Чодакда ўтган бир кун

Ҳаммада шундай бўлса керак: гўзал манзиллар ҳақида гап борганда, юрагинг ширин-ширин энтикади, орзиқади; ўша жойларга боргинг, кўргинг, атласдай гул-чечакларга бурканиб   ётган далаларида ёш бола каби югуриб ўйнагинг, биллурдай тиниқ чашмаларида балиқдай сузгинг, мусаффо ҳаволаридан тўйиб-тўйиб симиргинг келаверади.

Мен, неча йилдирки, Чодак деганда ана шундай ҳислар оғушида чексиз хаёлларга кўмилар эдим. Бувим — отамнинг оналари Намангандан бўлганлар. Отам Наманганга кўп борганлар. Ҳар сафар бориб келганларидан сўнг бизларга, она макони   тўғрисида тўлиб-тошиб гапирар ва Чодак деган жойга алоҳида тўхталиб, унинг ҳеч қаерга ўхшамайдиган гўзал табиатини ҳикоя қилиб берардилар. Тоғлар орасидаги бу афсонавий қишлоқ ана шу тарзда юрагимни эгаллаган, уни   бориб кўриш болаликдан буён гўзал орзу эди мен учун.   Турмуш ўртоғимнинг ҳам хабари бор эди бу армонларимдан.

— Кетдик! – деб қолдилар ўтган ҳафта кутилмаганда у киши.

— Қаёққа?

— Чодакка-да!

— Вой! Ростданми?! – деб юбордим қулоқларимга ишонмай.

Жума кунги кечки поездда, “Қайдасан, Наманган?”, дея йўлга тушдик.

Фарғона водийсига биринчи марта поездда боришим. Номозгар-шом оғушидаги қиш­лоқлар, далалар, даралар бошқача кўринади; бедов отдек елиб бораётган поезд вагонларининг оҳиста тебраниши ажиб ўйлар қучоғига чорлайди. Менинг хаёлимда отамдан эшитганларим — бу афсонавий қишлоқдаги азиз-авлиёларнинг муқаддас қадамжолари — Исмоил Атоий, Бобойи Самосий, Бўсмат ота,   Шоҳ Сулаймон Оқ мозор бува,   Шодмон бобо, Лангар ота, Бобо Юсуф Ҳамадоний, Пошшо Хўжа мозори, Муғхона, Шайх Сулаймон Маҳжур мақбараси сингари зиёратгоҳлар. Худо хоҳласа, бугун-эрта ана шу азиз қадамжолар билан бирга “Келинчак тош” ва “Чир-чир момо” обидаларини ўз кўзим билан кўраман, уларнинг тарихи билан яқиндан танишаман. Қаранг, бир қишлоқда шунча азиз   жойлар-а! Эшитишимча, “Чир-чир момо”ни маҳаллий тилда “Оналар кўз ёши” ҳам дейишар экан.

Поездимиз Қурама Чотқол тизма тоғи орасидан ўтиб, “Чодак” бекатида тўхтаганда соат миллари роппа-роса 20.дан 30 дақиқа ўтганини кўрсатиб турарди. Замонавий қурилган ихчам бекат кундуздагидек ёруғ ва осуда. Шунда турар манзилимизни олдиндан аниқламаганимиз — меҳмонхона ташвиши эсга тушди.

— Э, шуям муаммоми? Ана, “такси”лар турибди қаторлашиб. Бир оғиз айтсангиз, ўзлари олиб бориб, жойлаштириб қўйишади, — кулимсираб йўл кўрсатди темир йўл ходими.

Ўнг қанотда қатор турган учта “Дамас”га қараб юрдик.

— Меҳмонжонлар, хуш келибсизлар! Сизларни кутиб ўтирибмиз-ку, — дея хурсанд­лик билан мезбонлигини намойиш қила кетди ўзини Хайрулло деб таништирган ҳайдовчи юкларимизни чаққонлик билан машинасига жойларкан. — Бизда меҳмонхоналарнинг ҳамма хилидан бор. “Миравой”иям, мундоғроғиям. Лекин айтиб қўяй, мундоғроқ деганим ҳам шаҳардаги зўрлардан зўр. Хўш, қайсисига олиб борай?

