Пахтада (Ҳикоя)
Маъмура ЗОҲИДОВА
ПАХТАДА
(Ҳикоя)
Ўша кун бот-бот хаёлимдан ўтаверади…
Роса гап қизиб кетиб, этакка тушиб борганимизни билмай қолибмиз. Айниқса, мен сал олдин гапдан ҳам узилиб пастга йўрғалаб кетдим, бу ёқда пахта шиғил, афтидан биринчи теримда ҳам охиригача етиб келмай қайтишган. Ортимга ўгирилсам, ҳамма, ҳатто шерикларим ҳам пахталарини йиғишяпти. Елкага ортилган думалоқ этакларнинг боши шийпонга чиқиб борибди. Санжар кўринмай қопти. Ҳалигина тут қаторда ғимирлаб юрган эди. Ғўзанинг орасида бўйи пастлик қилаётгандир, мени мўлжаллаб олдимга тушиб келаётгандир, деб ўйлаб, шу томонга тикилиб турдим. Бирор ғўзанинг пояси қилт этмайди. Тутқаторда чарчаб ўтириб олгандир-да, деб этагимни орқалаб жўнадим. Шериклар анча илгарилаб кетишди. Бунинг устига пайкалнинг бошига эмас, ўрта шохдан шийпон томонга қараб юришди. Қайрилганларида орқадагиси менга қараб қўли билан “кетдик” ишорасини қилди. Бирга пахта терадиган шеригим Раънони пешин маҳал оёғидан ари чақиб олиб, пешиндан кейин чиқмаган эди.
Пахта тўкимларим ҳам бирам кўп экан. Бирйўла солиб кета қолай дедим. Шийпон томонга синчиклаб қарагандим, тутлар орасидан сариқ автобусимиз ҳам кўринди – келибди. Торттириш узоқ давом этади, барибир ҳар кунгидек кеч кетамиз деб ўзимни овутдим-да, Санжарни ҳозир тутқаторда тупроқ ўйнаб ўтиргани ҳолда топаман, деб шошилдим. Болам йўқ. Тутқатор кимсасиз. Анқовдек ҳаммадан қолиб кетибман. Болагинамни биров шийпонга олиб чиқдимикан? Бор овозда чақирдим. “Санжар, болажоним!” Ҳеч қаёқда йўқ. Этакка тушиб боргандир-у, ён-веримдан ўтиб кетганда кўрмай қолдимми деб чақира-чақира пастга, даланинг ҳозиргина ўзим пахта териб яқинлашай деб қолган этагига чопдим. Юрагим гурс-гурс тепади. Оёғим дир-дир титрайди. “Болам! Санжар!” Бу ёқдаям йўқ. Зир югуриб, яна пайкал бошига чиқдим. Тутқаторнинг нариси карам экиб, кейин йиғиштириб олинган бўлдак ер экан. Ернинг нариги томони зовур. Ўша ёқда ўйнайман деб кетган бўлса-чи. Овозимнинг борича чақириб, шу томонга югурдим. Зовур бирам чуқур экан, тагида бир ариқ сув оқиб ётибди. Таги ботқоқдир. “Санжа-а-ар! Э Худойим!” Юрагим товонимга тушиб кетди. Тупроқлари четга пала-партиш олиб ташланган, ўзи анча чуқур, сувига тушиш ноқулай бўлган бу зах ариқнинг этак томонига қараб чопдим. Тутқатордан тиккаламасига қараб бошқа бир ерни кесиб кетган зовурда баланд қамишлар шовуллаб турибди. Йўқ, йўқ! Болам сувга тушмаган, бу ёққа келмаган. Қамиш оралари зич-ку.
Вой, ҳали эгатимдан нарига жемперини ечиб қўйганди.
Яна учиб пахта терган эгатимнинг бошига келдим. Уч-тўрт жўяк нарида унинг қора жемпери ерга тушиб ётибди. Қўлимга олдим. “Санжар!” Додлаб йиғлаб юбордим. Орқа томондан қаттиқ йўтал товуши эшитилди. Табелчи экан.
— Ҳа, нима гап, синглим?
