Эзгуликка ундовчи китоб

Бугунги дунё миқёсида кечаётган глобаллашув жараёнлари, четдан ҳадсиз – ҳисобсиз турли зарарли ахборот оқимларининг кириб келиши айниқса, ёшларнинг тар­биясига салбий таъсир кўрсатаётганини ҳар куни, ҳар лаҳзада гувоҳи бўлиб турибмиз. Мактаб, яна қатор таълим муассасаларида устоз ва мураббийлар ёшларнинг таълим– тарбияси йўлида бор куч, тажрибаларини аямаяптилар. Ёшларни намунали хулқли, интизомли тарзда тарбиялаш ва ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари йўлида тинмай изланиб, таълим-тарбиянинг янги усулларидан фойдаланяптилар.

Кузатишлардан маълум бўляптики, ёш авлод тарбиясида муҳим омиллар қаторида, китоб мутолааси алоҳида ўрин тутади. Масалан, бола бадиий китобдан одамийлик, ҳалоллик, тўғри сўзлик, каттага ҳурмат, кичикка иззатни ўрганади. Яхши китоб болани тўғри йўлга бошлаб, фикрини, тафаккурини оширади. Бир сўз билан айтганда, уни фақат яхшилик ва эзгуликка ошно этади. Маълумки, оила тарбияси ундан ҳам нозик­роқ, бунда ёшлар, айниқса, ёш оилаларга тажрибали онахон, отахонларнинг маслаҳат, ўгитлари жуда муҳим. Айтиш жоизки, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиган кекса авлоднинг кундалик ҳаётда тутган ўрни ва маҳалла кўйдаги обрў – эътиборлари ёшлар учун яхши бир мактаб ўрнини ўташи табиий.

Таниқли журналист Феруза Сойибжон қизининг яқинда нашрдан чиққан “Уйғоқ туйғулар” номли китобини оила ва болалар тарбиясига бағишланган мазмунли асарлар сирасига киритиш мумкин.

Ҳикоялар, қатралар ва ибратлардан иборат китобда асосан, кундалик ҳаётимизда рўй берган, ҳаё­тимизда учраб турадиган воқеалар ўзига хос ва таъсирчан тарзда акс эттирилган.

“Меҳр” ҳикоясида тасвирланишича, Дилоромнинг боласи жуда қийинчилик билан дунёга келади. Шифокорлар Дилоромнинг турмуш ўртоғига боланинг аҳволи анча оғирлиги, яшаб кетишига умид йўқлигини айтишади. Бу гапни бехосдан эшитиб қолган Дилором қаттиқ азият чекади.

Дилором кечки пайт навбатчи шифокордан жонлантириш бўлимида ётган боласини кўришга рухсат сўрайди. Шифокор олдинига бунга кўнмайди, онаизор ялиниб, ёлвориб, кўз ёши тўккач, ноилож рухсат беради. Дилором гўдагининг қошига келиб, болажонини соғиниб келгани, уни соғайиб кетишига ишониши, у ҳаётга интилиб яшаши, курашиши лозимлигини айтади.

Тонг саҳарда Дилором яна боласининг ёнига кириш учун шифокордан изн сўрайди. Бу гал ҳам шифокор рухсат бергиси келмайди, аммо кеча Дил­оромнинг боласи ёнига кириб, йиғи-сиғи қилмагани, бошқа чақалоқларнинг ҳаловатини бузмаганлигини ҳисобга олиб, йўқ демайди. Дилором оҳиста қадамлар билан фарзандининг ёнига келади, унга кечагидан бироз улғайиб қолгани, ҳадемай уйларига қайтишлари, уларни уйида меҳрибонлари кутаётгани, додажониси унга Жасур деб исм қўйгани, энди исмига монанд жасур, паҳлавон бўлиши кераклигини шивирлаб сўзлайди.

Бу ҳол уч кун давом этади ва Дилоромнинг чақалоғини тиббий кўрикдан ўтказаётган болалар шифокори гўдакнинг жуда суст ураётган юрак зарб уриши бироз тезлашганини, қон айланишининг яхшиланиши ҳисобига рангига қизиллик югурганини кўриб, ҳайратга тушади ва “мўъжиза!”, “мўъжиза!” деб юборади. Чунки, чақалоқ ҳаётга қайтган эди.

Жажжи ҳикояда она меҳрининг нақадар мўъжизакор, қандай катта кучга эга эканлиги содда тилда, ишончли ва таъсирчан тарзда ифода этилган.

Китобдан жой олган “Ўкинч” ҳикоясида Лайли ва Тоштемирнинг тақдирлари, уларнинг ҳаётини заҳарлаган отарчи Жаҳонгирнинг қилмишлари ҳақида ёзилган. Лайли мактабни битиргач, уйларидан совчилар аримайди. Мактабдоши Жаҳонгир астойдил харидор бўлади, аммо отаси отарчига қиз беришдан ор қилиб, розилик бермайди. Лайлини Тоштемир исмли йигитга турмушга беришади. Улар рисоладагидек оила қуриб, бир ўғил, икки қизли бўлишади.

