Кўксимни тўлдириб келди бир дарё

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Миллат бахтин сўрар миллат отаси” деб номланган китобини ўқиб…

 

Қўлимда “Sahhof” нашриёти томонидан чоп этилган Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Миллат бахтин сўрар миллат отаси” деб номланган китоби. Муқаддас Умра зиёратининг нурли тассуротлари билан қоришиқ сатрлар билан бошланган китобни ўқир эканман, Шарқ шеъриятининг илоҳий қудрати руҳиятим оламида азон товушидек муқаддас садо берди. Бизким, шеърият мулкининг пирлари тавоф этган юрт фарзандларимиз. Бизким, валийларин ҳикматлари оламни ёритган маънавият хазиналарининг ворисларимиз. Бизким, оламу ва одамизодга Ҳақни танитган, Ватанни иймон қадар севганларнинг авлодларимиз. Зеро Ҳақни таниган одамгина мавжудотдан фарқ қилади. Зеро, Ватанга бўлган севги инсонни иймон ила нурлантиради.

Бу сатрлар шоирнинг ШУКРОНАСИДИР:

 

Оллоҳ номи билан бошладик калом,

Оллоҳ даргоҳида энг олий инъом,

Келдик – дил ва тилда лаббайка, салом,

Бандага раводир Ҳақ ҳидояти,

Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.

 

Лак – лак одамзодни   яратган Эгам,

Меҳру карамини таратган Эгам,

Оламни бир жойга қаратган Эгам –

Минг – минг ҳикмат эрур бир ишорати,

Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.

 

Муборак равзада айлаб дуолар,

Бўлмасин деб ҳаргиз бало – қазолар,

Юрт эгаси сўрар элга зиёлар,

Раббим соясидир – эл ҳимояти,

Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.

 

Миллат бахтин сўрар миллат отаси,

Кўзлардаги ёшлар – дил ифодаси.

Бунда ниятларнинг йўқ ниҳояси.

Мақсад – юрт толеи, халқ саодати,

Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.

 

* * *

Биз вақти замонида илоҳий оятларни овоз чиқариб айтишдан маҳрум эл эдик. Ҳазрати Навоийдек сўз мулкининг султони, авлиёлар авлиёсидан ҳам йироқ тутилдик. Байт зиёрати армонга айлантирилган кунларни кечдик. Ҳар гал ҳаж зиёратига отланган Мир Алишер бобомизга минг бир тўсиқ ғов бўлгани бўлса, даврлар кечиб   жон ичра жойланган Яратган Эгамга “Ё Ҳақ”,— дея ёлворган шоирлари девонага чиқарилган, сўз гавҳарлари   бўҳтон ботқоқларига улоқтирилганларнинг зурриёдларимиз.

Улуғ зиёрат насиб этмаган аждодлари учун ўксиниш ва ўкинч шоирнинг юрагидан отилиб чиқади:

 

Сендан умидвор зор кўнгиллар учун,

Заҳматкаш опалар, сингиллар учун,

Муқаддас Каъбанинг кўрсатгил кучин,

Ўксик дилларгадир меҳр ояти,

Бизга насб этмиш Байт зиёрати.

 

Кимлар бу кунларга етиб – етмаган,

Асрлар армони дилдан кетмаган,

Ҳазрат Навоийга насиб этмаган,

Недир бу ўкинчнинг сир – синоати?

Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.

 

Халқимизнинг суюкли шоири Сирожиддин Саййиднинг икки муқаддас масжид ичра илтижолари – шеърлари бўғзимизга тиқилиб турган тошларни кўз ёшларимиз билан эриб тушишига сабаб бўлди. Бу армон кўзёшларими, севинч кўзёшларими? Бу муқаддас китоблари ёқиб юборилган Исҳақхон Тўра Ибрат тақдирига эга бўлган миллатнинг аччиқ – аччиқ алам кўзёшларими?

