Франция қаршилик ҳаракатининг ўзбекистонлик қатнашчиси

Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ҳамюртларимиз ҳамда хорижий давлатлар жангчилари томонидан намойиш этилган жасорату қаҳрамонликлар, абадий жудоликлар, келтирилган мислсиз қурбонлар тўғрисида ҳикоя қилиш, ўтганлар хотирасини ёдга олиш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш бугунги кунда бахтли ҳаёт кечираётган биз авлодлар учун ҳам фарз, ҳам қарз.

Шу мавзудаги ҳикоямиз Европада немис фашистларига қарши курашган Франция қаршилик ҳаракатининг ўзбекистонлик қатнашчиси,  ҳамюртимиз, тошкентлик ўқитувчи Андрей Андреевич Айрапетов ҳақида.

Минг-минглаб, айрим ҳолларда юз минглаб аудитория билан алоқага чиқадиган журналистнинг шифокор-жарроҳ каби хатоликка йўл қўйишга ҳаққи йўқ. Собиқ Иттифоқ даврида Россия телевидениесининг “Время” дастурида мухбирлик қилаётган пайтларимда бир одат бўлар эди. Менинг иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, сейсмология ва бошқа махсус билимларни талаб қиладиган мавзулар бўйича шу соҳанинг чуқур билимдонларидан, кўпинча улар олимлар бўлишар эди, жамоатчилик асосида маслаҳатчиларим бўлар эди. Ўз соҳасида бирон-бир янгилик бўладиган бўлса, улар тезликда менга хабар қилишар ва мен бу янгиликларни саралаб, Москвадаги кураторим билан келишиб, иш режамга киритар эдим. Улар ҳақида ин­тервью, репортаж, лавҳалар тайёрлар эдим. Телевидение талабларидан келиб чиқиб маслаҳатчиларим менга яхши маънода шов-шувга сабаб бўладиган, муҳим, ҳали “теша тегмаган” мавзуларни айтиб туришарди. Бу таниш-билишларимни кейинги журналистик фаолиятимда ҳам сақлаб қолишга ҳаракат қилдим.

Қишлоқ хўжалик масалалари бўйича кўнгилли маслаҳатчим, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтининг тажрибали селекционер олими Георгий Айрапетов бир куни:

— Мен сенга ҳеч ботиниб айта олмай юрган эдим, ҳозир айтмасам, кеч бўлади, — деди-да, отасининг ўтмиши ҳақида гапириб кетди.

Отаси Андрей Андреевич Айрапетов Иккинчи жаҳон уруши бошлангунга қадар Тошкент марказидаги мактаблардан бирида рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган экан. Урушга ҳам ана шу иш жойидан чақирилган.

— Менинг отам урушда асрга тушгандан кейин Францияга қочиб, у ерда ҳам Франция қаршилик ҳаракатининг қатнашчиси сифатида француз партизанлари ҳаракатида иштирок этган. Мана, урушнинг тугаганига ҳам 50 йил бўлаяпти (1994 йили эди – муаллиф), лекин у ҳалигача Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси мақомини олгани йўқ, пенсияси ҳам ўрта ишчининг нафақаси қатори. Ҳозир 90 га тўлаяпти, энди унга кўп нарса ҳам керак эмас, лекин номини оқлаш унинг учун ва биз фарзандлари учун муқаддасдир1. Ҳаётдан наҳотки шундай ҳолда ўтиб кетаман? — деб йиғлайди қария. Ҳарбий комиссариатга ҳеч нарсани тушунтириб бўлмаяпти, ҳукуматга қилган мурожаатларимиз яна ўша комиссариатга бориб тақалиб қолаяпти. У халқ олдида, жамоатчилик олдига чиқиб бутун бўлган воқеаларни гапириб бермоқчи. Шунга бир дадилроқ журналист топилмаяпти. Ўзинг аралашмасанг бўлмайди шекилли, шунинг учун атайлаб сенга келдим. Бир сен ҳам шуғулланиб кўргин, жон дўстим, — деди Георгий Андреевич.

