Қалбимга қўнган ўн кун

Тан оламан, шу пайтгача Абдуқаюм Йўлдошевни ёзувчи сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам яхши билмас эдим. Бир-икки ҳикояларини ўқиган, асарлари бўйича ишланган айрим телепостановкаларни кўрган эдим, холос. “Гулистон” журналига ишга келганимдан кейин ундан ҳикоя сўраттирдим (ўша кезлари Абдуқаюмнинг бироз тоби йўқ, деб эшитгандим, 2019 йилнинг бошлари эди). Унинг умр йўлдоши – истеъдодли ёзувчи Зулфия Қуролбой қизи етказди ҳикояни. Бизга маъқул бўлди. Сарлавҳасини “Гумон” деб ўзгартирдик. Муаллифдан рухсат олмай ўзгартирганим учун, кеч бўлса-да, узр сўрайман. Абдуқаюмнинг ўзи билан, бир-икки шунчаки салом-аликни инобатга олмасак, умуман гаплашмаган эдим.

2023 йилнинг июль ойида ёзувчиларнинг Зоминдаги ижод уйида ўн кун дам олдим. Шу ўн кун давомида Эркин Аъзам, Усмон Азим, Нурбой Жаббор, Абдуқаюм Йўлдошев (тўрталаси ҳам турмуш ўртоғи билан) ва каминадан иборат ажойиб бир давра пайдо бўлди. Тонгги ва кечки сайрларда хўп ибратли маърифий суҳбатлар кечди. Зоминнинг хуш ҳавоси, арча-ю турли тоғ гиёҳларининг ёқимли ва фойдали бўйлари бир тараф, шоиру адиблар ҳамда олим суҳбати бир тараф бўлди. Ёзувчи Эркин Аъзамнинг пурмаъно суҳбатлари, шоир Усмон Азимнинг ичакузди ҳангомалари, зукко олим Нурбой Жабборнинг диссертациялар ҳимоясидаги латифанамо воқеалар ҳақидаги гурунглари нақадар завқли, эсда қоларли. Улуғ устозлар, улардан олган сабоқларимиз, бу оламни эрта тарк этган тенг-тўшларимиз ёдга олинди, уларнинг фазилатларини қўмсаб хотирладик. Ғийбат йўқ, фисқи-фасод йўқ, ҳаммаси ибратли, нурли эслашлар. Қанчалар гўзал, қанчалар мароқли, гўё донишманд муаллимлар дарси — сабоғи каби.

Шулар боисмикан, ўн кун қандай ўтганини сезмай қолдик.

Абдуқаюм ана шу гурунгларда, асосан, эшитувчи бўлди, онда-сонда қўшилди суҳбатларга. Эркин Аъзаму Усмон Азимдай устозлар, Нурбой Жаббордай закий олим олдида одоб сақлади чамамда. Гурунгларнинг ҳар қайсиниси гўё олдиндан белгилаб қўйилгандай маълум бир мавзу ёхуд муайян бир давр ёки айрим устозларнинг ёшлар учун ўрнак бўлгилик ишлари ҳақида бўлди. Абдуқаюм суҳбатларни тинглаб, уларнинг ҳар биридан ўзига керакли нарсаларни олишга интилаётгандай кўринди менга. Шогирдлик мақомини қаттиқ ушлади, бирон марта шу доирадан чиққанини сезмадим. Барака топсин.

