Дукчининг шифобахш неъматлари

Шаҳрисабзлик деҳқон ўз хўжалигида туризмни ҳам йўлга қўймоқчи

 

Шаҳрисабз туманидаги Дукчи қишлоғи ўзига хос тарихга ва асл деҳқонларга бой мас­кан. Қашқадарё соҳилларида боғ-роғ яратиб, тоғу тошлардан иборат заминда саб­завот, полиз экинларидан мўл ҳосил етиштираётган соҳибкорлар меҳнати таҳсинга лойиқ. Шулардан бири – деҳқон хўжалиги етакчиси Нурали Умировдир.

Қуйида ана шу соҳибкорнинг бугунги мўъжизакор меҳнати ҳақида фикр юритамиз.

Об – ҳавоси танга даво, суви гавҳар, мўл ҳосилдор ерлари олтинга тенг бу табаррук замин ҳақида кўп ва хўп сўзларни айтиш мумкин. Бир томони полиззор, иккинчи ёғи сабзавот экинлари барқ уриб ўсаётган кенг далаларни айлансангиз баҳри-дилингиз очилади. Айни ёз чилласида болга тўлган мевазор боғдаги сарҳил олма, шафтоли, гилос, бодом, нок, қароли, ўзига хос ҳосили билан кўзни қувнатадиган писта, ширага энган анжирни айтмайсизми. Гулу гулзорга бурканган дала дўкон атрофидаги гўзал манзарадан дилингиз қувнайди. Айниқса, эрта тонгда мусаффо ҳаво оғушида бу ерни айлансангиз кўнглингиз яйрайди. Она заминга, унинг жаннатмонанд ҳар бир қаричига меҳрингиз ошиб кетади.

Дукчи қишлоғилик Нурали Умиров ана шу қутлуғ заминда туғилиб вояга етди. Отаси Хушвақт бобо, онаси Назокат аяларнинг тўққиз нафар фарзанди бўлиб, унинг энг кенжаси Нурали ёшлигидан меҳнатга меҳр қўйди, 95 йил умр кўрган падари бузрукворининг “Ўғлим, сизларни ҳалол меҳнат билан тарбия қилдим. Нимага эришган бўлсам, ана шу кетмон орқали муяссар бўлдим. Меҳнат, меҳнатнинг таги роҳат, — дея ўгит қилган бўлса, волидаи муҳтарамаси “Поклик, саранжом-саришталик бор жойда барака бўлади. Ризқ-рўз унади. Тоза-озодалик, рўшнолик ҳамроҳингиз бўлсин”, — деб ўз даврининг “Қаҳрамон она”си сифатида 93 йиллик умри давомида бу пурҳикмат сўзларни бот-бот так­рорлаб ўтди.

Дарвоқе, ота-она дуоси кўл бўлади деб бежизга айтишмаган. Нурали Умиров дастлаб хўжаликда меҳнат қилди 2001 йилда 35 сотих ерни олиб деҳқон хўжалигига айлантирди.

— Инсон орзу-ҳавас билан яшаши керак, – дейди у ўз ишидан мамнун ҳолда. — Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг раҳнамолигидан баҳраманд бўлганлар сафида эканлигим қалбимга фахр, ғурур туйғусини жўш урдиради. “Микрокредитбанк” АТБдан имтиёзли 30 миллион сўм кредитни олиб иш бошладим. 35 сотих ерга 80 тупга яқин олма, шафтоли, қароли, ўрик, нок, писта, мандарин кўчатларидан экиб, боғ яратдим. Адир ерлар эмасми, тоғу тош бўлишига қарамасдан тарвуз, қовун уруғини қададим. Сабзи, пиёз, помидор, бақлажон, болгар қалампирини жуяк олиб экдим, натижа ёмон эмас. Албатта, бунинг замирида меҳнат, пешонадан оққан реза-реза терлар ётади. Ҳалол меҳнат инсонни ёшартирар экан. Гарчи 52 ёшда бўлсам-да, ғайратим йигитларникидан кам эмас. Турмуш ўртоғим Ойшахон, қизим Хурсандой, ўғлим Шерали — суянчиғим, ишда кўмакчи, оилада меҳрибон асл давомчиларим.

Ҳа, Нурали Умиров бу сўзларни мамнуният билан ифода этар экан, яна бир хайрли, савоб ишга қўл урганини қўшимча қилди. Унинг бу гапида инсон тани сиҳатлигига бефарқ эмаслиги яққол сезилиб турарди.

— Қўшни Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ҳарбий хизматда бирга бўлган дўс­тим Жаҳонгир Равшанов истиқомат қилади, – дея гап бошлади Нурали Умиров. – Бир гал уникига меҳмонга борганимда у антиқа абижахл навли тарвуз, унинг шифобахш хосияти ҳақида сўзлаб қолди. Шунда мен унга ана шу шифобахш тарвуз уруғидан беришини сўрадим. Дўстим менга “Шаҳрисабзнинг ери унумдор, зилол суви гавҳар, эксангиз одамлардан дуо олиб бирингизга ўн қўшилади” – дея хурсандчилик билан жавоб қайтарди.

Деновдан қайтгач, абижахл тарвуз уруғини ерга қадаб, уни алоҳида парваришлашга киришдим. Тоғу тошлар орасида уруғни ундиришни ўзи бўлмади. Зарарли ҳашоротлар туфайли палакларни уч марта препаратлар билан озиқлантириб аччиқ тарвузни етиштиришга муваффақ бўлдим. Ушбу тарвузнинг хосияти шундаки, асалга қўшиб истеъмол қилса, инсонни гижжа балосидан халос этади. Нимжон, егани ўзига юқмаган болалар, ҳатто катта ёшдагилар ҳам ушбу тарвузни истеъмол қилиб соғлиқларини тиклашди.