— Болам йўқ. Шу ерда эди, – дея баттар йиғладим. Титроғим кучайди. Тилим ғилдирай бошлади.
— Шерикларингиз олиб кетишгандир. Ўзи қаерда ўтирувди? Ҳа-я, чойдан кейин тутнинг тагида тимирскилаб юрувди. Ҳо наридамиди, кўрувдим.
— Йўқ, шу ерда эди. Мен пахта билан бўлиб пастга тушиб кетибман.
Табелчининг ҳам овози титрай бошлади. Кейин шошиб менга қаради-да:
— Сиз шу ерда бўп туринг. Мен шийпонга чиқиб келаман. Пахтанинг ичларидан чақириб туринг-чи, – деди. Чопиб кетди.
Ҳамма ёққа қараб боламни чақиравердим. Менга қараб бир-икки одамлар кела бошлади. Иккитаси бирга ишлайдиганлар, бири шу ерлик одам экан. Сўрамасимдан аввал ўзлари билдиришди:
— Шийпонга чиқмабди. Автобусда ҳам йўқ экан. Тутқаторнинг тагида ўтирувди, дейишяпти.
— Ҳа, ҳу пешиндан кейин шу ерларда ўйнаб юрувди.
— Қани, йўқ-ку?!
— Санжарбе-е-е-ек!
— Санжа-а-а-ар!
Биргина маҳалладошимиз ориқ Пўлатдан бошқа ҳамма чақирарди. У ўзи камгап, шунгами, индамай қидирарди.
Тутқатор томонда шошилганча табелчи кўринди. Ҳамма унинг оғзига тикилди. Мен у томонга югурдим.
— Ҳа?!
У тўғри менга қараб келди-да деди:
— Ҳозир топилади. Автобусни кетказиб юбордик. Ёш боласи борлар шошилаётган экан. Енгил машинада олиб бориб қўямиз. Бола сал ичкарига кирган шекилли. Қани, ҳаммамиз ўнта-ўнта эгатни бўлиб олиб пастгача тушайлик-чи. Бўлинглар. Давай.
— Зовур томонга ўтмадимикан,– дедим қалтираб.
— Мен ўша ёқни қарайман, – анча наридан пахтазорга кираётган табелчи зовур ёққа ўтиб кетди.
Чақира-чақира борардик. Одамлар тушмаган жўякларда кетаётган баланд бўйли киши бирдан чопиб кетди. Кейин шошиб менга қаради-да:
— Топдим, бу ёқда экан, – деди. – Мана, ухлаб қопти!
Вужудим музлаб, тахта бўлиб қолдим. Ухлаганмикан?! Нега роса чақирганимда…Санжар! Санжар!!!
Бир лаҳзада хаёлимдан ҳамма нарса ўтиб улгурди. Ўғлимнинг чақалоқлик пайти. Ширин тили. Тушликда шеър айтиб ҳаммани кулдирганлари. Икки қиздан кейин аранг дунёга келтирганим. Энди болали бўлолмаслигим. Дадасининг қаҳрли қиёфаси. Унинг “ҳар куни пахтага боришинг шартми”, деб уришганлари. Қайнонамнинг ўйдиқлайдиган сўзлари. Нега эрталаб шу болани ойимга ташлаб келмаганим. Бу йил тўй қиладиган бўлиб турганларимиз… Ҳамма-ҳаммаси.
Санжа-ар, болажоним!!!
— Ҳаҳ уйқучи полвон!
Унинг овозидан чўчиб кетган Санжарнинг йиғиси эшитилди.
Ҳаммамиз ўша ёққа чопдик. Кўксимни бир нарса қисиб, оёғим судралиб қолди. Лекин “беринг” деганларга қарамай, Санжарни ўзим кўтариб, бағримга босиб олдим. Пахтазордан чиқаётганимизда қоронғи туша бошлаган эди.
Хайрият! Хайрият!
Шийпон томондан яна бир тўда одам бизга ёрдамга келаётган экан. Хижолатдан ўлай дедим.