Ана шу ўн кунда Абдуқаюмни камтарин, олижаноб инсон ва истеъдодли ёзувчи сифатида кашф этдим. Атиги ўн кунда бир кишининг қанақа инсонлигини тўла билиш мумкинми? Ёзувчилигини-ку айтмаса ҳам бўлади? Чунки ўн кунда адибнинг нари борса битта китобини ўқиш мумкин. Бу билан унинг ижоди хусусида холисона баҳо беришнинг иложи йўқ-ку, де­йишингиз мумкин. Ҳақсиз! Аслида ҳар қандай инсоннинг бутун феъл-атворини, айниқса, ички дунёсини тўла ўрганиш учун ўн кун эмас, ўн йил ҳам камлик қилади. Нимасини айтасиз: ҳатто бир умр бирга яшаган эр-хотинлар ҳам бир-бирини тўла анг­лай ололмаслиги бор гап. Зеро, инсондай тез ўзгарувчан жон бормикан бу оламда? Йигирма-ўттиз йил Лайли-Мажнун бўлиб яшаган оиланинг тўсатдан ажрашиб кетганини кўриб, ёқа ушлаган пайтларимиз бўлган. Аммо муайян инсоннинг гап-сўзларига, гапларининг маъносига, фикрлаш тарзига, дунё­қарашига, сўзлаш манерасига, ўзини тутиши-ю, юриш-туришига, атрофдаги воқеликка муносабатига зеҳн қилинса, ҳар бир хатти-ҳаракатига, гапираётган пайтида юз ифодаларидаги ўзгаришларга, энг асосийси, кўз қарашларига диққат қилинса ўша инсонни бир кунда, ҳатто биргина суҳбатда кимлигини маълум маънода билиб олиш мумкин экан. Такрор айтаман, ҳеч бир инсоннинг асл қиёфасини мукаммал билиш жуда қийин, эҳтимол умуман мумкин эмасдир.

Биз кўпинча тинмай гапирадиган, бир гапириб ўн куладиган одамларни очиқ, кўнглида кири йўқ, бир қоп ёнғоқ каби шалдир-шулдир,  беғубор инсон, деймиз. Камгап, унча-мунча суҳбатларга қўшилавермайдиган одамларни ичимдан топ, писмиқ дейишга ўрганиб қолганмиз. Мен бу фикрга унчалик қўшилмайман. Сабаби биринчи тоифага мансуб бўлгани ҳолда ниҳоятда айёр, тулкига ҳам дарс берадиган, ҳозир айт­ган гапидан ярим соат ўтмай тонадиган,  ўзининг манфаати учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган туллак одамлар ҳам бор, афсуски, кўп. Аксинча, биз писмиқ, гап пойлаб юради, деб ўйлайдиганларимиз орасида қатъиятли, сўзига, дўстлари-ю устоз­ларига садоқатли инсонлар оз эмас. Демак, ҳар бир инсон – индивид, ҳаммага бир хил баҳо бериб бўлмайди. Зотан, бу дунёда бир-бирига ўхшаган иккита одам йўқ! Ҳатто эгизаклар ҳам, ташқи кўриниши ўхшаса-да, табиатан бир-биридан фарқ қилади.

Абдуқаюм бу икки тоифанинг унисига ҳам, бунисига ҳам мансуб эмасдек. Чунки уни кўп гапиради дейиш ҳам, камгап дейиш ҳам тўғри келмайди. У қачон гапиришни, нима де­йишни билади. Энг асосийси, устозлар ҳурматини жойига қўяди. Ўн кун давомида мен бунга гувоҳ бўлдим, унинг саъй-­ҳаракатларига сер солдим. Эркин Аъзам, Усмон Азим, Нурбой Жаббор олдида одоб сақлаб турди. Бу унинг тарбия қўрганидан, маданиятидан далолат. Юқорида эслаганимиз “бир қоп ёнғоқ каби шалдир-шулдир”лардан биронтаси бўлганидами, ҳай-ҳай, ҳеч кимга гап бермас, қайси мавзуда гап очилмасин билса-билмаса ўртага от солиб қўшилиб кетаверар эди. Ундайлар учун даврадагиларнинг устозлик мақоми ҳам, ёшининг улуғлиги ҳам аҳамиятсиз. Эътибор берганим, Абдуқаюм Йўлдош ўзи билмаган мавзуга аралашмас, асоссиз, далилсиз гапирмас экан. Кейин билсам, у Техника университетида таҳсил олган экан. Сезиб турибман, ушбу сатрларни ўқиганда Абдуқаюм мўйлови остидан майин жилмайиб, “ака сал ошириб юбориптилар-ку” деган хаёлга боради.

