Бир ҳимоянинг баҳоси
Ёхуд ўрганган кўнгилнинг ўртангани ҳақида
Маҳалламизда ёшлар етакчиси лавозимида иш бошлаган Абдунодир (унинг илтимосига биноан исми ўзгартирилди) исмли йигит пойтахтдаги нуфузли университетлардан бирини битираётганлигини айтиб, “сизни эртага диплом ҳимоясига таклиф қилмоқчи эдим, вақтингиз бўлармикан?”, деб қолди. Унинг кўзларимга умид билан термулиб турганини кўриб, “бораман, албатта бораман!” дедим. Абдунодир хурсанд бўлганча миннатдорлик билдириб, “лекин ҳимоя вақти тез-тез ўзгариб турибди, аниқ бўлиши билан сизга қўнғироқ қиламан” деди. Мен унга омад тилаб, хайрлашдим.
Орадан икки кун ўтиб, оқшом чоғи қўнғироқ бўлди. Бу Абдунодир эди. Саломига алик олиб, ҳимоя қандай ўтганлигини сўрадим. У чуқур “уҳ” тортди. Кейин, “минг бор узр, ҳимоя вақти маълум бўлмаганлиги учун сизни овора қилгим келмади. Бунинг устига кутилмаган бир ташвиш чиқиб, тўрт томонга чопишимга тўғри келди…”
— Ҳимоя-чи, дўстим, ҳимоя нима бўлди? — сабрим чидамай сўрадим ундан.
— Омон-эсон қутулиб олдим, — деди у худди елкасидан тоғ ағдарилгандек.
— Табриклайман! Чин дилдан табриклайман!
— Раҳмат!
— Ҳа айтганча, қандай ташвиш билан тўрт томонга югуриб қолдингиз? Ёрдам керак бўлса, тортинмай сўрайверинг!
— Э-э, бунисини сўраманг устоз, — ярасига туз сепилгандек оғриниб жавоб берди Абдунодир. — Эртага эрталаб ҳаммасини гапириб бераман. Қаламингизга мавзу бўладиган зўр гаплар бор.
Эрталаб Абдунодир билан маҳалла идорасининг унга ажратилган хонасида кўришдик. Кайфияти йўқлигини сезган бўлсам-да, тезроқ кечаги гапнинг давомини эшитиш учун олий ўқув юртини муваффақиятли битиргани билан яна бир бор қутладим. У ташаккур изҳор эта туриб, астойдил хўрсиниб қўйди.
— Тинчликми ўзи? — Имтиҳондан қайтган талабадек жиғибийрон кўринасиз.
— Рухсат берилган диплом иши ҳимоясига минг бир баҳона билан пора сўрашгандан кейин жиғибийрон бўларкансиз-да, устоз. Бундан кўра, қайтганим яхши эди.
— Қанақа пора? — дедим мен ҳам лов этиб. — Ахир, сиз ҳимояга пухта тайёргарлик кўрган эдингиз-ку! Бер деса бераверасизми?!
— Бермасликнинг иложи бўлмади, — йиғлаб юборгудек бўлди у, бермасанг, ҳимоянг қолдирилади дейишди очиқ-ойдин.
— Қанча сўрашди?
— Уч юз доллар.
— Уч юз доллар?!
— Ҳа, уч юз.
— Диплом иши раҳбарингиз сўрадими шу маблағни?
— Келинг, яхшиси бир бошдан гапириб бера қолай.
— Марҳамат!
