Алишернинг дунёга келиши

Муҳаммад Aли,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

 

Алишернинг дунёга келиши

(“Мангу қуёш” тарихий романидан парча)

 

Забардаст адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ўз ижодида Ватан тарихини, халқимизнинг улуғ фарзандлари ҳаётини чуқур таҳлил қилган бетакрор асарлари билан юртдошларимизга яхши таниш. У Спитамен, Клеопатра, Амир Темур, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб, Дукчи Эшон ва сарбадор боболаримиз ҳақидаги асл тарихий ҳақиқатларни юзага чиқариш йўлида тинимсиз изланади ва бу эзгу йўлда катта ютуқларга эришиб келмоқда. Мисол тариқасида ҳозиргача тўрт марта нашр қилинган тўрт томли “Улуғ салтанат” роман-эпопеясини эслаш кифоядир.  

Яқинда севимли адиб Алишер Навоий ва Султон Ҳусайн Мирзо дўстлигига бағиш­ланган янги “Мангу қуёш” тарихий романини ёзиб тугатди. Қуйида муштарийларимиз эътиборига ана шу романдан парча ҳавола этилди.

“Мангу қуёш” тарихий романи тўлалигича “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинмоқда.

 

Пешин маҳали   Навоийга доруссалтана Ҳиротдан чопар борлигини, подшо Султон Ҳусайн Мирзо фармонини олиб келганини билдирдилар. Шунингдек, ул зот мактуб ҳам жўнатибдурлар, ундаги сўзлар мусофирлик дамларини бошдан кечираётган фақиру ҳақир шоир қаддини сарбаланд қилиб қўйди…

Навоий фармонни ўқиб, фавқулодда қувониб кетди! Хуросон подшоси ўғли Бадиуззамон Мирзони саройга чорламакда эканлар!

Фармондан кўнгли таскин топган Навоий   Амир Бобоалини ёнига олиб Бадиуззамон Мирзо уйига ташриф буюрди. Ота билан ўғилни бир-бирига дўст айлаш, орадаги гина-кудуратларни йўқотиш – унинг доимий мақсади! Шунда юртга тинчлик инади, эл-халқ хотиржам яшайди.

Шаҳзода шаҳар шимолида, янги қурилган масжид кўчасида турарди. Ҳовлибоғ кенггина, ўртада шинам яшнаган гулзор кўзга ташланади.

Бадиуззамон Мирзо нозик меҳмонлар ташрифини кутмаганди, шошиб қолди, дарҳол деворларига эрон гиламлари осилган, тўкин дас­турхон ёзиқлиқ муҳташам меҳмонхонага бош­лади. Жойлашдилар. Навоий гулобдан бош­­қа ҳеч нарсага қўл теккизмади, Бобоали у-бу тановул қилган бўлди.

– Муборакбод этамен, шаҳзодам! – деди Навоий мамнуният ила. – Подшо отангиздан фармон келибдур. Ул зот, ўғлим Бадиуззамон Мирзо набирам Мўмин Мирзони олиб саройга етиб келсун, соғиниб қолдик, деб ёзибдурлар… Тавфиқ рафиқ бўлсин, омин.

Шаҳзода ерга қаради.

У Навоийга билдирмай ичида отасидан ўпка қилиб юрар, шунча вақт ўтса ҳам падари бузрукворим бизга бирон-бир   юртни ё мансабни иноят айламадилар, назар этмадилар, дерди. Ҳатто подшо Мўмин Мирзонинг бешик тўйида ҳам Хоқони мансур оғзини пойлади. Аммо бу ҳақда бирон сўз эшитмади.

Унинг устига, Бадиуззамон Мирзонинг султон отасига нафрати пасаймаган, волидаи зорининг саройдан қувилиши алами юрагига тош­дай ботган, битмас ярага айланиб мадда бойлаб ётарди. Бир томондан онасининг кўнг­­ли эзилади, иккинчи тарафдан отаси ўксинади… Бу ёқда – отаси, у ёқда – онаси… Не йўл тутсун, бечора шаҳзода? Қаёққа қайрилса ҳам унинг шаънига оғир исноддур…

Бадиуззамон Мирзонинг ичи зардобга тўлганди, аммо сиртга чиқармади ва деди:

– Шундайми?.. Хайриятки, бизнинг пешонамизга ҳам офтоб шуъласи тегибдур…

Навоий унинг кўнглида кечган ўйларни яққол кўриб турарди. Шаҳзода бундан ҳайрон қолди:

– Ота меҳрибончилик аён этиб турғонда фарзанд пешона, тақдир ва ҳоказо борасида гап сўқмасдан, қўлини кўксига қўйиб:   “Қуллуқ!” демаги вожибдур… –   юмшоқроқ деди Навоий.

