Сариосиёда ёшлар боғи

Ватанпарварлик, элпарварлик, жўмардликнинг мақоми   ҳамиша   баланд бўлган. Муборак Рамазон   ойининг илк ҳафтасида воҳа аҳли   ана шундай хайрли   ва савобли ишга гувоҳ   бўлди. Сариосиё туманининг   Мирза Улуғбек номли   маҳалласида дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳам учратиш қийин бўлган, барча қулайликларга эга “Ёшлар   боғи”—маърифат мажмуаси халқ   хизматига топширилди.

 

Шуни алоҳида   таъкидлаш лозимки, бу шунчаки эл кўзи, ёки хўжакўрсинга эмас, балки юртимга, юртдошларимга   бир умрлик эсдалик бўлсин, деб пешона   тери, қалб қўри билан бунёд этилган   маскан эканлигини   маънавиятли киши дарҳол   ҳис этади. Ёшлар боғида замонавий   болалар ўйингоҳи, эллик   ўринли кинотеатр, айниқса, кечки пайт бу   ерга ташриф буюрадиган болаларга,   ота-­оналарга   бетакрор ҳузур бахш этувчи мусиқали фавворани   кўриб қалбингиз ифтихорга лиммо-лим бўлиши табиий.

Биз бежиз маърифат маскани демадик, боғнинг қоқ   марказида савлат тўкиб турган кутубхона айни пайтда ёшларнинг   энг севимли гўшасига   айланиб улгургани ҳам бунга бир далил.

Сабаби янги кутубхонада   38 мингдан ортиқ ҳар хил бадиий   асарлар, 52 минг нусхадан зиёд   китобларнинг эса электрон   нусхалари мавжуд бўлиб, улар   ўқувчилар ихтиёридадир. Бундан ташқари,   ўқув залида бир йўла 120 нафар, кун давомида эса 600 нафар китобхонга сифатли хизмат кўрсатиш   имконияти мавжуд. Ўқувчилар эса қироатхонада ўрнатилган катта   монитор ва туну кун ишлайдиган интернет тармоғидан   бепул фойдаланишади. Хўш, китоб   ўқийман, билимимни ошираман, етук мутахассис бўламан, деган ёшлар учун   яна нима керак!

— Бунақасини ҳали сариосиёликлар кўрмаган, — дейди фахрий   журналист Мусулмон Тилаков. — Бундай имкониятлар бизнинг давримизда тушимизга ҳам кирмасди. Бу ҳам ёшларимизнинг бахти, омади. Ёшларимиз олдидаги   галдаги вазифа бу қулайликлардан оқилона фойдаланишдир.

Бу ҳали ҳаммаси эмас.   Ёшлар боғини ҳақиқий   сайлгоҳ деса ҳам бўлади.   “Яшил макон” умуммиллий   лойиҳаси доирасида 18 минг квадрат-метрга Туркиядан   келтирилган саккиз юз тупдан зиёд манзарали ва йигирма мингдан ортиқ дилочар гул   кўчатлари экилган. Бу   дарахт ниҳоллари ва гуллар у ерда бунёд этилган сунъий кўлга, овқатланиш   ҳамда хизмат кўрсатиш мажмуаларига алоҳида файз, шукуҳ, тароват бахш этиб турибди.

Яна айтмоқ жоизки,   сенатор Абдуғани Сангинов   ташаббуси билан ташкил этилган 3 гектарлик Ёшлар боғи нафақат Сариосиё тумани бағрида узукка қўйилган гавҳардек ярашиб турибди, балки келгусида катта байрам тадбирларини, халқаро анжуманларни   ўтказадиган барча қулайликларга эга бетакрор маскан бўлиб қолишига шубҳа йўқ.

 

“Бойсун баҳори” дунёни чорлайди

 

Мустақил   Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти   ўзининг миллий қадриятлари, маънавий- маданий рамзлари (бренди)га   эга эканлигини   дунё   давлатлари ва халқлари аллақачон эътироф этганлари   қувонарли   ҳол. Ана шулардан бири “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фес­тивалининг тизимли ўтказиб келинишидир. Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига   кўра навбатдаги халқаро   фес­тивални жорий йилнинг 7-8   май кунлари бўлиб ўтиши мўлжалланган. Айни пайтда Сурхон воҳасида ўнлаб хорижий давлатлардан меҳмонлар келиши кутилаётган бу маданий анжуманни кўнгилдагидек ўтказишга тайёргарлик ишлари қизғин бормоқда.

Халқаро анжуманни ўтказишга   масъул бўлган ижодий жамоалар, тажрибали сценаристлар, режиссёрлар,   балетмейстерлар, саҳна   рассомлари, дизайнерлар бор имкониятлари ва маҳоратларини сафарбар   этишяпти. Мақсад фестивални янада бетакрор тарзда ташкил этиб, халқимизга, халқаро меҳмонлар ҳамда сайёҳларга тақдим этишдан иборат.

— Фестивалда ҳар бир   фольклор жамоаларининг чиқишлари, миллий созлар, либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари, этноспорт беллашувлари, улоқ-кўпкари, кураш   мусобақалари, дроншоулар ўтказилади, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган   санъат арбоби, халқ артисти   Рустам Ҳамидов. — Шунингдек, кўрик- танловлар, мусобақа   ғолибларини муносиб тақдирлаш тадбирлари тантанали   тарзда бўлади. Бир сўз билан айтганда, миллий урф- одатларимиз, қадриятларимиз бу   халқаро фольклор анжуманида   бўй- бастила намойиш этилади.

Хуллас, Бойсун   туманининг Паданг қишлоғи кенгликларида юзта ўтов тикилади. Масъул вазирликлар, бошқармалар, ҳокимликлар вакиллари халқаро   фольклор фестивалини бадиий юксак   даражада ўтказишни таъминлаш учун барча имкониятларини ишга   солишмоқда, десак муболаға   бўлмайди.

Ҳа, халқаро анжуман тантаналари   бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Азиз юртдошлар ва азиз меҳмонлар, Сурхон диёрида   “Бойсун   баҳори ” халқаро фольклор фестивалида   кўришгунча, деб қоламиз!

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + one =