— Диплом мавзусини танлаганимда менга ёши олтмишлардан ошган аёл ўқитувчини раҳбар этиб тайинлашди. Мен у киши билан маслаҳатлашиб, ишга шўнғидим. Саволлар пайдо бўлганда ҳузурларига шошилдим. Аммо бу узоққа чўзилмади. Зулхумор Зокировна (ўзгартирилди) менга йўл-йўриқ кўрсатиб, амалий ёрдам бериш ўрнига саволларимга жавоб бермайдиган, терс гапирадиган, ҳатто жеркиб ташлайдиган одат чиқарди. Сабабини билмаганим, аниқроғи билолмаганим учун бошимни эгиб, диплом ишимни пухта ва пишиқ ёзишга ҳаракат қилдим. Кўпроқ китоб варақладим. Интернетдан қўшимча маълумотлар топиб, ўзимдаги билан қиёслаб, таҳлил қилиб бордим. Мутахассислар билан мулоқот қилиб, диплом ишимда қўйилган масалаларнинг илмий жиҳатига алоҳида эътибор бердим. Бироқ раҳбарим менга қанчалик совуққонлик қилмасин, ўзимни четга тортмадим. Таъна-ю, дашномларини эшитишдан чарчамадим. Олдиларига очиқ чеҳра билан “Ассалому алайкум устоз!”, дея боравердим. Минг афсуски, устоздан садо чиқмади. Шундай бўлса-да, диплом ишим тайёр бўлгач, не-не ширин ўй-хаёллару яхши ниятлар билан яна Зулхумор Зокировнанинг олдиларига бордим. У киши диплом ишимни ўқиш у ёқда турсин, ҳатто варақлаб ҳам кўрмай, дабдурустдан мен сенинг раҳбаринг эмасман, бошқа бировни топ дедилар. Диплом ишим қўлимда қолганча тошдай қотдим. Бир сўз ҳам айтолмадим. Дунё кўзимга қоронғу бўлди. “Бу ерда туришингнинг фойдаси йўқ, кетавер!” деган сўзлар юрагимга игнадек санчилиб, ҳушимга келдим. Орқамга бурилиб, бир амаллаб ташқарига чиқдим. Ётоқхонамга қайтиб, бошимни чангаллаганча калаванинг учини топишга уриндим. Хаёлимда “Нега Зулхумор Зокировна менинг диплом ишимга раҳбар бўлишни истамасликларини биринчи кундан ҳал қилиб олмадилар?”, “Нега бу гапни менинг ўзимга айтмай, охирги кунга қадар эзиб келдилар?”, “Энди нима қиламан?”, “Кимга айтаман дардимни?”, “Диплом ишимга Зулхумор Зокировнани раҳбар этиб тайинлаган кафедра мудиригами ёки деканимизга?”, “Номим чақимчига чиқиб, қилган меҳнатим бир пул бўлиб қолмайдими?” сингари қатор-қатор саволлар хаёлимда чарх урар, айни пайтда қулоғимга “нима бўлса ҳам диплом ишингни ҳимоя қилишинг керак” деган овоз эшитилгандай бўларди. Тўғри дедим ўзимга ўзим, қанчалик қийин бўлмасин, барибир ҳимоя қилишим керак! Ана шундай қарор билан яна университетга бордим. Аҳволимдан огоҳ бўлган дўстларим диплом ишимга раҳбар топишга ваъда бериб, кўнглимни кўтаришди. Бир-икки кундан сўнг янги раҳбар билан учрашиб, диплом ишимни кўрсатдим. Ишим янги раҳбарга маъқул бўлди. У ҳимоя жараёнида берилиши мумкин бўлган бир неча саволларни айтиб, тайёргарлик кўришимни тайинлади. Бу пайтда Зулхумор Зокировнанинг менга кўрсатган кароматларини унутган, бутун диққат-эътиборим диплом ҳимоясида эди. Бироқ , мен ҳали олдимда катта “томоша” турганлигини, томчидан қутулиб, дўлга учрашимни тасаввур ҳам қилолмас эдим. Кўзимга камтарин, камгап, мулоҳазали бўлиб кўринган янги раҳбарим Ориф Ашурович (ўзгартирилди) ёши элликдан ошган. У ҳам Зулхумор опадек доцент экан. Дарвоқе, ана шу орада дўстларим ва таниш-билишларимдан опа мени бекорга сарсон қилмаганини, ҳар гал нимадир кутганини, қуруқ қўл билан борганим учун “таъзиримни” берганлигини фаҳмладим. Буниси эса андишани бир четга суриб қўйиб, уялмай-нетмай уч юз доллар олиб келмасанг, диплом ҳимоясига киролмайсан деди. Бу гапни эшитиб, бутунлай довдираб қолдим. Менда сўралган долларнинг урвоғи ҳам йўқлигини эшитган домлам худди мен ундан қарздордек ўдағайлаб, икки йўлдан бирини танлашимни айтди. Тақдирга тан бериб, пул изладим. Тез орада қайтариш шарти билан аранг икки юз доллар йиғдим. Домламга бошқа иложим йўқлигини айтганимда унинг энсаси қотиб, “уч юзсиз бўлмайди”, деб туриб олди. Яна сарғайганча таниш-билишларга ялиниб-ёлвордим. Хуллас, уч юз доллар бериб, диплом ишимни ҳимоя қилдим. Шундай алам қиляптики, айтишга тилим лол.