Ҳазратни ранжитиб қўйишдан чўчиб кетган шаҳзода дарҳол ўзини ўнглади:

– Йўқ, йўқ!.. Албатта, бу ўзларининг саъй­ҳаракатлари мевасидур, Ҳазратим! Ўзларидан миннатдормен!

– Зинҳор, шаҳзодам! Бу сўзларға эътирозим бор! Камина ҳали Сиз ҳақингизда оғиз очиб улгурмағондим. Бари фақат Султони Ғозийнинг дилидан чиққан пок ниятлар! Маъзур тутадурлар…

Шаҳзода Навоийнинг бироз куюнганини ҳис этди ва вазиятни ўнглашга киришди:

– Узримни қабул этсунлар! Мен ёшлигимга борибмен. Сиз Ҳақсиз, Ҳазратим! Падари бузрукворимиздан миннатдормен, шубҳасиз…

– Ўзлари бағоят ақлли шаҳзодадурлар, салтанат боғининг олдинги гули. Ақлли киши тақдирга гина сақламайдур… Айниқса, сиздек оқил инсоннинг беҳудага куюнмаги афсусланарли ҳол… Ўғли-ю набирасини соғинсалар, нур устига нур-ку! Дарвоқе… биз ҳам набирамизни кўргимиз келиб қолди-да… Навоий гапни бошқа ёққа буришга уринди. – Кўришиб ҳам қўяйлик… Лекин айтайки, Мўмин Мирзони жуда ардоқлаймен. Ҳа, ҳа, сизни қандай ҳурмат этсам, уни ҳам шу мақомда кўрамен! Юрагимнинг тўридадурсиз! Шоҳ Ғозийга ҳам айтамен, хурсанд бўлурлар! Жиллақурса, тарих айтадур ҳали!

– Қуллуқ, қуллуқ, Ҳазратим! – деди Бадиуззамон Мирзо кўнгли фавқулодда ийиб. – Худонинг суйган бандаларидан эканимга имон келтирдим! Чунки каминани сиздай авлиё зотга шогирд этиб қўйди! Оллоҳга шукр!

Шаҳзода ўрнидан туриб Ҳазрат тўни пешини уч бор ўпиб, кўзларига суртди.

– Набирамизни кўришни истаб қолдик, дедилар, Ҳазрат… Чақалоқли уйга фаришта кирмас экан, покиза уйга кирмагимга ҳожат йўқ, дермиш-да… – сўзга қўшилди Амир Бобоали.

Ҳозир, ҳозир… – деди шаҳзода чеҳраси ёришиб, ичкарига йўналаркан. – Энага! Ҳо, энага!.. Ҳозир Мўмин Мирзо чиқиб, ўзларини зиёрат қиладур, Ҳазратим…

Бироздан кейин у оқ ипак чойшабдаги олти ойлик чақалоқни оҳиста қўлида кўтариб чиқди.

Бу Мўмин Мирзо эди.

Навоий тараддудланди:

– Субҳонолло! Э-э… Келсинлар! Келсинлар-чи… Қани…

Навоий чақалоқни суюб қўлига олди. Чақалоқ ширин ухларди. “У ҳозир тушида жаннатда юрибди!.. – деди ичида Навоий гўдакка фавқулодда меҳри жўшиб боқаркан. – Олам кирдикорларидан, қабоҳатларидан мутлоқ йироқда… Муштдеккина покиза хилқат… Иншооллоҳ, у   тўнғич набира, Шавкатли Темурийлар салтанатининг давомчиси эрур!..”

