Устоз журналистларга эътибор

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.в.б. Холмурод Салимов бошчилигидаги Уюшма вакиллари бир қатор устоз журналистлар хонадонларида бўлиб, уларни 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни билан табриклаб, фахрий ижодкорларга Уюшманинг совғаларини топширди.

Уюшма вакиллари дастлаб узоқ йиллар Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАда меҳнат қилган фахрий журналист Турсунбой Ботирбеков хонадонида бўлди. Суҳбат давомида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, ёши улуғларни, устоз журналистларни  қадрлаш ва уларнинг тажрибасидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган  ишлар хусусида фикр алмашилди.

— Одам кўнглини одам олади, – деди Т.Ботирбеков. – Сизлар келишингизни эшитиб бир хурсанд бўлган бўлсам, кўриб яна қувондим. Телевизор орқали Президентимиз бошчилигида одамларни рози қилиш бўйича қилинаётган ислоҳотлардан хабардор бўлиб, кўнглим тоғдек кўтарилади. Кўнглимдан қанийди, ёшариб қолсам, журналист сифатида ана шу эзгу ишларнинг кенг ёритилишига ҳисса қўшсам, деган ўй-хаёллар ўтади.

Саксон уч ёшни қарши олаётган Т.Ботирбеков меҳнат фаолиятини 1967 йил Ўзбекистон телевидениеси тизимида бошлаган. 1975-1976 йиллар “Ахборот” муҳарририятида муҳаррир, 1977-1990 йиллар “Хориж хабарлари” бўлими мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир лавозимларида  фаолият юритган. 1990 йилдан пенсияга чиққунича Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида турли лавозимларда ишлаган.  Кўплаб ёшларга устозлик қилган.

Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнбергни халқимиз яхши билар эди.

Ўзбекистон халқ шоири А.Файнбергнинг умр йўлдоши, журналист Инна Ковални биладиганлар ҳам анча. Уюшма вакилларининг кейинги манзили “Московская правда”, “Коммуна”  газеталарида мухбир бўлиб ишлаган, “Народное слово”, “Правда Востока”,  “Вечерний Ташкент” ҳамда  “Ташкентская правда” газеталарида долзарб мавзулардаги мақолалари мунтазам эълон қилинган Инна Коваль хонадони бўлди.

Инна Коваль Тошкент давлат университети, Москва давлат университетида ўқиган ва кўп йиллар юртимиздаги олий таълим муассасаларида журналистикадан дарс берган. Суҳбат давомида устоз журналист давлатимиз томонидан ўз оиласи ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани, тумуш ўртоғи Александр Файнберг хотирасига алоҳида эътибор кўрсатилгани, 80 йиллик юбилейи кенг нишонланганидан ғоят мамнунлигини билдирди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси собиқ раиси (марҳум) Саъдулла Ҳакимга ҳам  сабоқ берганини фахр билан эсга олди.

Уюшма вакилларининг соҳа фахрийлари хонадонларига ташрифи давом этмоқда.

 

Оққўрғоннинг фидойи фарзанди

 

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида таниқли журналист,  “Оққўрғон овози” газетаси муҳаррири Абдулла Маъдиевнинг 75 ёшга тўлиши муносабати билан ижодий кеча ўтказилди. Унда устоз журналистнинг дўстлари, яқинлари, шогирдлари, вилоят, туман ва шаҳарлардаги оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган журналистлар, қўшни республикадан, Хоразм вилоятидан келган меҳмонлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.в.б. Холмурод Салимов мамлакатимизда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, ёши улуғларнинг ҳурматини жо­йига қўйиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг тажрибаларидан самарали фойдаланиш, юбилей ёшини нишонлаётган фахрийларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишда муҳим омил бўлмоқда.

Абдулла Маъдиев меҳнат фаолиятини 1966 йил хўжалик бошқаруви котиблигидан бошлаган бўлса, бир неча йиллар мобайнида маҳаллий бошқарув тизимининг турли бўғинларида ишлаган. 1988 йилдан “Оққўрғон овози” газетасига ишга ўтиб, роппа-роса 35 йилдан буён таҳририятга раҳбарлик қилиб келмоқда.

Ижодий кечада Оққўрғон тумани ҳокими Алишер Каримжонов, Ўзбекис­тон халқ шоири Маҳмуд Тоир, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими вакили Наримон Дадабоев ва бошқалар табаррук ёшни қаршилаган А.Маъдиевнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида сўз юритиб, устозга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, ижодий қувват тилади.

Мухтасар айтганда, ижодий кеча самимий табрик ва қутловларга бой бўлди.  Абдулла Маъдиев шеърлари асосида санъаткорлар томонидан ижро этилган қўшиқлар тадбирга янада файз бағишлади.

Тадбир якунида А.Маъдиевга бир қатор ташкилотлар, хусусан, Ўзбекис­тон Журналистлар уюшмаси ва унинг Тошкент вилояти бўлими совғалари топширилди.

 

“ТЫНЫШЛЫҚ САҚШЫСЫ” – “ТИНЧЛИК ПОСБОНИ” газетаси — 20 ёшда

 

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг “Тынышлық сақшысы” — “Тинчлик посбони” газетаси ташкил этилганига 20 йил бўлди.

2003 йил 14 март куни Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буйруғи асосида газетани ташкил қилиш ҳақида қарор қабул қилинди. Дастлаб газетанинг номланиши бўйича танлов ўтказилди. Танлов якунига кўра, нашр “Тынышлық сақшысы” — “Тинчлик посбони”  деб номланди.

Шундан буён “Эл-юрт тинчлиги учун!” шиори билан чоп этилиб келинаётган газета бугунги кунда ўзининг 20 йиллигини нишонламоқда.

“Тынышлық сақшысы” — “Тинчлик посбони” газетаси саҳифаларида Ички ишлар вазирлигининг фаолияти, соҳа ходимларининг олиб борилаётган ишлари, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиликлар кенг ёритилмоқда. Газетага А.Абдимуратов бош муҳаррирлик қилади.

Бугун газета таҳририятида журналистлар Қ.Сейтмуратов, Ў.Ерманов, П.Жиемуратов, фотомухбир А.Пахратдинов ва бошқалар нашрнинг сифатини янада яхшилашда, газета ўқувчиларига янгиликлар ва хабарларни етказиб беришда жонбозлик кўрсатмоқда.

“Тынышлық сақшысы” — “Тинчлик посбони” газетаси ижтимоий тармоқларда (https://t.me/tinishliq_saqshisi) ҳам ўз ўқувчиларига эга.

 

Фахрий журналист ёшларни ўқитмоқда

 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими томонидан нафақада бўлган журналистлар билан яхши алоқа ўрнатилган. Фахрийлар ҳолидан тез-тез хабар олиниб, улар моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб  келинмоқда. 9 май — Хотира ва қадрлаш куни арафасида ҳам узоқ йиллар матбуот соҳасида ишлаган устозларга эҳтиром кўрсатилди.

Нафақада бўлишига қарамасдан фаолият олиб бораётган фахрий журналистлар билан ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳам эътиборга молик. Хусусан, “Қашқадарё томорқачилари ва тадбиркорлари” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Дилбар Кенжаева Уюшма вилоят бўлими томонидан ўтказилаётган тадбирларда ва “Ёш журналистлар” мактаби машғулотларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Тажрибали журналистнинг ҳаёт йўлига назар ташласак, Дилбар Кенжаева 1978 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаб, “Қашқадарё” (собиқ “Қашқадарё ҳақиқати”)  газетасида мухбир сифатида иш бошлаган. 2000-2012 йиллар оралиғида шу газетанинг ижтимоий масалалар ва экология, таълим, маънавият, давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ, маҳаллий Кенгашлар, сиёсат ва халқаро ҳаёт бўлимларида муҳаррир бўлиб фаолият юритган.

Қалами ўткир Дилбар Кенжаева вилоят ва республика миқёсида ўтказилган қанчадан-қанча кўрик-танловларда ғолиблар сафидан жой олди. 2012 йили “Олтин қалам” VII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг совриндори бўлди.

Айни пайтда фахрий журналист Д.Кенжаева “Қашқадарё томорқачилари ва тадбиркорлари” газетасида  фаолият олиб бориш билан бирга ёшларга устозлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси Ахборот хизмати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − four =