Ватан мадҳи саодатдир

Таниқли шоир Ғайрат Мажиднинг “Беш дарс” китобини ўқиб…

 

Шеърда шоирнинг кўнгли ойдек кўринади, туйғулари мавжланади,   тўлқинланади. Ўй-хаёллари, орзу-армонлари акс этади. Шоирнинг овози – Ватан овозининг акс садосидир. Бу овозда Ватан дарёлари, шаршаралари, боғлару тоғларнинг, тун ва тонгларнинг янгроқ товуши жаранг сочади. Шу боисми, шеърда шоирнинг Ватани гавдаланади. Ҳатто лирик – рубобий битикларда шоирнинг ватани кўринаверади. Чунки ватанни қалб билан севадилар. Ватаннинг ватани – қалб, шеърнинг ватани ҳам қалбдир. Шунинг учун бўлса керак, шеър “Ватан сурати” дея таърифланади.

 

Янги китоб ўқувчида, китобхонда янги таассуротлар, янги ҳис-туйғулар уйғотади. Таниқли шоир Ғайрат Мажиднинг бадиий ўзига хосликлари билан эътиборни тортадиган салмоқли “Беш дарс” китобини ўқир экансиз, ватан ҳақида тиниқ, равшан туйғулар, хаёллар кўнглингиздан ўтади ва ушбу тўплам кейинги йилларда Ватан ҳақида ёзилган энг яхши китоблардан бири бўлганига ишонч ҳосил қиласиз. Китобдаги шеърлар самимий руҳи, шаклий-бадиий фазилатлари билан ўқувчи меҳрини қозонади.

Ватанни севмоқ иймондандир, дейдилар. Ватан севгиси иймон меваси. Азалдан устозлардан қолган ўгит бор: энг яхши шеърлар Ватан ҳақида ёзилади. Дарҳақиқат, Ватан ҳақидаги асарлар Ҳамид Олимжон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Зулфия, Миртемир, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф, Хуршид Даврон, Сирожиддин Саййид, Мирзо Кенжабек каби устоз шоирлар ижодининг гултожи саналади. Ватан ҳақида яхши шеърлар битган шоирлар сафига Ғайрат Мажиднинг ҳам номи қўшилса, ўринли бўлади, деб ўйлаймиз. Негаки, унинг “Беш дарс” китобини мутолаа қилган ҳар киши шундай фикр­­га келиши табиий бўлса керак.

Ғайрат Мажидни шу пайтга қадар, асосан, лирик шоир сифатида билар эдик. “Ҳеч кимга ўхшамайсан”, “Кўзларингни соғинаман”, “Кўксимдаги юлдузлар”, “Ишққа борар йўл” китоб­лари асосан адабиётнинг асосий мавзуси – севги-муҳаббат ҳақидаги шеърлардан тартибланган. “Беш дарс” деб номланган мазкур салмоқли шеърий тўплам шоирни ўқувчи кўзи олдида катта ижтимоий фикр айта оладиган, шоирона сўзи камолга етган, ҳис-туйғулари такомил босқичига кирган ижодкор сифатида гавдалантиради. Шоирнинг ижодий ва бадиий ўсиш йўллари ва юксалиш бочқичларини кўрсатади, ижодий ва бадиий диапазони, потенциали, имкониятлари борасида яхлит тасаввур беради.