Бир куни боғчадан болаларини олиб, уйига қайтаётган Лайлонинг ёнгинасида яп–янги “NEKSIA” автомашинаси келиб тўхтайди. Бу – Лайлининг мактабдоши Жаҳонгир эди. Лайли ва Жаҳонгирнинг хуфёна учрашиб туришларини маҳалладагилар билишади, аммо Тоштемир буни кейинчалик сезиб қолади. Бир куни у ишдан қайтаётганида бир аёл тўхтатиб, “Хотинингизни йиғиштириб олинг, эримни ўз ҳолига қўйсин”, – дейди. Тоштемир бу гапларни эшитиб, карахт бўлиб қолади. Воқеаларнинг ке­йинги ривожи шундай: Тоштемир хотинини хиёнат устида қўлга туширади ва у икковини ҳам бир ёқлик қилгиси келади. Лекин болаларини ўйлаб, жанжал кўтармайди, уйидан жимгина чиқиб кетади.

Жаҳонгир Лайлига уйланади, улар қиз фарзанд­­ли бўлишади. Қизалоқ етти ёшга тўлганда, Лайли оғир хасталикка чалиниб, вафот этади. Ҳали вояга етмаган икки қиз ва бир ўғил Жаҳонгирнинг қарамоғида қолади.

Орадан йиллар ўтади, Жаҳонгир қизларини узатиб, ўғлини уйлантиради. Ўғли ўгай отасидан хотинини рашк қилиб, алоҳида яшашга аҳд қилади.Жаҳонгир тўрт хонали уйда ёлғиз қолади, аччиқ тақдири ўзига сабоқ бўлади. Ўз пушти камаридан дунё­­га келган ўғил-қизлари эса уни кўриб, кўрмаганга олиб кетишлари, набираларининг “бобо”, дея ёнига югуриб келмаслигидан ўкинади. Бир оилани пароканда қилиб, бахтли бўлиш мумкин эмаслигини кеч, жуда кеч англайди. Ҳикоя жуда таъсирчан ёзилганлиги билан ўқувчини ўйга толдиради, фикр, мушоҳада қилишга ундайди.

“Афсус” ҳикоясида Дилмуродларнинг уйларида ҳар куни жанжал бўлиб, ота–онаси сира келиша олмасликлари, Дилмурод эса, тартиб–интизомли, дарсларни вақтида бажариб, “аъло” баҳоларга ўқийдиган бола сифатида тасвирланган.

Уйдаги носоғлом муҳитдан Дилмуроднинг онаси Зеби опа касалликка чалинади. Кейинги пайтларда Зеби опанинг ранглари синиқиб, тез-тез ҳушидан кетиб қоладиган бўлади. Отаси ҳам бир кун уйи­­га келса, уч-тўрт кун келмайдиган одат чиқаради. Зеби опанинг саломатлиги кун сайин ёмонлаша боради, буни кўрган отаси шу баҳона оилани бутунлай ташлаб кетади.

Бетоб онаси ва укаси билан ёлғиз қолган Дилмуроднинг зиммасига рўзғор ташвишлари тушади. Бўш вақтларида бозорда аравакашлик қилади, бировларнинг юкини элтиб бериб, ҳадя қилинган чойчақаларни йиғиб, онасига тутқазади. Бир куни синф­доши Дилобарнинг акаси Шерзоддан уйлари яқинида машина ювиш шоҳобчаси очилганини эшитиб қолади ва икковлон ишга киришади. Олдинига шоҳобчанинг хўжайини уларга машина ювиш учун яхшигина пул ваъда беради, 5-6 кун ишлаганлари эвазига арзимас пул бериб, бир ҳафтадан кейин гапидан қайтади, болаларнинг пулини бермасдан, уларни ҳайдаб солади. Шундан кейин Дилмурод бу ҳақсизликка чидамасдан, хўжайиндан ўч олиш пайига тушади. Укаси Элмуродни йўлга солиб, режасини айтади. Элмурод қўрқиб кетади ва акасини бу йўлдан қайтармоқчи бўлади. Дилмурод эса, гапида туриб олади ва улар машина шоҳобчасига боришади. Дилмурод ишхонанинг орқа тарафдаги деразасини синдириб, ичкарига киради ва компьютер билан телефонни олиб, укасига беради. Кейин тураргоҳдан бензин олиб, ҳамма ёққа сепиб чиқади ва қўлидаги гугурт чўпини ёқиб улоқтиради. Бутун ишхона аланга ичида қолади. Ака-ука шоша-пиша уйларига равона бўлишади.