— Бу тарвузнинг шифобахшлиги ҳақида эл-улус яхши билади, – дея суҳбатга қўшилди қишлоқ кайвониларидан бири Ҳайит Сафаров. — Бизнинг юртимизда мева сабзавот, полиз маҳсулотларининг шифобахшлиги ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, Нуралибойнинг бу хайр­­ли ва савоб ишлари нафақат Шаҳрисабз, қолаверса, қўшни туманлар, ҳатто вилоятларга ҳам тарқалди. Харидорбоп, шифобахш тарвуз 5-8 килограммдан 10-15 ҳатто 20 килограмм­гача тош босаяпти. Бир донаси 100 мингдан 120, 150 минг сўмгача нархда сотилмоқда. Шунинг ўзи ҳам савоб ишнинг хайру, баракаси беҳисоб бўлишидан далолат бериб турибди. Бундан ташқари, Нурали Умировнинг деҳқончилик хўжалигида қанд хасталигига даво занжабил навли картошка ҳам етиштирилмоқда. Пояси кунгабоқарни эслатувчи экин ҳосили ҳам одамлар дардига дармон бўлмоқда. Уни танаввул қилиб шифо топганлар дил сўзларини изҳор этишаяпти.

— Анча вақтдан буён қанд касаллиги билан азият чекардим, – деди Шамсиддин Хушвақтов деган ҳамюртимиз. – Нурали Умировнинг даласида шифобахш картошка ўстирилаётганлигини эшитиб, унинг ҳузурига келдим. Айни ҳосилни йиғиб олиш палласи эди. 5 килограмм картошка олиб дастлаб уни қирғичдан ўтказиб истеъмол қилдим. Сўнг салатга қўшиб ҳам едим. Бу ҳолат бир неча такрорлангандан сўнг 17 фоизга чиқиб кетган қанд кўрсаткичи кунлар ўтиб, 9 рақамини кўрсатди.

— Ээ, нимасини айтасиз, Шамсиддинжон,- дея суҳбатга қўшилди Қурбонали Мирзаев исм-шарифли юртдошимиз. – Ушбу картошканинг шифобахшлигига гап йўқ. Гарчи ўзи нордонроқ бўлса-да қовуриб истеъмол қилсангиз ҳам бўлади. Минг дардга даво она заминимиз неъматларини яратган қадоқ қўлли деҳқонларга катта раҳмат.

Албатта, деҳқончилик хўжалигида кенг кўламли ишларни бажариш осон кечмади. Уч фазали уч ярим километр масофадан электр линияси тортилди. Бунинг учун 32 та устун ўрнатилди. 2 та артизан қудуғи қазилди. Жамоа бу ишларни ўз даромади ҳисобидан амалга оширди. Дастлаб, 23 миллион сўм соф фойдадан иш бошлаган деҳқонлар йил сайин барокатли даромадни ошириб боришди. Биргина 2022 йилда 70 миллион сўм соф даромад кўрилган бўлса, бу йил 100 миллион сўмлик марра кўзланаяпти. Уч   йил муддатга олинган тижорат банки кредети ҳам қопланиш арафасида.

— Деҳқончилик фаолиятимизнинг такомиллашувида давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик беқиёсдир, — деди суҳбатимиз сўнгида деҳқон хўжалиги раҳбари Нурали Умиров. – “Агробанк” АТБ нинг бевосита ташаббуси билан вақти-вақти билан семинар тренинглар ўтказилади. Тошкент, Самарқанд шаҳарларидан ташриф буюрган олимларнинг назарий билимлари амалиётда қўл келмоқда. Натижада, мева, сабзавот, полиз маҳсулотлари харидорбоплиги ошиб, шифобахш неъматлар бозорини ташкил этдик. Келадиган даромад эвазига Қашқадарёда маълуму машҳур “Чоршанби бозори”дан қўй сотиб олиб чорвачилик тармоғини ташкил этиш ниятидамиз.

Мен бу ишларни бой бўлай деб амалга оширмаяпман. Ниятим мендан хайрли, савоб ишлар, яратган боғ-роғларим эл соғлиғи учун ибратли ишларим қолсин дейман. Келажакда фарзанд, набира чевараларим, қадрдон қиш­лоқдошларим, отам, бобомнинг муносиб ворисиман, — дея бошини баланд кўтариб, қаддини тик тутиб юрсин.

Мақсадим, бундан-да катта. Ҳавзалар қуриб, меҳмон уйлари барпо этиш, туризмга йўл очиш. Вилоятимиз, мамлакатимиз, ҳатто хориждан келадиган сайёҳларни баҳаво табиат қўйнида дам олдириб, серқуёш Ўзбекистоннинг беқиёс имкониятларини дунёга танитиш, ўзбек номини, Ўзбекистонни жаҳондаги обру-эътиборига муносиб ҳисса қўшишдан иборат. Бу менинг фуқоролик, жонажон ватаним олдидаги фарзандлик бурчим деб биламан.

Дарҳақиқат, ҳалол меҳнат ўз қадр-қимматини топади. Нурали Умировнинг эл-юрт маъмурчилигидаги меҳнати муносиб баҳоланди. Унинг кўксини ҳозирда “Меҳнаткаш деҳқон” эсдалик нишони безаб турипти. Бу замондошимизнинг фидойилигига берилган юксак эътибордан далолат.

Ҳусан ТЕМИРОВ.

Суратларда:

деҳқон хўжалиги фаолиятидан лавҳалар.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 14 =