Яна тонг отади

Муҳайё ЎРОҚОВА

 

Муаллиф ҳақида:

Муҳайё ЎРОҚОВА — 1980 йили Бекобод туманида туғилган. 1999 йил Бекобод педагогика билим юртини, 2021 йилда Чирчиқ давлат педагогика институти (ҳозирда университет)ни битирган. Бекобод туманидаги 2-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайди. “Эзгулик дарахти” номли илк китоби нашр этилган.

 

Яна тонг отади

(Ҳикоя)

 

Эрта тонг. Аёл болаларини уйғотиб юборишдан чўчиб эшикни секин очди. Эшик ўлгур шу кунларда овоз чиқариб очиладиган бўлган. Шунча авайлаб очса ҳам, “ғийқ”, этган овоз тонг жимлигида худди баланд чалинган ғижжак ноласидек эшитилади.

Эри норози тўнғиллайди:

— Турганингни бутун маҳалла билди. Тарақ -туруқ қилмасанг бўлмайди.

Ўзини айбдордай санаган аёл эшикни сал кўтариб ёпди. Ҳали ташқари ғира-шира. Аёл юз-қўлини ювиб келди. Сочиқ уйда эди. Кирса яна ҳаммани безовта қилади. Юзини кўйлагининг этагига артди-да, пақирни олиб молхона томонга юрди.

Сигир ҳам билиб қолган. Ғира-шира тонг отиши бошлагандан тинмай мўрайди. Токи аёл бориб соғиб олмагунча тўхтамайди.

Молхонанинг эшигини очиб, молларнинг тагини супурди. У ёқдан бу ёққа диконглаётган бузоқни ечиб юборди. Озгина эмгач, бузоқни онасининг ёнига боғлаб, сигир соғишни бошлади. Бир зумда ярим челак сут соғди. Сигири жуда пишиқ, ҳамиша бузоғи ёдида. Сут ярим челак бўлдими, қимирлайвериб соғдирмай қўяди. Челакни чеккага қўйди-да, бузоқни бўшатиб юборди. Бузоқ тумшуғи билан елинни туртиб-туртиб ютоқиб эма кетди. Бир зумда бузоқнинг оғзи-бурни оппоқ кўпик билан қопланди. Сигирнинг “асраб қўйган” сути булоқ каби тошаётган эди. Бироқ қуйруғини хода қилиб тинмай ўйнатаётган бузоқ бундан-да кўпроқ сут истар, бетоқатлик билан елинни қаттиқроқ туртар, оғриққа чидай олмаган сигир оёғини кўтариб-кўтариб боласини инсофга чақирар, жони қанча оғриса ҳам ҳеч қаёққа жилмас, бузоғининг қорни тўйишини тоқат билан кутар эди. Бу ҳам етмагандай қайрилиб бузоғига меҳр билан қараб ҳам қўярди. Кўзларида шунчалар меҳр, шунчалар шафқат бор эдики, “Она-да барибир”, ўйлади беихтиёр аёл. “Ҳамма оналар шу экан-да, болам деркан”.

Аёл она-боланинг бу жаннатий муносабатларидан таъсирланиб анча узоқ туриб қолганини сезиб қолди-да, бирдан ўзига келди. “Ўвв, қанча иш кутиб турибди уни ҳали!”. У шошиб сутни докада сузиб олди-да, ҳовли супуришга тушди. Уйлари ҳали битмагани учун ҳовли бетартиб эди. Ҳовли этагида қандайдир қурилиш қолдиқлари, калта-култа ёғоч, тахта бўлак­лари, турли хил темир-терсаклар уйилиб ётибди. Булар аёлнинг кўзига тиқилган чўпдай безовта қиларди. Ҳаммаёқни чиннидай тозалайди, лекин шу уюмни эса ҳеч нарса қилолмайди. Неча марта эрига:

— Шуларни олинглар бирор жойга, — деб ёзғирган.