Навоий гўдакка тикилиб бирдан кўнгли бўшашиб кетди… Гўё безавол салтанат аломатлари унинг гўзал юзларида товланар, улуғлик нурлари диллар пучмоқларини ёритарди, Ҳазрат назарида…

Бадиуззамон Мирзо Ҳазратни кузатаркан, ички шуур билан ул зотда қандайдир эврилиш­лар юз бераётганини пайқади. Чиндан ҳам, шоир мурғаккинадан кўз олмасди, унга шу жимитгина чақалоқ, чақалоқ эмас, субҳонолло, балки олам, мавжудот, борлиқ, табиат, тирик жоннинг бир узви сифат туюлди ва… ўзини эса, ажабки, унинг ўрнида бамисли шу чақалоқ каби ҳис қилди! Чақалоқлиги кўз ўнгида жонлана бошлади…

Шу палла Навоий тафаккури бағоят тиниқ, хаёли бир лаҳзада оламни кезиб чиқишга қодир даражада учқур ва чопоғон эканини сезди! Негадир ўзини ўзи идора этолмаган ҳолга тушди, жазаба юз берди шекилли, хаёллари тезлашиб кечмишга қараб елди…

Бир пайтлар раҳматли онаси Гулбегим гапириб берган, кейинчалик зуҳро пешонали энагаси Мунажжима момо такрор-такрор сўйлаганидан ёд бўлиб кетган воқеалар бирдан қуюлиб келди ва атрофини ўраб олди, барини Алишер дурри гавҳардай юрагида сақларди… Ҳали ҳеч кимга айтмағон… Хотиралар қайноқ, ўчмас эди. Барини эслаш шартмиди, деди-ю, аммо эсламасликнинг ҳам иложини тополмади…

…Хоқони саид Шоҳрух Мирзо замонлари. Подшо аъёнларидан бири Амир Ғиёсиддин Кичкина ўзининг жуфти ҳалоли Гулбегим билан Ҳиротда яшашар эди.

…Гулбегим ўша куни эрталабданоқ негадир зил-замбилдай бошқача бўлиб юрди, ҳеч ўзига ўхшамас, қўл-оёқлари ҳам худди бировникидай туюларди. Жойга чўзилиш истаги ҳол-жонига қўймас, қани энди бир роҳатланиб бошини ёстиққа қўйса…

Лекин унинг ёнидан жилмаган энага Мунажжима момо: “Ҳай, бола   каттариб кетади, бекажоним!” — дея ваҳима қилар, қўярда қўймай кезишга боққа олиб чиқарди. Момо ҳаммасини ҳисоблаб қўйган, соат-сонияси қачонлигини билмайди-ю, у Худога аён, лекин кунини аниқ айта олади – бекаси худди шу бугун кўз ёриса эҳтимол…

Мунажжима момо асли андижонлик, тақдир тақозоси билан Ҳиротга келин бўлиб тушган қиз эди, бойи1 – Шоҳрух Мирзо лашкарбошиси, Озарбайжон юришида ҳалок бўлганди. Ўшандан бери   Ғиёсиддин Кичкина хонадонида энагалик вазифасини адо этарди. Мунажжима момо фавқулодда хушсурат аёл эди, одобли, мулойим табиатли, тутуми сўзидай чиройли. Гулбегим ёнида бамисли онаизордай парвона бўлар, тин билмайди.

Кобуллик Шайх Абу Саид Бекнинг қизи Гулбегим Соҳибқирон Амир Темурнинг волидаи ғамгузори Тегина Хотунни ардоқлаб эслашни хуш кўрар, унга ҳавас қиларди. Тегина Хотун ҳам бухоролик шайхнинг қизи эди. Темурбекнинг авлодлари, амирзодалар хонадонларида, ҳар хил йиғин, тўй-тўйчиқларда аёллар, хотин-қизлар орасида   доим Соҳибқирон хонадонига мансуб маликалар, аёллар, хусусан, Тегина Хотун, Бибихоним, Туман оқа, Хонзода хоним, Гавҳаршод бегим ва бошқа хонимлар ҳақида гурунглар қизғин кечар, хотиралар   саҳифалари варақланарди. Гулбегим маликалар ҳақида энага Мунажжима момога кўп бор ҳикоялар сўйлаб берган.

Муборак рамазон ойининг ўн еттинчи куни қоқ ярим кечаси Гулбегимни илк марта расмана тўлғоқ тутди…

– Хайрият! Хайрият! Бу яхши хабар! Худонинг ўзи мададкор, бекам! – тинчлантирди энага Мунажжима момо. – Илоҳи, Биби Сешанбанинг ўзи қўлласун!