Ёхуд “Тиб қонунлари”ларини ёзган, Оллоҳдан шифо сўраб ёлворган хасталарга заминий гиёҳлар билан малҳам қўйиб, илоҳий шифо сўзларни шеър ила баён этган шайх ул раис Ибн Сино бобомизга ворислик масъулиятими?

Нега ушбу сатрларни ўқиган чоғ қалбимизда кечган туйғуларни номини айта олмаяпмиз?

Халқ шоири Сирожиддин Саййид муқаддас зиёратга Юртбошимиз билан бирга боргани, МИЛЛАТ БАХТИНИ МИЛЛАТ ОТАСИ сўраб турганини жон қулоғи билан эшитиш бахтига мушарраф бўлганини ўзи илоҳий саодат бўлди десак хато бўлмас.

Бизким, вақти замонида ўзини олампаноҳ санаган ҳукмдорнинг “Ал Бухорий халққа эмас фақат ва фақат сарой аҳли ва шаҳзодаларга дини исломдан дарс берсин, саройда яшасин ва тирикчилиги учун хизмат ҳаққини биздан олсин” – дея Ал Бухорийдек ҳадис илмининг султонини беписанд этиб, зулм ўтказган амирларни кўрган сабру собирлар авлодимиз. Бугун Маккаи мукаррама, Мадинаи мунавварада миллат отасини ёнида миллат бахтини сўраш, Навоийдек пири комиллар армонининг рўёбини кўришдан ортиқ толеи бормикин? Шоирнинг бу лаҳзалар ҳақида ёзганлари шунчаки урён ҳамду санолар эмас, муҳаббатнинг чин эгаси Ватан ҳамда унинг бугуни ва эртанги иқболининг юракдаги тасвиридир:

 

Эзгулик туғини баланд тутгаймиз,

То дунё тургунча ҳушёр ўтгаймиз,

Йўлбошчи ёнида бедор ўтгаймиз,

Ватанни севмоқлик – қалб диёнати,

Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.

 

Сирожиддин Саййиднинг янги китобидан ўрин олган ҳар бир шеъри тарихдан олган сабоқ бўлиб бизни бедорлардан бедор, ҳушёрлардан ҳушёр бўлишга чорлайди. Саҳифаларни варақлар экансиз ундан   улуғ аждодларимиз йўлбарс мисол ётиб сув ичган маърифат дарёларининг мангу гувуллаган садосию, муқаддас булоқларни, азиз сардобаларни йўқ қилмоқчи бўлганлар билан олишиб ярадор бўлса-да ғолиб бўлган сарбозларнинг иқрорларини ўқийсиз. Сатрлардаги чақириқлар бир неча салтанатлар яратган улуғ миллат мардлию эътиқоди ҳақидаги мангу қўшиқларидир. Шоир Туронзамин ҳақидаги шеърида шундай ёзади:

 

Шайх ул Куброларга айлабон таъзим,

Амударёлари абадий азим,

Мангу матонатнинг ўлмас тимсоли,

Мангубердилари мангу Хоразм.

Ватан деб қўзғолган, эй пок иймоним,

Қадим қўрғонимсан, буюк Туроним.

 

Оламни бўйлаган ёвқур сарбонсан,

Етти иқлимларга етган карвонсан,

Илк бор замин узра Оқсарой қурган,

Ўзинг соҳибдавлат, Соҳибжаҳонсан,

Мулки Турон ичра Соҳибқироним,

Кавну маконимсан, буюк Туроним…

 

Шеърни тўлиғича олиб қаралса англаш мумкинки, Турку Турон заминининг Аҳмад Яссавийси, ҳазрат Навоийси, Мирзо Бедилларига бешик бўлган бу заминни бизнинг илму муҳаб­батимиз қутқаради. Янги Ўзбекистон олам дарсхонасига айланди. Унинг халқаро академияларида мунтазам ўтадиган илмий -адабий анжуманлар, конференциялар, симпозиумлар ер шарининг олиму орифларини, оқилу фозилларини   бирлаштирмоқда. Бир вақтлар тамбалаб ташлинган шарқ дарвозалари, совуқ тош босган йўллар, муҳташам мадраса, мақбаралар, масжидлар олти ярим йил ичида жаранг­лаб очилди, тиканак ўраб йўқолаётган йўлларда жаннатий ифор сочган гуллар саловатлар ўқимоқда.