Мен унинг жиддий мавзуга оид ҳикоясини тинчгина эшитдим. Ҳарбийлар уларнинг ишига аралашганларни хуш кўришмайди. Буни кўпчилик тушунади. Хўш, агар шу айтганларнинг барчаси ҳақиқат бўлса, унда адолат, ҳақиқат, журналистик виждоним қани, инсон тақдири-чи? Ахир у Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, агар шу ҳақ бўлиб, у қарор топса, у жамиятдаги энг ҳурматли, энг қадрли кишилар қаторидан ўрин олади. Муҳими, Инсон улуғланиб, ҳақиқат қарор топади ва бу дунёдан у рози бўлиб, ёруғ юз билан кетади, — дедим ўзимга.

— Майли, мен бир ўйлаб кўрайин, — дедим-да бош­­қа ҳеч нарса демай ишимга шўнғиб кетдим. Ўзимча бу мавзунинг ҳам мавруди келиб қолар, деб ўйладим ичимда.

Бир-икки ойлардан кейин телевидениедаги умумстудия йиғилишида Телевидение раҳбари Ўзбекис­тонга Франция Президенти Франсуа Миттераннинг расмий ташрифи бўлишлиги ҳақида маълумот бериб, тайёргарлик кўринглар, айниқса, халқаро кўрсатувлар таҳририяти, деб раҳбар менга ундалма қилди. Бизнинг таҳририятимизга шу мавзуда кўрсатувларни режага киритиш тайинланди.

Шундан сўнг, мен муҳаррирлардан бирига Айрапетовни тезликда топинглар, у бир муҳим мавзуни айтган эди, деб топшириқ бердим.

Бундан хабар топган Георгий Андреевич таҳририятга телефон қилиб қолди. Мен ундан отасининг турар жой манзилини сўраб ёзиб олдим. Тез кунда тасвирга тушириш гуруҳини олиб, Тошкент аэропорти яқинидаги мавзеда истиқомат қиладиган Андрей Андреевичнинг уйига етиб бордик.

Ўтган асрнинг 50 йилларида қурилган уй-жой. Қаҳрамонимиз фарзандларидан холи бир ўзи яшар экан. Қаровсиз, ҳувиллаган ҳовли. 90 ёшли отахон бу ерда ўз қайғусининг азобини бир ўзи танҳо тортар эди. Инсон бу ёшда анча инжиқ бўлиб қолади. Кўп нарсани хуш кўрмайди. Юрагидаги дардини эса тинглайдиган одам йўқ. Дарвоза ўрнидаги кичкина кўча эшик очиқ ҳолда экан. Ҳовлига кирдик. Эски оромкурсида оққувадан қотма келган қария ўтирарди. Кўм-кўк кўзлар ҳамон жонли. Бизни кўриб кўзи билан жилмайгандек бўлди, ўрнидан туришга ҳаракат қилди. Мен тез юриб бориб, у киши билан қўл бериб саломлашдим. Тасвирчи, унинг ёрдамчиси ва чироқчи отахон ўтирган хонада камера ва ёритғичларни ўрната бошладилар. Мен саломлашиб:

— Андрей Андреевич, келинг сизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги жанговор ҳаётингиз, босиб ўтган йўлларингиз тўғрисида гапиришайлик, — дедим.

— Урушдан олдин мен Тошкентдаги ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаганман, — деб гапини бошлади Андрей Андреевич. — Ана шу мактабдан мени урушга чақиришган эди.

У киши ўқитувчи бўлгани учунми, ёки юрагини эзиб юрган воқеаларни эшитувчи одам топилгани учунми, шундай самимий, жонли, кишини ўзига ром этадиган ҳолда гапириб кетдики, мен тасвирга тушираётганимизни ҳам унутиб, ҳикоясига маҳлиё бўлиб эшитдим.

— Урушда қўлимда қурол билан Германиягача бордим. Жангларнинг бирида асрга тушдим. Лагердан қочдим, кейин мен франциялик қочоқларга қўшилиб кетдим. Биз Франция қаршилик ҳаракати таркибида немис-босқинчиларига тинимсиз қақшатқич зарба берар эдик. Қишлоқ шаҳарларни озод қилдик.