Мажмуанинг катта қисмини Ватан ҳақидаги шеърлар ташкил қилади. Аввало, китобнинг композицияси ҳақида: Китоб беш бўлим – беш дарсдан иборат бўлиб, ҳар бўлим бир мавзудаги битикларни қамраб олади. “Биринчи дарс” Ватан ва халққа садоқат ва муҳаббат, “Иккинчи дарс” ота-она, туғилган тупроқ, ака-ука, опа-сингил, яъни инсонни ҳаётда инсон этиб турган ришталар, эзгу омиллар, маънавий замин ҳақида. “Киндик қони томган тупроқ” деган ибора бекорга ишлатилмайди. Инсон киндик қони томган ердан дунёга, ҳаётга илк қадамини қўяди. Одамлар жамиятига кириб келади. Инсоннинг маънавий томири, инсонлик илдизи шу ердан аждодлар қадрияти, маънавияти сари ниш отади. “Учинчи дарс” сўз олдидаги, шеър, адабиёт олдидаги масъулият ва бурч хусусида баҳс юритади. Шу ўринда устод адиб Асқад Мухторнинг “Шеър – шоирнинг ижтимоий виждони” деган сўзи шоир ва шеър ўртасидаги ғоят кенг кўламли ва нозик муносабатни жуда тўғри ва аниқ ифодалаганига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз. Сўз ёнида илҳом, илҳом ёнида сўз бўлиши керак. Акс ҳолда, сўз ҳам, илҳом ҳам эгарсиз тулпор – самарсиз шамол каби фойдасиздир. “Тўртинчи дарс”да адабиётнинг азалий ва абадий мавзуси бўлган севги ва муҳаббат, дийдор ва айрилиқлар дунёси манзаралари гоҳ қувонч, гоҳ эса ҳасрат билан тасвирланган. Дунё муҳаббат билан гўзал, муҳаббат бўлмаганда ҳаёт қақроқ майдондек, тирик­лик эса зерикарли бир машғулотдек туюлармиди?! Туркий аждодларнинг буюк шоирларидан бири Ҳоди Тоқтош:

 

Муҳаббат… ул ўзи эски нарса,

Лекин ҳар бир юрак они янгорта…

 

деб бежиз айтмаган – юрагини ёрмаган, ахир.

“Бешинчи дарс” юқоридаги тўртта дарсни якунловчи дарс, барча дарсларнинг хулоса – сабоғи, қаймоғи. Унда тарих, маърифат, маънавиятга дахлдор мавзулардаги шеърлар жамланган.

Аҳамият берилса, китоб номи рамзий маънога эга. Халқ тилида “ишлар беш” дейилади. Мактабда кунлик машғулотлар беш соатдан иборат. Дунёнинг буюк асарларига “бешлик” деб ном берилган. Инсон кўп нарсаларни беш бармоқ ҳиссиёти билан сезади, пайқайди. Бир кунда беш марта саждага бош эгади. Дунё-чи, дунё ҳам беш қитъадан иборат…

Ғайрат Мажиднинг “Беш дарс” китоби ана шу тушунча ва ҳиссиётларнинг ҳамма-ҳаммасини ўзида мужассам этади.

 

Биринчи дарс:

“Гоҳи исён ичраман…”

 

Ватан ҳақида ёзилган шеърлар орасида “Халқимга қасида” “Ватан боқий эрур”, “Она тилим”, “Орзу”, “Жон Ўзбекистон”, “Мардлар юрти” шеърлари салмоғи, бадиий залвори жиҳатидан алоҳида ажралиб туради. Ушбу шеърларда ойу қуёш бошидан тун-кун нуру зиё элаган Ватаннинг минг йиллик армонлари, дардлари, афсона ва ривоятларга қоришган узоқ тарихи қаламга олинган. Бухорий, Термизий, Мотуридий, Нақшбанд, Яссавий, Темур, Улуғбек, Лутфий, Навоий, Бобур каби дунё китобига номларини мангу битган улуғ аждодларимизга эҳтиром, уларнинг нафақат жаҳон тамаддуни, илм-фанига қўшган улкан ҳиссаси, балки бутун инсониятнинг маданияти ва маънавиятига, одоб-ахлоқига қўшган улкан улуши катта мамнуният билан тараннум этилади:

 

Ҳаётни шукри билан яйратмоқ учун,

                                                                эй дил,

Дил, тилни зикри билан сайратмоқ учун,

                                                                  эй дил,

Ҳақ қайси, ноҳақ қайси – ажратмоқ учун,

                                                                 эй дил,

Дунёга Мотуридий – фурқон берган

                                                        халқдир бу.