— Яхши иш бўлмабди, — дедим мустақил ҳаётга эндигина қадам қўяётган ёш мутахассисга раҳмим келиб. — Емоқнинг қусмоғи ҳам бор-ку, ахир. Бандаси шоҳид бўлмагани билан Яратганнинг ўзи кўриб турибди. Бугун бўлмаса, эртага ўша виждонсизларнинг ўзларига қайтади бу. Қайтмасдан қолмайди. Балки, ўшанда “қилмиш қидирмиш” нима эканлигини англаб, пушаймон бўлиб, тавба қилишар.
— Давлатимиз раҳбари коррупцияга қарши ўт очган, жиноий жавобгарлик чораларини кўрган ва бу борада дам-бадам бонг уриб турган бир чоғда таълим-тарбия, маънавият ва маърифат масканидан порахўрлик чекинмаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Энг муҳими, бу ишни кимсан зиёли, кимсан олим, кимсан тарбиячи қилаётганлиги мутлақо кечириб бўлмас ҳол эмасми?! Биласизми, мен олий ўқув юртини пора билан битирганимга куйиб кетаяпман. “Аъло”га бўлмаса “яхши”га, “яхши”га бўлмаса “қониқарли” баҳога ҳимоя қилишга қурбим етар эди. Бу гап отам билан онамнинг, қўни-қўшни-ю, элу хешнинг қулоқларига етса борми, тамом. Менинг бош кўтариб юришим осон бўлмайди. Ҳаммагинаси бир пул бўлади.
— Илтимос, фақат тушкунликка тушманг. Бу билан ҳаётингиз тўхтаб қолмайди. Ўзингизни ҳалол меҳнатга, хайрли ва савоб ишларга бағишланг! Ҳеч қачон шошманг, сабр қилинг! Қийинчиликдан қўрқманг! Ўқиш ва ўрганишдан тўхтаманг! Изланиш, янгиликка интилиш, ташаббускорлигу тадбиркорлик ҳаётингизнинг мазмунига айланишига ҳаракат қилинг!.. Ана шунда орзу-ниятларингиз амалга ошиб, бахт ҳам, тахт ҳам сизга кенг қучоқ очаверади. Тамагирликни касб қилиб олган “устоз”ларингизга келсак, мен уларни хатарли йўлдан қайтишга даъват этиб, шундай деган бўлур эдим:
Ҳурматли Зулхумор Зокировна, Ориф Ашурович!