Шоир айтганидек:

“Минг йил қурмаганни бир йилда қурган”, бунёдкор халқ бўлдик.

Халқ шоирининг Ватан ҳақида ёзганларини бир нафасда ўқийсиз ва бу ўтли сатрлар бир ўқишда ёдингизда муҳрланиб қолади. Бу табаррук мавзуда ёзиш учун шоир қалби не илоҳий ёғдулар ила нурланмиш?!

 

Баҳрайн сувларига чайдим юзимни,

Насимлар эсдилар илиқ, арабий.

Бир осмон тўлдириб келди кўксимни,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

Не зотлар ўтдилар Ватандан айро,

Севинчи савдою соғинчи саҳро.

Кўксимни тўлдириб келди бир дарё,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

Инсон қаерга кетмасин унинг қайтарга Ватани бўлмоғи керак. Бу унутилмишлар замонида инсон ўзини кимдир соғиниб кутаётганига ишониши керак. Унинг қайтари туғилган тупроғи. Ҳар қандай йўлларнинг бошида эса оналар, фақатгина оналар зору –интизор турадилар. Аммо Ватандан олисланганнинг ҳаммаси ҳам қайтмаслиги мумкин. Бу ҳолатдан қатъи назар оналар йўл бошида то сўнгги нафас қадар кутадилар. Тоғларни кўтариб кетиб бўлмаганидек, дарёларни бир жойдан бошқа жойга олиб бориб ўрнатиб бўлмаганидек, осмон ўрнига бошқа бир осмон яратиб бўлмаганидек Ватан ўз ўрнида абадий қолади.

 

Ҳар тепа, ҳар дўнглик турбат эмасдир,

Ҳар қандай айрилиқ ғурбат эмасдир.

Юртдан кетган ҳар зот Фурқат эмасдир,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

Пайғамбар ёшига етгач Аҳмад Яссавийнинг кетар жойи ўзга юрт, ўзга макон бўлмади, она туп­роқдаги ғори бўлди.

 

Ҳар кекса, ҳар ёшнинг заҳматларида,

Азим чинорларнинг ҳикматларида,

Ҳазрат Яссавийнинг хилқатларида,

Ватан қолар экан, Ватан абадий.

 

Шоир! У ҳар лаҳза бедорликка чорловчидир. У инсон бахтини бедорликда кўради. Бир лаҳзалик ғафлат   биздан бир йиллик бахтни тортиб олиши, бир кунлик ғафлат эса бахтимиздан тоабад бегона қилиши мумкин. Лоқайдлигимизнинг товони жуда оғир бўлади. Энг ёмони бу товонни болаларимиз тўлашини кўришдир. Бепарволик — улкан хато. Биз хатога йўл қўймаслигимиз даркор.

Халқимиз тақдирида кечган қаро кунларда отанинг кўзига тик қараган ўғиллар, онасининг ажин босган қўлларини қайириб ташлаб, ўзга жаннат излаб кетиб ит ўлимини топган адашганлар ўз ичимиздан чиқмадими?

Шоирнинг “Миллат бахтин сўрар миллат отаси” китобидаги шеърларида Ота учун ёмон фарзанд ҳам фарзанд экани, аммо нобакор ўғилнинг сотқинлиги, хоинлиги туфайли сарсону қурбон бўлаётган аёллар ва болаларни олов ичидан олиб чиқаётган МИЛЛАТ ОТАСИнинг таърифга сиғмас меҳри, инсонга Оллоҳдан берилган муқаддас Ватан тушунчаси мадҳ этилади.

