“Яхшиларни йўқлаб бахт келаверсин”

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири

                   БАХТ

Ота эшик очар янги орзуга,

Она бешик очар янги орзуга,

Илло, кўз тегмасин бундай туйғуга,

Яхшиларни йўқлаб бахт келаверсин.

 

Фарзандлар қувончнинг қаноти бўлсин,

Оталар дуосин баёти бўлсин,

Издаги энг гўзал ҳаёти бўлсин,

Яхшиларни йўқлаб бахт келаверсин.

 

Оила осмонининг тоза ҳавоси,

Юзларда балқиган бахтнинг баҳоси,

Хуш эсар хушхабар саррин сабоси,

Яхшиларни йўқлаб бахт келаверсин.

 

Тинчлик тилагида яйрасин диллар,

Бахтин кўз-кўз қилсин элатлар, эллар,

Қўлларга ярашсин энг гўзал гуллар,

Яхшиларни йўқлаб бахт келаверсин.

 

Янги Ўзбекистон – янги бахт билан,

Миллиардлар сафида янги аҳд билан,

Бахтга ярашади муқаддас Ватан,

Яхшиларни йўқлаб бахт келаверсин.

22.02.2023 й.

 

                   КЎНГИЛ СЎЗИ

Кўнгилдан тўкилган сўзни соғиндим,

Кўнгилни кўрсатган кўзни соғиндим,

Нопокни кўрмаган тузни соғиндим,

Бунингдек соғинчга сиз ҳам зормисиз,

Соғинганлар ичра сиз ҳам бормисиз?

 

Нодону ножинсни ғубори бўлгай,

Озода хаёлни ифори бўлгай,

Қиш келса ортида баҳори   бўлгай,

Келар баҳорларга сиз ҳам зормисиз,

Соғинганлар ичра сиз ҳам бормисиз?

 

Майса ҳам бўйини теракка бўйлар,

Хуш кўрган ўзини керакка бўйлар,

Тилини топсангиз қарғалар куйлар,

Куйловчи дилларга сиз ҳам зормисиз,

Соғинганлар ичра сиз ҳам бормисиз?

 

Одамнинг одами ноласи борлар,

Худога йиғласа жоласи борлар,

Бошларининг оппоқ толаси борлар,

Оппоқ дуоларга сиз ҳам зормисиз,

Соғинганлар ичра сиз ҳам бормисиз?

 

Қўл ташланг, қайтмасин, шоирнинг шашти,

Илоҳо омин денг, ниятим яхши,

Бу сўзлар ўкинчмас, кўнглимнинг нақши,

Кўнгли гўзалларга сиз ҳам зормисиз,

Соғинганлар ичра сиз ҳам бормисиз?

24.02.2023 й.

 

                   ДАЪВАТ

Бола дўстмиз, омон бўл, омон,

Ҳеч жиғингга тегмоқчимасман.

Ўжарлигинг ўзингга ёмон,

Супурги бўл демоқчимасман.

 

Ўшал зотнинг кенг соясида,

Ризқинг оша ёғли туз билан.

Одамийлик ҳимоясида,

Лекин яша ёруғ юз билан.

27.02.2023 й.

 

                СОҒИНЧ САДОСИ

Баҳор – бошингдаги балқиган ойдир,

Баҳор – қошингдаги қалқиган сойдир,

Баҳор – бу оламга мангу чиройдир,

Сени соғингандек соғиндим уни.

 

Мажнунтол зулфингдан ибрат олганми,

Қалдирғоч меҳрингдан ҳиммат олганми,

Унинг гўзаллиги сенга қолганми,

Сени соғингандек соғиндим уни.

 

Лолалар юракда ўт ёқар сендек,

Майсалар мулойим хуш боқар сендек,

Соғинган бормикин сизларни мендек,

Сени соғингандек соғиндим уни.

 

Ирмоқлар ирғишлар кулгунгга ўхшаб,

Шабнамлар титрайди туйғунгга ўхшаб,

Ётибман йўлингга жонимни тўшаб,

Сени соғингандек соғиндим уни.