Эри ҳам ўз билганидан қолмайди:

— Сенга ҳалал беряптими шулар? Ё устингда турибдими? Жаврашинг тўхтамайди сенинг. Бирор баҳона топсанг бўлди, чака­гингни тиндириб бўлмайди. Яқинда уста келади, тураверсин. Ишлатиши осон бўлади.

Уста эри учун бир баҳона. Аёл буни яхши билади. Мана икки йилдан буён уста келади. Асли уста ишлатиш учун ҳамма нарса тўкис бўлиши керак. Унгача ҳали, эҳ-ҳее, қанча вақт бор. Ахир бунга ҳазилакам пул керакми? Демак, бу уюм шу ерда ҳали узоқ ётади.

Аёл нонушта учун сутни шопириб шошилмай пиширди. Ҳамма гап сутни пиширишда. Агар сут шошилмай пиширилса қаймоғи яхши аралашиб, қатиғи ҳам жигардай бўлиб уюйди. Қатиқ уюган идишга қошиқни санчиб терс тўнтарсанг ҳам на қошиқ тушади, на қатиқ. Мазасини-ку қўяверинг. Кесиб-кесиб ейсиз. Мазза!

Сут пишгач ҳар кимга бир пиёла қуйиб, дас­турхонда ким қаерда ўтирса шу ерга териб қўйди. Болаларникига майдалаб нон ҳам тўғради. Улар юз-қўлларини ювиб дастурхон бошига келгунча тайёр бўлиб туради. Болалари роҳатланиб ошайдилар. Шу топда бузоғига сутини тежаб қолган сигири тушди ёдига. Аёл жилмайиб қўйди ўзича. Эрининг пиёласига нон тўғрамайди. Ёқтирмайди. Ёқтирмаганидан ташқари унинг болалари учун нон тўғраб қў­йишларидан энсаси қотади. “Жаа, эркалатиб юбормаяпсанми буларни? Ҳеч бўлмаса ютадиган нонларини ўзлари чайнаб ютишсин!” Аёл киши билмас хўрсинади. Эрининг феълини яхши билади. У аслида хотинини ҳам, болаларини ҳам ўйлаётгани йўқ. Ўзини ўйлаяпти. Хотини фақат унинг атрофида парвона бўлса. Овқатини ҳам чайнаб оғзига тутса. “Бу кишим бўлса қийналмасдан “лиқ-лиқ” ютсалар-да, яна телевизорини кўрииб ётсалар”. Яна хаёлга берилиб кетибди. “Тавба, кейинги пайтда сал хаёлчанроқ бўлиб қолдимми?”

Болаларни уйғотди. Ўзи бўлса шоша-пиша бир пиёла чой ичди-да, кийиниб мактаб томон отланди. Мактабгача анча бор. Йўл анҳор ёқалаб кетади. Бора боргунча теракзор. Сув баъзан шовуллаб, баъзан сокин оқади. “Умрга ўхшайди бу”, ўйлайди аёл. У шу йўлдан хаёл суриб кетишни яхши кўради. У сўқмоққа чиқиши билан гўё бошқа оламга кўчади. Рўзғор ташвиш­лари ҳам, чала битган иморатлари ҳам, тумшайган эри ҳам эсидан чиқади. У ва йўл. У ва теракзор. У ва сой. У ва гоҳ сокин, гоҳ шовуллаб оққувчи сув. У ва тиниқ осмон. У ва қушлар. У ва ифорларга тўйинган ҳаво. Мана шулар унинг ҳамроҳлари энди. Улар билан иноқ ва бахтиёр.