Ҳаммамиз биламиз, муҳтарам Юртбошимизнинг топшириқлари билан 2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати биринчилардан бўлиб, қуролли тўқнашувлар бўлаётган Ироқ ва Суриядаги қабоҳат ўчоқларида жабрланаётган аёллар ва болаларни   Ватанга қайтарди. Шоирнинг “Огоҳлик талқини ” шеъри Ватанни ташлаб, жаннатий ҳаловат қумсаб, оқибатда бекафан кўмилганларнинг хатосини такрорламасликка чақирувдир. Бундай шеърларни ёзиш шоирга осон бўлмайди. Шоир бундай шеър­ларни юраги зардобга тўлиб ёзади. Минг бир асаб томирлари узилиб ёзади:

 

Кўринмас душманлар биз билан бирга,

Улар доим қасди жонимиздадир.

Гўё дахлдордай ҳар бир тақдирга –

Ҳар кун, ҳар соатда ёнимиздадир.

 

Уйғоқ ҳар бир кўнгил уларга душман,

Қадрдон ошнаси – ҳар мудроқ юрак.

Улар бу борада жиддий уюшган,

Уларга лоқайд ва мудроқлар керак.

 

Фарқи йўқ кекса – ёш, эркакми, аёл –

Бани одамзодга алами бордай:

Дунёда сиҳатлик топсин дер завол,

Тириклик ётсин дер хаста бемордай.

 

Қасри бунёдингни емиргай ногоҳ,

Кейин наф келтирмас сўнгги пушаймон.

Эй инсон огоҳ бўл, огоҳ бўл, огоҳ,

Бу душман ёмондир, бу душман ёмон…

 

Шоирнинг мақсади одамга бир кун бўлса-да буюк бўлиб яшашни ўргатиш. Бир кун буюк бўла олган инсон бир умр буюк ишлар қилишига,   абадий буюк бўлишига руҳий қувват беришдир. Одамни тушунмоқни, кечирмоқни, севмоқни ўргатишдир. Одамда энг сўнгги нафасда ҳам одам бўлиб қолиш қудрати борлигини англатишдир.

“Миллат бахтин сўрар миллат отаси” шеърий китобида шоир   ҲАДИСлардан далиллар келтириб ҳар бирига шеърий изоҳлар ёзади. Ҳар бирида шоир одамизодда то сидратул мунтаҳо қадар тозармоқ, юксалмоқ имкони борлигига ишонтиради.

Айнан шунинг учун синов дунёсининг ўткинчи ҳо-ю ҳаваслардан, нафси амморанинг истакларидан руҳни ҳар лаҳза тозалашга огоҳлантиради. Шоир “Фойдали ёмғир” шеърида ҳам ҳадисдан мисол келтиради:

“Умматларим бамисоли ёмғир кабидирким, ёмғирнинг бошланиши ҳам, охири ҳам фойдалидир”.

 

Оламда одам кўп ҳар тил, ҳар турлик,

Оламда гоҳ тошқин, гоҳи ёнғиндир.

Менинг умматларим бамисли найсон,

Менинг умматларим мисли ёмғирдир.

 

Улар тупроқ узра эзгулик сочиб,

Очиқ юз, софдил, нур дийдали бўлур.

Фойдалидир ёмғир бошланиши ҳам,

Унинг охири ҳам фойдали бўлур.

 

Дарҳақиқат, севимли шоиримиз Сирожиддин Саййиднинг ҳар бир сатрида улкан ижтимоий масъулият бор. Наздимизда У шеърларидан улкан ва садоқатли қўшин тўплаган. Мақсад:   Ватанни иймон қадар севишни шарафлаш, халқнинг юрак садосини, қайғу қувончлари, орзу армонларини куйлаш, лоқайдлар томонидан инсоният қалбини ишғол қилинишига йўл қўймаслик. Муқаддас туйғуларни   асраб-авайлаш.

Зеро, миллатнинг сўнмас нурларидан бири, жадид бобомиз Абдурауф Фитрат айтади: “Бу дунё кураш майдонидир. Бу майдоннинг қуроли соғлом жисму тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқдир”.

 

Бу дунёда кураш кетар туну кун,

Ҳар қарич онг, ҳар бир қарич қалб учун.