Айтгандек, Франция президенти Франсуа Миттеран ўша пайтда бизнинг қаршилик ҳаракатимиз қўшинига параллел йўналишда урушаётган эди.

У қатор фронтлар, армиялар, полклар, армия командирларининг исми-шарифларини, унвонларини айтар, босқинчилардан озод қилинган қишлоқларни, шаҳарларни номларини келтирар, Франция қаршилик ҳаракати  тўғрисида ноёб ахборот берар эди. Шунингдек, Франция партизанлар ҳаракатида хизмат қилган икки нафар ўзбек жангчисининг ҳам исми-шарифини, яшайдиган манзилини айтди.

Мен қидириб бориб, Тошкентнинг эски шаҳарида уларнинг уйларини топдим. Ўзлари оламдан ўтишган экан. Лекин қариндош уруғлари:

— Улар ўтиб кетишди, келинг, шу мавзуни кўтармай қўя қолайлик, деб исми-шарифларини телевидение кўрсатувида келтиришимни тавсия этмадилар.

Мен кўрсатувимизда (уларнинг илтимослари бў­йича) исми-шарифларини ўзгартириб урушдаги ишлари тўғрисида ҳикоя қилдим.

Студияга қайтиб, тасвирга олган материалимизни кўриб, режиссёр Комилжон Раҳимовга, бу ёзувдаги бирон-бир сўзни ҳам, кадрни ҳам қирқиб ташламайсиз, қандай олинган бўлса шундай эфирга кетсин, — дедим. Фақат Францияга немис-фашистларининг бостириб кириши, францияликларнинг уларга қарши олиб борган партизанлик ҳаракатига доир тарихий кадрларни архивдан, ҳужжатли кинофильмлардан топиш керак бўлади, деб тайинладим. Кўрсатувга режиссёримиз Комилжон ҳам қизиқиб қолди. Кейин у кўрсатув мавзусига оид ноёб кадрларни — Париждаги Эйфель минораси олдидан Германиянинг ҳарбий марш мусиқаси садолари остида тантанавор ўтиб кетаётган Гитлер қўшинлари, генерал Де Голль бошлиқ француз қаршилик ҳаракати партизанлари туширилган кино-кадрларни топиб, кўрсатувга шу даврнинг руҳи берилди.

Кўрсатув тайёр бўлгач, мен Франция Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси қабулхонасига телефон қилиб, кўрсатув эфирга чиқадиган вақтни ва бу ҳақда фавқулодда ва мухтор элчи жанобларини воқиф қилиб  қўйишларини илтимос қилдим. Кўрсатув Франция президентининг Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишидан бир кун аввал эфирга берилди.

Мен шу билан вазифам тугади, деб нотўғри ўйлаган эканман. Ўзбекистонлик Франция қаршилик ҳаракатининг иштирокчиси ҳақидаги кўрсатув берилганидан бирор ҳафта кейинроқ хонамдаги телефон жиринглаб қолди. Телефон гўшагини кўтарувдим, бир қариянинг:

— Ирисмат это ты? — деган овозни эшитдим.

Бу кўрсатувимиз қаҳрамони 90 ёшли Андрей Андреевич Айрапетов эди. Мен уни таниб, тетик овозини эшитаётганимдан жуда хурсандман, — лаббай, Андрей Андреевич, тинчликми, нима гап, — деб сўрадим.

— Ирисмат, сен бир олдимга келиб, меҳмон бўлиб кетишинг керак, — деди у.

— Тинчликми, кўрсатувни кўрдингизми ўзи, соғлиқларингиз қалай, яхшими? — деб ҳол-аҳвол сўрадим.

— Сенинг ҳали хабаринг йўқми?

— Нимадан, — деб сўраган эдим.

— Ҳақиқатан ҳам билмайсанми? Унда эшит, гапириб берай бўлмаса, — деди у.