Ярим тунда Дилмуродларнинг дарвозаси қаттиқ гурсиллайди, у ташқарига чиқади, дарвоза олдида милиция кийимидаги ходимлар турган эди…

Ҳикояда билиб-билмасдан ва эҳтиросга берилиб, қилиб қўйган қилмишидан пушаймон бўлган Дилмуроднинг касал онасига ва бу жиноятга шерик қилган укасига ачиниши таъсирчан тарзда ёзилган. Аммо энди кеч бўлганди.

Китобдан жой олган “Шунга шунчами?..” номли ҳикояда оилада ёлғиз бола – Шукруллонинг ота-­онаси ёшлигидан эркалатиб катта қилгани, улар исмини ҳам айтмасдан, “Эркатой” деб чақиришлари, айниқса, онаси ҳадеб ёнини олиб, отасидан унинг айбларини яшириб юргани, отаси гапириб, ўғлига танбеҳ берганида ҳам она доимо “қалқон” бўлгани ҳақида батафсил ёзилган. Оқибатда эркатой тантиқ, ялқов, боши “икки”дан чиқмайдиган ўқувчига айланади. Бир куни ота-оналар мажлисида синф раҳбари Эркатойдан шикоят қилади, у дарслардан қочиб кетаётгани, ўртоқлари билан муштлашаётгани, чорак баҳолари қониқарсиз эканлигини айтади. Онаси ҳар галгидек устозини айблайди, ўғлининг тарафини олади, бақир-чақир қилиб, мажлисдан чиқиб кетади. Асабий ҳолда уйига қайтиб, ўғлидан кундалигини сўрайди. Онаси Эркатойнинг кундалигини варақлар экан, қизил ручкадаги гажакдор қатор-қатор “2” баҳоларни кўриб, фиғони фалакка чиқади. Онаси ўғлига танбеҳ беради, уни шу ниятда вояга етказмагани, ота-онасининг ундан умиди катталиги, у эса ҳатто бир донагина “3” баҳо олмаганини куйиб-пишиб айтганда, Эркатой совуққонлик билан: “Вой онажоним-а, қўрқиб кетибман, нима бўлибди деб, эртага ўқиб бораман, “2”ларимни йўқотаман. Шунга шунчами?”, – дейди. Онаси бу гапларни эшитиб, кўзидаги ёш билан Эркатойга тикилиб қолади. Чунки, онаси йиллар давомида ўғлининг устидан шикоят қилганларга – устозлари, қўни-қўшнилари, ҳатто турмуш ўртоғига ҳам шу сўзни айтиб, ўғлининг тарбиясини издан чиқариб юборганини анг­лаб етади.

Айтиш керакки, ҳикояда ҳақиқатан ҳам ўқувчилар ичида Эркатой ва унга ўхшаганларнинг ёнини олиб, болаларини ёшлигидан талтайтириб юборган ота-оналар учраши, бу эса ота-оналарнинг ўзлари, қолаверса, жамият учун кони зарар эканлиги ҳақида жонли мисол келтирилганки, ҳикояни ўқиганлар тегишли хулоса чиқариб оладилар, деган умиддамиз.

“Уйғоқ туйғулар” китобидаги “Фойдали ёлғон”, “Бобурнинг дадаси”, “Доно қиз” ҳикоялари” ҳам болаларнинг уйда, мактабдаги ҳаёти, одоби, тар­бияси масалалари ҳақида ёзилган. “Фойдали ёлғон”да синфда одобли ва “аълочи” ўқувчи Муроджоннинг ота-онаси синф мажлисларига боришга эринишади, у эса синф раҳбаридан танбеҳ эшитади. Муроджон онаси Севара опани ҳеч бўлмаганда, чорак якунига бориши учун ўзича “фойдали ёлғон” ўйлаб топади, яъни мактабдан қўнғироқ қилиб: – “Ойижон, синф раҳабаримиз мени урди”, – дейди. Онаси ўша заҳотиёқ мактабга етиб келади ва мактаб директори хонасига кириб, ўқитувчи устидан шикоят қилмоқчи бўлади. Синф раҳбари Муроджоннинг онасини кўриб қолиб, хурсанд бўлиб кетади ва мажлисда ўз сўзини Муроджондан бошлайди. У Муроджонни иқтидорли болалиги, у мактабда “Энг китобхон ўқувчи” танловида биринчи ўринни эгаллаганлигини айтиб, Севара опага ўғлининг “Фахрий ёрлиғи”ни топширади. Ота-оналар Муроджоннинг онасига ҳавас билан қарашади.

