Бухоронинг икки дилбанди

Бу бетакрор икки истеъдод соҳиби адабиёт дунёсига бир даврда ёниб кириб келди. Қисқа вақтда бири шоир, бири ёзувчи сифатида танилдилар. Илк  машқлари билан мухлислар, устозлар тилига тушдилар. Тақдирнинг марҳаматини қарангки, улар Бухоро педагогика институти (ҳозирги университет)нинг филология факультетида ҳам бир вақтда ўқиб, таҳсил олдилар.

Улар адабиёт деб аталмиш муҳташам оламга қадам қўйишлари билан яқин дўстга айландилар. Бир-бирларига чин дўстлик меҳрини юраклари орқали боғладилар. Нафақат Бухорода, балки Ўзбекистонга ҳам ҳақиқий қадрдон дўст бўлиб танилган, икки истеъдод соҳибининг бири – Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол, яна бири – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов эди. Уларнинг бу ибратли дўстлигига бутун бухороликлар, қолаверса, адабиёт аҳли ҳам ҳавас қиларди. Ҳатто уларни Ҳасан-Ҳусанлар, деб ҳам аташарди.

Ўша пайтларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Бухоро вилояти бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган таниқли шоир Тошпўлат Ҳамид бу икки ёш ижодкорга ўзгача меҳр кўрсатиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлади, ғамхўрлик қилди, маслаҳатларини аямади. Айни пайтда ўзи Бош муҳаррир бўлган “Бухоро ҳақиқати” газетасида ёш қаламкашларнинг ижод намуналарини мунтазам чоп этиб, рағбатлантирди.

Бир вақтда Жамол Камол “Бухоро ҳақиқати” газетасида, Неъмат Аминов вилоят радиосида меҳнат фаолиятини бошладилар.

Бухоро – уларга ёниқ ва бетакрор илҳомлар берди.

Бухоро – бирининг қалбига шеър сеҳрини, бирининг қалбига ноёб қаҳқақа ишқини пайванд эди.

Бухоро – бу икки дилбандини онадай эркалаб, отадай меҳрибонлик билан вояга етказди ва доимо дуода бўлди.

Бухоронинг табаррук масканларидан бири Лабиҳовуздан шоир янги сўз, шеър топса, ҳажв­­чи ҳовуз бўйидаги ҳамиша гавжум чойхонадан ноёб кулги ва қаҳқаҳа излар эди. Шунингдек, Лабиҳовузда бўладиган адабий суҳбатларда устозлар Тошпўлат Ҳамид, Шариф Нурхон билан бирга танила бошлаган Жамол Камол, Неъмат Аминов, Аҳад Ҳасан, Тошпўлат Аҳмад, Аминжон Шукуров, Самандар Воҳидов, Асад Гулов, Садриддин Салим, Самад Азимов, Ғулом Шомурод, Музаффар Турсун, Саид Равшан, Темур Норов, Бахшулло Ражабов, Абдужалил Халилов, Жўра Фозил, Муҳаммад Пирриев ҳамда ўз ижодларини Тошкентда бошлаган бухоролик­лар Муҳаммад Салом, Сафар Барноев, Омон Мухтор, Нортўхта Қилич, Максим Карим сингари ижодкорлар ҳам меҳмон бўлиб келиб қолар, адабий гурунглар, мушоиралар қизғин давом этарди… Ўша суҳбатларда ҳам икки дўст давранинг “гули” эди. Гурунгларда уларнинг номи тез-тез тилга олинар эди. Адабиётга шундай ажойиб истеъдодлар кириб келаётганидан айниқса, бухоролик ижодкорлар бениҳоя хурсанд эди.

Аста-секин уларнинг ижод намуналари рўёбга чиқа бошлади. Жамол Камолнинг “Олам кирар юрагимга” номли биринчи шеърий тўплами 1968 йилда нашр этилди. Неъмат Аминовнинг “Икки пуллик обрў” номли биринчи ҳажвий тўп­лами 1970 йили чоп қилинди. Ҳар икки китоб ҳам адабий жамоатчилик томонидан яхши кутиб олинди, ижобий баҳоланди. Устоз адабиётшунослар эътиборига тушди.

