МАЪНАВИЙ УЙҒОҚЛИК

ёки таниқли журналист, маънавият фидойиси Обиджон Маҳмудов Довоний портретига чизгилар

Водийнинг кўҳна ва сирли меъморий ёдгорлиги  Мингтепа ҳақида илк бор эшитганимда бир инсоннинг номи қўшиб айтилган эди. Обиджон Маҳмудов, тахаллуси Довоний дея. Аммо у киши билан учрашиш насиб этмаганди, чунки Тошкентда ишлаган паллалари экан.

Бунгача эса Мингтепа археологик ёдгорлиги ҳақида қатор туркум кўрсатув ва лавҳалар тайёрлаш жараёнида, ушбу Довон давлатининг қадим пойтахти ҳақида озми-кўп маълумотларга эга бўлдим.

Кейинроқ Обиджон ака билан танишдим. Мингтепа ёки қадим Эрши ҳақидаги тасаввурларим у киши туфайли яна ҳам кенгайди, ҳар бир тепалик ҳақида етарлича далил ва ривоятлар билан ижодий қуроллантирди. Обиджон ака билан Мингтепа ҳақида суҳбатлашиш асносида жуда ҳам катта салоҳият, кучли хотира, сўзамоллик, жонкуярлик, ватанпарварлик мужассам эканини кўрдим. Ҳали-ҳануз ундаги мана шу фазилат кучайса кучайганки, пасаймаган. Ҳамон тарих учун, Мингтепа учун, Андижон қўзғолони раҳнамоси Дукчи Эшон ҳақидаги ҳақиқатларни тиклаш учун тинмай изланишда.

Айниқса, Мингтепа тарихини қадамма-қадам билиши ҳайратга солади. Тепаликлар ҳақидаги далиллар, ким, қачон қандай ашёлар топган — бари унинг қоғозларидагина эмас, балки хотирасида ҳам шундоқ турибди. Бошқача айтганда, “Боқий ва кўҳна Мингтепа” китобининг ҳар саҳифаси унинг қалбида ҳам мужассам. Ватанни севиш, унинг тарихи, бугуни ва эртасига дахлдор бўлишни Обиджон Маҳмудовдан ўрганса арзийди.

Мингтепанинг пасту баландида болалиги ўтган бу инсон Андижон Давлат педагогика институтининг физика-математика факультетини муваффақиятли тугатган бўлса-да, ҳаё­тини газеталар билан боғлади. Аста-секин маънавий-маърифий ҳаёт унинг умр мазмунига айланди. 1982-1984 йилларда Тошкент Олий партия мактабининг журналистика факультетида тингловчи бўлиб, олий даргоҳни имтиёзли диплом билан тамомлади. 2001-2003 йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар” фанини ўрганиш ва тарғиб қилиш Марказини бошқарди ва 2007 йилга қадар шу олий таълим масканининг “Фалсафа” кафедрасида катта ўқитувчи вазифасида ишлаб, талабаларга билим бериб келди. 2007 йили Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш инс­титутида ишдан ажралмаган ҳолда таҳсил олиб, “Миллий истиқлол ғояси” фани бўйича мутахассисликни эгаллади. Шу фан бўйича ўзининг электрон дарслигини яратишга муваффақ бўлди.

Яна бир катта ишнинг – Ўзбекистон Рес­публикаси Фанлар академияси фалсафа ва ҳуқуқ институтида илк ёзма маданиятимизнинг ноёб дурдонаси, муқаддас “Авесто” ёзма ёдгорлиги билан боғлиқ илмий-тадқиқот ишларини ҳам амалга оширгани таҳсинга лойиқ. Шу билан бирга, университетда “Миллий тафаккурни ёшлар онгига сингдиришда миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигини қарор топтиришнинг назарий ҳамда услубий масалалари” мавзусида давлат гранти бўйича илмий гуруҳ таркибида самарали изланишлар олиб борди.

Обиджон Маҳмудов тиниб-тинчимас ижодкор, изланувчан, янгиликка ўч тадқиқотчи. Бугунга қадар 300 дан зиёд илмий, тарихий, маънавий-маърифий ва тарбиявий мавзулардаги мақолаларни чоп эттирди, кейинги ўн йил мобайнида иккита тарихий очерк, битта тарихий қисса ва монографиясини кенг илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола қилди.

Қадрдон юрти — Мингтепага қайтгач, 2009-2011 йилларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” Демократик партияси Марҳамат туман кенгаши ижроия қўмитасининг раиси вазифасида ишлади. Сиёсат билан биргаликда ижодда изланишдан тўхтамади. Маданиятшунослик ва ахлоқшунослик фанларидан электрон дарсликлар яратди.