Йўқ, Абдуқаюмбой, оширмадим, аксинча, иложи борича вазминлик, босиқлик ва энг муҳими, холислик билан ёзишга ҳаракат қилдим. Сиз ортиқча ҳавойи гаплару мақтовларга муҳтож эмассиз, уларни ёқтирмайсиз. Буни шу ўн кун бадалида билиб олдим. Қолаверса, сиз катта лавозим эгасимидингизки “ўзингизда йўқ хислатлар”ни (А.Орипов) “туфлаб ёпиштириб” (А.Қаҳҳор) сизни мақтасам. Боз устига, мен ундай ёшдан ўтганимга анча бўлди, бирор илтифотдан умидим ҳам, илинжим ҳам йўқ.

Эркин Аъзам ўзаро суҳбатларда Абдуқаюм ҳақида самимий фикрлар билдиргани эсимда. Очиғи, ўшанда кўп аҳамият бермаган эканман. Мана шу ўн кун ичида Эркин Аъзамдай нозиктаъб инсон, талабчан адиб Абдуқаюм Йўлдошев ҳақида яйраб гапирганининг сабабини англаб етдим.

Дарвоқе, Абдуқаюмни ёзувчи сифатида кашф этганим хусусида. Аввало, унинг гап-сўзларида билимдон адибнинг нафаси уфуриб турибди. Қолаверса, ёзувчини биргина китоби, ҳатто биттагина ҳикоясидан қанақа ёзувчи эканини билиб олиш мумкиндай туюлди. Ҳамма нарса бисмиллосидан маълум бўлади, дейишади-ку… Мен Абдуқаюмни “Шараф йўли” китобиданоқ дунёқараши, тафаккур тарзи, ҳаётий позицияси, ёзувчилик маҳоратини англаб олдим. Китобдан ўрин олган роман ҳам, қисса ҳам жуда масъулиятли мавзуда…

Ўша кунлари ёш ижодкорларнинг Зомин семинарининг нав­батдаги машғулотлари бўлди. Унда биз ҳам иштирок этдик. Шунда китобсевар укаларимдан бири менга бир китоб берди. “Сизга атаб олиб қўйган эдим”, — деди. Қарасам, Абдуқаюмнинг “Шараф йўли” китоби. Варақладим. Атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи, буюк қалб эгаси Шароф Рашидов ҳақида биографик роман ва оташнафас жадидлардан бири Убайдулла Хўжаев тўғрисида “Жадид” деган қисса. Зоминда китобни ўқишга имкон бўлмади. “Яхши дўстлар даврасида очилурсан ҳар замон” (Э.Воҳидов) деганларидек, аҳли дониш­лар суҳбатини қизғандим, бу машварату мубоҳасалардан иложи борича кўпроқ нарса олиш пайида юрдим.

Зомин сафарини якунлаб, уйга қайтгач, китобни қўлга олдим. Яширмайман, жуда иштиёқ билан, ютоқиб киришмадим ўқишга. Сабаби – Шароф Рашидов ҳақида унча-мунча нарса ўқиган эдим, эшитганларим-ку олам-жаҳон. Бунинг устига Ш.Рашидовнинг юз йиллигига бағишлаб 2017 йилда “Маънавият” нашриёти томонидан чоп этилган “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” китобига норасмий муҳаррирлик қилганман. Китобга атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги хотиралар жамланган. Уларда Ш.Рашидов фаолиятининг турли қирралари, ижоди, оиладаги ўрни ҳақида аниқ мисоллар билан сўз юритилган. Шу боис, ёзувчи бу романида Шароф Рашидов ҳақида қандай янги гаплар айтди экан, деган хавотир ҳам йўқ эмасди хаёлимнинг бир чеккасида. Танишиб қўйиш мақсадида бошланган мутолаам иштиёққа айланиб, романни ўқиб қўйганимни ўзим ҳам сезмай қолдим.