Ҳар икки ижодкорнинг садоқатли ва истеъдодли шогирдларидан бири, таниқли шоир Сад­риддин Салим Бухороий “Кундалиги”да уларга шундай баҳо берган: “Жамол ака – буюк киши. Унинг қалби нақадар пок, нақадар саховатли!” (1970 й., 3 декабрь). “Эй дил! Камтаринликни Неъмат акадан ўрган. Буюклик ва камтаринлик! Кам одамларга насиб этадиган фазилатлар – бу!” (1974 й., 7 июнь).

Икки таниқли ижодкорнинг қалин дўстлиги, ҳамфикр ва бир-бирига меҳрибонлигини Неъмат Аминовнинг “Кундаликлари”дан ҳам билса бўлади. “Кундаликлар”нинг бир қисмини нашрга тайёрлаш жараёнида аён бўлдики, улар Бухорода яшаган ва ижод қилган йиллари деярли ҳар куни бир-бирлари билан учрашган ва суҳбатлашганлигига гувоҳ бўламиз. Кундаликнинг 1970 йил 23 ноябрь куни ёзилган саҳифасида шундай сатрларни ўқиймиз: “Эрталаб ҳаво совуқ. Жамол келди. Руҳи жуда тушган. Айландик. Адабиётдан сўзлашдик. Суҳбатда бир қизиқ гап қилдим. Яхши муқовали бемаъни китоб – тилла косадаги ёвғон ошга ўхшайди. Тушдан кейин навоийлик Неъмат Абдураҳмонов келди. Самимий йигит. Ҳикояларини ўқидим. Яхши…”. 1 декабрь кунги ёзув: “Тушда ҳам ҳаво очилмади. Эрталаб Жамол келди. Ташқари чиқдик. Кеча “Хандон”да урилганлардан учтаси матн сўраб келибди. Бозорга бордик. У ердан Бақоевга ўтдик. Аҳволим оғир, дей­ди бечора…”. 3 декабрда: “Тушликда Жамол ва ромитанлик Хўжаевнинг ўғли билан сомсахўрлик қилдик. Унгача Жамол билан адабиётдаги янгиликлар тўғрисида гап­лашдик. Яхши бўлди…”.  7 декабрдаги қайдлардан: “Бугун иш куни бўлмаса ҳам идорага келдим. Жамол масаласида Саид Аҳмад ака билан гаплашдим. Китобчани олган экан. Жуда ажойиб киши, мард одам. Союзга телефон қиламан, деди…”. 22 декабрь куни: “Кеча ҳаво қуюқ туман билан қопланган эди. Эрталаб Жамол билан ўтирган эдик, Нусрат Ашуров вафот этибди, деган хабар келди. Биргалашиб бордик. Бирга фотиҳа ўқидик. Кейин яна ишга қайт­дик…”.

Неъмат Аминовнинг кундаликларида Жамол Камолнинг номи улар Тошкентга ишга келган давргача жуда кўп марта қайд этилган. Бу ҳам уларнинг жонажон, сирдош дўстлигидан ёрқин мисол.

Каминанинг Неъмат Аминов ва Жамол Камолни қандай таниганим, улар билан ҳамсуҳбат бўлганим, Неъмат акага чин шогирд, Жамол акага яқин ука бўлганим ҳақида икки оғиз.

Аслида уларни “Бухоро ҳақиқати” газетаси орқали таниганман. Адабиётга қизиққаним боис, вилоят ва туман газеталарини доимо ўқиб, кузатиб борардим. Шоир Жамол Камолни газетада чоп этилган ғазаллари орқали билар эдим. Яширмайман, бу гўзал ғазаллар таъсирида ўзим ҳам ғазал ёзишга уринганман. Шу боис доимо Жамол Камол шеърларини, ғазалларини, таржималарини ҳамон меҳр билан ўқиб келаман.

Пешонамга Неъмат Аминовдек улуғ зот ва буюк ёзувчига шогирд бўлиш бахтини ёзгани учун ҳам Аллоҳга ҳамиша шукр қиламан.

Жамол Камол Ўзбекистон ФА тил ва адабиёт (ҳозирги ўзбек тили, адабиёти ва фольклор) инс­титутига ишга келди. Орадан бир муддат ўтиб, Неъмат Аминов ҳам  “Муштум” журналига ишга чақириб олинди. Энди икки дўст Тошкентда яшаб, қизғин ижод қила бош­ладилар.