 

Миллат шоири Муҳаммад Юсуф ватан ва миллат ҳақида энг кўп ёзган шоирлардан бири. Унинг ёзганлари ўзигача бўлган шоирларнинг ёзганларидан туб моҳияти билан фарқ қилади. Яъни, Муҳаммад Юсуфга мустақил ва обод ватан ҳақида куйлаш саодати насиб этган. Ва шоир бу саодатни бекаму кўст истифода этди:

 

Кўрдим сулувларнинг энг фарангларин,

Ё худбинман ё бир содда касман мен:

Парижнинг энг гўзал ресторанларин,

Битта тандирингга алишмасман мен

 

деб ёзади у “Иқрор” шеърида. Буюк Ойбек:

 

Ватанни сев, тупроғини ўп,

Ҳар қаричи муқаддас бизга.

Чўлидаги ҳатто қуруқ чўп

Жондан яқин юрагимизга.

 

Ғайрат Мажиднинг лирик қаҳрамони Париж кўчаларини узоқ айланади, дилтортар хиёбонларни кезиб чиқади. Шаҳар Эйфель минораси баландлигидан бошқача кўринади.

Ким қандай ўйласа ўйласин, майли,

Ким не деса десин, мен учун бироқ

Дилдаги шодлигим Ватан туфайли,

Бахтимнинг мазмуни шу азиз тупроқ!

 

Томоша қиласиз, кўрасиз, ҳайратланасиз… Лекин лирик қаҳрамоннинг дили ёришмайди. Саҳар ва шом бирдек рутубатли туюлади. Лирик қаҳрамон муаззам ва сирли Чин пойтахтини, соҳили кўринмас уммонлар бағридаги Сеул шаҳрини, ҳавоси тароватли ва ифорли Онадўлини кезар экан, атрофни қамраб олган ҳайбат ва салобатли манзарадан ҳар қанча ҳайратланмасин, барибир кўнгил бошқа тароватларни истайди.

Ғайрат Мажид “Ҳикмат” шеърида:

 

Ахийри, аёндир бир сирли ҳикмат,

Покиза муждадан қалбим нурафшон,

Кўнглим сенда таскин топаркан фақат,

Сен бахтим экансан, жон Ўзбекистон!

 

Ватан бу — она, Ватан — бу ота, ака-ука, опа-сингил, униб-ўсган азиз маскан. Бир сўз билан айтанда, ана шу қутлуғ макон. Буни шоир “Жон Ўзбекистон” шеърида шундай ифода этади:

 

Юрт десак кетсинлар қалқиб ер-осмон,

Ватан, сен – отажон, Ватан – онажон.

 

Мазкур сатрлар қатидаги маъно-мазмунни таҳлил этар эканмиз, бугунги шеърият ялтироқ ғоябозлик ва қуруқ чақириқлардан тобора кўпроқ қутилиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Дарҳақиқат, шоир сўзи сунъийлик, ясамаликдан, сохта куюнчакликдан узоқлашиб, ингичка туйғулар ифодачисига айланиб бораётир.

Шоир “Она тилим” шеърида:

 

Маним Маҳшаргача равон йўлим бу,

Олам айвонида мангу тилим бу.

Юрагим тараннум этган баётман,

Туркий тилим бордир, мен барҳаётман.

 

Она тилимизнинг қат-қатларида тарих ва орзу, озодлик ва ҳурлик, хаёл ва ҳаёт бор. Ғайрат Мажиднинг “Она тилим” шеърида тарихлар, орзулар, хаёллар бесарҳад кезиб юрадилар. Шеърда тилимизни суйган, эъзозлаган қалбнинг аламу армон, изтиробу ҳасратлари мужассам.

“Аскар мактуби” шеъри:

 

Қўлингдаги, йўқ, мактуб эмас,

Уриб турган юрагим, ахир.

 

Шоир мактубни уриб турган юракка ўхшатмоқда. Чунки хат соғинч билан, орзу ва армон билан битилган. Унинг қат-қатларига нома битувчининг юраги кўчган. Шунинг учун мактуб ўқувчининг қалбини ишғол қилади.