 

Баҳорни бағрида олам энтикар,

Менингдек ошиқлар ҳар дам эшитар.

Айтгин, ким йўлингга мендек кўз тутар,

Сени соғингандек соғиндим уни.

24.02.2023 й.

 

         ҲАҚИҚАТ ҲУКМИ

Тўғри инсон танобин тортмоқ,

Кимлар учун оддий хаёлдир.

Билмайдики, ҳақиқат сиртмоқ,

Ҳақиқатнинг ҳукми ҳалолдир.

 

Кунлар ўтар, ўтади ойлар,

Йилларни ҳам оқизар сойлар,

Кетмас бетга чапилган лойлар,

Ҳақиқатнинг ҳукми ҳалолдир.

 

Балки дарддан дили чок-чокдир,

Лек тўғрининг иймони покдир,

Ўз қалбига ўзи чироқдир,

Ҳақиқатнинг ҳукми ҳалолдир.

 

Тилин тишлаб баъзан жафога,

Ким муҳтожмас айтинг, вафога,

Ожиз қолса солар Худога,

Ҳақиқатнинг ҳукми ҳалолдир.

 22.02.2023 й.

 

                ЎЗИНГДАН УЯЛ

Тош билан тиллашсанг тошдан андоза,

Ўзин шовқинидан уялмайди сой.

Шоирларнинг доим тилаги тоза,

Ўзингдан уялиш иймонга чирой.

 

Насиҳат ҳеч кимга наво бўлмагай,

Ёмон сўз дардингга даво бўлмагай,

Баъзан табибдан ҳам садо бўлмагай,

Ўзингдан уялиш иймонга чирой.

 

Теграмда ҳеч қачон кўз йўқ демагин,

Ортимдан отилар сўз йўқ демагин.

Денгиз ҳам танирмиш ўзин кемасин,

Ўзингдан уялиш иймонга чирой.

 

Олам одам билан оламлиги бор,

Одам одам билан одамлиги бор.

Ўзингдан гумондир, ўзингдан иқрор,

Ўзингдан уялиш иймонга чирой.

 

Ўз кўнглинг ўзингдан гиналар қилсин,

Ақлингни аҳдингга зиналар қилсин,

Ҳам яна ўзингга таъналар қилсин,

Ўзингдан уялиш иймонга чирой.

25.02.2023 й.

 

                       ФИДОЛИК

Чироқ чашмасининг мироби асли,

Ёниб кул бўлгувчи жонбахш пиликдир.

Кўнгилда юз очар фалсафа фасли,

Эзгулик фидолик билан тирикдир.

 

Раҳмат ёмғирини осмон элайди,

Бахтини бешикка она белайди.

Ким ундек Ватаннинг умрин тилайди,

Эзгулик фидолик билан тирикдир.

 

Ҳақиқат Худонинг ҳукмидек гўзал,

Дунёда не топдинг жонингдан афзал?

Сен ақл ахтарсанг инсон муфассал,

Эзгулик фидолик билан тирикдир.

 

Олтиннинг меваси – олтин қозиқлар,

Меҳринг шарбатидан кимдир озиқлар,

Тақдир – пешонангга тушган чизиқлар,

Эзгулик фидолик билан тирикдир.

 

Фидолик инсоннинг машаққат йўли,

Қадоқлар қаритган дуогўй қўли,

Юракда юз очар илдизин гули,

Эзгулик фидолик билан тирикдир!

26.02.2023 й.

 

             УМИД УМРИ

Ошиқларнинг овози ўктам,

Бахт ҳақида баёт бор экан.

Муҳаббатга соҳиблар кўркам,

Соғинганда сабот бор экан.

 

Севиб яша, севилиб яша,

Қучоғингга қумрини берсин.

Бахтинг келсин қўша ва қўша,

Умидингни умрини берсин.

24.02.2023 й.