Икки дўстга пойтахтнинг Юнусобод катта кўчасининг икки томонидан янги уйлар насиб этди. Улар олдин қадрдон дўст бўлган бўлсалар, энди қадрдон қўшни эдилар. Доимий оилавий борди-келди яхши йўлга қўйилган эди.

Жамол Камол билан Неъмат аканинг хонадонида танишганман. Унинг шеърларини қанчалар қизиқиш билан ўқиган бўлсам, у кишини шунчалар меҳр кўзлари билан кўриб, жуда хурсанд бўлганман. Айниқса, бу икки дўстнинг бир-бирига бўлган самимий меҳри, уларнинг адабиёт, китоб, таниқли ижодкорлар ҳақидаги теран фикрларга бой суҳбатларини мириқиб тинглаганман. Айрим ўқимаган китобларимни улардан эшитиб, кейинчалик топиб ўқиганман. Баъзи ёзувчиларнинг ижодини чуқур ўрганишга интилганман. Уларнинг мароқли суҳбатлари ҳам каминага жиддий сабоқлар берганини ҳали-ҳануз унутганим йўқ. Масалан, ўша йиллари чоп этилган ва катта шов-шув билан ўқилган машҳур адиб Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” тарихий романи ҳақидаги фикр-мулоҳазаларидан ҳайратга тушганман. Эртаси куни инс­титутга дарсга бормасдан китоб дўконларини излаб, “Улуғбек хазинаси”ни топиб, икки кунда ўқиб чиққанман. Яна бир улуғ олим ва академик Иззат Султон ҳақидаги теран суҳбатларидан бениҳоя ҳузур қилганман. Суҳбатдан сўнг олимнинг “Адабиёт наза­рияси”, “Навоийнинг қалб дафтари” китобларини топиб ўқиганман. Гарчи Иззат Султонни кўриб у киши билан гаплашмаган бўлмасам-да, ўша ажойиб суҳбатни ҳамон юрагимда асраб келаман. Улар таърифлаган Иззат Султон мен учун катта зиёли қиёфасида намоён бўлаверади…

Адабиётга ҳам, истеъдодли ижодкорга ҳам ана шундай бағрикенглик билан теран баҳо берар эди, бу икки ижодкор ва икки дўст. Албатта суҳбатлар орасида кемтиклари, саёзлари ҳам бўлар эди. Бу табиий ҳол. Лекин ўша даврларда ижодкорлар ҳозиргидай майда гапларга, ғийбатларга ўралашиб қолмаган эди…

Ҳаёт бир текисда давом қилмаслиги, оила эса ҳамиша шоду хуррамликдан иборат эмаслиги Неъмат Аминов оиласида кутилмаган кўнгилсиз воқеа сабаб содир бўлди. Оила дарз кетди. (Бу ҳақида Неъмат Аминовнинг ҳаёт ва ижодига бағишланган “Виждон қўнғироғи” (Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2021 й.) китобида батафсил ёзганман). Кичик оилавий можародан бошланган воқеа катта жанжалга айланди. Бу воқеага оиланинг яқин кишилари ва дўстлари бўлган Жамол ака ва у кишининг оиласи ҳам аралашибди, деган гаплар тарқалди. Энди бу бўлмағур гапларни Неъмат аканинг аёлларидан чиққанми ва бошқа бировларданми, аниқ гапми ёки миш-мишми ҳеч ким билмайди. “Деди-деди”, “миш-миш”лар икки улуғ ижодкорнинг узоқ йиллик қадрдон, ораларидан қил ўтмас дўстлигига раҳна солди. Ҳамма ҳавас қилиб келган ибратли дўстликка кўз тегди.

Гапнинг очиғи ва дангалини айтсам, бу икки жонажон дўст ғийбат, кўролмаслик ва маҳаллийчиликнинг қурбонлари бўлди. Аслида уларнинг ўртасида раҳна соладиган, дўстликларига жиддий путур етказадиган бирор бир асосли воқеа бўлмаган, гап ҳам ўтмаган…

Бухоролик буюк авлиё Баҳоуддин Нақшбандийнинг: “Агар дўст айбига боқсак, дўстсиз қоламиз, ҳеч ким дунёда беайб эмас”, деган доно сўзларига бухоролик икки дўст, икки машҳур ижодкор андакгина беэътибор бўлдилар чоғи. Бухороликларга хос бир ҳовуч ўрлик ва жиндай ғурур икки дўстга панд берди. Гўё кутиб юргандай кўролмас қора кучлар бу воқеадан унумли фойдаландилар. Тўғриси, қон-қонимизга сингиб кетган ғийбат ва майдакашлик балоси бир умрлик дўстликка соя солди. Уларни ажратиб юборишга астойдил уриндилар. Лекин улар кутгандай бўлмади…

Икки дўст тадбирларда, йиғинларда юзма-юз келганларида саломлашар эди-ю, ҳол-аҳвол сўрашмас эди.  Уларнинг юракларидан нималар ўтган фақат ўзларига аён бўлган, холос.