Шоир фақат ўзигагина хос бўлган ифода усулини, ички, руҳий кечинмаларнинг гоҳ фавқулодда портлашини, гоҳ бадиий эврилиш­ларини сатрларга кўчира олади. Масалан, “Куз” шеърида:

 

Қартайган дунёга,

Кекса дунёга

Айтгим келаверар яшил-яшил сўз.

 

“Тошлар йўқдир қўлимда” сатри билан бош­ланувчи шеърда:

 

Юрак тўла кўп баёт,

Толеим бор, осмоним.

Аммо ишқсиз на ҳаёт,

На ўлим бор, осмоним.

 

Замон суръати тезлашгани сари адабиётдаги янгиланишлар, ўзгаришлар шиддати ҳам тезлашмоқда. Адабиётимизда диний-маърифий руҳдаги асарлар, орифона руҳдаги шеър­лар кўпаймоқда. Бу, шубҳасиз, мумтоз адабиё­тимиз сарчашмаларидан баҳраманд бўлиш, шу билан бирга аждодларимиз яратган ўлмас қадриятларга садоқат рамзидир. “Ҳазрати Хожагий Имканагий зиёратларида…” туркумида орифона, сўфиёна руҳ барқ уради:

 

“Орифларнинг султони,

Султонларнинг орифи…

Сиздайларсиз дунёнинг

Синиб кетгай қолипи”

 

Шоир ошиқ кўнгилни излайди, ўз кўнглини тафтиш қилади, қалбга хос жараён, ҳодиса ва ҳолатларни изҳор этади. Шеърда ошиқ қалбнинг руҳий тўлғамалари, кўнгил кечмишлари, ҳар лаҳза сайин янгиланиб, ўзгарадиган сезимлар барқ уриб турибди. Китобхон мазкур сатрларда руҳият мавжларини аниқ илғайди.

Шу ўринда “Беш дарс” китобига алоқаси бўлмаган бир мулоҳазани баён этиб ўтмоқчимиз. Кейинги пайтларда айрим ижодкорлар, хусусан ёш шоирлар   томонидан илоҳий сўз ва атамаларни ўрин-ноўрин қўллайвериш урфга айланиб бормоқда… Агар жойини, ўрнини топмаса, гавҳарнинг оддий тошдан фарқи йўқ.

 

Иккинчи дарс:

“Она, тинчлик керак дунёга…”

 

Вақт тоғларни қаритади, дарёларни қуритади.

Болалик инсоннинг келгусида ким бўлиб улғайишини белгилайди. Ватан эса оиладан, ота-она ўгитидан, уй остонасидан бошланади. Шу маънода, тўпламдаги шеърлар муаллифнинг она тупроқ билан, Ватан билан мустаҳкам илдизлар воситасида қаттиқ боғланганини билдиради. Бу илдизлар инсоннинг, шоирнинг бутун ижодини, ҳаётини озиқлантиради. Шоир умри давомида шу илдизлардан илҳом олади.

Улғайтирган тупроқ, ота-она, уй… Шулар эмасми она Ватан, ота Макон? “Мактуб”, “Онажон”, “Дадамга мактуб”, “Дадажон”, “Дадамни эслаб”, “Онамга”, “Ўзинг асра онажонимни”, “Онажон”, “Онамга мактуб”, “Онамнинг дуолари”, “Сен азалий умидим”, “Гулруҳим”, “Зулфизарим” каби шеърлар ҳамда “Сингилларим” туркумида азиз кишилар сиймосида Ватан сурати чизилган.

Шоир ўз қалбини чуқур тадқиқ этар экан, шу қалбда яшаётган халқ ҳамда ватан туйғуларини теран ва самимий тадқиқ этади. Зеро, адабиётнинг асосий вазифаси инсон қалбини тадқиқ этиш, шу қалбда яшаётган изтироб ва қувончлар орқали замон нафасини ифодалашдир. Шу тариқа ижодкор ва замондош ўртасида дўст-биродарлик, дарддошлик, ғамдош­лик юзага келади.

 

Учинчи дарс:

“Буюк боболарнинг дарсхонасида”

 

Сўз кўнгилнинг ифодасидир. Сўз шеър­­га – асарга, асар адабиётга айланади. Сўз, шеър, адабиёт… кўнгилдагини гапириш, кўнгил ҳақида гапириш учун хизмат қилади.

