Палаги тоза (ҳикоя)

Очил ХУДОЙБЕРДИЕВ

 

Муаллиф ҳақида:

Очил ХУДОЙБЕРДИЕВ — 1942 йили Жарқўрғон туманида туғилган. 1972 йил Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультети журналис­тика бўлимини тугатган.

Муаллифнинг “Баҳор соғинчи”, “Сенсиз бу дунё”, “Меҳрингни дариғ тутма”, “Кечиккан бахт”, “Армонли дунё”, “Сўқмоқдаги одамлар”, “Садоқат”, “Алвидо ёшлик” сингари қатор шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.

Қарийб 50 йилдан зиёд Сурхондарё вилоятидаги турли матбуот нашрларида хизмат қилган. Ҳозирда нафақада.

 

Палаги тоза

(ҳикоя)

Хиёбоннинг ёлғизоёқ йўлакчасидан оқ сариқдан келган, ўрта бўйли, қотма киши кетиб борарди. Ёзнинг дилгир кунларида қайрағочларнинг соясида юришнинг гашти бўлак. Яна ёлғиз бўлсанг! Хоҳлаганингча хаёл суришинг, фикрлашинг мумкин. Йўловчи ҳам ўйлари уммонида ғарқ эди гўё. У ўттиз йилдан бери темирчи уста бўлиб ишлайди. Исми Қурбонбой. Рафиқаси Зулайҳо билан уч ўғил, бир қизни вояга етказишган. Тўнғич ўғли — муаллим. Ўртанча ўғли ота касбини танлаган. Қизи Ойбиби ва кичик ўғли Ойбек ҳали мактабда ўқишади.

Қурбонбой хаёлини шу кунларда қўшниси ҳақидаги ўйлар банд этган. Қадрдон дўсти Содиқбой ҳафта, ўн кун илгари бошқа қишлоққа кўчиб кетди. Қўшниям жигардай гап бўларкан. Ёмон хафа бўлди. “Эссизай, ватан дегани шу қишлоқдан бошланадику. Наҳот, дўстим Ватанини ташлаб кетди”, деб қайғурди. Кўп ўтмай унинг ҳовлисини Эркин Оқбўтаевич деган киши сотиб олди. Ҳамма гап шундан кейин бошланди.

Янги қўшни туман марказидаги йирик корхона раҳбари экан. Улар кўчиб келганларидан уч-тўрт кун ўтиб Қурбонбой “қўшни чақирди” қилди. Уй бошлиғи йўқ экан, меҳмондорчиликка уй бекаси Зулхумор ва кенжа қизи Феруза келишди. Аёллар бир пиёла чой устида қизғин суҳбатлашиб, охири эски ҳамқишлоқ чиқиб қолишди. Шу-шу икки оила ўртасида борди-келди бошланиб кетди.

Эркин Оқбўтаевич Содиқбойдан қолган иморатни бузиб, ўрнида қўш қаватли ҳашаматли бино қурдирди. Бу хонадонга тез-тез меҳмон келиб турарди. Қўшнининг аёли навбатдаги меҳмондорчиликка турмуш ўртоғининг изнисиз Қурбонбойни ҳам чақирган эди. Кўплар келиб бўлган пайти Қурбонбой ҳам дарвозадан кириб кела бошлади. Уй бекаси пешвоз чиқиб, уни меҳмонхона томон бошлаб бораркан, Эркин Оқбўтаевич рўпарасидан чиқиб келди. У қўшниси Қурбонбойга кўзи тушиши билан қовоқ солиб, аёлига ўшқирди:

— Қаёқларда юрибсан, на ўчоқ бошида, на уйда топиб бўлмай қолди сени?!

Эрининг кўз қарашидан чўчиган Зулхумор лом-лим демай ўчоқ бошига кетди.

— Эй сен қаёққа кетаябсан, қўшнини болалар овқатланадиган хонага олиб ўт, — деди-да ўзи бамайлихотир меҳмонхонага кириб кетди.

Қурбонбой қўшнисининг бу муомаласидан кейин бир неча дақиқа серрайиб қолди. Сўнг шартта ортига бурилиб, чиқиб кетди.

Шу воқеадан кўп ўтмай, яна бир гап чиқди. Эркин Оқбўтаевич ўғли Воҳидга туғилган куни муносабати билан автомобиль совға қилибди. Ўнинчи синф­­да ўқиётган Воҳид машинали бўлганидан сўнг анча-мунча ўзгарди-қолди. У баъзан дарсга бормайдиган одат чиқарди. Феъл-атвори, юриш-туриши ёмонлашди. Ҳатто бир куни синф раҳбарининг топшириғини бажармай, унга куч ишлатибди. Яна бир кун синф­­да дарс пайти ёнидаги жўрасининг бош кийимини доска томон ирғитиб юборибди. Бунга кўзи тушган муаллим Воҳидни ўрнидан турғазиб, дўппини ўртоғига олиб беришини талаб қилган. У эса бундан бош тортибди.