Назаримда, Жамол Камол “Аё, дўстим…” деб бошланадиган машҳур ғазалини ёза бош­лаганида кўз олдида жонажон дўсти Неъмат Аминовнинг муборак сиймоси нурдай порлаб турган бўлса ажаб эмас:

 

Аё дўстим, сенинг меҳринг

Менинг мулки паноҳимдир.

Қувонсам-қаҳқаҳам, ҳасрат –

Чекарда ўтли оҳимдир…

 

Неъмат Аминов ҳам ҳаётлигида қадрдон дўс­тини кўп эслаган. Бир сафар у киши таржимон ва муҳаррир Шариф Холмуродовнинг айтишича, ундан шундай илтимос қилган экан:

— Укажон, эшитиб қолдим. Сиз ҳозир Жамол таржима қилган “Маънавийи маснавий” китобини биргалашиб нашрга тайёрлаётган экансиз. Биласиз, Жамол билан орамиздан гап ўтган. Ҳаммасидан хабарингиз бор. Мен аллақачон Жамолни кечирганман. Айтинг, илтимос, у ҳам мени кечирсин.

Мен фурсат топиб, Неъмат аканинг илтимосини у кишига айтдим. Шунда Жамол ака бироз сукут сақлаб, секингина: “Биз ҳақиқатан ҳам Неъмат билан жон жигар дўст эдик. Минг афсуслар бўлсинки, бу дўстликка кўз тегди. У менга эмас, балки адабиётдан йироқ, кўп ёлғон айтадиган, бир спортчи қаламкашнинг уйдирмасига ишонди. Майли ўзи билади”, – деб индамай ишини давом эттирди.

Бир умр меҳр-муҳаббат билан Жалолиддин Румий ҳаёти ва ижодини қалбида гавҳардай асраган ва асарларини завқ-шавқ билан таржима қилган Жамол Камол буюк шоирнинг “Дўс­тингни доимо вафо ила ёдга ол, излаган сен бўл, топган сен…  Таниган сен бўл, қучган яна сен…” деган доно ҳикматини юраги ўртаниб ўқиганига ишонамиз. Ва ўзининг ибораси билан айтган “жигар дўсти” бўлган Неъмат Аминовни ҳам аллақачон кўнглида кечириб юборганларига ҳам ишонамиз… Аслида дўстлиги дос­тонга айланган бу улуғ зот ҳаётлик пайтларида бир-бирларини кечирганлари ҳам ҳақиқат…

Катта адабиётимизда бу икки дўст юксак истеъдодлари билан ўзларининг қутлуғ ва нурли изларини қолдириб кетдилар. Жамол Камол ишонч билан ёзганидек: “Битармиз иккимиз ҳам бир китоб, Сен бошқа, мен бош­­қа…” Ҳақиқатан ҳам бир-бирларини такрорламайдиган, адабиётни, мухлисларни ҳамиша ҳайратга соладиган китоблари абадий олтин мерос бўлиб қолди, Бухоронинг икки дилбандидан!..

Энди дийдор қиёматга қолди…

Ушбу кечинмаларга нуқта қўярканман, барибир қалбимдаги улкан армон ва ўкинч сира тинч­лик бермайди: ушбу мақолани улар ҳаётлик пайтларида ёзсам бўлмасмиди?! Айрим катта ижодкорлар, олимларга илтимос қилмасдан, уларни яраштиришга ўзим жиддий киришмаганимга қаттиқ афсусланаман. Икки дўстнинг яқин ошнолари, биродарларига ўхшаб томошабин бўлганимдан надоматлар чекаман. Ҳар икки дўстнинг яна бир дўсти – таниқли адиб Шукур Холмирзаев ёзганидек: “Биз кеч қолиб юрамиз.”

Ашурали ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 5 =