Тўлғоқ тобора кучайиб борарди. “Болажоним туғилишни истамаётирму… Гуноҳкор ерга оёқ қўйишни хоҳламаётирму… Оллоҳ ўзинг йўл бергил, юмушимизни осон этгил!..” – изтиробга чўмди она минг бир хил андишада. Энага Мунажжима момо уни чалғитиш, сабр­-тоқат тилаш билан овора. Ота-боболардан мерос тўлғоқнинг ўзига хос расм-русумлари борлигини, уларни адо этиш аёлнинг бурчи эканини қайта-қайта уқтиради:

– Гуноҳга қолиб юрмангиз тағин! Ахир Ҳасан-Ҳусан ўғилларини дунёга келтиришда Биби Фотима онамиз розияллоҳу анҳонинг чеккан изтиробларини эслангиз, бекажоним! – деди энага. – Биз аёлларга бундай азоблар парвардигор томонидан азалдан белгилаб қў­йилғон-да!

Буларни эшитгач, бечора она ўзига сабр тилашда давом этади.

Тонг қоронғисига борганда бирдан табиат жунбушга келди.   Момоқалдироқ овози оламни тутди, ҳар ёқдан қарс–қурс, олатаъсир гулдирак садолари эшитиларди. Энага илғади: улкан бир яшин Ҳирот узра Мусалло миноралари устидан учиб ўтиб, Гозургоҳ ёқларда   ярақлаб ёлқин ташлади!   Чақмоқ иккинчи бор ўзининг букилмас қиличини ерга урганда сачраган шуълалардан борлиқ ёришиб кетди! Кутилмаганда парвардигор оби раҳматини ёғдирди – шовуллаб ёмғир ёға бошлади!

Беш ойлик юкли эканида шайх падари буз­рукворининг айтган ушбу башоратомуз сўзлари Гулбегим эсига тушди: “Эй, менинг гулдан пок ожизам, доно қизим! – деган эди шайх. – Барҳақ олам эгаси, барча тошу тоғ, дала-водийлар, мамлакатлар, подшоҳликлар, Еру осмоннинг мутлақ ҳукмдори, кабиру зулжалол, жаббору ғаффор Қудратнинг донолардан доно ҳикмати шуни тақозо этадурки, ҳар неча замонда бир марта   туғилиш уфқидан соҳибжамол хулқли, ярақлаган нуридан оламларни ёғдуга буркайдурғон, инсоният қалбини мунаввар айлайдурғон бир қуёш юз кўргизадур. Алалхусус, мартабаси улуғ хоқон, дунё ва дин таянчи Шоҳрух Мирзо салтанати замонида, иззату иқбол чаманида орзу-умидлари ҳеч қаерга сиғмас бир ниҳол униб чиқса, мартаба ва буюклик осмонида сўнмас бир қуёш порласа не ажаб?.. Не қилса Ўзи қилур!..” Бобонинг нияти ана шундай   эди.

…Бирдан   бир марта “Инга-а-а!..” овози эшитилди!

Овоз чақмоқлар шовқинини босиб кетди Гулбегим назарида…

– Ўғил, бекам! Ўғи-и-ил!! – қувончи ичига сиғмай қичқирди йиғламсираган Мунажжима момо каловланиб. – Худойим ўғил ато қилди-и-и!!.

Гулбегим чақалоққа бир боқишга ўзида куч топа олди. Қаради. Ажабо, ким у?.. Чақалоқ эмас, бир фаришта дунёга келганди, фаришта! Чақалоқ, йўқ, онанинг ёнида фалакдан тушган фаришта ётарди! Ундан қандайдир илоҳий нур таралиб турарди! Онани қўрқув ҳисси чулғади ва ҳушидан кетганини билмай қолди…

У фаришта – Алишер эди.

Мунажжима момо: “Қўрқманг, бекам! Қўрқманг!” – дея,   оҳиста она юзларига шакаррез сув сепиб, бошларини силай бошлади. Ҳар силаганда: “Ўзим ўргилай!.. Ўзим…”– деб ҳапқирарди.

Бешак-шубҳа¸ шу куни осмонларда фалак котиби ўзининг хос дафтарида фаришталарни мамнун этиб, сидқу   ихлос ила   бу исмни қайд қилиб қўйди. Фаришталар ўз сафларига ким қўшилганини, раҳнамолари келганини билдиларму экан, йўқми?..

Алишер ҳижрий-қамарий солноманинг товуқ йилида, саккиз юз қирқ тўртинчи йил рамазон ойининг ўн еттинчисида2 йўқлик оламидан борлиқ дунёсига қадам қўйди.

Товуқ йили амир оиласи учун сербарака келди. Узоқ кутилган ўғил – Алишер туғилганда отаси Ғиёсиддин Кичкина ва гўзал чеҳрали онаси Гулбегим   парвардигорга шукрона айтиб, тўй маросимини бошлаб юбордилар, назр ва садақаларнинг юзига қарамадилар, ҳамма нарсани мўл-кўл қилдилар. Қанчалар кутишди-я бу кунларни! Уларнинг кўчасида ҳам офтоб чиқди.

Ғиёсиддин Кичкина кулиб деди:

– Бир нарсага ҳайратдадурмен: бек ўғлим моҳи рамазоннинг ўн еттинчисида дунёга кўз очди, бекам!

– Вой ўлмасам! – деб юборди Гулбегим…

– Нима бўлди, бекам? – сўради ташвишланиб Ғиёсиддин Кичкина.

– Ахир пайғамбар саллалоҳи васалламга   ваҳий келиши ва Қуръони каримнинг туширилиши ҳам худди шу куни юз берғон-да, муҳтарам амирим! – деди ҳаяжонда бахтиёр она…

– Ана шуни айтмоқчийдим-да. Тўғри айт­дилар, бекам! Бу жуда хосиятли кун! Эсингиздаму, ахир Бадр жанги ҳам худди шу куни рўй берғон. “Бадр жангида кучингиз оз эрса ҳам, Оллоҳ сизларни ғолиб қилди-ку!” – ояти нозил бўлганди ўшанда. Тарихчиларнинг айтишларича, қадр кечаси ҳам моҳи рамазоннинг ўн еттинчисида юз берар экан. Мен сизга айтсам, гўдагимизнинг ўзида ҳам хосият бор, фақат уни англамоқдан бизлар ожиздурбиз… Унинг қутлуғ чеҳраси ва бахтли манглайига қараб,   толе шуъласини кўргандаймен, илоҳи…

– Рост айтасиз, менга ҳам шундай туюладур… Вой ўлмасам!.. – деб юборди яна Гулбегим…

–   Тинчликми, бекам?

– Қарасам… тўйимиз ҳам худди шу куни ўтғон экан, муҳтарам амирим!..

– Йўғ-е!.. Ё раббий!..

Иккиси ҳам бундан бағоят таажжубга тушдилар. Алишернинг туғилиши турфа сирларга тўла эди.

Шавҳарининг3 тикилиб турганини кўрган Гулбегим уялганча ерга тикилди ва дарҳол мавзуни ўзгартирди:

– Чақалоқ туғилганда   қаттиқ йиғлайди, деб эшитғондим, амирим… Ўғлимиз фақат бир марта “инга-а…” деди холос…

Тетик чақалоқ худди бу гапларни тушунгандай оёқчаларини ўйнатиб, нозик лабларини чўччайтириб   жилмайишга ҳаракат қиларди.

Чақалоқ он сайин ўсарди. Парвонадек гирдикапалак ота-онаси буни ҳар лаҳзада сезишарди. Йигирманчи куни кўп меҳмонлар келишди, катта бешик тўйи бошланди. Турфа совға-саломларни қўймоққа жой топилмай қолди. Кайвони аёллар ва энагалар чақалоқни силаб-сийпашиб, айланиб-ўргилишиб, тилак-­дуолар билдиришиб нақшинкор бешикка беладилар, бешик эса кимни олиб ётганини сезгандай мамнун тебранар, бир лаҳза тўхтамасди.

Гулбегим билан энага иримига, бахмалдан йўргак бичтиришди, кимхобдан қовуз тиктиришди, сув ўрнига бол ичиришди… Илк бор алла айтганида Амир Ғиёсиддин Кичкина дунё­­га сиғмас даражада қувониб кетди! Ахир унинг хонадонида биринчи марта сеҳрли алла оҳанг­лари янгради-да!

