Муаммога ўрин қолмайдими?

Одатда йилнинг ярми ўтгандан сўнг “қишга ҳар томонлама тайёргарлик кўрилаётгани” ҳақида гапириб, чиройли тадбирлар ўтказила бошланади. Аҳолининг кўнгли кўтарилади:қишга рисоладагидек ҳозирлик кўрилган, гўё муаммога ўрин қолмагандек. Қиш қиличини қайраб келганда эса кўпинча акси бўлиб чиқади. Бунга мисол тариқасида ўтган йил қиш ойларидаги машмашаларнинг ўзи ҳам етарли. Ўзимизни овутиш, айбимизни хаспўшлаш учун ота-боболаримиз не-не қаттиқ қаҳратонларда ҳам тилига олмаган “аномал” калимасига ўраниб олдик. Кейин билсак, бу “аномал” совуқ деганлари 3-4 кунлик 25-30 градус совуқ экан.

Сурхон воҳасининг Сариосиё тумани собиқ Ж.Пирназаров номли хўжалик ҳудудидаги Тўпаланг сув омборини, ундаги ГЭСни кўрган   ёки эшитган бўлишингиз мумкин. Юқоридаги гаплардан хулоса қилиб, воҳадаги “Тўпаланг” ГЭСда оз эмас, кўп эмас 75,4 миллион евролик модернизация ишлари амалга оширилди. Айни пайтда синов- тажриба ишлари давом эттирилиб, 64 мВт электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Мутахассисларнинг берган маълумотларига қараганда, бу миқдор   вилоятдаги 36 минг хонадонни табиий электр қуввати билан таъминлашга бемалол етади.

Синов-тажриба ишлари поёнлагач, аниқланган катта-кичик камчиликлар расаматлангач, вилоят аҳолиси ва истеъмолчи корхоналарига 175 мВт электр энергияси етказиб берилади. Бу ҳозиргисидан икки ярим баравар кўп демакдир. Агар ана шу марра эгалланса, йилига 467 миллион кВт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлар экан.

Янада кўтаринкироқ қилиб айтадиган бўлсак, анчa-мунча харажат эвазига йилига 126,2 миллион метр-куб табиий газ тежалади. Бу дегани қишда ҳам маҳсулот етказиб берувчи иссиқхоналар, йирик саноат ишлаб чиқарувчи корхоналар, шифохоналар, мактаб ва боғчалар, автомобилларга газ қуйиш шоҳобчалари қаҳратон совуқда ҳам бемалол фаолият олиб боришади.

“Тўпаланг” ГЭС да модернизациялаш ишлари якунлангани муносабати билан ўтказилган расмий тадбирда вилоятдаги тегишли идоралар раҳбарлари, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раиси, сенатор А. Сангинов ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Хулосани ва бажарилган ишнинг не чоғли сифат ҳамда самарадорлигини Вақт деб аталмиш одил ҳакам айтади….

Сафар ОМОН,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + eight =