Қизилтоғ табассуми

“Юрган дарё, ўтирган бўйра” — деган мақол қадим-қадимдан халқимиз тилидан тушмай келади. Биз ҳам дўстлар билан қуёшнинг заррин нурлари ҳали борлиқни батамом чулғаб олмасидан қутлуғ йўлга отландик. Қутлуғ йўлки, она қишлоғим бўлган жаннатмакон Паркент томон, кўксида улкан тошлар курашдан сўнг беозоргина ёнбошлаб, ҳордиқ чиқараётган полвонлар каби ястаниб ётган Чотқол тоғлари томон… Узоқдан бизни ўзига тинмай чорлаётган, қишин-ёзин бошдан оппоқ қорли телпагини ечмайдиган энг баланд Қизилнура чўққиси-ю, унинг бағридан оқиб келиб, узумзору боғларни сероб қилаётган Бошқизилсой ва кўксида баҳорлар гуркираётган Қизилтоғ шаҳарчаси томон… Дарвоқе, тоғнинг Қизилнура деб аталиши, раҳматли бобомнинг айтишларича, тошларнинг ранги қип-қизил бўлиб, қуёш нурида жилваланиб ётиши ва айниқса, ой ёруғида  ўзидан сирли қизил нур таратиши билан боғлиқлигида экан.  Яна “Қизилнура, Бошқизилсой, Қизилтоғ — Чотқолнинг қизил томирлари”, — дея қўшиб қўйган эдилар.      

…Машина теп-текис, равон йўллардан сувдек ҳаракатланади. Йўл бўйи нигоҳимни ажиб бир фасоҳат билан қурилган иншоотлар ва уйлардан, пиёдалар юрадиган йўлаклар атрофига боғбон қўли билан экилган, ишкомларга сочдек таралиб қўйилган токлар, гуркираб атир таратиб ётган райҳонлардан узолмайман. Хаёлим беихтиёр болаликка кетади. Боболаримиз, оталаримиз Тошкентдек шаҳри азимга гоҳо пиёда, гоҳо уловда машаққат чекиб келиб кетардилар. Оила боқиш, беш-ўн сўм тузу чироқ қилиш учун. Ҳозир эса бежирим автоуловларда йўлнинг таноби бир зумда тортилади. Истаган манзилга вақтида етиб борган инсон яна бошқа юмушларига ҳам бемалол улгуради.

Узоққа бормайлик, биз бораётган Қизилтоғ шаҳарчасига олиб келадиган автобуслар  фао­лияти узоқ йиллар мобайнида тўхтаб қолган, бундай ҳолат эса  аҳоли ва сайёҳлар учун қийинчилик ва ноқулайликларнинг туғилишига сабаб бўлиб келаётган эди. Жорий йилнинг 15 апрель кунидан бу ҳолатга барҳам берилиб, Қизилтоғ шаҳарчаси аҳолисига қулай ва сифатли транспорт хизматлари кўрсатишни ташкил этиш учун қатор йўналишларда автобус қатновлари йўлга қўйилди, Хусусан, Қизилтоғ-Сўқоқ-Чанги-Паркент, Қизилтоғ-Янгибозор-Тошкент ҳамда Қизилтоғ-Янгибозор-Нурафшон йўналишидаги автобус ҳаракатлари фаолияти қайта тикланди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев узоқ йиллар деярли эътибордан четда қолиб келаётган Қизилтоғ шаҳарчасининг инфратузилмасини тубдан яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлари туфайли ҳудудда қисқа муддатда — 2022-2023 йиллар мобайнида  кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.  Ангрен шаҳридан Паркент тумани таркибига киритилганига эндигина икки йил бўлган Қизилтоғ шаҳарчасининг ҳаётида янгиланишлар бошланди. “Чотқол” маданият марказининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Қизилтоғ шаҳарчасига келган меҳмонлар қадам-бақадам юриб, жойларда бўлиб, бундай ўзгаришларни ўз кўзи билан кўриб, қалблари фахр ва ифтихорга тўлди.

