Орзу ёққан чироқ

Ўтган асрнинг 70-йиллари бугунги кун учун жуда олис бир замондай туюлади. Лекин ана шу пайтлардаги газетхонлар ва журналистикага дастлабки қадамларни ташлаган бизнинг авлод вакиллари учун ҳали-ҳануз бир анъана сақланиб қолган. Қўлимизга газетани олишимиз билан уни ўқишни охирги саҳифадан ва аксарият ҳолда спорт хабарларидан бошлаймиз. “Пахтакор” футболчиларининг ғалабасидан шодлансак, боксчи Руфат Рисқиев, қиличбоз Собир Рўзиев, шахматчи Георгий Аъзамов сингари юртдошларимизнинг халқаро майдонлардаги ютуқларидан бошимиз кўкка етарди

Ўша кезларда “Ўзбекистон овози” (“Совет Ўзбекистони”) газетасида босилган спорт хабарлари ва шарҳлари тагида ­Ҳ.Носиров деган имзо турарди. Ҳайдар аканинг кийиниши ва юриш-туриши ҳам спортчиларникига ўхшаб кетарди. Яна бир жиҳати, спортчилар ҳар куни машқ қилгани каби бу соҳа журналистлари ҳам ҳар бир сонда энг камида тўрт энлик хабар билан чиқиши зарур эди. Чунки, муштарийлар шунга муштоқ. Уларнинг талаб-эҳ­тиёжига мос хабарни етказиш эса, ҳам масъулият, ҳам шараф. Газетхонлар орасида спорт журналистларининг обрўси шунга яраша юқори. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети кечки бўлими талабаси бўлган ва айни кезда спорт шарҳловчилари билан газета ёки телевидениеда ишлаётган биз ёшларга ҳавас қилишарди…

Мана шунга ҳам ярим аср бўлиб қолибди. Рости, яқинда нашрдан чиққан Ҳайдар Носировнинг шоирона ном билан аталган “Хаёл” китобини қўлга олар эканман, аввалига таажжубландим. Спорт журналисти сифатида танилган Ҳайдар ака биз билмаган ҳолда шеър ва ҳикоялар ёзиб юрган экан-да, деган фикрга бордим. Китобни ўқиган сари муаллиф ўз хотирасидаги воқеаларни хаёлан жонлантириб, ҳаёт йўлларидаги кечинмаларини қизиқарли ва ишончли баён этганига, улардан маъни-мағзли хулосалар чиқарганига амин бўлиб бордим. Қолаверса, Эркин Воҳидовнинг

“Бор экан инсон қўлида орзу ёққан

                                        чироқ,

Шу чироқни ўйлаб, бир куни

                         офтоб айлар хаёл”

деган мисралари ҳам бежиз эпиграф қилиб олинмаган.

Шу жиҳатдан олганда, табиий равишда Ҳайдар Носиров ўз қўлида тутган орзу чироғи хаёл қилганидек ҳаёт оламини ёритган офтобга айландими, деган савол туғилади. Касбга меҳр, садоқат ва меҳнатда шаклланган, “Ўзбекистон овози”да эллик йилдан зиёд ишлаган устознинг хотираларидан бу саволга ўзидай ва сўзидай камтарин, самимий жавобни оламиз. Бинобарин, бу қисса ўз оиласи, ҳаётига доир воқеликлар орқали ўтган асрнинг йигирманчи йилларидан бугунги кунга қадар бўлган даврни қамраб олган.

Китоб муқовасини очишингиз билан газетага улуғ инсон, нозиктаъб ижодкор Мақсуд Қориевгача 21 нафар киши бош муҳаррирлик қилган бўлса, азиз устоздан кейин жамоага раҳбар бўлганларнинг ҳам расмлари берилиши, уларнинг ўринбосарлари, қанчадан-қанча ходимларнинг ёдга олиниши “жонли тарихчи”нинг холис ва бағрикенглигидан далолат беради. Ҳар бир ижодкор, ҳар бир мухбир ҳақида фикр юритганда худди шатранж тахтасидаги ўн юришни олдиндан ўйлаб қўйган шахматчидай йўл тутади. Аслида ҳаётда ҳам шундай вазмин, беғубор ва ҳар бир сўзини етти ўйлаб гапирадиган, зарур пайтда тиргак бўладиган инсон.