— Франция Президенти Миттеран Тошкентга келиб кетгандан кейин, уйимга икки киши кириб келишди. Бири фуқаролар кийимида башанг кийинган (бизнинг одамларга ўхшамайди), иккинчиси Франция ҳарбий хизматчиси кийимида. Улар француз талаффузига кетиб қоладиган рус тилида гапиришарди. Иккаласини ҳам танимайман. Улар исми-шарифимни, ҳол-аҳволимни сўрашди, кейин менга қараб:

— Отахон биз билан бирга юра оласизми, — деб сўрашди. Мен уйга қамалиб қолган 90 ёшдаги одамман, қаерга бормайин менга бу янгилик, байрам, шунинг учун:

— Агар ёрдам берсангизлар боравераман, — дедим. Улар бошқа ҳеч нарса демасдан мени кўчага олиб чиқишди. Айтгандек, мен ҳали анча тетикман, ўзим юриб чиқдим. Дарвозам олдида капотида кичкина Франция байроғи ҳилпираб турган қора рангдаги ялтироқ янги хорижий автомашина турар эди. Кўчага чиқишим билан ҳарбий зобит менга тавозе билан машина эшигини очиб, ўтиришга таклиф қилди. Биз автомашинага миниб қаергадир  кетдик. Не кўзлар билан кўра­йин-ки, машина мен урушдан олдин қарийб 20 йил дарс берган мактаб биноси олдига келиб тўхтади. Мен бу ерда ишлаган йилларимни эслаб кетдим. Лекин мактаб дарвозаси эшигини хатлаб ҳовлига қадам қўйишим билан, қаердандир оркестр янграб, Франциянинг давлат мад­ҳияси – Марсельёза атрофни қамраб олди. Кейин билсам, илгариги бу мактаб, ҳозир мактаб эмас, Франциянинг Тошкентдаги элчихонаси биноси экан. Олдимга Франция зобити келиб, қўлини бош кийимига теккизиб бир нималардир деди, урушга 50 йил бўлаяпти, мен “бонжур мадам”, “пардон месьё” сўзларидан бош­қасини унутганман. Кейин мени қўлимдан олиб, ичкарига ҳовлига олиб киришди. Дарахтлар остига узун стол қўйилган экан, узун оппоқ дастурхон субтропик мева-чевалар, Франциянинг машҳур пишириқлари, чанқовбосди ичимликлари билан лиқ тўла эди. Стол атрофида анча одамлар ўтиришибди. Ҳаммаси байрам кайфиятида. Бир киши келдида мени қўлтиғимдан олиб столнинг тўрида турган юмшоқ ором курсига етаклаб бориб ўтқазиб қўйди. Шарбат қуйишди.

Мени эса:

— Бу киши ўша телевизорда кўрган ўзбекистонлик Франция қаршилик ҳаракатининг қатнашчиси месьё Айрапетов деб таништиришди. Ҳамма келиб мени қўлимни олишга, танишганликлари билан хурсанд эканликларини билдиришга ошиқар эди.

Гапирганлар кўп бўлди. Улар генерал Де Голь ҳақида, Франция қаршилик ҳаракати, маки2лар ҳақида гапиришди. Президент Француа Миттераннинг Ўзбекис­тонга ташрифи, Франция билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар тўғрисида ҳикоя қилишди. Мен эса партизанлик қилган жойларимиз ҳақида, қанчадан-қанча немис-фашистларини ер тишлатганимиз тўғрисида, қандай қилиб фашистлар асирлигидан қочганлигимиз тўғрисида гапириб бердим.

Меҳмонга чақирилганлар орасида мен ҳеч гапимни ўтказа олмай юрган ҳарбий идора ходимлари, полковник унвонидаги Тошкент шаҳар ҳарбий комиссарининг ўзи ҳам шахсан бор эди. У киши бироздан сўнг:

— Биз ўзимиз олдингизга бориб ҳужжатларингизни ҳаммасини қайта  кўриб чиқамиз. Сиз ҳақингизда элчихона ҳам менга бир қатор ҳужжатлар тайёрлаб берди, — деди.

Билдимки, элчихонанинг сўрови бўйича, Франция қаршилик ҳаракатига оид Парижда сақланаётган архивдан ҳам менга тааллуқли ҳужжатлар борлиги аниқланган, менинг ҳақлигим тасдиқланган, бўлмаса, ҳарбий комиссариатнинг раҳбар  ходими мен билан бу оҳангда гаплашмас эди.