Бригадирнинг ўғли бизни машинасига ўтқизиб, қишлоғимизга қараб юрди. Йўлда навбат катта бўлса ҳам, газ тўлдиришга кирди. Анча вақтда чиқди. Кейин қишлоқ марказига ташлаб кетди. Боламни қидираман деб, менинг нодонлигим деб автобусдан қолиб кетган, уйига анча кеч келаётганлардан, айниқса, ёши катта Маҳмуд акадан хижолат бўлиб узр сўрадим. Раҳмат айтдим. Сой томонга – уйига бурилган Маҳмуд ака ҳазил қилиб деди:
— Топилди-ку, Санжар полвон. Э қойил, ҳеч нарсадан қўрқмай, якка ўзи уйқуни уриб ётганини қаранг-а. Йигит-да. Энди далага борса этакча тутиб қўйинг, пахта терсин, ухлаб қолмайди.
Маҳалламиз томонга – Жангалга юрадиган Пўлат билан боламнинг икки қўлидан етаклаб кета бошладик. Йўл зим-зиё. Вақт ҳам алламаҳал бўлгандир. Пўлат бирам уятчан, ерга қараб гапиролмай кетяпти. Афтидан, автобусдан ҳам “Маҳалладошисан, сен бирга борасан”, деб тушириб юборишган-ов. Уйимизга яқин қолганда, бир одамнинг қораси кўринди. Синчиклаб тикилиб, Санжарнинг дадаси шекилли, деб кўнглимдан ўтказдим. Яхши танигунимча орамиз яқинлашиб қолди.
— Йўлимизга чиқиб турибсизми? – дедим.
Пўлат боланинг қўлини қўйиб юбориб, эшитилар-эшитилмас салом берди.
— Ҳа, нима бўлди?! Тинчликми?! – таҳдидли ўшқирди Санжарнинг дадаси.
— Санжар йўқолиб қолиб роса қидирдик… – дедим мен.
— Йўқолиб қолди? Нимага йўқолади?
— Ҳалиги, пахта териб этаккача тушиб кетибман, кейин қарасам йўқ. Беш-олти эгат наридан тушиб бориб, ухлаб қолган экан.
— Икковинглар қидирдингларми?!
У аввал менга, кейин нарида турган Пўлатга ижирғаниб қаради. Симёғоч чироғида унинг тугилган муштини кўриб, нима қилишни билмай, гапимни йўқотдим.
— Сен ўзи пахта тергани борганмидинг ё…?!
— Пахта тердим! Ахир бола-ку, ўйнаб узоқлашиб кет…
— Болани нега олиб бординг?! А, нега ўзинг кетиб билган ишингни қилиб юравермайсанми?!
Пўлатнинг олдида нима бўлсам бўлган эдим. У эса жим, шалвираб ерга қараб турар, айбдорга ўхшар, бир оғиз гапириш нияти ҳам, журъати ҳам йўқ эди худди.
Соҳиб акам энди росмана сўкина бошлади. Оғзидан анча хунук гаплар чиқиб кетди. Юзимга бир шапалоқ тортди. Ерга чўккалаб қолдим. Санжарни қўлидан бир силтаб уй томонга судрар экан,
– Йўқол кўзимдан. Кирма уйга! Топишганинг билан етаклашасанми, қўшмозор бўласанми, сени ишинг! – деди.
Отаси билан ўғлимнинг ортларидан уй эшигига қараб юрар эканман, оёқ-қўлим даладагидан ўн баттар қалтирар, ҳозир муқаррар эшик ортида қолишимни билиб, шошиб қолгандим.
Ана, эшик ёпилди.
Мендан уч қадамча орқада Пўлат турарди. Уйига йўқолавермай бало ермикан, бу ландовур. Шундай ўгирилиб, ўлдириб қўя қолайми дейман. Ҳаммасига шу айбдордек.
Эшикни ура бошладим.
— Дадаси, очинг, Санжар, очинглар.
— Йўқол кўзимдан! – у яна қаттиқ сўкинди. — Даданг билан келиб нарса-парсангни йиғиб кет.
Санжарнинг томоғи қисилиб йиғлагани эшитилди. Кейин бирдан жимжит кўчани гулдираган овоз тутди:
— Соҳиб ака, бу ёққа қараб юборинг!
Дадаси сўкинишдан тўхтаб қолди, бирпас жим турди. Кейин деди:
— Вақтим йўқ мени. Қаёққа борсанг бораверларинг.
