Тадбирли чол
Қадимги замонда Хажжож деган ўта бир золим ҳукмдор бўлган экан. У элга зулм қилишда тенгсизлардан экан. Нимадир бўлибди-ю бир куни оддийгина кийиниб қишлоқларга чиқибди. Йўлда унга бир қари чол йўлиқибди.
— Хў-ўш, бобо, аҳволлар қалай?
— Жуда ёмон. Ҳаммамиз ўлардай оч, фақат тўлаймиз хирож, — дебди.
— Ҳукмдорингиз қандай одам, розимисизлар?
— Э, сўраб нима қиласан. Умуман рози эмасмиз. Ўта золим-ку.
Бу гапдан Хажжож ғазабланиб:
— Ҳой бобо, менинг кимлигимни биласанми ўзи, — дебди.
— Йўқ, кимсан?
— Ўша золим деганинг Хажжож мен бўламан!
Чол қараса иш пачава. Энди бирон нарса ўйлаб топиш керак.
— Сен ўзинг-чи, менинг кимлигимни биласанми? — дея бўш келмабди чол ўлгудай қўрқиб кетган бўлишига қарамай, ўзини пинагини бузмагандай кўрсатиб.
— Кимсан?
— Билмасанг билиб қўй. Мен шу қишлоқнинг машҳур девонаси бўламан. Ҳар кун шу маҳалда девоналигим тутиб, оғзимга келганини гапиравераман.
Хажжож чолнинг доно, устамонлигидан зумда жаҳлдан тушиб, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборибди. Сўнг:
— Девона бўлсанг ҳам мард экансан. Хажжожга ҳали ҳеч ким бундай гап айтмаганди, — дея унга ҳадялар берибди. Энг муҳими, халққа зулм қилишдан тийилиб, элга қайишадиган кўп хайрли ишларга бош бўлибди.
Азамат ХУДОЙБЕРГАН