Баҳор фаслини яхши кўради. Атрофдан барра ўтларнинг, номини ҳам билмайдиган гулларнинг ширин ифорлари димоғига урилади. Бирдан яшаётганини, ҳаётни ҳис қилади. “Ҳаёт гўзал”, ўйлади у. Ота-онаси, ака-укалари, сингиллари, беташвиш-у беғам болалиги, болалик ҳовлиси ёдига тушади. У ота ҳовлиси томон интикиб қараб қўйди. Ана, кўриниб турибди! Узоқ эмас, мана шундай қўл узатса ҳам етади. Ўйлаб кўрса анча вақтдан бери ота уйи­­га ҳам бормабди. Ҳовлига кириб борганида унинг юзига, “тинчликмикан?”, деб хавотирли боққувчи отасининг ўйчан кўзларини, онасининг ташвишли юзларини эслади. “Бугун бораман”, қатъий қарорга келди аёл. “Бугун албатта бораман!” Онасиникига боришини ўйлар экан уйида нималарни тахлаб кетишини хаёлидан кечирди. Албатта, ҳовлини бир сидра супириши керак, кечки овқат, сигирни соғиш… аёлнинг юрагини яна ёқимсиз бир туйғу ғижимлади. “Балки… эртага борарман”. Қарорини емирган ташвишларни хаёлидан нари қувишга интилди. “Яхшиям иш бор”, деди ўзига. “Сал ёзилиб келасан”.

Тушлик вақти ишдан келса ошхона тўзиб ётибди. Ювуқсиз идишлар, дастурхон устида нон тўғрамлари. Ичида болаларни койиди. “Ҳеч бўлмаса чой ичган пиёласини чайиб қўйса бўларди-ку”, — ўйлади у шакари тагида қотиб қолган пиёлага сув солиб қўяркан. Кейин “Ўғил болалар-да”, деб қўйди яна.

Ошхонани саранжомлаб бўлгач, томорқага чиқди. Помидор кўчатларини чопиқ қилиш керак, ловия экиш керак. У сўрига эри учун дас­турхон ёзди. Чойини дамлаб берди. Тезгина “жағир-жуғур” қилган таомни ҳам чиқариб қўйди. Эри чой ичадиган пиёлани яна бир марта яхшилаб артди. Қошиқни кўздан кечирди. Бирор гард кўрса ҳам эрининг асаби чиқиб кетади. Шунинг учун ҳамма нарсани саранжомлаб бергани яхши. Бўлмаса чопиқдан қўйиб ҳам, даладан олдириб ҳамма нарсани кўнглидагидай қилгунча устида туриб тозалатади. Ўзи ишламайди экинзорга чиқиб. Оёғи оғрийди. Қўли ҳам. Докторлар семириб кетганидан, дейишади. Аммо эри, бугунги докторлар ҳеч балони билмайди, менинг дардим оғир, ичим ҳам оғрийди, дейди.

Хуллас, ҳамма ишни саранжомлагач, кетмонни олиб помидор пуштасини чопа бош­лади. Кун қизигандан қизиди. Баҳор ҳавоси шу-да, ўтган кун ёмғир ёққанди, бугун иссиқ. “Тинчлик бўлсин ишқилиб”, ўйлади аёл ёнбош­лаб чой ичаётган эри томонга синовчан назар ташлаб. “Йўқ, Худога шукур, тинчгина ётибдилар”.

Томорқада ишлари тугамай, кечки овқат маҳали бўлди. Вақтида овқати тайёр бўлмаса яна эрининг жаҳли чиқади.

Осонроғи палов дамлаб қўя қоламан, деб сабзи пиёз артишга тушди. Бугун ҳам ота-онасини кўришга бормаганидан кўнгли оғригандай бўлди. “Кеча ҳам шундай эди, бугун ҳам шундай. Эртага ҳам шундай бўлади. Агар у киши бир кунгина бўлса ҳам чопиқ-попиқ қилиб турсалар эди, ғизиллаб бориб келган бўлардим”. Кейин эрининг лапанглаб эгатларга сув тараб­­ми, чопиқми қилиб юрганини кўз олдига келтиришга уриниб кўрди. “Йўқ”, деди у, “яқин орада боролмасам керак”.

