Донишмандлик фасли
Иқтидорли адиб Исмат Кўчиев ижодига бир назар
Ёши элликдан ошган одамни китоб билан ҳайратлантириш қийин – ҳаётий тажриба бизларни беихтиёр шубҳагарга айлантиради: бирор одамни мақташда шошилмайсан ҳамда адабиёт оламида мўъжизалар рўй беришига камдан-кам ишонасан. Бу даврда ҳаётнинг ҳар бир дақиқаси ғанимат ҳисобланади, уни навбатдаги бемаъни китобни ўқишга сарфлашни истамайсан. Аммо баъзан аввал таниш бўлмаган бир муаллифнинг китобини очар экансан, муаллифнинг бой ҳаётий тажрибаси ва донишмандлиги, қаҳрамонларининг ҳалоллиги ва мардлиги, ўткир тафаккури ва назокатли экани, қолаверса, шу китоб ўзинг учун тамомила янги ва қизиқарли ниманидир билиш ёки азалдан сенга маълум ҳақиқатни янги нуқтаи назардан англашга кўмаклашишига ишонсанг, қувониб кетасан киши.
Ёзувчи Исмат Кўчиевнинг ижоди билан танишувим 2019 йилда, унинг Минскдаги “Альфа-книга” нашриётида чоп қилинган “Генерал-губернатор. Дўстим ҳақида қисса” асарини ўқишдан бошланган. Бу китоб менинг қўлимга тасодифан тушиб қолди. Китобни очдим ва дастлабки саҳифасида қуйидаги самимий ва ҳаққоний жумлаларни ўқиганим ҳамона унга қандай шўнғиб кетганимни билмай қолдим:
“Китобини номладиму тўхтаб қолдим. Ўйга чўмдим…
Дўст деган юксак номга даъво қилиш ҳуқуқига мутлақо эга бўлмаган одамларни, афсуски, кўпинча “дўстим” деймиз! Хусусан, таниш-билишлар, қўни-қўшнилар, хизматдошларни… Улар ўзлари учун фойдали паллаларда ёнингизда пайдо бўлади; ютуқларингиздан самимий қувонмайди; кутилмаганда бошингизга бирон кўргулик тушадиган бўлса, ёрдамга келиши ҳам даргумон. Руҳан яқин, исталган вақтда елкасини тутадиган, салкам туғишган биродарингдай ва ҳатто ўз биродарингдан ҳам яқин одам билан инсоний муомала бахтини ҳеч қачон ҳис қилмаган кимсаларга ҳар доим ачинаман”.
Хотиралар Исмат Кўчиевнинг талқинида муайян бош қаҳрамонга эга бадиий наср тусини олади ва унинг қиммати фақат россиялик таниқли давлат ва сиёсат арбоби Георгий Сергеевич Полтавченкога бағишланганида эмас, балки биринчи галда узоқ унутилишдан кейин муаллиф дўстлик мавзусини адабиётга қайтарганидадир. Дарвоқе, бу вазифа дабдабабозликдан ҳоли равишда уддаланган, китобдаги воқеалар содда ва ишонарли баён қилинган.
“Дўстим ҳақида қисса” асарини ўқиганимдан кейин муаллифга табиий қизиқиш уйғонди. Қатор саволлар пайдо бўлди, уларга жавоб қидира бошладим. Миллати ўзбек бўлган муаллиф рус тилида равон асар яратган, бу борада ҳатто таржимоннинг қисман хизматига ҳам муҳтож бўлмаган ҳамда ўз асарини Белорусдаги нашриётда нашр қилдирган. Мана шу ҳолатнинг ўзиёқ одамни маълум маънода ҳайратга солади. Яна ҳам диққатга сазовор жиҳати шундаки, муаллиф анча улғайган пайтида (50 ёшдан кейин) илк асарини ёзган, бундан олдин адиб сифатида танилмаган.