Менинг атрофимда бўйи унчалик узун бўлмаган, ташқаридан қараганда ёшроқ кўринган, кўзойнакли, серҳаракат бир киши жуда гирдикапалак бўлиб айланиб қолди. У гоҳ гапга тутар, гоҳ ичимлик қуяр, гоҳ ликопчамга ширинлик солиб қўяр эди. Мен унга:

— Сен кимсан, нимага бунчалик атрофимда кўп айланасан, сенга қарайвериб бошим айланиб кетаяпти, — дедим. У киши ўзини бироз четроққа олиб, камтарона, кечирим сўраган оҳангда:

— Кечирасиз, мен ўзимни сизга яхши таништирганим йўқ, шекилли, мен Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўламан, — деди.

— Ҳа, майли, элчи бўлсанг, унда майли, — дебман.

— Ҳа, айтгандек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси мақомимни тиклашди. Ҳарбий билет ҳам беришди. Пенсиям ҳам уруш қатнашчилариникига тенглаштирилди.

Шуларни айтмай ўтиб кетаманми, деган хавотирда эдим. Раҳмат сенга, Ирисмат, — деди Андрей Айрапетов.

Айрапетовнинг тақдири ижобий ҳал қилинганлигининг асосий сабаби, бу бир ўзбекистонлик Франция қаршилик ҳаракатининг қатнашчиси тақдири билан биринчи бор икки давлат ҳарбий архивлари, хорижий давлат элчихонаси ходимлари ва телевидение мухбири шуғулланганлиги ва бу воқеа Франция Президентининг расмий ташрифи арафасида бўлганлиги масалани ечимини тезлаштирди, деган ўйга бораман.

— Андрей Андреевич, ҳа, нега элчихонадан кишилар келганда менга хабар қилмадингиз. Мен камера, микрофон олиб борган бўлар эдим. Ахир бу воқеаларни барчасини видеога тушириш керак эди-ку. Биз эса Сиз ҳақингизда яна бир фильм тайёрлаган бўлар эдик, — дедим.

Андрей Андреевичнинг гапларини эшитиб, мен ахири ҳақиқатнинг тикланганлигидан, яна бир инсоннинг қадри, қиймати жойига қўйилганидан Аллоҳга шук­­роналар қилар эдим. Инсонда ҳақиқат борлигига, уни ҳеч бир куч енга олмаслигига ишонч ҳосил қилиши бу катта гап бўлса керак.

Айтгандек, жуда афсусланаман, Мен Андрей Андреевич билан бошқа кўриша олмадим. Орадан бир йил ўтар-ўтмас ўғли Георгий Андреевич Айрапетов телефон қилиб: — Ирисмат, кечирасан, сени топа олмадик, отам оламдан ўтди, уни қабристонга қўйиб келаяпмиз. Шуни айтмоқчи эдим, сенга, — деди.

Мен: – Жойи жаннатда бўлсин, яхши одам эди, хабар топганимда албатта видолашувга борган бўлар эдим, – дедим.

— Ирисмат, раҳмат, у ҳаётдан кўнгли тўлиб, мамнун бўлиб кетди, десам бўлади, — деди Андрей Айрапетовнинг ўғли Георгией Андреевич Айрапетов.

Бу воқеаларни ёдга олишдан муддао шуки, уруш туфайли нафақат миллионлаб одамлар ҳалок бўлди, қанча халқлар бошига не-не кулфатлар ёғилди. Уруш тугагандан кейин ҳам унинг оқибатлари турфа кишилар тақдирида кўпдан-кўп синовларни солди. Ушбу воқеа ҳам бунга бир мисолдир.

Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ,

журналист

 

1 Совет Иттифоқида асрга тушишнинг ўзи жиноят, деб ҳисобланар ва бу фактлар асосида жангчи жиноий жазога тортилар, уруш қатнашчиларига тааллуқли барча имтиёзлардан маҳрум бўлар эди. Мустақилликнинг дастлабки йиллари ҳам МДҲ ҳудудида уларга нисбатан бу муносабат анчагина сақланиб қолганди.

 

2 Маки – франциялик партизанларни шундай деб аташади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 − 2 =