Миллий ғурур — ватанпарварлик чироғи
Устоз нимаики айтса, шогирд уни жон дили билан эшитиши, чин кўнгил билан қабул қилиши ва олган билим ҳамда малакасини амалда адо этиши керак.
Хусайн Воиз КОШИФИЙ
Ардоқли шоирларимизнинг бири ёзган “Ўзбек, Ўзбекистон” деган қасида-шеърида ўзбек халқининг ғурури ва ватанпарварлиги ёрқин уфуриб тургандек. Ушбу сатрларни қайта-қайта ўқийман:
Тарих ёзаверсам… осмон эрур паст,
Бугун истиқлолни куйлагайман, бас,
Ватаним эртасин буюклиги рост,
Юртбошидир сарбон, йўлдадир карвон –
Ўзбек, Ўзбекистон!
Йиллар ўтаверади, дунёда ўзбек халқи ўзлигини намоён қилаверади. Иймон-эътиқоди, миллий ғурур ва Ватан туйғуси маънавий куч-қувват бўлиб, олға бошлайверажак. Зеро, Ҳазрати Алишер Навоийнинг:
Эл нетиб топғай мениким,
Мен ўзимни топмасам
деган пурмаъно сатрлари ўзбекнинг миллий ғурури, халқпарварлиги, олийжаноб миллат эканлигидан далолат эмасми? Қайси миллат ўзининг иззатини, қадр-қимматини жойига қўя олса, бошқа элатга меҳр-оқибати ортади, у жаҳон ҳамжамиятида улуғ миллат вакилига айланиб, халқаро ҳурмат топишига шак-шубҳа йўқ!
Миллий ғурур ва ватанпарварлик неча асрлардан буён ўзининг инсонпарварлиги билан муштаракдир. Не инсонлар, не истиқлолчилар ўтмади бугунни қўмсаб! Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Мустафо Чўқай, Аҳмад Закий Валидий, Файзулла Хўжаев ва яна юзлаб, минглаб ўзбек, бошқа миллатлар зиёлилари миллат ҳамда элат софлиги, озодлиги, мустақиллиги учун жон фидо қилдилар, босқинчиларга қарши аёвсиз кураш бошладилар.
“Эй муқаддас Туроним, сендан айрилмоқ менинг учун ўлим… Паноҳим, саждагоҳим, умидим! Ёвлар сени шу кунгами солдилар! Дунёнинг бутун балолари бошимга тўкилса, зулм чўлининг темир тиконлари кўзимга кирса, яна сени қутқараман!”. Эвоҳ! Бу қалб нидоси – фақат Фитрат эмас, ўзбек халқининг фарёди, истиқлолчилар шиори эди.
Шу боис ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайд қилди: “Умуман, биз жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганишимиз керак. Бу маънавий хазинани қанча кўп ўргансак, бугунги кунда ҳам бизни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топамиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади”.
ХХ аср бошларида-чи? Улуғ бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон учун тараққиёт йўли – бу халқлар ва элатлар ҳамкорлиги, эволюцион йўл деб кўрсатиб, большевикларнинг зўравонлик йўлига қарши эканлигини баралла айтган ҳамда миллий ғоя ва ғурурнинг имперализм ривожи давридаги ўзига хос мафкура эканлигини ифода қилган эди. Мана сизга далил, узоқни ва порлоқ истиқболни кўра билиш… Бундай ғоя ва ғурурни фақат миллат фахри бўлган ўзбек кишисигина олға олиб чиқади. Бироқ ўша “коммунистик мафкура” инқилобчилари минг хил найранг билан маърифатчи Беҳбудийни жисман йўқ қилиш йўлини топадилар.
Миллий ғоя ва ғурурнинг тагдор – ватанпарварлик илдизлари миллий-озодлик ҳаракати тарихимизга “босмачилик” ҳаракати деб кирган, аслида халқ қаҳрамонлари бўлган миллат фарзандларининг 1918-1931 йиллардаги кураши билан чамбарчас боғлиқдир. Миллат миллий ғояси ва ғурури йўл-йўриқ, миллат ва халқнинг истиқболи, келажаги учун маънавий озуқадир. Шу ўринда Фарғона воҳасидаги ислом лашкарлари кўмондони Иброҳимбек шўро Туркистони раҳбарияти билан сулҳ тузишни таклиф қилди, унинг сафдоши Шермуҳаммадбек: “Шўроларга ишонманглар, улар халқни алдайди”, деган эди.
“Туркистон мухториятида тинч ҳаёт қарор топиши учун сизнинг фикрингизча, нималар қилиш керак?” деган саволга Иброҳимбек қатъий ва кескин жавоб берди: “Биринчидан, савдога йўл қўйиш, жойдан-жойга кўчиш эркинлиги; иккинчидан, мулкни мусодара қилишни тақиқлаш, адолатли судни жорий қилиш, учинчиси, тинч-тотув яшаш, вақф ерларини эгаларига қайтариб бериш”.
Буюк ва улуғ алломаларимиз чуқур тафаккурлари ва ғоялари билан миллий тараққиётга асос солган ал-Беруний, Ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, ал-Бухорий, ат-Термизий, Хўжа Аҳмад Яссавий, Амир Темур, Хўжа Аҳрор Валий, Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Бобораҳим Машраб, Огаҳий, Бердақ каби боболаримиз олдида ҳамиша таъзимдамиз, улур билан ғурурланамиз. Чунки уларнинг бебаҳо мероси ҳамиша бошимизни баланд, қаддимизни тик қилади, ўзбек халқининг буюк давлатчилик ривожида жаҳон айвонида туриб, ўз иймону руҳлари билан қўллаб-қувватлайдилар. Дарвоқе, янги Ўзбекистон асосчиси Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси тарихида илк маротаба – 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаб: “Бундан уч йил муқаддам мен Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг олий минбаридан Ўзбекистоннинг туб ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қарори қатъий эканини айтган эдим. Жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон шаклланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди”, деган қаътий ўтли сўзлари ҳар бир ватандошимизни ғурур ва ифтихорга чўлғади.
Ўзбек халқининг ватанпарварлиги – ўтмиш бўлмай, бугунги кунда ҳам яққол намоён бўлмоқда: кексалар ва улуғларга ҳурмат, ёшларга меҳр-шафқат, бечора, ғариб мискинларга, етимларга хайр-саховат, ота-онанинг кўнглига қараб иш тутиш, дўстларга, қариндош-уруғларга яхшилик қилиш, бошга ташвиш тушганида ғамхўр, мададкор бўлиш, топганини яхшиликка сарфлаш ва бошқа жуда кўплаб миллий қадриятларимизда равшан кўринади. Аммо халқимизнинг мана шу нодир фазилатларини эгаллаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бу миллий меросдан бебаҳра одамлар ҳам борки, улар худбинлиги, бахиллиги, ҳасадгўйлиги, очкўзлиги, ғаразгўйлиги билан ўзбек халқининг обрўйини тўкадилар. Бундай одамларга халқимиз “яхши одам эмас”, деб дангал айтиб қўя қолади! Ватанпарварлик – бу келажак учун кураш, меҳнат қилмоқ шарофатидир. Курашиш эса яхшиликка, эзгуликка, инсон орзу қилган орзу-умидларга олиб келади!
Миллий ғоя ва мафкурани ўз онгига сингдирган туйғу инсон учун табиийдир. Чунки ўзбек боласи ота-онасидан мерос қилиб олган ва ота-онасига, бутун дунёга айтган биринчи сўзида: меҳр-мурувват, ғурур, инсонпарварлик ва ватанпарварлик ифода қилинади. Ўз халқининг миллий ғоясига, анъаналарига, тили ва маданиятига муҳаббат ва катталарга ҳурмат ва иззатни тарбияламасдан туриб, ўз халқини миллатларнинг бутун жаҳон наздида тенглардан тенг ҳамда ўзлигини англаганлардан бири сифатида идрок қилувчи ҳақиқий инсонни, ўз Ватан жонкуярини тарбиялаш мумкин эмас.
Шу ўринда фахр ва ғурур ила муҳтарам Шавкат Миромоновичнинг янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқидан иқтибос келтирсак: “Жонажон ватанимиз тимсоли ва мустақиллигимиз рамзи бўлган давлат байроғимиз, мадҳиямиз ва гербимизга менга топширилган Президентлик олий нишони ва байроғига юксак ҳурмат бажо келтираман.
Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланишимни Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб бораётган сиёсатимизнинг юксак эътирофи сифатида қабул қиламан”.
Дарвоқе, инсон ғурури ва ватанпарварлик оламининг юксалиши? деганда нимани тушуниш керак. “Оллоҳнинг ўзи бизга буюрган ғурурли инсон бўлиш, ҳалол ва адолат билан ҳаёт кечириш, Ватанни саждагоҳ каби асраш” бўлиб, ушбу қоидани тушуниш ҳамда эътироф этишнинг ўзи кифоя эмас, балки айнан шу эътиқодга амал қилиб яшаш, яъни асосий мезонга айлантириш керак! Такрор айтишга тўғри келади: ота-оналар, устоз-мураббийлар бу масалада ҳушёрликни йўқотмаслигимиз, ёшлар тарбиясида асло бепарво бўлмаслигимиз зарур. Президент: “Янги Ўзбекистон – инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлатдир”, деган мавзуда Ўзбекистон либерал демократик партиясининг Х съездидаги нутқида қайд қилган эди: “Ички ишлар органларини халққа ва ҳар бир оилага янада яқинлаштириш, бу тизимни чин маънода халқчил тузилмага айлантириш борасида бошланган ислоҳотларимизни изчил давом эттирамиз.
Айниқса, бу соҳани маънавий пок, ўз бурчига содиқ, халқпарвар ва масъулиятли ходимлар билан тўлдириб боришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Бундан буён ички ишлар органлари фаолиятини баҳолашда аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва фуқаролик мурожаатлари билан ишлаш натижадорлиги асосий мезон этиб белгиланади.”
Маълумки, қаерда камчиликлар рўй-рост айтилмас экан, у жойда ижобий ўзгариш ҳамда барча муаммоларни бир кунда, бир ҳамла билан ечиб бўлмайди. Маънавий баркамол авлод ғурури ва ватанпарварлигини тарбиялаш бир умрлик иш. Аммо ҳар бир ишда ёлғон қадамлардан, осон ечимлар қидиришдан эҳтиёт бўлмоғимиз жуда муҳим.
Тарихдан биламиз, Марказий Осиё халқлари, айниқса зиёлилари азалдан башариятнинг тафаккур хазинаси бўлмиш илм-фан, маданият, ватанпарварлик ва қадриятлар тараққиётига унутилмас ҳисса қўшиб келганлар. Демак, уларнинг бой ва ранг-баранг мероси миллий қадриятларимиз ҳамда замонавий илм-фан ютуқлари билан ижодий равишда юксалиб, келажак авлоднинг тафаккури ва дунёқарашини ғуруримиз ҳамда ватанпарварлик қадриятларини юксалтирган ҳолда бунёдкорлик фаолиятини ошириш – янги Ўзбекистон давлатчилиги пойдеворини мустаҳкамлашнинг асосий гаровидир! Ҳар биримизнинг азиз Ватанимизга меҳримиз чексиз. Шу буюк меҳр бизни жонажон юртимизни асраб-авайлашга, ҳамжамият ва аҳил яшашга, яратилаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланишга ундаб туради. “Энг муҳими бугун халқимиз дунёқараши ўзгарган, эзгу мақсадларга эришишга катта ишончи шаклланган. Демак, Тараққиёт стратегиямизда кўзланган мақсадлар ва ундан кейинги қутлуғ марраларни забт этишимизга ҳеч кимда шубҳа йўқ”, дейди Президент Шавкат Мирзиёев.
Албатта, ҳеч бир халқ ўзлигини англаган ҳолда, миллий маданияти ва қадриятларини асраб-авайламасдан туриб, бошқа халқларнинг қадриятларига ҳурмат билан қарай олмайди. Янги Ўзбекистоннинг куч-қудрати халқимизнинг умуминсоний қадриятларига содиқлигидадир. Жамият тараққиётининг муайян босқичларида ижтимоий ҳодисаларга муносабат хилма-хил тарзда намоён бўлади. Хусусан, мустақиллигимизнинг биринчи кунидан бошлаб ҳаётимизнинг барча жабҳаларида “Қадриятлар”, “Миллий тикланиш”, “Миллий онг”, “Миллий ғурур” “Миллий ватанпарварлик” каби атамалар тез-тез ишлатиладиган бўлиб қолди. Бу бежиз эмас, албатта.
Зотан, ғуруримиз, Ватанимизга бўлган меҳр-оқибат, унинг “Инсон қадри учун” тамойилига асосланади. Муҳтарам Президентимиз бу борада ҳақли равишда таъкидладилар: “Миллий қадриятларимизда алоҳида ўрин тутадиган авлодлар ўртасидаги анъаналар давомийлигини сақлаш, уруш ва меҳнат фахрийларининг, муҳтарам отахон ва онахонларимизнинг ҳаётини янада мазмунли қилиш нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимизга айланмоқда. Шунингдек, биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда азму шижоатли ёшларимизни халқимизнинг чинакам таянчи ва суянчи, деб биламиз”.
Энди икки оғиз ўзбекчилик ҳақида. Шуни ҳам айтиш керакки, бундан миллий чекланиш, ўз қобиғида ўралиб қолиш маъноси чиқмайди. Минг йиллардан буён “ўзбекчилик” деган олижаноб тушунча борки, баъзи бировлар нотўғри талқин қилиб, ҳатто “миллатчилик” деган ғояни илгари сурмоқчи бўладилар. Ёки айрим раҳбарларнинг ердан оёғи узилиши: худбинлик, лоқайдлик, хасад, кўра олмаслик, манманлик кабилар. Зеро, ҳар бир миллатнинг ўз ғояси ва мафкураси, ғурури, ифтихори, ўзлиги, менталитети, яъни миллий ҳаёт тарзи бўлмаса, у миллат бўлиб шаклланмайди.
Ёки инсон боласи дунёга ўзи келиб, ўз-ўзидан тарбияланиб, бирон-бир касб эгаси бўла олмайди. Болани ота-она дунёга келтиради, жамият ва давлат унга тарбия ҳамда таълим беради, касб-корга эга бўлади. Демак, ҳар бир мутахассисда ота-она, жамият ва давлатнинг маънавий ҳаққи бор. Ватанпарвар ўз халқининг оғир кунларида у билан бирга бўлади, халқнинг яхши ва ёмон кунларини бирга баҳам кўради. “Бойлигинг бўлса – Ватанимсан, бўлмаса душманимсан, қабилида иш юритмайди! Ўзга юртларда яшаб, унга таълим-тарбия берган, касб-ҳунар ўргатган халқни “нодемократ”, “инсон ҳуқуқларини бузувчи” деб атамайди, балки ўз билими ва касб-кори билан умргузаронлик қилаётган Ватанини ривожлантиришга ҳаракат қилади. Ўз бойлигини Ватан бойлигидан излайди”. Ҳинд халқининг давлат ва жамоат арбоби Индира Ганди шундай таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, миллий ғоя айнан шундай ватанпарварларни тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросини ҳақиқий ватанпарварларга айлантириш миллий ғоянинг тарихий миссиясидир. Бундай талаб мутахассисларнинг қоғозда эмас, амалда бўлишини англатади. Ҳеч кимга сир эмаски, мутахассисликни эгаллашнинг ягона йўли – билим олиш, малака ошириш. Билим эса китоб мутолаасини талаб этади. Инсон китоб ўқиш, ўқиш ва ундан ҳаётда малакавий фойдаланиш мантиғини ўрганмас экан, ҳеч қачон улғаймайди, ривожланмайди, мутахассисликни яхши эгаллай олмайди!
Сир эмаски, айрим ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшлар: “китобсиз амалиётнинг ўзи билан мутахассисликни эгаллаш мумкин”, “китоб – бошқа, ҳаёт бошқа” каби янгилиш тушунчалар билан фикрлайдилар. Бу янгилиш фикр касбий мутахассисликни эгаллаш йўлидаги маънавий ва ахлоқий-руҳий ғовдир. Бундай фикр жамият учун, инсон учун ўта хавфли фикрдир. Демак, китобга нисбатан нигилистик муносабатни маънавий таҳдид сифатида қараб, унга қарши курашиш зарур!
Шу сабабдан ҳам илмий назарияни амалиёт билан қўшалоқ ҳолда олиб борган шахс пухта ва теран фаолият кўрсатади. Демак, яхши мутахассис бўлиш учун биринчи галдаги вазифа билим, яъни унинг манбаи китобхонлик маданиятини эгаллаш ва ошира боришдир. Ҳозирги замон ахборот технологиялари, жумладан, интернет китобхонликка салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим. Ҳақиқат интернетда эмас, илм-фандадир. Интернетга билим олишни назорат қилиш воситаси сифатида қараш керак.
Фикрдан фикр, асосий муддао шуки, миллий ғурур ва ватанпарварлик ғояси замонавий кадрларнинг юксак маънавиятли, янги Ўзбекистоннинг кенг қамровли мутахассиси бўлиб етишишларини объектив заруриятга айлантиради.
Карим НОРМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Қуролли Кучлар академияси профессори,
тарих фанлари доктори