Ёзувчи билан шахсан учрашганимдан кейин барчаси ойдинлашди. Она Ватанимиз Ўзбекистонни жондан ортиқ яхши кўрадиган Исмат Кўчиев шундай одамлар тоифасига мансубки, улар нафақат миллий, балки умуминсоний туйғулар соҳиби бўлишади. Рус тилини она тили каби қадрлайдиган ёки миллатлараро муомала тили сифатида эъзозлайдиган бу инсон ёшлигидаёқ тилни пухта ўзлаштирган эди. Олий филология таълимини олган (у Самарқанд давлат университетини тугатган) И. Кўчиев бутун умр рус ва ўзбек тилида шеърлар ёзган ва батафсил кундалик тутган, ўз мулоҳазаларини, кечинмалари, ҳаётида рўй берган воқеалар ва ўзи учратган одамларга оид мулоҳазаларини ёзиб борган. Лекин жиддий лавозимда хизмат қилиши ўзини адиб сифатида кўрсатишга имкон бермаган. У ҳозирги пайтда ҳам қатор хорижий ва маҳаллий компанияларда маслаҳатчи лавозимида ишлайди. Ниҳоят, эндиликда столининг ғаладонида тўпланиб қолган қўлёзмаларни чиқаришни ва китобхонлар ҳукмига ҳавола қилишни лозим деб билган. Ўзининг бағрикенглиги билан ном қозонган белорус халқига алоҳида меҳр билан қарайдиган ёзувчи шундай қарорга келган: унинг адиб сифатидаги овози биринчи галда айнан мана шу макондан янграши керак! Асосан рус тилида ижод қиладиган Исмат Кўчиев ўз асарларини дастлаб Минскда нашр қилдирди, мазкур асарларни Интернетга жойлади, натижада русийзабон миллионлаб ўқувчилар улардан баҳраманд бўлди.
“Генерал-губернатор. Дўстим ҳақида қисса” китоби Исмат Кўчиевнинг хорижий юртда нашр қилинган ягона китоби эмас. “Ҳаёт йўлим” – навбатдаги асар ҳисобланади. Хотиранавис Кўчиев билан танишган китобхон шоир Кўчиевни ҳам билиш имкониятига эга бўлди. Рус ва ўзбек тилида нашр қилинган “Всё лучшее в себя вместило сердце” ва “Жаннат райҳонлари” – иккита шеърий тўплам русийзабон ва ўзбек адабиётшунослари томонидан муносиб эътироф қилинди.
Қадимий ва ҳамиша навқирон Ургут фарзанди Исмат Кўчиев биринчи галда оташнафас шоир. Унинг шеърияти ҳақида фикр юритганда, биринчи галда Ўзбекистон халқ шоири Шукруллонинг фикрлари ёдга келади:
“Исматжоннинг шеърларини ўқиганимда сездимки, бу сатрларнинг муаллифи Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповлар авлодининг вакилларидан бўлса керак. У пайтлар ҳали шеър бир ҳодиса ўлароқ қабул қилинар эди. Ўша лирика, ўша жонбахшлик, ўша масъумлик, кўнгли шикасталик ва ўктам бир дард…
Исматжоннинг иқтидори тарихдан, аждодлар меросидан куч олади ва ошиқ бир қалбдан, исёнкор дилдан чиқиб, нафис бир тилга кўчади. Қалбдан чиққан сатрлари қалбларга ҳам етади”.
Дарҳақиқат, Исмат Кўчиев ўз шеърларида она юртини алоҳида меҳр билан тараннум этади. Шоирнинг ватан васфига бағишланган манзумалари назмбозликдан йироқ экани, латиф зарофат билан йўғрилгани эътиборга молик:
Ургут тоғларидан шамоллар келди,
Кўнглимга бир турфа хаёллар келди,
Ёдимга қошлари ҳилоллар келди,
Кўзимга ёш бўлиб саволлар келди –
Баҳор, яна қайтиб келганинг ростми?!
Шеър ёзиш ҳам осон, ҳам қийин. Осонлиги шундаки, сўзларни вазнга ва қофияга сола билган одам қийналмай шеър ёзаверади. Қийинлиги эса вазн ва қофияга солинган фикрларнинг ҳаммаси ҳам шеър бўлавермайди. Дастлабки тоифага мансуб қаламкашлар бироз истеҳзо билан “назмбозлар” деб таърифланади. Ҳақиқий шеър бита оладиган ижодкорлар эса мўътабар шоирлик мақомига юксалади. Исмат Кўчиевнинг шеърларини ўқир эканмиз, шоир деган шарафли номга муносиб эканига қайта-қайта ишонч ҳосил қиламиз. Унинг шеърларида табиат жонланади:
Ҳатто қирларидан тушиб қизғалдоқ,
Ҳар келган меҳмонга ёзар поёндоз.