Икки ёшга кирганда Алишернинг мусичадай илк гувранишларида қандайдир маъноларни уқиш мумкин бўлиб қолди. Буни ҳаммадан олдин Мунажжима момо илғади. У доим чақалоқ атрофида парвона эди. Чақалоққа худди ўзи туққандай куюниб қарарди. “Болам гапир­япти, болам гапиряпти!” – суюнчилади у бир куни Гулбегимга… Она хурсандчиликдан ўзини йўқотиб қўяёзди.

Шундан кейин болани гапга соладиган одат чиқардилар.

Алишернинг фавқулодда гапириб юборган, илҳом нишоналари кўриниб турган кутилмаган сўзлари   кишини ўйлантириб қўяр, ҳайратларга чулғарди. Илму ҳикмат ояти унинг манглайига ёзилгани аён. Гўёки, “Унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат(ва илм) ато этдук”4 ояти, астағфуриллоҳ, Алишер учун нозил бўлгандай туюларди падари бузруквори назарида.

Ғиёсиддин Кичкина ўғлига қараб, Гулбегимга деди:

– Пиримиз Шайх Тобадгоний дедиларки, бола секин-аста ўсиб мутафаккирликка етишади, ахир қамиш ҳам секинлик билан қандга айланади-ку…

– Айтғонингиз келсун… – дейди   онанинг кўнг­­ли ийиб.

Ғаройиби шу эдики, болани ҳамма талашиб томоша қиларди. Кимдир суюб бошини силаб қўяр, кимдир жониқиб тийрак кўзларига тикилар, жуда ёқимли бола эканми, бунақа ширин болани ҳали кўрмағондим, дер, қариялар эса ардоқлаб,   илоҳи кўз тегмасун, баҳодир, ум­рингни берсун, дея манглайидан ўпиб қў­йишарди. Мунажжима момо эса болани бош­қалардан қизғанар, ичида: “Намунча?.. Бола кўришмаганми? Болажонимни чарчатиб қў­йишмасин-да, ишқилиб…” – дея куйинарди.

Ҳиротлик нуфузли дуохон момолардан бири Гулбегимга, бундай болалар таъби жуда нозик келади, инс-жинсдан асраш учун унга тумор тақиб қўйинглар, деб тайинлади. Энага   дуохонга бориб чиройли зарҳал   тумор қилдириб келди. Туморни Алишернинг бўйнига тақиб қўйдилар.

Султон Ҳусайн Мирзонинг отаси, салобати Амир Темурга тортадиган, қўллари узун Ғиёсиддин Мансур Мирзо Алишерни ўз ўғлидай кўрар, уни Темурий ўғлон, дерди. Фақат у-мас, хотини Феруза бегим,   учраган аёлу эркак, бош­­қа хешу ақраболар ҳам шу гўдаккинадан яхши сўзларини аяшмас, суюб   боққанларида ҳар бирининг   кўзидан меҳрибонлик нурлари   ёғилар, болакайнинг қандайдир ҳеч нимага ўхшамайдиган жозибаси борлигидан ҳайратга тушишарди.

Ҳашаматли амир Ғиёсиддин Кичкинанинг мукаррам ва азиз обо-аждодлари қадим замонлардан бери Умаршайх Мирзо баҳодир ибн Амир Темур Кўрагон хонадонининг ичкилари қаторидан жой олгандилар, тақдир эъзоз қалами билан кўкалдошлик бахти нақшини уларнинг кўнгил лавҳларига битиб қўйганди.

– Худо бизга бойлик, хазина, суянч бўладурғон тоғ ато этибдур, баҳодир! Болангнинг кўзлари чарақлаб турғонини кўрдингму? – боқиб завқланарди Ғиёсиддин Мансур Мирзо.

– Кўрдим, султоним, кўрдим…

Ғиёсиддин Кичкинанинг   юраги бир қалқиди-ю тасдиқ маъносида бош тебратди. Беихтиёр ўта меҳр ва илтифот билан чақалоққа қаради. Бу – унинг биринчи фарзанди! Эҳ-ҳе… ўғлини кута-кута унинг ҳам, Гулбегимнинг ҳам кўзлари тўрт бўлди-я! Уйга кирадилар… ташқарига чиқадилар. Яна-яна… Аммо шамсиз, парвонанинг ўзи билан   уй ёришганини биров кўрганми?.. Наҳотки, барҳақ эгам, бизга фарзанд ато этмаса, Оллоҳнинг олдида не гуноҳ қилган эканмиз, деган ўй неча йиллар уларга тинчлик бермас, оила қурганларига ҳам йигирма йилдан ошиб борарди.