“Бобурнинг дадаси”   ҳикояси Бобурнинг отаси уларни ёшлигида ташлаб кетиб, бошқа оила қургани ва ота-бола ўртасида бўлиб ўтган воқеа ҳақида. Ёш Бобур отасининг уйларидан кетиб қолганидан жуда ўкинади, аммо аста-секинлик билан кўникади. Бир куни дарс вақтида синф раҳбари: – “Мактаб дарвозаси ёнида сени отанг кутяпти”, – дейди. Бобур хурсанд бўлиб кетади, отасини кўриш ниятида кўнг­лида не-не орзу ниятларни тугиб, айтилган жойга югуради. Отаси “Каптива” машинаси ёнида ким биландир гаплашиб турган бўлади. Бобур отасининг ёнига бориб, салом беради, у алик олади ва яна суҳбатини давом эттиради. У катталарнинг гапларига ҳалақит бермасдан, одоб сақлаб кутиб туради. Шу пайт Бобурдан икки синф пастда ўқийдиган Бобур исмли бола отаси билан қучоқлашиб кўришади-да машинага ўтириб кетишади. Бобур бу ҳолдан ҳайрон бўлиб, аламидан йиғлаб юборади. Шу пайт синф раҳбари келиб: – “Бобуржон, йиғлама, у сенинг отанг эмас экан, хафа бўлма, мен адашибман”, – дейди ва рўмолчаси билан Бобурнинг кўз ёшларини артади. Таъсирланиб кетган устози ҳам унга қўшилиб йиғлайди.

Ҳикояда баъзи бағритош, бемеҳр оталарнинг оилавий ажралишлари ёшларнинг кўнглини вайрон қилиши, уларни қалбида оғир жароҳатлар қолдириши ҳақида изтироб билан ёзилган ва ҳикоя Бобурнинг гаплари билан якун топган: “– Ўша куни ўзимга сўз бердим: бундан кейин асло йиғламайман. Катта бўлиб оила қурсам, ҳеч қачон фарзанд­ларимни ташлаб кетмайман, уларни Бобурнинг дадаси каби машинада уйга олиб кетаман”.

Китобнинг охиридаги “Қатралар” қисмида ҳам ҳаётдан олинган ибратли воқеалар ўз аксини топган. Бунда китоб муаллифининг ҳаётдаги кузатишлари, қолаверса, ён-атрофимиздаги тажрибали, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган инсонларнинг теша тегмаган ибратли, фойдали ҳикоялари ўқувчи диққатини ўзига тортади. Уни ўйлашга, фикрлашга, мушоҳада қилишга ундайди. Шунингдек, қатраларда инсон қад­рини улуғлаш, бағрикенглик, яхши ёки ёмон кунларида бир-бирини қўллаш, суяш, ёрдам беришдек азалий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳақида кекса отахон, бувижонларнинг ибратли ҳаётлари, сўзлари мисолида кўрсатиб берилган. Қатраларни ўқиш асносида ҳар биримизга, айниқса, ёшларга ҳаётдан сабоқ берадиган, уларга ақл бўладиган, кези келганда, далда бўладиган, рўзғорда камини тўлдириб, борига шукур қилиб яшашга ўргатадиган инсонлар шундоққина ён-атрофимиз, орамизда эканлиги, уларнинг қадрига етишимиз, дуоларини олишимиз лозимлиги ҳақида ажойиб тасаввурларга эга бўламиз. Яна бир жиҳати, муаллиф китобдаги ҳикоя ва қатраларида ҳаётнинг ўзи катта мактаб эканлиги, ундан сабоқ олиш учун ўзимиз зийрак кузатувчан бўлишимиз, яхши амалларни   ўрганиб, ёмон одатларга асло йўл қўймаслигимиз, доимо теран мушоҳада қилишга ҳаракат қилишимиз ва буларни ёшларга ётиғи билан тушунтиришимиз лозимлигини уқтиради.

Энг муҳими, Феруза Сойибжон қизининг “Уйғоқ туйғулар” китоби содда, самимий тилда ёзилган. Китоб ўзининг чуқур мазмунга эгалиги, китобдаги ҳар бир ҳикоя, қатра, ибратлар ёшлар, ўқитувчилар, шунингдек, ота- оналарга тарбиянинг бир амалий воситаси бўлиб хизмат қила олади, деб ишонч билдириш мумкин.   Китобни мутолаа қилиш асносида ота-оналар, айниқса, ёш оилалар ундан бола тарбияси, бу ўта нозик жиҳатнинг муҳим қирралари, тарбиядаги ўзига хос ёндашувлар ҳақида фойдали маслаҳатлар олиб,   кундалик ҳаётларида бемалол қўлласалар бўлади. Китоб ана шу жиҳатлари билан ҳам кўпминг сонли ўқувчилари қалбидан муносиб жой эгаллашига шубҳа йўқ.

Юсуф ҲАМДАМОВ,

филология фанлари доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 4 =