Дарахтлар белига оқ белбоғ тақиб,
Меҳру муҳаббат-ла чиқади пешвоз.
…Турибман сен томон тикиб кўзимни,
Шаббода, эслаб қол айтган сўзимни.
Ургутдан ўчирма қолган изимни,
Булоқлар суғорсин бор илдизимни,
Баҳор, яна қайтиб келганинг ростми?!
Шоирларнинг улуғлиги шундаки, улар ўз ватани ва халқининг тарихига алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўлади, ўзлари яшаган, яшаётган даврнинг барча мураккабликларини дилдан ҳис қилиб изтиробга тушади, айни пайтда юртининг ободлиги, халқининг фаровон ҳаётини орзу қилади. Бинобарин, айни шу асно у наинки шоир, балки ватан ва халқ тақдирини теран англайдиган, бу хусусда қайғурадиган Шахс даражасига юксалади. Шоир қай бир мавзуда шеър ёзмасин, тарихни, буюк аждодларни беихтиёр сатрларга жойлайди:
Яссавийнинг талъати сенсан,
Темур қалбин шиддати сенсан,
Атоийнинг ҳайрати сенсан,
Усмон Носир ҳам Чўлпон тилим,
Турон тилим, Туркистон тилим!
Маълумки, шоир шунчаки шеър илмини эгаллаш билан кифояланиб қолмасдан тарихни ҳам чуқур билиши зарур. Тарихни яхши биладиган И.Кўчиевнинг қатор шеърларини ўқир экансиз, тарихдан сабоқ олиб, замондан хулоса чиқариб бораверасиз:
Темур Малик тушимга кирди,
Қон оқарди яраларидан.
Уйғондиму, ўйландим: руҳи
Розими биз болаларидан.
Адиб ўз халқининг олис ва яқин тарихига, ўзбек халқининг шонли фарзандлари хотирасига катта ҳурмат билан муносабатда бўладиган, тарих ҳақида теран фикрлай оладиган киши сифатида ҳам кенг жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган. Хусусан, унинг қаламига мансуб атоқли давлат ва сиёсат арбоби Шароф Рашидовга бағишланган – “Шароф Рашидов: Ғолиб” ва “Шароф Рашидов: Бунёдкор” китоблари жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди. Жумладан, Белорус Ёзувчилар ва журналистлар уюшмаси аъзоси, “Олтин Купидон” адабий кўригининг ғолиби, адиба Ирина Масленицина “Шароф Рашидов: Ғолиб” китобига салмоқли сўзбоши ёзиб, унинг ўзига хос фазилатларини алоҳида таъкидлайди:
“Исмат Раҳматович Кўчиевнинг кўплаб турли материаллар, тарихий ҳужжатлар, шубҳага ҳожат қолдирмайдиган манбалардан олинган ишонарли маълумотлар ҳамда шоҳидларнинг гувоҳликлари, энг муҳими, бевосита китоб қаҳрамони Шароф Рашидовга тегишли фикр-мулоҳазалар – “пахта иши” номли даҳшатли уйдирма ва Ўзбекистон халқига нисбатан қилинган адолатсизлик борасида нафақат билимларимни кўпайтирди ва кўзимни очди, шунингдек, кўплаб муҳим саволларга жавоб топишимда ёрдам берди. Тарихда шахснинг роли қанчалар муҳим аҳамият касб этиши мумкинлигига тарихчи сифатида ХХ асрнинг буюк сиёсат арбоби Шароф Рашидов таржимаи ҳоли мисолида ишонч ҳосил қилдим.
Кўп фарзандли хонадон сифатида Рашидовлар оиласи мисолида фарзандларни бағрикенг ва ҳалол инсон қилиб тарбиялаш тажрибасини ўргандим.