— Ўртачароғига.

— Есть!

“Дамас” асфальт тўшалган илон изи тор йўлдан қуйига эниб кетди.

Хайрулло нафақат очиқ кўнгил ва сўзамол, балки қишлоғини ўз уйидек севувчи, қишлоғи, ҳамқишлоқлари билан ифтихор қилувчи, бу манзилда бўлган ва бўлаётган барча янгиликлардан бохабар ватанпарвар, энг муҳими, билимдон йигит экан. Оилавий меҳмонхонага боргунча бир дунё янгиликлар билан ошно қилиб ташлади бизларни.

— Қишлоғимиз денгиз сатҳидан 2500-2800 метр баландликда жойлашган. Иқлимимиз мўътадил, салқин ҳавомиз пасттекистлик­лардан 12-15 даража фарқ қилади. Ёзни жазирама кунларида ҳаловат қидирганлар учун бундай оромижон муҳитни тополмайсиз. Қамчиқ довони орқали Фарғона водийсига замонавий автомобиль ва темир йўл ўтганидан кейин Чодак бутунлай ўзгариб кетди. Қишлоғимиз ҳақиқий “туристик зона”га айланиб бор­япти. Қаранглар, йўлнинг икки томони меҳмонхоналарга тўла. Ҳаво ташлаганда келдинглар, ёзда бу ердан жой топиш амримаҳол.

Йўлбошловчимиз таърифлаганидек, “мундоғроқ” дейилмиш “Оилавий меҳмонхона” ҳақиқатан ҳам шаҳарнинг донгдор “хотел”ларидан қолишмас экан. Меҳмонхонада   сайёҳлар учун зарур барча шароит мавжуд: йўл ёқалаб қурилган бир қаватли биноларнинг олди гулзор, арчазор. Арчазор ўртасида маҳорат билан ясалган шаршара шовуллаб турибди, бир тарафда қатор чорпоялар. Чорпояларнинг биттасида чойлашиб ўтирдик.

— Қишлоғимизни бекорга “Ўзбекистон Швейцарияси” дейишмайди, — дейди меҳмонхона эгаси Муҳаммад ака. — Бу яқин атрофда бизникидек табиати гўзал, ҳавоси мусаффо бўлган гўша кам. Шунинг учун дам олувчиларнинг кети узилмайди. Авваллари бунақа эмасди. Сиз билмайсиз, биз биламиз, 2017 йилда қишлоғимизда “Рамз” деган биттагина меҳмонхана бор эди. 2018 – 2021 йиллар давомида   атрофдагилар билан бирга олтита меҳмонхона қуриб ишга туширилди. Ҳозир Чодакда 430 та меҳмон уйлари бор. “Чодак кичик туризм зонаси”ни ташкил қилиш ҳақидаги қарор чиққанидан кейин   бошланди ўзгариш­ларнинг ҳаммаси. Шу ҳужжатга асосан   йўллар, электр энергия, газ, ичимлик суви, канализация тармоқлари, ирригация объектлари таъмирланди.

Муҳаммад ака таърифлаган манзилга эртаси куни бордик. Швейцарияда бўлмаганмиз. Аммо бу ерга келган ҳар қандай сайёҳ чодакликларнинг соддагина, камтаргина меҳнатига ва улардаги меҳр-оқибатга тан беради.