 

Сўзда Навоий не десанг чин дегил…

 

Сўзни, шеъриятни муқаддас билган шоирларгина узоққа боради. Адабиётда шунчаки енгил-елпи нафас билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ижодий муваффақиятнинг гарови катта заҳмат, машаққатли меҳнат, яъни ўз номи билан аталган сўздир.

Шоир Ғайрат Мажид ижодида устоз шоир ва адибларнинг шоҳ асарларидан илҳомлангани билинади. Устозлар мактаби унинг учун катта дорилфунун вазифасини ўтайди. Абдулла Ориповга бағишланган “Муҳтарам устозим” шеърида бу туйғу ва ҳолатни у шундай ифодалайди:

 

Бу ишқ айвонидир, бу дил айвони,

Мен нурман, ҳаттоки нурдир кукуним.

Муҳаббат сўзларнинг пири, султони,

Муҳтарам устозим – дорилфунуним.

 

Китобдаги шеърларни ўқиб, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Зулфия, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Тўра Сулаймон ижодидан қўр олингани сезилиб турган залворли шеърлар китобнинг қиммати, бадиий салмоғини оширганига ишонч ҳосил қиласиз.

Бир ҳақиқат аён: сўз айтиш масъулияти, юки шоирни босиб туради. Зеро, шоир сўзи қалбларни тарбияловчи сўздир. “Бемор юрак­ларга даво сўздурур, Бегумон, хушнафас, ҳаво сўздурур. Наво истаганга наво сўздурур, Изладим, Навоий ҳазратдан топдим…” (“Навоийдан топдим” шеъридан).

Бу борада “Қалам” шеъри ҳар жиҳатдан эъти­борга моликдир:

 

Қаламни соф иймон, ихлос билдим мен,

Ҳазрат Навоийдан мерос билдим мен,

Энг покиза изҳор, дилроз билдим мен,

Ҳам қувонч, ҳам нурли ғусса – қаламдир,

Қалам эл дардини ёзса – қаламдир.

 

Шоир қаламни ҳазрат Навоийдан мерос деб билади ва ҳар жиҳатдан улуғ алломага муносиб бўлишга интилади. Алишер Навоий буюк тоғ бўлса, ўзини шу тоғдан бир урвоқ деб билади. Навоийдан маънавий дарс олаётганига ишора қилади.

Сўз ва қалам олдидаги масъулиятни анг­лашдан бўлса керак, Ғайрат Мажид шеърларида Сўз санъатга айланиб, ажабтовур жилолар таратади, айрича тароват касб этади. Шоир ҳаётни, умрни, табиат гўзалликларини, зиддиятларга тўла алғов-далғов дунёни, инсон руҳиятидаги безовталикни шеър йўсинида таъсирчан ифодалар экан, бадиий сўз имкониятларидан самарали фойдаланади.

Сўз – илоҳий. Биринчи бўлиб сўз яралган. Демак, охирда ҳам сўз қолади. Саёҳатнома руҳидаги шеърлар китобнинг салмоқли қисмини ташкил этади. “Буюк шажара пайвандиман. Ҳиндистон дафтаридан”, “Сўз айтсам ўзбегу туркман элидан. Туркманистон дафтаридан”, “Дунёни асрашга келади шоир. Россия дафтаридан” туркумларида муаллифнинг туйғу-кечинмалари, руҳияти тез-тез янгиланиб боргани кузатилади. Шоир доим ўзини, туйғу, хотира ва соғинчларини янгилаб бориши керак. Шундагина шеър янгиланади.

XIX асрда яшаган мумтоз шоиримиз Муқимий “Саёҳатнома”си билан XXI аср шоири Ғайрат Мажиднинг бир неча хорижий ўлкаларга қилган саёҳати асосида ёзилган шеър­лар ўртасида Ер билан осмонча фарқ бор. Асосий фарқ шундаки, Муқимий саёҳати давомида ўлкамизнинг ҳар жиҳатдан ниҳоятда қолоқлигини танқид қилади. Пружинали коляска ва бошқа қулайликларни орзу қилади;

 

Фарёдким, гардуни дун,

Айлар юрак-бағримнн хун,

Кўрдики, бир аҳли фунун –  

Чарх анга кажрафтор экан.