 

                  ДИЛ ТУҒЁНИ

Боғлар ҳимматини дариғ тутмаса,

Тоғлар сийратини дариғ тутмаса,

Инсон ҳайратини дариғ тутмаса,

Гўзаллик бизлардан йироқ кетмасди.

 

Инсоф – инсон учун кўзгу бўлолса,

Муҳаббат покиза туйғу бўлолса,

Гуноҳ – кечирилмас қайғу бўлолса,

Гўзаллик бизлардан йироқ кетмасди.

 

Тулпор туёғида тош йиғламаса,

Бегуноҳ кўзларда ёш йиғламаса,

Насиба узилиб ош йиғламаса,

Гўзаллик бизлардан йироқ кетмасди.

 

Меҳр зам-замидан ичиблар юрсак,

Қаҳр кечмишидан кечиблар юрсак,

Раҳмондан, Раҳимдан чўчиблар юрсак,

Гўзаллик бизлардан йироқ кетмасди.

 

Дунёда нима бор инсондан гўзал,

Инсонга берилган иймондан гўзал.

Биз буни билолсак агар муфассал,

Гўзаллик бизлардан йироқ кетмасди.

                                           24.02.2023 й.

 

                 ЎРГАН

Қулоққамас кўзингга ишон,

Бировгамас ўзингга ишон,

Кимдир сенга юз йил сўйласа,

Дилинг айтган сўзингга ишон.

 

Офтоб сендан узоқда эмас,

Кўнглинг сени тузоқда эмас,

Гар ўзингдан ортиб юролсанг,

Меҳр сендан фироқда эмас.

 

Тўкилдингми, тўлишни ўрган,

Йиғлаб туриб, кулишни ўрган,

Бойликларинг боқий кўринса,

Ўлмай туриб, ўлишни ўрган.

22.02.2023 й.

 

                  АҚЛ УВОҒИ

Баҳорнинг жамоли музни эритар,

Майса тошни ёрса кўклам кўринур.

Бойчечак болалаб қишни қаритар,

Не борки, бу гулдан кўркам кўринур?

Тунни нурсиз кўрсанг титрайди вужуд,

Ақл чироғида олам кўринур.

Худони хушласанг, унутма, Маҳмуд,

Ақл увоғида одам кўринур.

                                             18.02.2023 й.

 

                  ШУКР ШАРБАТИ

Шамолнинг шаклидан ҳикоят қилма,

Қалампир қаҳридан шикоят қилма.

Ақл эгасига барчаси аён,

Раҳмоннинг раҳмидан ривоят қилма.

 

Қалбингни қатини очиб юрсанг бас,

Меҳрингни нурини сочиб юрсанг бас.

Шукринг шарбатини зам-замдек ичиб,

Шайтони лаиндан қочиб юрсанг бас.

24.02.2023 й.

 

        ҲАҚДАН СЎРАЙМАН

Тиниқ туйғуларнинг тароватида,

Шукронам шаклининг ибодатида,

Каломи Қуръоннинг тиловатида,

Юртим тинчлигини Ҳақдан сўрайман.

 

Набирам бахтига бешик очсин деб,

Авлодлар аҳдига эшик очсин деб,

Аллоҳим, ўзининг нурин сочсин деб,

Юртим тинчлигини Ҳақдан сўрайман.

 

Улуғ аждодларнинг руҳи ёр бўлсин,

Элнинг азизлиги барқарор бўлсин,

Парвардигор ўзи мададкор бўлсин,

Юртим тинчлигини Ҳақдан сўрайман.

 

Оналар юзидан офтоб тушмасин,

Болалар қўлидан китоб тушмасин,

Ўғлонлар дилидан шитоб тушмасин,

Юртим тинчлигини Ҳақдан сўрайман.

 

Сиз ҳам қўлингизни очинг, юртдошим,

Кафтимга томяпти жиқ-жиқ кўз ёшим,

Ёлғиз Аллоҳ учун эгилган бошим,

Юртим тинчлигини Ҳақдан сўрайман!

                                               26.02.2023 й.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − ten =