Дунё кезишни ким ҳам яхши кўрмайди дейсиз. Бироқ, шу кунгача фақат икки давлат — Туркия ва Мисрда бўлдим. Ўша юртларда кўрганларимга таққослаб айтаманки, ҳаммасидан аввал ўз юртингни, унинг чиройли жойларини кўришинг керак экан. Мана, Чодак! Қайси мамлакатда бор бундай сулув маскан?   Одамлари-чи? Уларнинг меҳмондўстлиги, меҳнаткашлиги, тадбиркорлиги, ишбилармонлиги… Дилшодхон Тўрахўжаев деган тадбиркор “Мини зоопарк” ҳам ташкил этибди. Унда ҳозирча шер, бўри, кенгуру деган ҳайвонлар бор экан. Тадбиркор   олиб келган ҳайвонларнинг “хорижлик”лари ҳозирча Чодак иқлимига мослаштирилаётган экан. Дилшодхўжа ҳудуд   кўринишига ҳамоҳанг ғор ҳам ташкил қилибди. Унинг ишларини дунё тан олибди. Унинг номи дунё бўйича 484 нафар интеллектуал салоҳиятли, қобилиятли, қатъиятли ишбилармонлар рўйхати тузилган “Олтин дафтар”дан жой олибди.

Чодакнинг баланд чўққисида жойлашган “Мўъжиза шаршараси” сайлгоҳида бўлганимизда яна бир тадбиркорнинг фаолияти билан танишдик.   Раҳимхўжа Ҳасанов уч ўғли билан барпо этган мазкур сайлгоҳга “Бахт йўли — омад чўққиси” деб аталувчи 173 та зина босиб чиқилади. Юқорилаб бораркансиз, тепаликда мусиқий майдон сизни қарши олади. Бу ерда ёшлар учун “дискотека”лар ташкил этилади. Бир тоғдан иккинчисига ўтиш учун Канат, яъни халқ тилидаги “Пақирча” хизматингизга шай туради. Болалар “качела”ларда мазза қилиб учишади. Қатор қафасларда турли уй ва ёввойи ҳайвонлар, ариқда ўрдаклар сузиб юрибди. Муталлихон Султонов раҳбарлигидаги “Кўланказор” масъулияти чекланган жамият объектлари эса деярли қуёш тушмайдиган қоялар оралиғида жойлашган. Қандиғансой устида 60 метр баландликда қурилган 240 метр узунликдаги осмонўпар ва унинг ёнидаги шишасимон кўприкдан минг ҳаяжонсиз ўтиб бўлмайди. Чунки бу ердаги дор йўли, турли аттракционлар катта-ю кичикка айрича завқ бағишлайди.

Чодак, мисол учун, Тошкент ёки Самарқанддек катта шаҳар эмас. 2300 аҳоли истиқомат қиладиган 11 та маҳалладан иборат. Аммо шу кичкина манзилга 2023 йил мавсумида кунига 7000, бир ойда 210 минг, жами ички   туризм йўналишида 600 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрибди.

Айтганимдек, қишлоқ катта бўлмаса-да, уни бир-икки кунда кўриб чиқиш мумкин эмас. Чодакда бўлган киши қишлоқдаги карвонсаройлар, меҳмонхоналар, кемпинглар, ошхонаю ресторанлар, савдо расталари-ю қишки ва ёзги чўмилиш ҳавзалари, автомобилларга хизмат кўрсатиш шахобчалари сони кундан-кун кўпайиб, замонавийлашиб бораётганини ҳар қадамда кўриши мумкин.

Биз ҳам кун бўйи айлансак-да, “Чур-чур момо” зиёратгоҳидаги булоқнинг шифобахш сувидан ичолмадик. Х асрга оид “Юсуф Бой Ҳамадоний” мақбарасига боролмадик, “Келинчак тош” обидасига боришга ҳам вақт етмади. Аммо Чодак — жой таг, яъни тоғ тагида жойлашган қишлоққа қилган сафар ҳеч қачон хотирадан чиқмайдиган сулув таассуротларга лиммо-лим бўлди. Хонадонларда тайёрланган сузма, қурут, қаймоқ ва чанқоқбосди мева шарбатларининг таъми ҳам   оғизда қолди.

Мунира РАМАЗОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 16 =