– Боланинг насл-насаби тозалиги чеҳрасидаги нурдан кўриниб турадур, баҳодир… – файласуфона деди яна Ғиёсиддин Мансур Мирзо Ғиёсиддин Кичкинага. – Ўзинг биласен, уч йил бурун ўғлим Султон Ҳусайн туғилғонда унга бобоси Султон Ҳусайн Мирзо исмини қўйғонмен, чунки онаси шуни тилади. Ҳақ тао­­ло энди Алишерни бериб, Султон Ҳусайнга дўст ва ўртоқ ато этди! Худо хоҳласа, фарзандларимиз зўр инсонлар бўлишади. Олам доноларга, камолига етган ақлларга ҳамиша муҳтождир…

Баҳодир оқибатли ва меҳрибон   кўкалдошининг ёрқин тилакларидан қувонди. Улар иккиси яқин сирдош дўст эдилар. Эсида, Султон Ҳусайн дунёга кўз очганини эшитганда Ғиёсиддин Кичкинани кучли ҳаяжон чулғади, шитоб одамлардан холи жойга югуриб кетди. Ўшанда менга ҳам ўғил ато эт, дея ёлвориб, осмонга боқиб,   Оллоҳга илтижолар айлаб, ўксиб-ўксиб йиғлади.

Алишернинг уч ярим ёшларда шеърлар ёдлай бошлагани барчани ҳайратга солди.   У шеърларни шундай   мулойим тарзда сўзларни дона-дона қилиб   ўқир эдики, овози худди жаннат қушларининг овозидай жарангларди. Ота-­онаси бундай фазилат ўғилларида қаердан   келганини билмасдилар. Фақат ўз бағрида ўстирган, япроқлар орасида қип-қизил бўлиб пишиб осилиб турган олтиндай мевасига ҳайрону лол қараб қолган дарахтлардай, бир-бирларига боқиб: “Худонинг ўзи асрасун!” дейишарди холос.

Хуросон ҳукмдори Шоҳрух Мирзога жума намози куни масжидда бир нобакор, нопокнинг пичоқ ургани воқеасидан кейин бир ойлар ўтгач, Ғиёсиддин Кичкина хонадонида меҳмонлар тўпландилар, ҳамманинг оғзида ўша хунук ҳодиса айланарди. Ғиёсиддин Мансур Мирзо, Алишернинг меҳрибон тоғалари – ака-ука шоирлар Мир Сайид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийлар, қариндош-уруғлар давра қуришган. Етти яшар Султон Ҳусайн Мирзо ҳам шу ерда, улар Алишер билан бир-биридан ажралмас, иноқликлари тобора ортиб борарди.

– Амирзодалар шеърлар ўқиб беришсун! – деди Ғиёсиддин Мансур Мирзо. У болаларнинг ширин тилда сўзлашларини, шеър ўқишларини жони-дилида кўрарди.

Етти яшар Султон Ҳусайн Мирзо ўртага чиқди. Қайси шеърни ўқисам экан, деганча ўйланиб атрофга жовдираб қаради. У анча–мунча ғазалларни ёд биларди. Кейин шу паллалар Ҳиротда ёйилиб кетган Мавлоно Лутфийнинг бир байтини айтишни лозим топди:

Сенсен севарим, хоҳи инон, хоҳи инонма,

Қондур жигарим, хоҳи инон, хоҳи инонма!

Олқишлар янгради.

– Мавлоно Лутфий! Офарин сенга! – мақтаб қўйди ўғлини Ғиёсиддин Мансур Мирзо.

– Тасанно! – олқишлади Кобулий.

Навбат Алишерга келди. У дадил чиқиб ўртоғи Султон Ҳусайн Мирзо ёнида қад ростлади ва форсийда равон шеър ўқиб кетди:

Риндему ошиқему жаҳонсўзу жома чок,

Бо давлати ғами ту зи фикри

                                                           жаҳон   чи бок?5

– О, О, О!.. – деб юборди Ғиёсиддин Мансур Мирзо…

– Амир Қосим Анвор! – хитоб қилди Ғарибий. – Ринд шоир!