Тўғриси, Ҳайдар ака шундай ўқишли китоб ёзади, деб хаёлимга келтирмаганман. Айниқса, “Рутубатли эврилиш­лар” қисми кишини ўйга толдиради. Бу ўринда муаллиф спорт шарҳловчиси эмас, балки юртда рўй бераётган “ислоҳот”ларнинг теран тадқиқотчиси сифатида фикр юритади, қалбини зир тит­ратган воқеаларни эслайди.

Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидовнинг фоний дунёга сиғмай қолганидан кейин бошланганди бу кўргуликлар. Газетага узоқ йиллар раҳбарлик қилиб, ададини миллион нусхага кўтарган Мақсуд Қориевнинг “Муштум” журналига бош муҳаррирликка ўтказилиши, Абдукарим Набихўжаев, Файзи Шоҳисмоилов, Ўткир Абдуазимов каби забардаст публицистларнинг таҳририятдан кетиши замирида “Десантчилар”нинг юртга келиши, “Пахта иши” ва “Ўзбеклар иши” каби қатағонлик­лар қандай бошлангани, унинг дастлабки оқибатлари отахон газета фаолиятига ҳам қандай нохушликлар олиб келгани этни жунжиктиради.

Ана шу даврда камина ҳам Мақсуд Қориевнинг ишончли энг ёш шогирди сифатида газетанинг Навоий вилоятидаги мухбири бўлиб ишлаганим боис бу азобларни ўз бошимдан кечирганман. “Тонготар мажлислар” номли мақолам чоп этилганидан кейин бош муҳаррирга қанчалик тазйиқлар бўлганини яхши эслайман. Мақоладаги барча факт ва рақамлар исботланганига қарамай, Мақсуд аканинг хавотири ва тавсиясига кўра, меҳнат таътилига чиқиб, муайян муддат республикадан чеккада юришимга ҳам тўғри келган. Чунки, нинанинг кўзидай хатоингизни топишса, унга Қизилқумдаги бутун қумни қуйиб юборадиган замон эди.

Китобда Ўктам Усмонов, Расул Раҳмонов, Шароф Убайдуллаев, Азим Суюн, Сафар Остонов раҳбарлигидаги ўтган ижодий дамлар “Баҳор кетмас бизнинг бошлар­­­­­дан…” деб номланганида ҳам ибратли ҳикмат бор. Мустақиллик эпкинлари келиши билан юртда ҳам ўзгариш­лар бошланди, спорт давлат сиёсатининг устун йўналишига айланди. Ҳозиржавоб журналистлар халқаро мусобақаларни ёритишга, Ўзбекистон номини улуғлашга катта ҳисса қўшиб келяпти. Унинг олдинги сафида саксондан сакраган устознинг ўзи ва шогирдлари турибди.

Ҳайдар ака касбга меҳр ва садоқат меҳрини спорт журналистикасидан топ­гани бор гап. Лекин китобнинг иккинчи қисмидаги муаллифнинг турли даврлардаги ижод намуналарини ўқир экансиз, ўша кезда долзарб бўлган, ҳозирги кунда ҳам дил туби ва тил учида турган мавзуларга ўзига хос ёндашилганини ҳис қиласиз. Улар тарихий воқелик сифатида бугунги кундаги ҳолат билан таққослаб, хулосалар чиқаришга туртки беради. Бинобарин, улар панд-насиҳатлардан холи, кўпроқ факт ва далиллар сўзлайди. Китобнинг яна бир аҳамиятли жиҳати ҳам шунда бўлса керак.

Ўзбек публицистикасининг таниқли намояндаси ва тадқиқотчиси Аҳмаджон Мелибоев устоз Сайди Умировни ёшлик шижоатини сақлаб келаётган мураббийга ўхшатган эди. Шундай фикрни муайян жиҳатдан Ҳайдар Носировга ҳам нисбат бериш мумкин. Зеро, Ҳайдар ака ҳам айни кунда ёшлик шижоатига хос мураббий сифатида журналистиканинг янги қирраларини очишда ўз ижоди билан ибрат бўлмоқда.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − fourteen =