Исмат Раҳматович воқеаларни далил ва исботлар билан ишонтирган ҳолатда мулоҳазакорлик ва хотиржамлик билан ҳикоя қилади. Ирода қудрати ва донишмандлик ҳақида… Ҳасад ва тубанлик ҳақида…
Инсон ўсиб борар экан, қадам-бақадам инсоний ва маънавий мақомга юксалиши тўғрисида… Ўз халқига қандай қилиб ва қай тартибда хизмат қилиш тўғрисида… Қаҳрамонлар барча даврларда дунёга келишлари мумкинлиги тўғрисида…”
Биламизки, ижод йўли қилич тиғи бўйлаб одимлаш сингари қалтис ва айни пайтда шарафли ҳисобланади. Ўтган асрнинг 60-70 йилларида собиқ иттифоқда сиёсий вазият анча юмшаганига қарамасдан бадиий ижод борасида тўла эркинлик ҳукмрон эмас эди. Бунинг оқибатида Эркин Воҳидов “Ўзбегим” қасидасини ёзгандан кейин унинг бошида қора булутлар айлана бошлайди, уни миллатчиликда айблашлари эҳтимоли пайдо бўлади. Шундай оғир шароитда Шароф Рашидов сиёсий мавқеига путур етишини ўйлаб ўтирмасдан айрим раҳбарлардан Эркин Воҳидовни тинч қўйишларини талаб қилади. Фавқулодда истеъдоди билан ҳатто тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини ҳам шошириб қўйган Абдулла Орипов ижодининг душманлари ҳам ҳамлага ўтишга чоғланган бир пайтда Шароф Рашидов уни ҳам ҳимоя қилишнинг осон йўлини топади. У Москвадаги “Советский писатель” (“Совет ёзувчиси”) нашриёти директори Н. В. Лесючевскийга мактуб ёзади ва айни мактуб билан Абдулла Ориповни унинг ҳузурига юборади. Натижада А. Ориповнинг шеърлари рус тилида Москвада китоб ҳолида нашр қилиниб, у барча ноҳақ маломатлардан омон қолади.
Бу ҳақда китобда маълумотлар берилган:
“Н. В. Лесючевский мураккаб шахс бўлиб, сталинизм йилларида ўзининг қаламкаш биродарлари таъқибга учрашида фаол қатнашганди. Лекин Москвада жуда катта таъсирга эга айнан у ўзи хайрихоҳлиги билан китоби нашр қилинган муаллифнинг ягона ишончли кафили бўла оларди. Рашидов республикада маломатга учраган Абдулла Орипов учун қалқон сифатида Н. В. Лесючевскийни танлаб, таваккал қилади. У “Советский писатель” нашриётининг ваҳимали директори билан учрашиш учун А.Ориповни Москвага юборади. Ўзбекистон раҳбарининг мазкур нашриёт директорига ёзган мактуби сақланган:
“Москва, “Советский писатель”
нашриёти,
ўртоқ Н.В.Лесючевскийга
Қадрли биродарим, Николай Васильевич!
Сизга Тошкентдан самимий салом! Ўртоқ Абдулла Ориповни Сизнинг ҳузурингизга юбораяпман. Яқинда унинг “Юртим шамоли” китоби ўзбек тилида нашрдан чиқди. Мен бу китобни диққат билан ўқиб чиқиб, ундан нақадар ажойиб шеърлар ўрин олганини кўриб ҳайратландим. Айтишим керакки, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов – шундай талант соҳибларики, улар яқин вақт ичида ўзбек совет шеърияти даражасини, умуман ўзбек совет адабиёти даражасини белгилаб берадилар.
Шунинг учун ҳам Сиздан астойдил илтимос қиламан, Абдулла Ориповни шахсан қабул қилинг, у билан танишинг, суҳбатлашинг. 1978 йилда москвалик энг яхши таржимонлар таржимасида унинг шеърлар тўпламини рус тилида нашр қилиш керак. Унинг шеърлари юксак даражада таржима қилинишида Сиз ёрдам беришингиз учун уни Москвага юбораяпман.
Менга ишонинг, Абдулла Ориповнинг шеърлари Сизга Расул Ҳамзатов, Эдуард Межелайтис ва бошқа кўплаб талантли шоирларнинг шеъриятини эслатади. Бинобарин, Сиз билан биз бу талант эгасига жиддий ёрдам беришимиз керак.
Қадрли дўстим ва биродарим, фурсатдан фойдаланиб Сизга мустаҳкам соғлиқ, ишларда ютуқлар, ҳаётий бахту саодат ва қувончлар тилаб қоламан.