Муаллимнинг “Дўстингнинг дўпписини олиб берсанг, бирор жойинг камайиб қоладими?” деган гапига зарда қилиб, шитоб билан ўрнидан туриб, синфхона эшигини тепиб чиқиб кетибди.

Ўқувчисининг бу ножўя ҳаракатидан сўнг синф раҳбари Эркин Оқбўтаевичнинг хонадонига борди. Ота эса юмшоқ курсида оёқларини чалкаштириб ўтираркан, наридан бери салом-аликдан сўнг “хўш хизмат” дегандай муаллимга юзланди.

— Мен ўғлингиз Воҳиднинг синф раҳбариман. Негадир кейинги пайтлар унинг хулқ-атвори ёмон томонга ўзгариб бораяпти. Боладаги бу ҳолатни тузатиб олиш учун сиз билан суҳбатлашгани келгандим, — деди муаллим.

— Менинг арслон ўғлим нима айб қилибди?! Ўзи сенга ким қўйибди менинг боламни муҳокама қилишни? Биз палаги тоза одамлармиз. Воҳид ножўя ҳаракат қилмайди. Бошқа гап йўқ. Қани, домулла, сизга рухсат! — деди Эркин Оқбўтаевич киборларча.

– Ўғлингизнинг хатти-ҳаракатини биргалашиб тузатмасак, эртаси нима бўлади? Шуни ўйлаябсизми?! — деди синф раҳбари ўзини босишга уриниб.

— Ўғлимнинг эртаси билан сенларнинг нима ишларинг бор?

— Мен вазиятни холис тушунтиришга уриниб кўрдим. Бефойдага ўхшайди. Қолганини ўзингиз биласиз, — дедида муаллим чиқиб кетди.

Мактабда ёзги давлат имтиҳонлари бошланган кунлар эди. Қишлоқ кўчасидан машинасини елдай учириб келаётган Воҳид кўча бўйлаб келаётган ўсмир болани уриб кетди. Маҳалладошлар болани шифохонага олиб боришди. Ўсмирнинг чап оёғи икки жойидан синган экан.

Эркин Оқбўтаевич бу нохуш хабарни эртаси куни эшитиб, шифохонага борди. У аввал болани даволовчи шифокор билан учрашди. Ўсмир ётган хонага кириб бола ва унинг отаси билан суҳбатлашди.

— Ака, бу бир фалокат-да. Ўғлим болангизни қасдлаб уриб кетгани йўқ, — дея ён чўнтагини ковлаб, бир боғлам пулни узатди. — Олиб қўйинг, дори-дармонларга ишлатасиз. Ўзим тағин хабарлашиб тураман.

…Мактабда имтиҳонлар тугади. Воҳидни отаси катта шаҳарга олиб кетди. Шу йили уни ҳуқуқшунослик олийгоҳига ўқишга жойлаб қўйди. Воҳид дастлабки босқичда мактабда олган билими саёзлиги боис йил якунида кўп фанлардан қарздор бўлиб қолди. Ҳар доимгидек отаси “танка”ларини ишга солиб, уни иккинчи босқичга ўтказиб қўйишга муваффақ бўлди.

Аммо кўза кунда эмас, кунида синади, дейишганидек, Воҳид иккинчи босқичда ўқиш давомида гиёҳвандлар даврасига қўшилиб қолган экан. У ҳамтовоқлари билан қорадори олди-сотдиси пайти қўлга тушди ва узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилди. Бу сафар Эркин Оқбўтаевич қанчалик елиб-югурмасин ўғлини жазодан қутқариб қололмади.

Шундай қилиб, янги қўшнининг “палаги тоза” ўғли ота-онасига кўп ташвиш келтирди. Эркин Оқбўтаевичнинг ҳам “кетмони учмай қолди”. У шу йили кузда вазифасидан озод этилди. Бу воқеалардан сўнг у тўшакка ётиб қолди. Ёлғиз қизи Феруза ҳам бир йигитнинг этагини тутиб, номуссизлик қилди. Шундан сўнг Эркин Оқбўтаевичнинг тез-тез юраги санчиб, қон босими кўтарилиб турарди. Охир оқибат эл-юртга қўшилмай қолди.

Бир куни у томорқа адоғидан келаётиб, йўлак ёнидаги жўякка бор бўй-басти билан йиқилибди. Аёли эрини ўзи кўтаролмай, қўшниси Қурбонбойни чақирди. Қурбонбой уни хонасига олиб кирди. Зулхумор эса шоша-пиша тез ёрдам машинасини чақирибди. Шифокор келиб, беморнинг аллақачон жони узилганини айтибди, холос.

Қурбонбой хиёбон оралаб кетаркан, шу воқеалар кино лентасидаги тасвирлар каби бирин-кетин хаёлидан ўтар эди. Ҳаёт — шу ёлғизоёқ йўл каби. Ёлғиз келдинг, ёлғиз кетаркансан. Кибру ҳаво, молу дунё қолиб кетавераркан-да. Инсондан яхшими, ёмонми, фақатгина ном қоларкан…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × three =