КАЛТАКЛАНГАН “ЖУРНАЛИСТИКА”

“Zo`r ТV” ходимларига зўравонлик қилганларга нисбатан жиноят иши очилди

Ҳар қандай давлатдаги демократия, инчунин, сўз эркинлиги мезонлари ўша мамлакатдаги журналистика шаффофлиги билан ўлчанади. Хўш, бизда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолияти ҳуқуқий жиҳатдан тўла кафолатланганми? Албатта. Яқиндагина халқимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиздан тортиб, журналистикага оид қатор қонунларимизда оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатлаб қўйилган. Аммо… Куни кеча “Zo`r ТV” каналининг ходимлари қурувчилар томонидан калтаклангани ва бундай ҳолатлар биринчи марта эмаслиги нимани билдиради?

“Zo`r ТV” воқеаси куни кеча содир бўлди. Телеканал ходимлари аввалроқ қулаб тушган кўп­рик яқинида тасвирга олиш ишларини олиб боришаётган бўлган. Хабарингиз бор: шу йил 12 август куни Тошкент халқаро аэропорти олдида “Кўприкқурилиш” трести томонидан қурилаётган йўл ўтказгичнинг 42 метрлик 5 дона балкаси монтаж жойидан тушиб кетган. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг расмий баёнотида воқеага кран ёрдамида монтаж қилиш жараёнидаги эҳтиётсизлик сабаб бўлгани ва ҳеч ким жабрланмагани айтилганди. Ҳалокат натижасида 2 млрд. 760 млн сўмлик зарар етказилгани, Транспорт прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб,  3 нафар мансабдор шахс гумон қилинувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушлангани маълум қилинди.

Аслида барча маълумотлар кенг оммага тарқалиб бўлган, “Zo`r ТV”чилар эса ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган айни мавзу тафсилотларига янада ойдинлик киритиш мақсадида бўлса керак, воқеа жойига боришган. Аммо шу ҳудудда ишлаётган қурувчилар улардан кетишларини, янаям аниқроғи, йўқолиш­ларини сўраган.

Турли ҳақоратли сўзлар айтиб, ходимлардан айримлари калтакланган. Энг ажабланарлиси, ҳолат тас­вирланган видеони кузата туриб, бу ишлар кимдир(бояги қурувчиларнинг раҳбари) томонидан буюрилганини англаш қийин эмас. Яъни, оммавий ахборот воситаси ходимларини калтаклаган одам катта эҳтимол билан раҳбарининг буйруғини бажарган. Чунки тасвирларда “Йўқот!” деган овоз аниқ-тиниқ эшитилади. Айтмоқчи бўлганимиз, журналистларни менсимаслик, фаолиятига тўсқинлик қилиш, боз устига ҳақоратлаб, калтаклаш ишида нафақат қурувчилар, балки шу жамоа раҳбариятининг ҳам айби бор.

Аслида бу вазиятда журналистлар томонидан “Америка очилаётгани” йўқ эди. Юқорида айтганимиздек, аллақачон барча маълумотлар тарқалиб бўлган, кўприкнинг қулаш жараёни аксланган тасвирлардан тортиб, жиноят иши очилгани ҳам хабар қилинган эди. Қурувчиларнинг телевидение ходимларини қувиб солишларига ҳеч қандай асос ҳам, мантиқ ҳам йўқдек туюлади. Шунчаки бу ҳолатда ОАВни менсимаслик, беписандлик кўринишларини кузатиш мумкин, холос.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ушбу ҳолатга изоҳ берар экан, ОАВ вакилларига зўравонлик кўрсатиб, уларга қарши куч ишлатган ходим — “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси 67-кўприкқурилиш отряди иш бошқарувчиси Н.Эшниязов эканлиги ва у қилган иши учун ўша куннинг ўзида ишдан бўшатилганини маълум қилди. Ушбу ҳолат бўйича бир қатор ташкилотлар ўз муносабатини билдирди. Жумладан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳам ҳолатни кескин танқид остига олиб, айбдорларга қонуний жазо берилиши лозимлигини таъкидлади. Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги воқеликка ҳуқуқий баҳо бериш ва адолатли қарор қабул қилишларини сўраб, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага расмий мурожаат йўллади. Миллий медиа бирлашмаси бошқарув раиси Шерзодхон Қудратхўжа ҳам ушбу воқеани кес­кин қоралаб, “Zo’r TV” телеканали “Bu kun” дастури оператори Сардорбек Йўлдошевнинг бурни сингани, унга бош мия чайқалиши ташхиси қўйилгани ва айни вақтда у касалхонада эканлигини, мухбир Нурзодбек Воҳидовнинг энса қисмига шикаст етганини маълум қилди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда “Трест кўприк қурилиш” УК дан масъулларга интизомий чоралар кўришни, шунинг­дек, келтирилган моддий ва маънавий зарар қопланишини сўради. Ички ишлар вазирлиги ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. “Zo`r ТV” телерадиокомпанияси ходимларига тан жароҳати етказилганлиги ҳолати юзасидан ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади расмий хабарда.

Ана энди тафаккур қилайлик: “Zo`r ТVга қилинган муносабат ўзбек журналистикасига бўлган муносабат эмасми? Аслида улар телеканал ходимларини эмас, бутун соҳани оёқ ости қилишмадими? Бу саволларга жавоб излаш ва вазиятни ўнглаш долзарб, ҳозир, айни вақтда ҳал қилиниши керак бўлган масаладир. Касбимизга бўлган ҳурмат, жавобгарлик ҳисси тўлиқ тикланмас экан, жамиятда оммавий ахборот воситаларига оид қонунлар устувор бўлмас экан, журналис­тикамизнинг бошида калтаклар синаверади.

Тўғри, биз фақат бир тараф, яъни ҳамкасбларимиз томонидан тарқатилган тасвирларни кўрдик. Иккинчи томонни эшитмадик. Ҳозирча бунинг имкони бўлмади. Балки “Zo`r ТV” ходимлари ҳам тасвирдан ташқари ҳолатда касб этикасига риоя қилишмагандир. Бу ҳолатларга-да тегишли суриштирувларда ойдинлик киритилишига шубҳа йўқ. Аммо нима бўлганда ҳам, ҳар қандай вазиятда ҳам журналист ҳақоратланиши, калтакланишини оқлаб бўлмайди.  Бу воқеа айбдорлари албатта, қонуний жазоларини олишлари лозим. Зотан, бу жазо қолганларга ибрат бўлсин.

“Hurriyat” таҳририяти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + sixteen =