Биз дастлаб танишган иншоотимиз қайта таъмирлаш ишлари олиб борилган 57-мактаб ва унда  қурилган замонавий спорт майдончаси бўлди. Чиройли, ям-яшил ўтлар билан қопланган спорт майдончасида футбол ўйнаётган болаларнинг қувончи бир олам. Меҳмонлардан бири уларни кўриб секингина: “Бизнинг болалик билан буларнинг орасида ер билан осмонча фарқ бор. Қанийди, ҳозир мен ҳам уларнинг ёшида бўлиб қолсам!”, — деб ўйланиб қолди. Ким билади, ўша пайт уларнинг хаёлидан нималар кечди экан?! Болаларнинг олдидан  Қизилтоғ шифохонаси томон бурилар эканмиз, уларнинг қорачиғидаги қуёш қалбларимизга кўчгандек бўлди. Қизилтоғ шифохонаси узоқ йиллар ўзи шифога муҳтож бўлиб ётган. Бугунга келиб у кўз ўнгимизда моддий-техника базаси мустаҳкамланган, ўн тўққиз турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ҳолда аҳоли хизматига шай турибди. Авваллари одамлар оғир бемор бўлиб қолган вазиятда тунлари битта бўлса ҳам кўриб қўядиган шифокорга муҳтож бўлишган. Бугун эса мазкур шифохонада туну кун фаолият олиб борадиган  5,25 штат бирлигида шифокорлик ўрни  ажратилиб, аҳолига  тез тиббий  ёрдам кўрсатиш  учун битта “Folksvagen” автомобили харид қилинган. Айни пайтда шифохонада  5 нафар малакали шифокор ишга қабул қилиниб, туну кун фаолият олиб бормоқда. Касалхонада УЗИ аппаратларидан тортиб, зарур бўлган ҳамма имконият бор.

Шу ўринда болалигимдаги бир воқеа ёдимга тушади. Тўққизинчи синф ўқувчисиман. Уйда онам ва мендан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Дардини яшириб, куймаланиб юрган онаизорим тўсатдан тоби қочиб, ҳушдан кетиб қолдилар. Ярим тун. Маҳаллада на телефон, на яқин атрофда касалхона бор. Онам ўлиб қолмасин, деб йиғлайман, зир-зир титрайман. Аксига олиб, осмонда юлдузлар ҳам йўқ.  Жон ҳолатда Паркент марказидаги  касалхонага йўл олдим. Қаҳратон қиш. Йўллар музлаб қолган. Зимистонда туртинаман, сирпаниб кетаман. Мени сезиб қолиб, узоқдан бир гала итлар вовуллашиб чопиб келишди. “Энди ўлдим, итлар мени ғажиб ташлайди”, — деб ўйладим. Юрагим қўрқувдан урмаётганга ўхшарди. Итлар югуриб келиб, мени бир ҳидлашди-ю, яна орқага қайтиб кетишди. Марказга тушиб, ухлаб ётган нав­батчи шифокорни олиб келгунимча, икки соатдан зиёд вақт ўтган, уйга кирганимизда, онам ҳамон оғир аҳволда ётар, оёқ-қўллари музлаб қолган эди. Узоқ муолажадан сўнг онам кўзларини очди. Бу пайтда тонг ҳам ёришган, мен эса бола юрагим билан минг кечанинг изтиробини тортган эдим. Шифокорни кузатдим-у, онамнинг оёқларини қучоқлаб, қуёш чиққунча онамнинг умрини сўраб Яратганга таваллолар қилдим… Бу, албатта, узоқ ўтмишнинг лип этиб хотирада жонланган оний суврати, холос. Бугун эса мамлакат миқёсида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ёруғ ислоҳотлар инсон саломатлиги ва бахту саодати учун йўналтирилгандир.