Ғарибийнинг фикрича, Ҳиротда яшаб ўтган, асли озарбайжонлик машҳур сўфий ва файласуф Шайх Қосим Анворнинг бу байти Алишернинг умрида ёдлаган биринчи шеъри эди! Унинг устига, шундай мўътабар даврада илк бор ўқиб турибди.

Қосим Анворнинг рутбаси шоирлик даражасини ортда қолдирган, катта обрўга эга эди. Шайхнинг пурмазмун ва файзли ғазал-маснавийлари карим ул-хулқ озодалар, азим уш-шаън шаҳзодалар, амирзодалар давраларида, яъни ҳур, озод фикрли, хушчақчақ кишилар орасида катта эътибор қозонганди, уларни излаб юриб топишар, дарҳол кўчириб олишиб бир-бирларига улашишарди. Оташнок нафасли шайхнинг назмига эл   чиндан ҳам мойил эди.

Ғиёсиддин Мансур Мирзога Султон Ҳусайн Мирзонинг равон шеър ўқиши жуда ёқди. Тўрт яшар Алишернинг Қосим Анвордай улкан шоир шеърини қийналмай ёдлаб олганини, унинг сўфиёна фалсафий мазмунини чуқур анг­лаганини кўриб ҳайратдан ёқа тутди, дарҳол ўрнидан туриб болаларни ўз қучоғига олди, ҳеч бирини айри кўрмай ардоқлади, меҳр билан бағрига босиб, пешоналаридан суюб ўпиб қўйди:

– Худо хоҳласа, бу йигитлар икки бақувват қанотим бўлурлар! Ўсиб камолга етингиз, ўғилларим! Камолга етингиз!.. – жўшиб деди юракдан.

– Аҳсану аҳсан! – қичқирди шоир Кобулий.

– Офарин! – қўшилди унга Ғарибий. Тоғалар муштдеккина жиян билан сидқидилдан фахрланар, ундан ғурурланардилар.

Мақтовлар олқишларга уланиб кетди.

Ҳамма дуога қўл очди.

Алишернинг тоғалари Кобулий ва Ғарибийлар секин бир-бирларига қараб: “Кўрдингизму?” дегандай, маъноли   бош тебратиб қўйдилар…   Ахир, улар таниқли шоирлар бўла туриб баъзан англашлари мушкул сеҳрли шеърият жиловини жиянлари Алишер ҳозирданоқ қўлга киритибдур!

– “Ринд” сўзининг маъносини илғай олғонмикин, жиянимиз? –   сўради яхши табъи бор Кобулий укасидан секин. –   Ринд нималигини билармикин? Ёш бола…

– Илғағон, биладур! – комил ишонч ила жавоб қилди акасига хушсуҳбат, хушхулқ, хуштабъ дардманд йигит Ғарибий. У созларни яхши чаларди. Уни ва услуби хўб эрди. Мусиқий илмидан хабардор, айни пайтда ҳусни хат соҳиби сифатида танилганди.

– Илғағон у, бағоят ақлли, оға! Илғамаса, ёдламайдур. “Ринд” сўзи барча бойлик, лавозим, зоҳирий илтифоту мулозаматлардан юз ўгириб, олам ва башарнинг энг юксалган мақомига чиққанида ҳам ўзини озод сезувчи ҳур фикр­­ли инсонни англатур…

Кобулий Ғарибийга тушундим, дегандай бош ирғаб қўйди.

Ғиёсиддин Кичкина ҳамиша ўғлининг ғайриоддий ҳаракатларини кўравериб ўрганиб кетганидан индамай қараб турарди. Гулбегим эса ўғлига боқар, “Ғаройиб ўғлим бор-да!.. Илоҳи, умрини узоқ қилгин!” – дер, кўзларидаги лим-лим ёш юзларини юваркан, ҳам қўрқар, ҳам қувонарди…

 

1Бой – бу ерда турмуш ўртоғи.

2Милодий 1441 йил 9 февраль.

3Шавҳар (форс.) – турмуш ўртоғи, ёстиқдош.

4Қуръони карим. Марям сураси, 12–оят

5Ринддурмену ошиқдурмен,

                                        куйган ёқавайрон кас,

Ғаминг билан ободдурмен,

                                ким не дер – писанд эрмас.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − 3 =