 

Ғайрат Мажид:

 

Қизиқ ҳангомалар кўради одам,

Агар дунё бўйлаб қилса саёҳат.

Қаерда бўлсанг ҳам, айтарди отам,

Топганларинг бўлсин ҳикмат, насиҳат.

 

Бугуннинг шоири борган жойлари билан Ўзбекистонни солиштирар ва таққослар экан, эл-юртимизни янада баланд пардаларда мадҳ этади. Чунки бугунги кунда диёримизда кечаётган янгиланиш, ўзгариш ва юксалишлар ҳар қанча мадҳ этишга арзийди:

 

Маним кўз ўнгимда шул дамда бироқ,

Оқсарой, Регистон жонланди бир-бир.

Юрт ўйи руҳимда порлаган чироқ,

Қалбимда мавж урган Аму билан Сир…

 

“Севиш керак адабиётни” шеъри учинчи дарсни мантиқан якунлайди.

Ҳа, адабиётни севиш керак! Адабиёт ўлмайди!

 

Тўртинчи дарс:

“Мен яшил водийлар бўйини сездим…”

 

Тўртинчи бўлим севги-муҳаббат шеърларидан иборат. Қалби доим оловдек ловуллаб турган дилбар шоир Усмон Носир: “Асрларни қаритган севги…” деб жар солган эди. Ҳа, асрлар ўтади, лекин муҳаббат афсоналари асрларни қаритади.

Севмаган юрак тошдек қаттиқ. Аммо оташин севги тошдан-да метин юракни юмшата оладиган қудратга эга: “Гўё ҳансирайди адирлар, тоғлар, Қуёш сочмоқда-ку, саратон бетин. Чексиз хаёлларга чўмиб шу чоғлар, Мен сени эсладим, сени эсладим…”. “Сени эсладим” деб номланган ушбу шеърдаги “Сенсиз яшамоқлик қўлимдан келмас, Мен сени эсладим, сени эсладим…” ёхуд “Олам чирой очди маликалардай, Жилғалар сасига қулоқ тутдим жим. Ҳофиз қушчаларнинг куйларин тинглай, Мен сени эсладим, сени эсладим” сингари ўтли мисралар ошиқ-маъшуқларнинг туйғуларини гарду ғуборлардан тозалайди.

Ғайрат Мажид руҳиятдаги инжа ҳолатларнинг ингичка тасвирини беришга моҳир. Шеърларида кўнгил манзаралари табиат ва ҳаёт манзаралари билан уйғунлашади.

Шеър тасаввур ва кайфиятдан туғилади. Шеърнинг қалби бўлади. Шу қалбнинг нафасидан эсган елни кўзингизда ҳис этсангиз, шеър сизга қалбини очади ёки сизнинг қалбингиз очилади. Ҳа, бахтиёр одамга олам ёруғ, бахтсизга қоронғи бўлиб кўринади. “Дадамни эслаб…” шеърида шоир адоқсиз мусибатни шундай ифодалайди:

 

Гул кўнглимдан таралгувчи гул сасим бор,

Шу гуллардан таралгувчи нафасим бор,

Узоқ умр кўрганларга ҳавасим бор,

Сочингиздек орзуларим оппоқ, дада,

Лекин дардим, кўз ёшларим кўпроқ, дада.

 

Дунёдаги энг азиз киши – отани йўқотиб, борлиқ моҳиятини англашга интилаётган лирик қаҳрамоннинг қалб кенгликларида соғинч ва армон майсалари майин чайқалади. Биринчи сатрда кўнгил ҳолати, иккинчи сатрда лирик қаҳрамон ҳолати, кейинги сатрларда дарднинг ҳолати, шу дард берган изтироб суврати акс этади. Сўзларнинг маъно товланишлари, руҳиятдаги эврилишлар, туйғулар мавжи, юрак титроқлари, қалб манзараси моҳирона чизилади.

