида фаолият кўрсатган.

Нанотехнологиялар, айниқса, биологик объектлар билан боғлиқ қисми ўта моҳирона ва нозик ҳаракатлар билан боғлиқ бўлиб, уларни фақат ўз-ўзини ташкиллаштириш асосидагина амалга ошириш мумкин. Бундай жараёнлар ўзгарувчан бўлиб, уларни анг­лашга ёрдам берувчи барча нарсалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Қуйида келтирилган Хокусайнинг “Қудратли тўлқин” номли тасвирий асари назаримда, шундай вазифани ўтайди. Ушбу расмга қараб қудратли катта тўлқинлар, кичик ва нозик қа­йиқдаги одамларни мана-мана ютиб юборади, деган фикр туғилади. Бироқ, эътибор беринг, кичик одамлар қаторида тартиб бузилган эмас, улар ҳамкорликда бир мақсад сари интилаётгани аниқ. Узоқда оппоқ қорли чўққи кўзга ташланмоқда. Қишда оппоқ қор япон анъаналарига кўра табиат гўзаллигининг рамзларидан биридир. Японлар оддий сўзлар ёрдамида умуминсоний нозик ҳис-туйғуларни уйғотишга қодир. Хэйан — тинчлик даврига оид “Кокинсю” шеъриятидан кичик бир намунага эътибор берайлик.

 

Қор остида олхўрим,

Хуш бўйидан сезаман,

Кўрмасам ҳам ўзини.

 

Шеърий битикда оддий сўзлар, бироқ улардаги ўзига хос тартиб эса ҳар биримизда гўзал ҳиссиётлар уйғотади ва барчамизни беихтиёр ўзига мафтун этади. Бизнинг назаримизда нанотехнология бу олхўри, унинг ҳақидаги билимлар эса олхўрининг ифоридир. Ҳа, Сайёра Рашидова ва уларнинг шогирдлари биополимерларнинг ўзига хос антиқа хоссаларига оид бўлган тилсимларни очиш учун синергетика тамойили ва қонунлари кўрсатаётган йўлдан биргаликда шу тарзда ҳаракат қилмоқдалар. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, устозни республикамизнинг кўп вилоятларда олий таълим ва илмий тадқиқот институтларида фаолият кўрсатаётган профессор ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар нафақат илм-фан, балки ижтимоий ва сиёсий соҳаларда ҳам юксак даражаларга эришган олима сифатида ҳам танишади, ҳурмат ва ҳавас қилишади. Шу ўринда қирғиз халқининг буюк фарзанди Чингиз Айт­матовнинг қуйидаги  сўзларини эсладим. “Ўзбекистон  бизнинг Шарқдаги сўзимиз ва юзимиз бўлиб келган” (“Правда”, 1988 й., 13 февраль). Бугун Ўзбекистон ёшлари илм йўлидан жадал одимлаб бораётганликларини ҳис қилар эканмиз,  улар келажакда  Марказий Осиёдаги кўзимиз ҳам бўлиб қолади, деган умиддамиз. Токи ҳаёт бор экан, умид ҳам бизга ёрдир.  Биз шогирдлари учун кеча ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам  академик Сайёра Рашидова Ўзбекистон полимерлар фанининг юзи, сўзи ва кўзи бўлиб қолажак.

Баҳодиржон АСҚАРОВ,

Андижон машинасозлик институти профессори,

физика-математика фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 16 =