Икковларингиз ҳам пасту баландни, оғир-енгилни, яхши-ёмонни, аччиқ-чучукни кўрган, илм йўлини танлаб, олимлик даражасига етган, олий таълим даргоҳи доценти деган юксак номга мушарраф бўлган инсонларсиз. Энг муҳими, ёшларга таълим-тарбия бергувчи, уларнинг қалбига, онгу шуурига ҳалоллик, имон-инсоф, диёнат, меҳр-оқибат, элпарварлигу юртпарварлик туйғуларини сингдирувчи педагог-устозларсиз. Шу меҳнатингиз учун давлат сизларга яхшигина маош тайинлаган. Замонавий шароит, имконият ва имтиёзларга эга бўлаяпсизлар. Университетда касбдошларингизу талабаларингиз, кўча-кўйда таниш-билишларингизу маҳалладошларингиз домла дея иззат-ҳурмат қилса, давраларнинг тўри сизники бўлса, мана шунинг ўзи шукур қилишга арзимайдими? Арзийди, жудаям арзийди! Бунинг устига бирингиз она, бирингиз отасиз. Ўғил-қизлар қаторида набиралар ҳам бўлса керак. Демак, бахтлисиз. Мана энди айтинг-чи, шундай эътиборли, эъзозли домлалар ўз фарзандидек бўлиб қолган талабаларидан тамагирлик қилса уят бўлмайдими? Порага кийиниш, рўзғор тебратиш, бойлик орттириш-чи, татийдими? Тақдир тақозоси билан ўша талабаларингиздан биронтаси эрта бир кун ёнингизга ўқитувчи бўлиб келса, ўзингизни қайси туйнукка уришни билмай қолмайсизми? Ёки бирон-бир масала билан сиз пора талаб қилган собиқ талабангиз ишлаётган корхонага бориб, ишингиз ўша билан битадиган бўлса, ўрталарингизда ҳеч нарса бўлмагандек кўзингизни лўқ қилиб тураверасизми? Ё ишингиз битиб, эшагингиз сувдан ўтгунча “жоним- жоним”лаб турасизми? Ахир, сизлар бунга устасиз-ку! Шундай эмасми? Дарвоқе, олий ўқув юртида ўқиётган ўғил ёки қизингиз фалончи ўқитувчимиз диплом ҳимоясига шунча сўраяпти деса ёқадими ўзингизга? Мактаб имтиҳони учун набирангиз пул сўраб келса-чи? Биламан, сизлар бундай саволларни кўтара олмайсизлар. Эшитган заҳоти ҳушдан кетиб қолишингиз ҳеч гап эмас. Чунки сизлар бериб эмас, олиб ўргангансизлар. Битирувчиларга қилган муомалангиздан кўриниб турибдики, сизлар ёлғиз эмассизлар. Ёлғиз бўлганингизда бундай қалтис ишга қўл урмаган ва кесиб-кесиб гапирмаган, шўрлик битирувчини сарсону саргардон қилиб, азобларга солмаган бўлур эдингиз. Қилган қинғир ишингиз жиноятгина эмас, ўта юзсизлик эканлигини билсангиз керак!
Агар, атрофингиздагилар кўриб кўрмаганликка, эшитиб эшитмаганликка олмаганларида сизларга ўхшаганларнинг илдизлари аллақачон таг-туби билан қуриб кетган бўларди. Афсуски, лоқайдлигимиз, мен сенга, сен менга тегма қабилида иш тутишимиз бошимизга бало бўлмоқда. Сизга ўхшаган таъмагирлар уруғини кўпайтирмоқда. Бу эса нафақат таълим сифатига, балки педагог кадрлар савиясига ҳам салбий таъсир этмай қолмайди. Аслида таълим-тарбия ва унинг масканлари энг аввало, ҳалол, пок виждонли, ор-номусли, маънавиятли-ю, маърифатли ва албатта, фидойи инсонларнинг жойи бўлмоғи керак!
Юқоридаги мулоҳазаларни билдирар экансан, яна бир нарса одамга тинчлик бермайди. Абдунодир сингари ҳимояга сўралган пулни иложсизликдан топиб бераётган ёшлар қанча экан? Лекин уларни ҳам оқлаб бўлмайди. Нега энди ўз иши битиши учун яъни диплом ёки илмий даража ҳимоясига албатта қинғир йўлга рози бўлиши керак? Нега осон йўлни танлаб сўнгра мен кабиларга дардини айтиб “минғирлаб” ўтириши керак?!
Буюк маърифатпарвар шоир Абдулҳамид Чўлпоннинг “Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, ким ёнади?” деган ёниқ сўзлари қаёқда қолди? Ахир ҳимоя учун таъма қилаётган айрим устозлар сингари, коррупциянинг тегирмонига сув қуяётган, ғинг демасдан айтганини топиб бераётганлар ҳам бирдек айбдор, гуноҳкор эмасми? Худди шундай. Масалан, мен бундай йўл тутмаган бўлар эдим. Бундай “келишув”ларга асло рози бўлмас эдим. Чунки ҳақиқат ва адолат учун мардлик керак. Курашмоқ керак. Йўқса, бари қандай бўлса, шундай давом этаверади. Аввало айбни ўзгалардан ахтаргандан кўра ҳар ким ўзидан ҳам излагани маъқулмасми?!
Нуриддин ОЧИЛОВ,
Тошкент Молия институтининг
етакчи мутахассиси