“Ўрис шапка”

Болалигимдан мутолаага қизиқаман. Бу борада тенгдошларимга ўрнакман деб айта олмайман. Аммо қайсидир асар дидимга маъқул келса, қайта-қайта ўқишим рост.

Ҳали мактабга бормасдим. Дадам чиройли суратлари билан безатилган китоблар олиб берардилар. Кейин саводим чиқди, ўзим мустақил мутолла қиладиган бўлдим. Ҳар сафар телевидениеда қатор-қатор китоблар терилган жавонларни кўрсатишса, ҳавас билан қарар эдим. Афсуски, мавжуд шароит шахсий кутубхона жавониим бўлишига имкон бермаган. Юзга яқин китобларимни қутида сақлашга тўғри келарди. Юқори синфга ўтгач мактаб кутубхонаси “шахсий жавоним”га айланди…

Кейинчалик жаҳон адабиёти дурдоналари билан танишдим. Аста-секин шеър, ҳикоялар, мақолалар қоралаб юрдим. Эндиликда китоб ва мутолаасиз бир куним ўтишини тасаввур қила олмайман..

Аслида гап ўзим эмас. Яқинда мутолаа қила бошлаганим – “Ёлғизоёқ йўл” тўпламига қисқача тўхталмоқчи эдим, холос.

Очиғи, асарни тўлиқ якунлашга ҳали улгурганим йўқ. Аммо тўпламга киритилган бир неча ҳикояларнинг ўзиёқ мени ўйга толдирди, мулоҳаза қилишимга туртки берди.

Замон шиддат билан ривожланаяпти. Тўғри бунинг натижасида, кўп жиҳатлар инсоният турмушининг осонлашишига хизмат қилаяпти. Шу билан биргаликда ўзлигимиздан узоқлашиб бораётгандекмиз. Яқинда ижтимоий тармоқлардаги бир қайд эътиборимни тортди. “Халқимизда миллат тушунчаси нотўғри шаклланган. Миллат мансубияти жуда муҳим бир нарсадай онгимизга сингдирилганлигини тан олишимиз керак. Аслида бу унчалик тўғри эмас. Миллийлик нисбий. Яъни, миллат сиёсий тушунча, у кўпчилик давлатларда фуқароликнинг синоними ҳисобланади. Бизда эса миллат деганда этносни тушунишади. Бу нотўғри. Янглиш дунёқарашдан воз кечиш вақти келмадими?” деб ёзилганди унда…

Аслида миллат ўзлик дегани эмасми? Аслида “миллат арзимас тушунча” дегувчилар янглиш дунёқарашда эканлиги кундай равшан-ку. Эскилик сарқити, деб собиқ мафкура қанчадан-қанча бебаҳо қадрятларимизга таҳдид солмади дейсиз. Бугунги мустақиллик замонида бундай фикрлаётганлар орамизда учраши катта хатар, менинг наздимда.

“Ёлғизоёқ йўл” таркибидаги “Ўрис шапка” ҳикояси ана шу бадиий муаммо устига қурилгани билан мени ўзига “михлаб” олди. Асарда муаллиф асрий қадрятларимизнинг йўқолиб бораётганини аччиқ таассуф билан қайд этади.

Ортиқча тафсилотга ўрин йўқ. Ўйлайманки, бу ҳикояни ҳар бир ўсмир ўқиши, мағзини чақиши керак. Салмоқли тўпламдан бир шингил ғоянигина тилга олдим. Асарни тўлиқ ўқисангиз, бундан ўн карра кўпроқ нарса топишингизга аминман.

Дарвоқе, муаллиф ҳақида. Китоб Жомбой туман ҳокими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Қаюм Собиров қаламига мансуб.

Дилмурод МАҲРАМОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 3 =