Бемор ташхиси учун ташкил қилинган, янги тиббий ускуналар билан таъминланган лабораторияларда оппоқ либосларда ўтириб, қон таҳлилларини амалга ошираётган ўктам аёлларимизни кўриб, дилдан қувонаман. Халқимизда “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди”, — деган нақл бор. Қизилтоғдаги ўзгаришлар бир куннинг ҳосиласи эмас.  Дастлаб бу ерга   давлатимиз раҳбарининг топшириғини бажариш мақсадида келган Бош вазир Абдулла Арипов ва вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, вилоят миқёсидаги мутасаддилар билан ҳудудни ўрганар экан, аҳолининг турмушини яхшилаш, муносиб шарт-шароитлар  яратиш мақсадида  ижтимоий ва ишлаб чиқариш соҳаларига жами 267 млрд. 512 млн сўм ажратилганини айтишимиз жоиз.

Мазкур ҳудудда 2022-2023 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ривожлантириш учун 48 млрд. 200 млн сўм маблағлар йўналтирилибди.

Давлатимиз ва ҳукуматимизнинг айнан Қизилтоғ шаҳарчасига бўлган алоҳида эътибори туфайли йўналтирилган инфратузилмавий инвестициялар ҳисобидан еттита  ижтимоий соҳа объекти, жумладан, 56-мактаб тўлиқ реконструкция қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциациясига қарашли “Футбол” спорт ўйингоҳи қайта таъмирланди. Мазкур ўйингоҳнинг ётоқхона биноси эса қуриб фойдаланишга топширилди.

“Мана бу мактабнинг олд томони, сизлар орқа тарафдан кўрдинглар”, — деди мезбонлардан бири ҳаяжонланиб. Ҳаммамиз бараварига сутдек оппоқ рангда салобат билан бизларни қаршилаётгандек турган гўзал масканга қараймиз. Бундай мактабларнинг қутлуғ остоналаридан ҳар куни минглаб қоракўз болажонлар кириб келишади. Уларнинг фикратини, умидини, ёруғ орзуларини мактаб ўстиради, мактаб тарбиялайди. Айни шу дамда кўз ўнгимдан мамлакатимиз болалари ўтади. Улар бизнинг келажагимиз, кўзларимизнинг нури, миллатимизнинг ғурури, халқимизнинг суянган тоғлари, келажагимиз байроқдорлари. Улар Учинчи Ренессанснинг бахтли болалари. Улар гўё бизга қараб:

Эй, Ватан, биз кўзинг қароғидирмиз,

Аждодлар ёндирган чироғидирмиз.

Туркистон тоғларин кўксидан оққан,

Мангу тиним билмас булоғидирмиз.

Эй, Ватан!  Сен озод!

Сен обод!  Сен шод!

Кўксингда улғаяр навқирон авлод,

—  деяётгандек…

Қизилтоғ шаҳарчасида  55-мактабнинг канализация тизими ҳам қайта таъмирланиб, электрон доскалар билан жиҳозланган. Ойдин маҳалласида  эса битта воркаут ва стритбол, Саид ота маҳалласида эса битта универсал спорт майдони қуриб битказилган.

Сўнгра биз икки чеккасида садарайҳонлар қулф уриб ётган  чиннидек тоза йўлаклардан юриб, Паркент тумани фавқулодда вазиятлар бўлимига қарашли Қизилтоғ шаҳарчасида 4-ёнғин қутқарув қисмига яқинлашдик. Ҳар қандай ҳолатга жанговар шай бўлиб турган йигитлар бизни жуда самимий қаршилашди. Хоналарни, ўт ўчирувчилар ҳордиқ чиқарадиган, навбатчилик қиладиган жойларни, тубдан таъмирланиб, замонавий қиёфага кирган бинога қўшимча қурилган  бинони, ажратилган битта ўт ўчириш автотранспорт воситасини кўриб кўнглимиз хотиржам тортади.

Навбатдаги бизни кулиб қаршилаган жой  “Hilale textile” корхонаси бўлди. Шанба куни бўлгани учун корхона ишчилари ҳордиқ чиқараётган экан.  Кийим-кечак тайёрлайдиган корхона маҳсулотлари 100 фоиз хорижга экспорт қилинади.  500 га яқин ишчиларга яратилган шарт-шароитлар, уларга ўз вақтида тўланадиган ойлик маошлар миқдори ҳақида батафсил эшитарканмиз, хотин-қизларимиз учун бундай қулай иш ўринлари яратилаётганидан, корхонага олиб келиш учун автобуслар ташкил этилганлигидан уларнинг мамнунлиги бугунги кунимизнинг қиёфасини белгилаб турибди. Корхона чеварларининг қўлидан чиққан кийим-кечак маҳсулотларини кўриб кўзингиз қувонади: жажжи болажонлар, катта ёшдаги харидорлар учун моҳирлик билан тикилган либослар қатида ўзбек аёлининг сеҳрли бармоқлари тафти сезилиб турибди. Кийим-кечак­лар шартнома бўйича Россия ҳукуматига юборилар экан. “Талаб катта, — деди корхона раҳбари уюм-уюм тайёр маҳсулотларни кўрсатар экан, — меҳнатимизга берилаётган баҳо бу”.

Ҳудуддаги замонавий кўринишга келтирилган истироҳат боғи қизилтоғликларнинг севимли дам олиш масканига айланган. Шунинг­дек, 23 та кўп қаватли уй-жойларнинг фасад қисми, 9 та уйнинг том қисми, 92 та кириш йўлаклари таъмирланганлиги, иккита болалар майдончаси барпо этилиши аҳолининг кўнглидаги иш бўлди.

Агар биз Қизилтоғда юз берган ўзгаришлар кўламини рақамлар мисолида кўрадиган бўлсак, икки йилда шаҳарчанинг инфратузилма объектларини яхшилаш учун эса жами 22,5 млрд. сўм маблағ сарфланди. Жумладан, 7 км. умумфойдаланувдаги, 14,2 км. ички йўлларда таъмирлаш, 4,8 км. пиёдалар йўлакларини қуриш, 7,2 км. оқова сув лотоклари ва бордюрлар ўрнатилди. Шунингдек, 10,2 км. ичимлик сув тармоқлари тортилиб, 8 та сув иншооти таъмирланиб, 15 та сув насоси янгисига алмаштирилди. Шу билан биргаликда 200 дан ортиқ эскирган симёғоч янгиланиб, 8 км. узунликдаги электр тармоқлари СИП кабелларга алмаштирилган.

Ўрни келганда шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Қизилтоғ шаҳарчасидаги бунёдкорликлар келгуси 2024-2025 йилларда ҳам давом эттирилиб, унинг инфратузилма объектларини таъмирлаш учун 207 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Ниҳоят,  “Чотқол” маданият марказига яқинлашиб, қуёш нурларида кумушдек ярқираб, мусиқа садолари остида самога интилаётган фаввора ва унинг атрофида  йиғилган одамларни кўриб, улкан сайилгоҳга кириб қолгандек ҳис қилдик ўзимизни. Одам зичлигидан танга ташласангиз ерга тушмайди. Тошкент вилоятининг сира тиниб-тинчимас, фидойи  ҳокими Зойир Мирзаев, Республика маданият вазири  Озодбек Назарбеков, Ҳамза номидаги Ўзбек Миллий академик драма театри директори, халқ севган санъаткор Ёдгор Саъдиев, табаррук меҳнат фахрийлари… Тошкент вилоятининг бир қатор бошқармалари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларидан иборат меҳмонлар… Оналарининг қўлларида қийқираётган болажонлар… Ёноқлари нақш олмадек тоғ қизлари… Булар бари кўзим қароғига муҳрланган сувратлар, Ватан сувратлари…