— Бир минутга дедим сизга! Эркакмисиз?! Мениям вақтим йўқ. Чиқинг бу ёққа!
Бу овоз, бу амрона сўзлар шу исми Пўлат бўлгани билан ўзи хамирдек бўш қоровулимизнинг оғзидан чиқаётган эди.
Эшик шарақлаб очилди. Овозсиз йиғлаётган Санжар менга қараб отилди.
— Ҳа, энди сиз эркак бўп қолдингиз-у биздан сўрайдиган бўлдингизми?! – у яна сўкиниб, Пўлатнинг қаршисига тикка кела бошлади.
— Ака, оғзингизни йиғиб олинг. Бир автобус одам билди болангиз йўқолганини. Гапираётган гапингизни қаранг. Хотинни кўчага чиқариб қўйиб кет дейиш нималигини биларсиз?! Мусулмонсиз-ку?!
Энди, хотини борлар билади-да, нималигини! – деди болаларимнинг дадаси, Пўлатнинг ўттизга яқинлашиб ҳам уйланмаганига пичинг қилиб.
— Сиз мени ҳақорат қилманг! Ҳозир ўзи… Онам касал. Мана, бугунги дорисини олиб беролмадим! Санжарни деб дорихона ёпилганда келдим. Ўзи пешинда келаман деб айтувдим. Пахтасиниям…
Пўлат шарт бурилиб йўлга тушди беш-олти қадам юргач, чопиб кетди.
Биз индамай ичкарига кирдик. Қизларим хонаси чироғини ўчирмай ҳам ухлаб қолишибди.
Туни билан ухлолмадим. Эрталаб дарвозахонани супураётганимда, дадаси уйғониб юз ювиш учун ариққа чиқди. Бирдан шундай дарвозамиз яқинида от дупури, кейин баланд овозда таъзияга чақириқ эшитилди:
– Ҳо-о-о, Тўйчивойникига соат ўнга таъзияга-а-а! Жангал маҳаллага-а!
Турган жойимда тахта бўлиб қолдим. Отаси ҳам худди шу кўйда менга қараб оғзини очиб қолган эди. Тўйчи ака Пўлатнинг дадаси эди. Онаси вафот қипти-да. Бечора Пўлат. Энди…
Мен бошимни кўтаролмас, отамизнинг ҳали ҳам қовоғи солиқ, жим эди. Пахтага бориш хаёлимга ҳам келмасди. “Бўларкан-ку”, дейман ўзимга. Ишда гап эшитишдан ҳам, ҳайфсан олишдан ҳам қўрқмай қоларканман-ку.
Тезроқ чой дамлайин, таъзияга чиқсалар, ичиб кетсинлар, – деб ҳафсаласизлик билан ўчоққа олов ёқиб, дастурхон солаётганимда, қайнотам кириб келди. Кўрпача тўшаётганимни кўриб, ўтирмаслигини айтди-да, ўғлига юзланди:
— Дўппингни кий. Эртароқ бориб турайлик. Эшитгандирсизлар? Тўйчи аканикига айтди. Бизга узоқ қариндош бўлади. Бувимнинг ўгай жиянлари.
— Хўп, дада. Келинг, ўтиринг, чой ичиб олайлик. Уйлари бир қадам-ку.
— Қанақа бир қадам? Етиб боргунча кун ёйилиб кетади.
— Пўлатларникигами? Пўлатнинг ойиси-ку, а? Бандалик қиптиларми?
— Эсинг жойидами? Қаёқдан олдинг бу гапни? Умри узоқ бўлсин-е Майрамчанинг. Булоқдаги Тўйчи ака бор-ку. Подачилик қилган киши.
— Ҳа-а.
— Тўқсон олти эдилар. Ҳассаям шу кишида эди.
— Э хайрият!
— Нима деяпсан?
— А, йўқ, хўп, дада, ҳозир.
Мен ҳам ичимда “хайрият” деган эдим. Ёшга тўлган кўзим олдидан Пўлатнинг эгик боши, жўяклар оралаб, индамай, лекин ҳушёрлик билан Санжарни қидиргани ўтар эди.