Сизни қаттиқ бағрига босиб қолувчи, Ш. Рашидов.
1977 йил 2 февраль,
Тошкент шаҳри”.
Шароф Рашидовнинг сайъ-ҳаракати ўз самарасини беради. Абдулла Ориповнинг шеърлари яхши шоирлар томонидан тез рус тилига таржима қилинади ва алоҳида китоб ҳолида нашрдан чиқади, шу заҳоти русийзабон жамоатчилик эътиборини қозонади. Россия адабий жамоатчилиги томонидан билдирилган жуда ҳам ижобий фикрлар шоирга нисбатан ҳар қандай маломат тошлари отилиши олдини олади.
Шароф Рашидовнинг ўзбек шеъриятининг икки буюк вакилига кўрсатган ғамхўрлиги “Хамса” достонларини ёзиб тугатган ҳазрат Навоийни шоҳона тулпорига ўтқазиб, унга жиловдорлик қилган Султон Ҳусайн Бойқаронинг ҳимматини беихтиёр ёдга солади.
Муаллифнинг “Шариф Рашидов: Бунёдкор” асарида унинг шоир ва романнавист сифатидаги ижоди кенг тадқиқ қилинган. Ш. Рашидов романларининг батафсил таҳлили шуни кўрсатадики, унинг асарлари ўн минглаб нусхаларда нашр қилинган ва бошқа халқларнинг тилларига бажонидил таржима қилинган, аммо совет даврида ҳам у муносиб баҳоланмаган. Постсовет даврига келиб эса “қишлоқларда социалистик қурилиш мавзуси” кўтарилгани учун унинг романлари ва қиссаларидан юз ўгирдик. Агар бадиий асар маҳорат билан ёзилган бўлса, мавзуни айблаб бўлмайди. М. Шолоховнинг “Очилган қўриқ” ва атоқли белорус адиби И. Межелнинг “Ботқоқликдаги одамлар”и бунга ёрқин мисол бўла олади. Шу талқинда Исмат Кўчиев Ш. Рашидов асарларини ҳам мазкур адибларнинг асарлари билан бир қаторга қўяди.
Исмат Кўчиевнинг шоир экани Шароф Рашидовга бағишланган ҳар икки асарнинг ўқимишли ва муваффақиятли чиқишини таъминлаган. Дастлабки асар муаллифнинг “Мағрурлик қўшиғи” достони билан бошланади. “Шароф Рашидов: Бунёдкор” китобида эса муаллиф ўзини маҳоратли таржимон сифатида кўрсатган. У Шароф Рашдовнинг илгари рус тилига ўгирилмаган қатор шеърларини таржима қилади. Натижада русийзабон китобхонлар ҳам Ш. Рашидовнинг шеъриятига оид тўла тасаввурга эга бўлишлари мумкин.
Исмат Кўчиев ҳамиша безовта ва серғайрат ижодкорлар сирасига киради. Унинг “Мангулик сари беш қадам” достони ҳам яққол мисол бўла олади. Мазкур достон халқимизнинг фахри ва ғурури мутафаккир Алишер Навоийга бағишланган. Айтиш мумкинки, мазкур достонда ҳокимиятни холис ниятли одамлар бошқариши кераклигига оид баҳс давом этган.
Шу йилнинг бошида Минскдаги “Алъфа-книга” нашриётида Исмат Кўчиевнинг яна бир – “Бобур асрлар оша” достони нашр қилинди. Буюк саркарда, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган мазкур достон ўзига хос тарзда тўртликлардан ташкил топгани билан диққатга сазовор. Минск шаҳрида бўлган Бобур Мирзо таваллудининг 540 йиллиги тантаналарида мазкур достоннинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Эндигина нашрдан чиққан достон тадбир қатнашчиларига совға қилинди.
Ўзбекистон ва Белорус Ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси, иқтидорли шоир ва теран мулоҳазали адиб Исмат Кўчиев шоир ва публицист адиб сифатида катта ижодий режалар билан яшамоқда. Ундан ватанимизнинг тарихий ва замонавий ҳаётини тараннум қиладиган навбатдаги шеърий гулдасталар ва салмоқли насрий асарлар кутишга ҳақлимиз.
Абдуҳамид ПАРДАЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси