Қалъалар ичида яна бир қалъа

Ўзини ижодкорман деб юрган шоир, ёзувчи ёки журналист борки, ўзи туғилган тупроқ, ёшлиги ўтган кўча ёинки кўзини юмганида энг гўзал кўринадиган макон – Ватани ҳақида, албатта, қалам тебратади. Мен ҳам ҳаваскор ижодкор сифатида қадрдон Элликқалъам ҳақида, унинг ўтмиш тарихи, маданияти, урф-одатлари, муқаддас қадамжолари, бу ерда умргузаронлик қилаётган одамлар ҳақида ёзмоқчиман. Бу менинг — фарзандлик бурчим.

Ҳа, ҳаммага ўхшаган одамлар-да дерсиз,  аслида ҳам шундай, аммо ҳурмат-эҳтиромга лойиқ саховатли инсонлар, сиз танимайдиган қаҳрамонлар яшайди менинг қалъамда. Очиғини айтганда, буни мен ҳам Тошкентга келиб, юртимдан  олислаганимда сезганман. Авваллари “юрт соғинчи” деган иборага кўзим тушса, эътибор бермас эдим. Тошкентда бир ҳафта яшаганимдаёқ бу соғинчни ҳис этдим. Катта шаҳарнинг ёруғ кўчалари, боғ ва хиёбонлари, маҳобатли иморатлари хаёлимни банд этади, аммо кўзларим Элликқалъа кўчалари, хиёбонларини қидиради. Пойтахтда ҳамма ҳам бир-бирини танимайди,  албатта. Элликқалъада бўлса кўплар минг йиллик қадр­донлардай бўлиб кетишган. Бундан атиги беш-олти йил аввал элликқалъаликлар Тошкентга бориб келишса, худди хорижга сафар қилгандай хурсанд бўлишар эди. Бугун бу ерда ҳам жуда кўп нарса ўзгарди, Тошкент эса кун сайин эмас, соат сайин ўзгариб, дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланмоқда. Шундай бўлса-да, ўзинг туғилиб ўсган жой соғинчи ҳамма нарсадан афзал экан. Чунки, бу ернинг суви, ҳавоси, гул-райхонлари вужуд-вужудимга сингиб кетган, боғча, мактаб, кўчалар-у ҳосил далаларига элтувчи сўқмоқларда, ўтмиш тарихнинг не-не сир-синоатларига гувоҳ қалъалар по­йида менинг изларим, Элликқалъа осмонида  ёшлик хаёлларим, чароғон кечаларида орзу-­умидларим қолган. Муболағага йўйманг: бу ернинг ҳатто қиш-қировли кунларида ҳам ажиб бир латофат, нафосат бор. Одамлари содда, аммо дилкаш, мурувватли,  бу ерга келган меҳмонлар билан   бир зумда   дўст-қадрдон бўлиб кетишади, дилдан гаплашгилари келади.

Амударёнинг  ўнг  қирғоғида жойлашган, мозий нафаси ҳамон уфуриб турадиган қадим  қўрғонлари  билан оламга машҳур, не-не  улуғ зотларнинг  қадами теккан,  бугунги  кунда фидойи,  меҳридарё  инсонлари  меҳнати  боис  яна боғу бўстонга  айланган Элликқалъа ҳақида шеър ёзмаган, қўшиқ куйламаган, мадҳиялар битмаган ижодкорни топиш қийин. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов бу қутлуғ маконга эҳтиромини шундай ифодалаган эди:

Гулдан гулга  қўниб саҳар  палладан

Болари  бол  йиғар   қирдан,  даладан,

Шоир  ҳам  болари  бўлсайди  агар,

Ишни  бошлар  эди  Элликқалъадан.

Элликқалъага алоҳида меҳр қўйган устоз шоирлар Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева, Матназар Абдулҳаким, Маҳмуд Тоир, Иқбол Мирзо, Эркин Самандар, Ошиқ Эркин, Отабек Исмоилов ва яна бошқа кўплаб ижодкорларнинг шеърлари бу ерда ёддан ўқилади, қўшиқ қилиб куйланади.

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо қаламига мансуб қуйидаги сатрларни ҳаяжон, ғурур ва фахр билан  ўқиймиз:

Сирга тўлиб ётар чексиз далалар,

Ўйга чўмиб ётар кўҳна қалъалар.

Дарё хотираси – ултонларда сир,

Ҳирқа кийган дарвиш султонларда сир.

Аёзқалъа, Тупроққалъалар бугун

Асрор чилвирида чигал бир тугун.

Тўкилган, нураган мазгиллар қатор

Олам жумбоғини ачомлаб ётар…

Сирли қалъаларда сир босиб юрдим,

Қалъалар ичинда бир қалъа кўрдим.

Ертепа бўлса-да бошқа қалъалар,

Бу қалъани мангу баҳор аллалар.

Элликқалъда ўтадиган маданий-маърифий тадбирларда Матназар Абдлулҳаким шеърига басталанган  қуйидаги қўшиқ ҳамиша янграб туради:

Минг-минг йилдан чуқурроқдир илдизлари, 

Фалаклардан юксакроқдир юлдузлари, 

Сувлар тўла балиқлари, қундузлари,

Меҳнат, ижод билан банд тун кундузлари,

Қўли қадоқ, манглайлари терлик қалъа — 

Элликқалъа.

Жаннатмакон маъводир бўстон, боғлари, 

Янги ойда тикка ҳилолдир моҳлари,

Тарқаб кетар борганнинг дил сиёҳлари,

Минг бир дардга малҳам бўлғай гиёҳлари, 

Aзал-абад серхосият, эгилик қалъа — 

Элликқалъа.

Ҳар гал туманимга борганимда уйимизга мен таниган-танимаган ёшлар  келиб, атрофимни ўраб олишади, пойтахт янгиликлари, ўқишим ҳақида адоқсиз савол беришади, сўнг мендан… битта ручка совға қилишимни сўрашади.  Негалигини  яхши биламан — улар ҳам мен каби талаба бўлиб, Тошкентда ўқишни хоҳлашади. Мени Тошкентда ўқиб, кўп нарсаларга эришаётган истеъдодли ёшларга менгзашади. Мен эса бироз ноқулай сезаман ўзимни. Ҳа, пойтахтда ўқияпман, бу ерда ҳамма ша­роитлар бор, аммо ҳозирча  катта марраларни эгаллаганим йўқ, ҳолбуки, талабалик чоғидаёқ эл-юртга танилган ёшлар оз эмас. Демак, ҳаракат қилишим керак. Мендан ручка олаётган ёшларнинг ишончидан ўзимни янада дадил ҳис қиламан. Уларнинг чақноқ кўзларига қараб, бахтли талабалардан ўзимнинг ҳам ручка йиғиб юрган ўқувчилик йилларим ёдимга тушади.

Айтишим керакки, бизни ўта талабчанлик билан ўқитишган. Мактабимиз математикага ихтисослашгани боис, ҳар чорак якунида ўқувчилардан тест олинарди. Йиқилсак, бу гап бир зумда бутун қишлоққа маълум бўларди, фалончининг боласи лицейдан йиқилибди, деган таънадан уялиб, кундузи уй ишларини қилардик, кечаси билан дарсга тайёргарлик кўрардик. Лекин энг яхши ва ёқимли гап бу — “фалончининг ўғли ёки қизи  Тошкентга ўқишга кирибди” деган хабар эди. Ҳамма уни уйига таб­риклашга борар, ҳамма у ҳақида гапирар эди. Менинг ўзим шундай бахтли талабалардан 32 та ручка йиққанман. Омад қуши бошимга қўниб талаба бўлсам, журналист бўлиб, ўзим ҳурмат қиладиган, яхши кўрган инсонлар ҳақида  ёзишни орзулаганман. Шундай инсонлардан бири Йўлдош ота исмли отахон эди.

Йўлдош отани биринчи марта кўрганимда 5 синфда ўқир эдим, ҳали ҳануз юзлари эсимда, барчамизни қизим, ўғлим дерди. Биз ўша вақтлар пахта теримига чиқардик, Йўлдош ота ўқувчиларни эҳтиётлаб, бизларни шахсий машинасида далага олиб борарди. Бутун қиш­лоғимиз Йўлдош отанинг бизни илмли қилиш учун қилган ҳаракатларини қадрлайди, ҳалигача эслайди. Устоз Ҳаж зиёратини  адо этгандан кейин  оламдан ўтдилар. Ким қандай тасаввур қилади, аммо  жаннатий одам дейишса  кўз олдимга Йўлдош ота келади.

Элликқалъалик талабаларнинг кўпи бакалавр дипломини қўлга олгач, туманга қайтишади. Баъзилар эса, пойтахтда шунча ўқиб, энди орқага қайтаманми, дейишади. Майли, ҳамманинг ихтиёри ўзида.

Туманимизнинг таниқли кишилари ҳақида сўз кетганда, бир мен эмас, жуда кўпчилик биринчилар қаторида ажойиб инсон, ташкилотчи раҳбар туманнинг собиқ ҳокими — Неъматилла Худойбергановнинг номини тилга олишади. Бу тиниб-тинчимас инсоннинг одамлар оғирини енгил қилиш, турмуш шароитини яхшилаш,  турли  муаммоларни ҳал қилишдаги хизматлари, ташкилотчилик фаолияти кўпчиликнинг ёдида. Шу инсоннинг югуриб-елиши, жон куйдириши билан Элликқалъада узоқ йиллар адабиёт ва санъат байрамлари муттасил ўтказиб турилди, улуғ ҳофиз Отажон Худойшукуров хотирасига бағишланган танловларда ёшлар ўз истеъдодларини намойиш қилиб, Элликқалъадан пойтахтга — санъат ва маданият масканларига учирма бўлдилар.

Ушбу сатрларни қоғозга туширишимга яқинда чоп этилган “Эллик биринчи қалъа” номли китоб сабаб бўлди. Унда Ўзбекистон Қаҳрамонлари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қаипбергенов, таниқли ижодкорлар Омон Матжон, Муҳаммад Али, Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Маҳмуд Тоир, Ошиқ Эркин, Матназар Абдулҳаким, Аҳмаджон Мелибоев, Муясар Раззоқова ва бошқа қирқдан ортиқ муаллифларнинг кўҳна Элликқалъа ҳақидаги дил сўзлари жамланган. Уларни мутолаа қилган ўқувчи кўз ўнгида она юртим ўзининг бор жилоси билан намоён бўлади.

Диловар ЗАРИПОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × five =