Уйғон болам, энг бебаҳо бахт учун –

Ватан учун, миллат учун, халқ учун…

 

Сирожиддин Саййиднинг бу янги китоби   миллат тақдири учун безовта, ўтмиш изтироблари билан уйғоқ суҳбатдошгина эмас, руҳий кескирлиги билан ватанийдир, виждонийдир, заминийдир, осмонийдир, иймонийдир, илоҳийдир. Унинг шеърларида олмос қанотли руҳиятни кўрасиз. Яратган Эгам шоир бандасига қандай юрак берган бўлса шундай юракни кўрасиз.

Китобда бир шеър борки уни тўлиғича келтирмасликнинг иложи йўқ. Агар уни бир сатрини ўрнини алмаштирсангиз ҳам шеърнинг жон томирларидан бирини кесиб қўйиб гуноҳга ботиб қолишдан қўрқасиз:

 

Чамандирсан чамандан ташқарида,

Чаманлар бари сандан ташқарида.

 

Менинг жонимсан, эй сарви дилоро,

Менинг жоним бадандан ташқарида.

 

Лабу холу хатинг берким, на топгум

Юриб бу анжумандан ташқарида.

 

Муҳаббат жон билан кўнгил фанидир,

Надир ҳолинг бу фандан ташқарида.

 

Ниҳол эк эзгулик боғига, инсон,

Юрибсан то кафандан ташқарида.

 

Ўзингдан ичкари кир, дилга киргил,

На бордир жон ва тандан ташқарида?

 

Ватан ичра сафарлар айла, эй дил,

Ватан бўлмас Ватандан ташқарида.

 

Агар шоир сифатида бир рост сўзимни айтадиган бўлсам сўзим ушбудир: Бундай шеърлар ёзилмайди, бундай шеърлар Оллоҳдан берилади. Ниманинг эвазига берилади? Кимларнинг эвазига берилади?

Ватанни бир фарзанд каби севиш эвазига берилади!

Сурхондарёдан, Сариосиёдаги чекка қишлоғидан ҳатто Тошкентга келиб фароғат оғушида яшашдан хижолат бўладиган, жойномоздан бош кўтармай эл тинчлигини, боласининг соғлигини сўрайдиган шоирнинг 93 ёшли нуроний онаси Холбиби момо каби оналарнинг дуолари эвазига берилади. Саратон бошидан 40 даража иссиқ оловини сочиб турса-да қўллари куйиб нон ёпган, тинчликка шукронаси тилдан тушмаган мунису муҳтарамалар эвазига берилади. Ой нурида кашта тикиб Фузулийдан, Бедилдан ғазаллар айтадиган, боласи 60 ёшга кирганида ҳам унга Имом Термизийнинг ҳикматлари-ю Алпомишнинг мардлик достонидан далиллар келтириб сабоқ бериб турган донишманд волидалар эвазига берилади, Алҳамдулиллаҳ!

Шоир юртида кечаётган эзгу эврилишларнинг ойнасидар.

Шундай қўшиқлар бор уларни куйлаган халқнинг руҳидан минг йиллик музлар эрийди, асрий занглар кетади.

Янги Ўзбекистонинг бахтли шоири, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг янги китоби – бахтнинг, зафариятнинг овози барчамизга муборак бўлсин!

 

Асрларнинг кафтига кафт қўйганлар,

Ҳар бир ғиштга кафт билан тафт қўйганлар,

Шаҳарларни кафтида даст қўйганлар,

Давру замон шиддатларин бурганлар,

Янги давру, янги замон қурганлар.

 

Оққан дарё оққай, офат етмагай,

Шул замонга бир талафот етмагай.

Давлат бердинг, шавкат бердинг, Худойим,

Шу давронга зиён-заҳмат етмагай.

Айтаберсам, Жайҳундарё етмагай,

Шу элимга келган давлат кетмагай.

То дунё бор – шаъну шавкат кетмагай.

 

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими, шоира

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 2 =