Китобдаги “Ҳазрати аёл”, “Мен сенга боряпман”, “Гулойим”, “Ҳеч кимга ўхшамайсан”, “Эй, ой…”, “Токи ишқ..”, “Нилуфар” каби шеърлар, “Севги”, “Наргис” туркумларини ўқиб, инсоннинг энг гўзал туйғулари бу севги, муҳаббат билан боғлиқ туйғулар эканига яна бир бор имон келтирасиз.

Шу туйғу туфайли дунё ва дунёсизлик, кун ва тун инсон кўзига гўзал кўринади.

 

Бешинчи дарс:

“Мен ким бўлдим?..”

 

Бу бўлимда барча юқоридаги бўлимларга оид, айни пайтда қай бир хусусияти билан фарқли шеърлар жамланган. Шоир ўз қалбини тафтиш қилиш орқали борлиқ оламни, воқеа­ҳодисалар, кечаётган ижтимоий жараёнлар моҳиятини тушунишга уринади:

 

Гул кўнглимнинг дарёлари тошқин бўлди,

Тошқин дарё бунчалар шўх,

                                                  шошқин бўлди.

Ҳаммалари кўзимдаги ашким бўлди.

Мен ким бўлдим?

 

Тўрт бандли шеърда “Мен ким бўлдим?” деган савол тўрт марта такрорланади. Ва нафақат бешинчи дарснинг, балки барча дарс­ларнинг хулосаси, китобнинг бош саволи сифатида майдонга чиқади. Бу саволнинг жавобини эса ҳар бир ўқувчи мазкур китобдан топади. Жавоблар, табиийки, алоҳида бўлади, бир-бирига ўхшамайди.

Азалдан бир ҳақиқат маълум. Шеър – туйғу, ҳиссиёт ифодасидир. Шунга қарамай, унда давр, давр кишисининг кечинмалари акс этади. Шу маънода китобдаги “Шукрона”, “Ҳол”, “Кўнглим” каби шеърларда замондош­ларимизнинг индивидуаллашиш, шахслашиш жараёни кузатилади.

Ғайрат Мажид шеърларига хос бўлган асосий хусусиятлар шундаки, уларда энг аввало ўзини, ўзлигини тобора кўпроқ таниб бораётган бугунги замондошимиз туйғулари, кечинмалари, руҳиятининг эврилиш ва товланиш­лари, ҳолатлари кўзга ташланади. Ўзидан қониқмаган лирик қаҳрамон ўз ички руҳоний дунёсини таҳлил ва тафтиш қилаётган кўнгил кишиси сифатида гавдаланади. Ватан ва халқ тушунчалари гоҳ моддий, гоҳида маънавий манзара, гоҳида юрак мулки – туйғу сифатида намоён бўлади. Ҳаётимиздаги ижтимоий воқеа-ҳодисаларга кўтаринки ватанпарварлик руҳи билан ёндашилади. Бу ўринда шоирнинг ўткир фуқаролик пози­цияси яққол намоён бўлади. Шу билан бирга шоирона нигоҳ даврдош ва дунёдошларимизнинг руҳиятидаги маънавий тўлқинлар, эврилишларни ўз қалб призмасидан ўтказиб, бадиий тасвирлайди. Дунёни умумий кўради, умумий тасвирлайди, лекин ўқувчига дунёни ўзига хосликлар, деталлар орқали кўрсатади. Хаёлда илғай олмайдиган ингичка сезимлар расмини чизади, шеърлари хаёл каби, кечинмалар каби янгиланади, ўзгаради.

“Беш дарс” айни ижодий камолот палласидаги шоир ижоди ҳақида, ижодий юксалиш босқичлари ҳақида, шеърларнинг бадиияти ҳақида етарлича маълумот беради. Шоирнинг шеърхон билан бўладиган дарслари сон ва салмоқ жиҳатидан янада бойиб боришига шубҳа йўқ.

Салим АШУР

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − three =