Аввало, Абдуқаюм Йўлдошевнинг журъатига тасанно! Бундай оламга машҳур инсонлар ҳақида асар ёзиш осон эмас. Энг қийин жойи, бу соф бадиий роман эмас, тарихий фактлар, тарихий воқеалар, аниқ шахслар тилга олинган. У воқеаларнинг аксариятига гувоҳ бўлган, ҳатто бевосита иштирок этган одамларнинг кўпи бугун ҳам ҳаёт. Демак, воқеаларни бузиб, ўзгартириб талқин-тасвир этиш мумкин эмас. Бу ҳолат ёзувчини бадиий асар ёзишдагидай эркин фикрлашини чеклаб қўяди. Айни вақтда роман деб қўйдими, унинг ўқишли бўлишини ҳам ўйламоқ зарур. Назаримда, Абдуқаюм буни баҳоли қудрат уддалаган.

Романда қизил ип бўлиб ўтган ғоя – ёзувчи Рашидов билан раҳбар Рашидов қарашларини, феъл-атворини уйғун ҳолда кўриш ва тасвирлашдир. Бошқача айт­ганда, Шароф Рашидов республиканинг биринчи раҳбари сифатида фао­лият олиб борганда ҳам, шу мақом доирасида фикр юритиб, турли қарорлар қабул қилганида ҳам хаё­лининг бир бурчида, юрагининг туб-тубида ёзувчилик – ижодкорлик феъли, нуқтаи назари бўй кўрсатиб турган. Деярли барча масалаларга халқ манфаатидан келиб чиқиб ёндашган, хулоса қилган. Шу боис, баъзи қалтис жойларда, яъни кимнингдир, аниқроғи юқорида турган оғзи катталарнинг сўзини, у хоҳ илтимос, хоҳ топшириқ бўлсин, қайтариш ёхуд муайян масала бўйича ўзининг фикрини айта олиш имкони бўлмаган пайтларда ич-­ичидан эзилади, тишини тишига қўйиб чидайди. Зеро, бошқа иложи йўқ эди-да! Бундай ҳолатларнинг ҳар бири адиб-раҳбар Рашидовнинг юрагига ўткир қиррали тош каби йиғилаверган. Баъзи раҳбарлар бундай “тошлар”ни кимгадир бақириб, сўкиниб юрагидан чиқариб ташлайди ва енгил тортади. Рашидовнинг табиатида бунақа одат бўлмаган – дардини бировга билдирмаган, ичига ютган. Бундай одат атрофдагилар учун яхши, ўзи учун ёмон, жуда ёмон, соғликнинг ашаддий кушандаси. Унинг нисбатан ёш, олтмиш олти ёшда юрак хуружидан вафот этганига сабаб ҳам шудир балки. Янаям Оллоҳ билгувчидир.

Абдуқаюм шуларни бир неча мисоллар билан тасвирлайди. Аслида Шароф Рашидов ҳаётида бунга ўхшаш оғир ҳолатлар қанча бўлган… Эҳе… Юртни обод, халқ турмушини фаровон қилиш учун не-не йўлу усулларни қидирмаган дейсиз. Кечагидек ёдимда, эсласам ҳозир ҳам қулоқларим остида жаранглайди ўша сўзлар. 70-йиллар эди чамамда. Радиони қўйсам кимдир дадил-дадил, ҳатто бироз асабий ҳолда гапираяпти. Қулоқ тутдим. Пахта дефолацияси ҳақида сўз бормоқда эди. Самолёт пахтазорга дори сепади, у одамлар устига тушади, ариқдаги сувга тушади, бу сувдан одамлар ҳам, мол-ҳол ҳам ичади. Оқибатда нима бўлади?! Одамлар ҳам, чорва моллари ҳам касал бўлади! Оналар, болалар орасида сариқ касал, жигар касали кўпайиб боряпти, деймиз. Аммо унинг  сабабини, илдизини ўйламаймиз, қидирмаймиз. Мана илдизи, мана сабаб қаерда! Ахир дихлафос турган-битгани зарар-ку инсон учун… Шунинг учун дефоляцияни самолётда эмас, трактор билан қилиш керак…

Бу гапларни эшитиб, ҳайрон қолганман. Эътибор қилаяпсизми, 70-йилларда бундай гапларни айтиш осонмиди, кимнинг ҳадди сиғар эди? Охиригача эшитдим. Нутқ тугади. Диктор “Сиз Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Шароф Рашидовнинг республика колхозчиларининг қурултойида сўзлаган нутқини эшитдингиз”, —  деди. Ёқамни ушладим…

Шароф Рашидов халқимиз тарихини, буюк аждодларимиз фаолиятини яхши билган. Улар номини абадийлаштириш, қадамжоларини обод қилиш, асарларини нашр этиш катта ор­зуси бўлган. Юқорида эслаганимиз “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” китобида 80-йилларда Хоразм вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби бўлган Мадиёр Худойберганов хотираларида қуйидаги сўзларни ўқиймиз: “Хивадан қайтаётиб, йўлда кўнглидаги кўп армонларни тўкиб солди. “Бир ния­тим бор, – деди жиддий қиёфада. – Имконият бўлса, мана шундай тарихий жойларни обод қилсак, яна бир ниятим – юртимиздан етишиб чиққан жуда кўп алломалар бор. Мана, масалан, Хоразмнинг ўзида Маҳмуд ал-Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Сайфи Саройи, Абу Бакр Хоразмий, Носириддин Рабғузий, Мажлисий, Ҳайдар Хоразмий, Ҳофиз Хоразмий каби улуғ инсонлар фаолият юритганлар. Чағминий, Жузжоний сингари буюк олимлар нодир асарлар яратганлар. Хўш, шуларнинг ҳаммасини биламизми? Афсуски, йўқ. Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд каби бир-икки аллома ва шоирларни биламиз, холос. Ана энди рес­публикамиз бўйича турли даврларда яшаб ўтган алломалар, шоирлар, саркардалар, юртимиз озодлиги учун курашган инсонларни бир кўз олдингизга келтиринг. Уларнинг руҳи олдида қарздормиз. Меросларини билмаймиз. Ахир улар меросини, ҳаёти, ижоди, фаолиятини биз билмасак, ким билади? Улар бизлардан нажот кутиб, бизлардан имдод кутиб ётибди-ку. Мана, менинг кўнглимдаги орзулар, ниятлар. Аммо ҳозирги шароитда бу ниятларни амалга ошириш имконияти йўқ. Лекин бу ишларни албатта қилишимиз керак…”

Истак: ёзувчи романни яна бир кўрса, қўшимча мисоллар билан тўлдирса, драматизмни янада кучайтирса… Ҳамма нарса осонликча ҳал этилмаган-ку. Ғийбатчию ҳасадчиларнинг раҳнамолари ўша пайтлари Москвада ҳам ўтирган. У вақтларда ҳеч нарсани Москва рухсатисиз бажаришнинг иложи бўлмаган… Шароф Рашидовнинг ўзи даражасидаги, адабиётимиз тарихида қоладиган салмоқли асар бўлар эди-да. Такрор айтаман, А.Йўлдошев катта меҳнат қилган, шу меҳнатни эринмай охирига етказса, деган истак бор, холос…

Абдуқаюмнинг мазкур китобини ўқиган китобхон у жуда меҳнаткаш адиб эканини сезади. Асар ёзишдан олдин мавзуга доир материалларни эринмай ўргангани кўриниб турибди. “Шараф йўли” романи ва “Жадид” қиссаси бунинг амалий исботи. Қиссада тарихимизнинг мураккаб даврида фаолият олиб борган маърифатпарвар боболаримиз ҳақида ҳикоя қилинади. Эътироф этиш керак, муаллиф ўша даврга тааллуқли жуда кўп материал тўплаган. Бу даврнинг оғирлиги ва мураккаблигини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга, китобхон қизиқарли маълумотлар олади, асарни қизиқиш билан ўқийди.  Ўша замондаги сиёсий ўйинлар, фитналар, сотқинлар, кўролмаслик, ҳасад каби иллатлар ва улар келтирган катта-кичик фожиалар яхши очиб берилган. Устозимиз Асқад Мухторнинг “Чичиков хавфли эмас, Чичиковлар хавфли” деган гапи бор. Худди шундай миллатимизни ёруғликка олиб чиқишга бел боғлаган маърифатпарвар боболаримиз умрига зомин бўлганлар ҳам, асосан, “ўз меҳробимиздан чиққан чаёнлар” (М.Юсуф) – “Кўланка”лар, “Сиёб”лардир. Беҳбудий, Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов каби миллатимизнинг юзлаб фидойилари қатл этилиши, эллигинчи йилларнинг бошларида неча ўнлаб зиёлиларимиз ҳибсга олиниб, сургун қилиниши ўша “Кўланка” ва “Сиёб”ларнинг “садоқати” натижаси эмасми?! Минг таассуфки, шундай! Улар ҳар доим бўлган…

“Жадид” қиссаси шулар ҳақида ўйлашга, тарих хатоларидан хулоса чиқаришга даъват этади.

Ушбу асар бўйича ҳам бир таклиф бор. Юқорида айтдим, жуда кўп материал тўпланган. Улар кичик бир қиссага кўплик қилган, фактлар, мисоллар қиссани босиб қўйгандай туюлади. Муаллиф эринмаса, шу қисса асосида яхшигина роман ёзиши мумкин. Убайдулла Хўжаевнинг шахсий ҳаётига ҳам кенгроқ ўрин берилса, Катя билан кечган муносабатлар каби. Бадиий асарда муаллиф фантазияга эрк беришга ҳақли.

Аслида ҳар иккала асарни китобхон қизиқиш билан ўқийди, адабиётимиздаги яхши роман ва яхши қисса сифатида эътироф этади. Мен бунга ишонаман. Юқоридаги истак-таклифлар яхши асарда, жузъий бўлса-да, камчилик бўлмаслигини хоҳлаган ҳолда ёзилган мулоҳазалар, холос. Қолаверса, бу ишлар Абдуқаюмнинг қўлидан келади…

“Шараф йўли” романи ва “Жадид” қиссаси бир муқова остига жамлангани мантиқан жуда тўғри. Ҳар иккала асар қаҳрамони элу юрт дарди, унинг истиқболи йўлида тинмай хизмат қилган фидойилардир. Қолаверса, Шароф Рашидовни ҳам ўз  даврининг жадиди, дейиш мумкин. Ахир жадид дегани янгиликка интилувчи, маърифатпарвар дегани эмасми?! Шундай!

Яна бир фикр: “Жадид” қиссасининг номини “Чақмоқ” деб қўйса ўринли бўларди. Зеро, жадидлар ҳам чақмоқ каби миллатимиз ҳаётига ёруғлик олиб кирган, айни чоғда аксариятининг умри чақмоқ сингари қисқа бўлган. Қисса якунида шундай жумлалар бор: “Шу маҳал ногаҳон осмонда чақмоқ чақди. Унинг шуъласи улкан дарахт тагида хотиржам ўтирган, кўзларида недир умид-ишонч акс этаётган Убайдулла Хўжаевни бор бўйи билан ёритди”. Бунга изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак…

Мен истеъдодли адиб Абдуқаюм Йўлдошевни, барча адабиёт мухлисларини яхши китоб билан қутлайман. Муборак бўлсин!

… Зоминда ўтган ўн кун ўзининг файзу таровати, мазмун-моҳияти билан қалбимда ўчмас из қолдирди.

Қани эди ҳар кунимиз шундай ўтса…

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ

«Ҳуррият» газетаси, 2023 йил 16 август, 32-сонидан олинди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × five =