Зирвак тайёр бўлгач, сўрига кўрпача тўшади.

Ошни дамлаб, салат тайёрлашга тушди. Ошни қишин-ёзин салатсиз емайдилар.

— Нима овқат пиширдингиз, тайёрми? — деди қайлардадир санғиб келган ўғли.

— Тайёр. Қўлингни ювиб, дастурхонни ёзгин, — деди аёл.

— Уфф!!! Доим шундай, ҳамма ишни мен қилишим керак. Тайёр қилиб, кейин чақиринг.

— Бирам бесабрсан-да, болам. Тайёр дас­турхонни солишга ҳам эринасан. Аёл қўлидаги кўкатни тўғраб бўлиб, яна ўзи дастурхон солди. Ўғлига овқат сузиб берди-да, ўзи ҳалигина ювиб осган кирларини йиғиш учун ҳовлига чиқди.

Шом бўлибди. Яна бир кун ниҳоясига етар арафасида. Унинг эса иши ҳали-вери тугамайди. Боғ томонга, ота ҳовлиси томонга яна бир марта қараб қўйди. “Эртага албатта бораман”.

Кечки овқатни ҳаммадан кейин еди. Совуб қолибди, иситишга ҳафсаласи келмади. Дастурхонни йиғиб, идиш-товоқни ювди-да, кийим дазмол қилишга ўтирди.

— Ухласанг бўлмайдими, шу айнан ҳозир зарилми сенга? — Аёл эрининг ғўлдироқ товушидан чўчиб тушди. – Салга чўчийсан, шунчаям қўрқоқсан, — жаҳли чиқди эрнинг.

Асли эри унинг тезроқ кўрпага киришини истаяпти. Аёлни қандайдир нохуш ҳис чулғади. Қизиқ, бу ҳис унинг юраги ёки миясида эмас, қорнида, икки кўкраги остида ғимирлагандай бўлди.

— Хаёл суриб қолибман, – деди аёл бу ҳис учун ҳам ўзини айбдор санаб. – Ҳозир тезгина тугатиб оламан.

— Доим шусан, – тўнғиллади эр бетоқат. – Ҳеч бир ишинг вақтида бўлмаган, тавба.

Аёл индамай ишини давом эттираверди. “Ҳали ишим кўўўп”, демоқчи эди-ю, яна бир оғиз гапирса, эрининг баттар жаҳли чиқади. Яхшиси сукут сақлаган маъқул.

Ётоққа кирганда эр аллақачон хуррак отиб ётарди. Аёл секин бошқа хонага чиқди. Хонтахта устидаги бир уюм китобга кўзи тушди. Юраги сиқилди. Ҳадемай имтиҳон. Тайёрланиши зарур. Бу сафар тоифа олмаса бўлмайди. Мактабда дарс тақсимоти тоифага боғлиқ. Кузда бўлган аттестацияга яхши тайёргарлик кўра олмагани сабаб ўта олмаганди. Бу сафар албатта ўтиши керак.

Қайси фандан бошлашга боши қотди. Яна математикани қўлига олди. Шу фандан озроқ қийналади. Ўқиганлари эсида қолиши учун керакли жойларини дафтарга кўчириб ёзиб қўйди.

Хўроз қичқирди. Демак, яна тонг отмоқда. Бувиси раҳматлининг, тонг отгунча хўроз уч марта қичқиради, деган гапни эслади. Булар тун ва куннинг бўлиниш вақтлари.

Энди бироз дам олмаса бўлмаслигини сезди. Кўзлари аллақачон юмулишни бошлаганди.

Ухладими-йўқми билмайди. Хўроз яна қичқирди. Ҳа, ҳадемай тонг отади. Аёлнинг уйқу аралаш хаёлидан эса бир ўй кечди: бугун албатта отасиникига бориб келади…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − sixteen =