1997-1998 йилларда Андижон қўзғолонининг 100 йиллигига бағишлаб “Мингтепалик Дукчи эшон” ва “Дукчи эшон авлодлари” номли тарихий-хронологик очеркларини чоп этди. Унинг “Зулматга қарши исён” номли монографияси эса мустақиллик даврининг неъматидир. Тарихимизга бўлган ҳурмат ва эътиқоди учун қалби уйғоқ ижодкорга “Антик дунё” халқаро илмий академияси доценти унвони берилган. Ва айнан унинг она Ватан тарихига муҳаббати, маданий меросларни асраб авайлашга бўлган кучли иштиёқи меҳнат фаолиятини 2011 йилдан бошлаб, Андижон вилояти маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекциясининг Марҳамат тумани бўйича инспектори вазифасида давом эттиришига омил бўлди.

Аслида, Обиджон Маҳмудов қайси соҳада ишламасин, ниҳоятда жонсарак, талабчан, берилган топшириқларга масъулият билан ёндашди, шунинг учун ҳам кенг жамоатчилик орасида истеъдодли журналист, ёзувчи, моҳир педагог ва жамоат ишларининг тиниб-тинчимас ташкилотчиси сифатида танилди, қадрланиб келинмоқда.

Шу ўринда у билан ҳамкор, ҳамфикр бўлган инсонларнинг у киши ҳақидаги фикрлари сўзимизни янада тасдиқлайди.

Зокиржон МАШРАБОВ,

Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Обиджон Маҳмуд Довонийнинг қалби ҳамиша уйғоқ. У элим деб, юртим деб, ёниб яшашни ўзига одат, кундалик фаолият мазмуни деб билгувчи инсон.

Улуғбек ҲАМДАМ,

филология фанлари доктори, профессор, ёзувчи:

— Обиджон Маҳмудов Довоний ҳақиқий мингтепаликдир. Шу маънода у киндик қони тўкилган юртининг хаёли билан ётиб, яна унинг хаёли билан уйғонади.

Ҳар икки таниқли ҳамюртимизнинг фикрларидан бир нарсани, яъни Обиджон Маҳмудов катта ҳарфлардаги ВАТАНПАРВАР эканини илғаш қийин эмас.

У Ватан тарихи, кечмишлари, бугуни ва эртасига оид ҳеч бир янгиликка бефарқ эмас, ҳеч бир ўзгариш унинг назаридан, таҳлилидан ўтмай қолмайди. Ҳамма соҳада, айниқса, маънавий-маърифий, таълим-тарбиядаги масалаларга бефарқ эмас. Дахлдорлик ҳисси билан яшайди. Бунга биргина исбот, 2023 йилнинг 22 декабрида Президентимиз раислигида бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида кўтарилган долзарб масалаларга муносабат билдириб, Давлатимиз раҳбарининг фикрларини қўллаб-қувватлаб, шундай дейди:

“Бугунги таҳликали замонда ғоявий тарқоқликни мақсад қилиб, зимдан иш кўрувчи ташқи кучлар бор экан, миллат бугун бир тан, бир жон бўлиб, Янги Ўзбекистон ғоясига, шунингдек, жадид боболаримиз васиятларига содиқ бўлишимиз кераклигига даъват этдилар-ку!”.

Ҳа, ёшларимизнинг фидойи инсон Обиджон Маҳмудовдан ўрганадиган жиҳатлари жудаям кўп. Айниқса, илм олиш борасида. У ҳамон изланишда. Шу кунларда Бобур халқаро илмий экспедицияси билан ҳамкорликда Андижон қўзғолони раҳнамоси Дукчи Эшон ва унинг авлодлари ҳақида тинимсиз изланиш олиб бормоқда.

Шу билан биргаликда ижод қаламини чархлаб, босиб ўтган умр йўлларида чиқарган хулосаларини жамламоқда.

Мана, Обиджон Маҳмудовнинг ҳаётий ҳикматларидан намуналарга эътибор қаратинг-а:

Ўзингга паноҳ тополмасанг, бола-чақангга қаердан паноҳ топасан?

* * *

Камбағаллик Ватанда ҳам ғурбатдир, агар на илминг ва на касб-ҳунаринг бўлмаса.

* * *

Комиллик – бу юксак онг эгаси демак.

* * *

Дунё гўзалликларини қалб кўзи ҳис қила олган одам дунёдаги энг маънавиятли, энг гўзал ва энг бахтли одамдир. Аксинча бўлса, бундан қалби уйғоқ бўлган  кар, соқов ва кўр одам яхшидир.

 

Шу кунларда 70 ёшни қаршилаб, ана шу қутлуғ ёшда ҳам ижоддан, изланишдан тўхтамаган катта қалб эгаси, маънавий уйғоқликнинг чин ибрати – Обиджон Маҳмудов Довонийга саломатлик, куч-қувват, ижодий янгилик­лар тилаб қоламиз.

Матлуба ЮСУПОВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 − 1 =