“Чотқол” маданият маркази биносини таъмирлашда республикамизнинг турли вилоятларидан келган қўли гул усталар меҳнат қилишган. “Фалон йиллари марказнинг аҳволига маймунлар йиғларди. Бино вайрона аҳволга келиб қолган эди. Ҳатто “Илҳақ” фильми ҳам шу ерда олинган эди”, — деди шу ерлик юртдошларимиздан бири. Энди эса  талаб даражасида қайта таъмирланиб, замонавий чолғу асбоблари билан жиҳозланган “Чотқол” маданият маркази ўзига хос виқор билан меҳмонларни кутиб олаяпти. Ҳашами билан кўзларни қувонтираяпти. Марказнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Қизилтоғ шаҳарчаси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси туфайли замонавий қиёфага кираётгани, ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорликлар келгусида ҳам давом эттирилиши ҳақида тўхталиб, мамлакат миқёсида  амалга оширилаётган буюк ўзгаришлар замирида халқ бахт-саодати ётганлигини алоҳида таъкидлади.  Маданият вазири Озодбек Назарбеков эса ўз сўзида “Чотқол” маданият маркази учун тез кунда янги автомобиль беришни ваъда қилди.

Очилиш маросими… Ленталар қирқилиб, маҳобатли марказ эшиклари оҳиста очилади. Шифтдаги биллур қандиллар шуъласи кўзни қамаштиради. “Бунча чиройли бу қандиллар?!” Саволимизга, тўғрироғи, кўнглимиздан кечган бу ўйга  вилоят ҳокими Зойир Мирзаев жавоб қиладилар: “Ўзимизда, вилоятда ишлаб чиқарилган…”

Залга кириб, чиройли, мустаҳкам ўринларга ўтирамиз. Ўзимизни бир нафас мухлислар, деб тасаввур қиламиз. Саҳна безаклари, нақшинкор устунлар. Миллий колорит ва нафис ранглар кўзни чарчатмайди ва қалбга сокинлик бахш этади.

Зойир Мирзаев бизни иккинчи қаватга бош­лайди: бўлажак мақомчиларимиз! Хонада ўтирган саккиз чоғлиқ қоракўз болалар устози раҳбарлигида бизни улуғ Навоий ғазаллари билан айтиладиган наволар билан кутиб олади. Жисму жоним титроққа тушади:

Эй, Навоий, ишқ агар кўнглингни

                                           мажруҳ этмади,

Бас, нединким қон келур,

                           оҳзингдан афғон айлагач…

Бу жонбахш наволар дунёга энди юз тутаётган, тоғлар кўксидан шарқираб отилган булоқ каби соф қалблар тубидан бизнинг юракларга оқиб киради. Биз салкам олти асрлик ВАҚТ ҳукмронлигини унутамиз. Она тилимиз қудрати ва жозибасини такрор ва такрор ҳис этамиз. Ва бугунимизга шукур қиламиз…

Парилардек гўзал дуторчи қизлар, жажжи бармоқлари билан мунчоқдан мўъжиза ясаб, мунчоқдек қора кўзларини ердан олмай, тортиниб турган келажак қироличалари… Барчасининг ботини ва зоҳирида шу улуғ мамлакат ва миллат юраги гурсиллаб уриб турибди.

“Опа, — деди вилоят маънавиятининг саркори, дилбар синглимиз Сайёрахон Файзиева, — буларни таърифлашга  сўз ҳам ожиз-а!?”

Чиндан ҳам баъзан ҳайратлар сувратини чизишга сўз ожизлик қилади. Самога қарайман: унда қуёшга қараб учаётган бургутларга кўзим тушади. Бургут мағрур қуш. У чўққидан ўзгасини ўзига макон қилмайди. Бизнинг халқимиз ҳам. Асрлар шиддатини, ғанимлар иддаоси ва зулмини кунпаякун қилиб, бугун дунёни ҳайратга солаётганининг ўзи мўъжиза эмасми? Қулоқларим остида Президентимизнинг: “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”, — деган сўзлари жаранглаб кетади. Қайтиш учун йўлга отланар эканмиз, Чотқол тоғларига қарайман. Узоқдан Қизилнура чўққиси шуълаланиб туради. Қизилтоғ эса табассум қилади.

Шарифа САЛИМОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × one =